Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

0

Бўйим биру саксон беш. Оғирлигим саксон кило. Ёшим йигирма иккида. Учта тилни биламан. Жисмоний тарбия институтининг охирги босқичида ўқийман. Кечаси дори-дармон фирмасида қўриқчилик қиламан. Фирмамисан-фирма. Катта-катта машиналарда дорилар келадию, бир кунда тарқаб кетади. Шефни бир марта кўрганман. Учта машинада келган. Ҳаммаси қоп-қора. Уники «Мерс». Олди, орқадагилар сал бундайроқ. Мен яқинда шеригимни алмаштиргандим. Ташқарига чиқдим. Ана шунда шеф келди. Ўзи бу машиналарни кўриб, «Кимники экан булар?» деб тургандим, шундоққина ёнгинамга етишлари билан таққа тўхташди. Олди-орқадаги машиналарнинг эшиклари «тап-тап» очилдию, барзангиликда бир-бирини ортда қолдирадиган, қора кўзойнак таққан, қоп-қора костюм-шимли йигитлар сакраб тушишди. Биттаси югуриб келиб, «Мерс»нинг орқа эшигини очди ва ўрта бўйли, семизгина, кўзлари қийиққа тортадиган, узунчоқ иякли бир одам тушди. Башараси шунақанги совуқки, одамнинг эти жунжикади. У ҳаммаёққа нафрат билан бир-бир қараб чиқди-да, мен томонга уч-тўрт қадам ташлади. Худди шу пайт бизнинг хўжайин ичкаридан отилиб чиқди. Хўжайин ҳам анча басавлат, жа олифта кийинадиганлар хилидан. Аммо у анави шефнинг ёнида бечорасифат, ғариб, кичкина бир нусхага айланди-қолди.

— Еб-ичиб, кайфу сафо қилиб ўтирибсанми, эшакнинг майдаси? — деди шеф.

Дунёга келиб шунча одамни кўрибману, бунақа ғазабни қўзитадиган, дағал овозни эшитмабман.

— Иш билан овора эдим, сезмай қолибман келганингизни, хўжайин! — деди бизнинг хўжайин титроқ товушда.

— Сезги бўлса сезасан-да, ифлос! Кечқурун ўт, иш бор!

Шеф бошқа ҳеч нима демади. Ўша даҳшатдан-даҳшат машинаси томон озроқ юрди. Тўхтади. Ортига ўгирилиб, ўткир нигоҳини менга қадади. Қўли билан имлади. Бордим. Жуда тез бошимдан оёғимгача қараб чиқди. Кўксимга секингина муштлади.

— Бақувватгина экансан, — деб хўжайиним томонга юзланди-да, — буни қаердан топдинг? — дея сўради.

— Ўзи келиб қолди. Ҳали талаба, физкультурнийда ўқийди, — жавоб берди хўжайиним.

— Ҳмм. Яхши.

У машинасига ўтирди. Эшиклар «тап-тап» ёпилди. Қора машиналар қандай тез пайдо бўлган бўлса, худди шундай кўздан йўқолди. Хўжайин иккаламиз анграйганча қолдик.

— Уфф, — деди бир пастдан сўнг Шерзод ака, — жоним чиқиб кетаёзди. Қаердан келиб қолди?

— Билмасам, — дедим мен.

— Билмаганинг ёмон бўлибди. Кўринишидан кайфияти чатоқроққа ўхшайди. Ҳеч келмасди. Ҳатто фирма биноси, омборхона қурилишида ҳам қорасини кўрсатмаган. Шу яқин атрофдан ўтиб қолгану, бирровга келган. Ишқилиб, келиши яхшиликка бўлсин.

— Шунчалик даҳшатлими бу одам?!

— Сен сўрама, мен айтмай. Ғазабга минса, тамом! У тадбиркор эмас, амалдор. Катта амалдор. Шайтоннинг устози… Эй-й, каллам қурсин, нималар деб валдираяпман, — дедию, Шерзод ака худди ўғрилардай ён-атрофига қараб олди. Кейин ранги оқариб менга юзланди. — Мен сенга ҳеч нима айтмадим, сен эшитмадинг. Ҳозирги гапларим учун теримни шилиб олишади. Менга қўшилиб эшитганинг учун сени ҳам асфаласофилинга жўнатишади. Шунинг учун бировга чурқ эта кўрма. Бунинг ўрнига тилингни ғажиб ташла.

Шерзод ака шундай дея офисга кириб кетди. Мен эса «Ҳэ, қуён юрак! А, бу ходимларингнинг олдида бурнингдан эшак қурти келарди-ку! Бировни одам ўрнида кўрмасдинг, бир пасда бечора, шўри қуриганга айланиб қолдинг-ку. Ҳали ёнига чақирди. Борганингда қандай аҳволга тушасан», дея кўнглимдан ўтказдим-да, қоровулхона тарафга юрдим. У шундоққина омборхона дарвозасининг ёнида. Замонавий ромлардан қилинган, ҳамма ёғи дераза. Ҳаммага кўриниб тураман. Ҳаммани кўраман. Дарвозани ҳам автоматик тарзда очиб-ёпаман.

