АҚШда COVID-19 билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими узайтирилди

0

АҚШда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими узайтирилди. Тегишли билдиришнома Президент Жо Байден томонидан Конгрессга юборилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизматига таяниб, «РБК» хабар берди.

Мамлакатда бир йил давом этган фавқулодда ҳолат режими 2020 йил 1 мартдан кучга кирган ва унинг амал қилиш муддати 2021 йилнинг 1 мартигача белгиланганди.

«Мамлакатда фавқулодда ҳолатга бўлган эҳтиёж ҳалиям сақланиб қолмоқда. COVID-19 пандемияси ҳануз миллат саломатлиги ва хавфсизлиги учун жиддий хавф манбаи ҳисобланади. Мамлакатда 500 мингдан ортиқ киши ушбу касалликдан вафот этган. Шундай экан Федерал ҳукуматнинг барча имкониятларидан фойдаланган ҳолда COVID-19’га қарши курашни давом эттириш ўта муҳимдир», — дейилади Байденнинг хабарида.

Фавқулодда ҳолат режимининг қанча муддатга узайтирилишига аниқлик киритилмаган.

23 февраль куни Қўшма Штатларда коронавирус қурбонлари сони 500 минг кишидан ошди. Шу муносабат билан Байден вафот этганлар учун мотам белгиси сифатида бутун мамлакат бўйлаб беш кунга байроқларни туширишни буюрди.

АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Вьетнам уруши пайтида ҳалок бўлганларнинг умумий сонидан ошиб кетган.

The New York Times 21 февраль, якшанба кунги сонининг биринчи саҳифасида коронавирус қурбонлари сонини англатувчи 500 мингта нуқтадан иборат график тасвирини чоп этди. Тасвир қурбонлар сонининг ўсиш «тезлигини» акс эттиради.

Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, пандемия бошидан бери Қўшма Штатларда 28,3 миллион киши коронавирус инфекциясига чалинган, 505 мингдан ортиқ америкалик вафот этган. Мамлакат иккала кўрсаткич бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда туради.

loading...