Орадан икки кун ўтиб эшитдим, шефнинг банки ҳам бор экан. Дубайда, Россияда яна алламбало жойларда мулки бор эмиш. Яна унақа-бунақа эмас. Ҳар бири миллион-миллион доллар турармиш.

Тўғрисини айтсам, бу гапга унчалик ҳам ишонмадим. Чунки сал кўзга кўриниб қолган бой бўлса, тамом, оёғини ерга теккизмасдан обориб тиқишяпти. Бор-будини тортиб олишяпти. Узун қулоқ гапларга қараганда, шундан кейин ҳам бечора бойлар қутулолмас экан. Шундай бир шароитда, ҳали у давлатда, ҳали бу давлатда миллион-миллион доллар турадиган мулкка қандай эга чиқади? Чиқиб бўпти. Чунки дунё бесўроқ эмас-да… Банки бор экан… Ана қудратли, ҳам кўча билан жа қалин, ҳам «тепага» тиши ўтадиган битта одамнинг банки бор эди. Бир пасда жойини солиб ташлашди-ку. Ундан кейин «ОПА» деган биттаси чиққан. Қандингни ургур, кимнинг нимаси бўлса, тортиб олиб юрибди. Энди буни аниқ билмайману, лекин ишончли одамларнинг айтишига қараганда, анча-мунча бензин қуйиш шоҳобчаларининг эгаларини чирқиратиб, жойини тортиб олибди. Шайкачалар борар экан. «Сенинг мулкингнинг баҳоси мана бунча», дея битта машина ғилдирагининг пулини айтар экан. Шунга мулкнинг эгаси кўнса-кўнди. Кўнмаса, оёғини осмондан қилиб ташлашаркан. Яъни текширув келаркан. Энди бир жойда қимирламасдан осмонга қараб ётсанг, хато қилмаслигинг мумкин. Аммо бир-икки қадам босдинг, албатта, қандайдир бир айб иш қилиб қўясан-да! Балки, шунинг учун ҳам «Беайб — Парвардигор», дейишади.

Агар шуларнинг ҳаммасини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг шеф ҳам анча-мунча нарсани «таътиб», шу кунгача йўқ бўлиб кетиши керак эди. Лекин шундай дейману, омборимизга келиб тушаётган дори-дармон унча-мунча эмас. Яна айтишларича, жуда арзон эмиш. Шунинг учун ҳам дорихоначилар ёпишиб олишармиш… Эй-й, шошманг, миям ачиб кетди. Зўр бўлса, бой бўлса, шеф бўлса, менга нима иссиқ-совуғи бор? Ойлигимни беришяпти. Ора-чора мукофотлаб ҳам қўйишади. Шунинг ўзи менга етади. Ўқишни битирганимдан кейин, эҳтимол, мен ҳам ўзимнинг бизнесимни очарман?..

Шу куни эрталаб навбатни топширдим-да, институтга бордим. Бир пара ўқидим. Энди иккинчисига кирмоқчи бўлиб турганимда, декан чақираётганини айтишди. Шу заҳоти кўз олдимдан дарсга қатнашган-қатнашмаган кунларим ўтди. Уч кун олдин охирги парага кирмагандим. Спорт мураббийим чақирганди. Кураш бўйича мусобақа бўларкан икки ойдан кейин. Шунга ҳозирдан қаттиқ тайёргарлик кўришим керак экан. Дарсим борлигини айтгандим. Лекин устозим «Домлага ўзим айтиб қўяман, сен келавер», деган эди. Айтмаганга ўхшайди. Оббо, энди деканнинг қаршисида қизариб туришимга тўғри келади. Шуни ўйлаб, бошимни қашлаб, деканатга бордим.

Декан зўр одам. Бир пайтлар самбо билан шуғулланган. Ҳатто чемпион ҳам ўлган.

— Чақиртирганмидингиз, Саноқул Тўрақулович? — дедим эшикни аввал тақиллатиб, сўнг қия очганча ичкарига бошимни суқарканман.

— Ҳа, чақиргандим, кир, — деди деканимиз.

Кирдим. Деканнинг қаршисидаги стулга ўтирдим.

Саноқул Тўрақулович мўйловини силаб, кўзойнагини олди-да, семизгина журналнинг устига қўйиб:

— Нима ишлар қилиб юрибсан? — деб сўради.

Мени ток ургандай бўлди. Довдирадим.

— Ҳеч иш, — дедим ўзимни ҳайрон кўрсатиб.

— Сен тўғрингда юқоридан обдан сўрашди. Ўқишинг, юриш-туришинг, таниш-билишларинг, ота-онанг…

— Нега?! — дедим ҳовлиққанча домланинг гапини бўлиб.

— Мана шунисини билмайман-да. Ишқилиб, бирор жойда ишкал чиқармаганмидинг?

— Й-ў-ў-қ.

— Дарсдан кейин нима иш қиласан?

— Спорт залга бораман. Кечки пайт қоровулликка.

— Қаерда қоровулсан?

— Битта фирмада.

— Яхши жойми?

— Яхши.

— Уфф-ф, ишқилиб, ҳаммаси айтганингдай бўлсин. У ёқдан ҳар хил маънода суриштиришади. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам ўзингга эҳтиёт бўл. Ота-онанг сени бу ерга ўқишга жўнатишган. Биринчи қиладиган ишинг — ўқиш. Энди боравер. Дарсга кеч қолма.

«Хўп», дедим-у, кетдим. Аммо бошим ғовлаётганди. Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман. Миямга нималар келмади дейсиз. Кайфиятим буткул тушиб кетди ва дарсларим тамом бўлганидан кейин тўғри ишга кетдим. Шеригим ҳайрон бўлди.

— Нега бунча эрта келдинг? — дея сўради.

— Бўш қолдим. Зерикдим. Келавердим, — дедим.

— Бўпти, унда яхши қилибсан. Келинойинг миямнинг қатиғини чиқариб юборганди. Бозор қилмайсиз, ҳамиша мен лўкиллаб бозорга югураман, деб. Мана бугун, ҳали эрта, бозор тарқамаган. Бир Чорсуга тушаман-да, яхшилаб бозор қилиб оламан. Уйга бориб, қўлбола ош дамлайман. Бугун қайси кун, — дея илжайди Самандар ака.

— Пайшанба, — жавоб бердим.

— Во-о! Айни муддао. Энди, шу десанг, ошни сайратиб юбораман. Қандингни ур, Самандар!

Шундай дея шеригим қўшиқ куйлашга тушиб кетди. «Самандар, Самандар, ишқ ўтида қаландар! Воҳай! Воҳай!»

У эрта қувонган экан. Менга «совчилар» келишдию, ҳаммаси тескарига айланиб кетди.

Қоровулхона ёнгинасига қора, фургонли «Хундай» тўхтади. Ҳайдовчи билан унинг ёнида ўтирган спорт услубида кийинган, гавдали, сочларини худди келишиб олгандай тап-тақирга олдирган йигит тушди. Оғизларида сақич. Чайналяпти.

Самандар ака иккимиз ҳайрон бўлиб, бир-биримизга қараб қўйдик.

Улар эса ҳе йўқ, бе йўқ қоровулхонага яқинлашиб келишди-да, эшикни очишиб:

— Жасур ким? — дея сўрашди.

— Мен, — дедим.

— Юр, сен биз билан, — деди уларнинг новчароғи.

— Қаёққа?

— Борганда кўрасан…

— Мен ишдаги одамман. Постни ташлаб кетолмайман.

— Пост? Иш? — дея илжайди у. — Постинг ҳам, ишинг ҳам бизники. Умуман, сен бизнинг қўлимизда ишлаётган одамсан. Гапни кўпайтирма. Юр. Манави шеригинг, — деди у қўлини бигиз қилиб, — сенинг ўрнингга ўтиради.

Мен Самандар акага қарадим. Сўлиб қолибди бечора.

— Ҳа, боравер, Жасур. Булар ҳақиқатан ҳам, бизнинг катталардан. Мен ўрнингга ўтириб тураман.

Самандар ака ўлганнинг кунидан, қўрққанидан шундай деди. Менинг эса жаҳлим чиқди. «Ким бўлибсизларки, осмондан тушгандай келишиб, мени олиб кетасизлар», деган ўй ўтди хаёлимдан. Лекин ўйлаганим тилимга кўчмади. Мен ҳам итоат этдим. Ожизлигимдан жаҳлим чиқди. Аммо энди кеч эди. Машинага ўтириб бўлгандим. Мени олиб кетгани тўрт киши бўлиб келишган экан. Иккитасини машинага минаётганимда кўрдим. Улар ҳарбий кийимда эди. Кўнглим қандайдир жойига тушди. Эҳтимол, ҳарбийларни кўрганим учундир.

— Сен яхши одамнинг назарига тушибсан. Бу ёғига ошиғинг олчи бўлади. Албатта, каллангни ишлатсанг, — деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган йигит ортига ўгирилиб.

«Яхши одам. У ким бўлиши мумкин? Наҳотки шефнинг ўзи бўлса. Лекин уни биров яхши одам демаган. Майли, бораверайлик-чи, кўрамиз», — шундай хаёлда ўзимни бўш қўйдим.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

loading...