Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

0

Шерзод акага жим қараб туриш азобли. Унинг қўлларини занжирдан бўшатиш, ерга ётқизиб, сув-пув бериш мумкин эмас. Шундай дейилмагану, дейилмаса ҳам билиб олиш қийин эмас.

Чироқ секин-аста хиралаша бошлади. Охири қизғиш тус олиб, зўрға ёруғ беришга ўтди. Мен кутяпман. Ўзи бу одамлар асабнинг эгови экан. Боя ҳам битта хонага киритиб қўйган эди. Яна аҳвол қарийб шу.

Шерзод ака ғўлдиради. Тушунмадим ва тезда ёнига бордим. Тағин бир нималар дегандай бўлди. Англолмадим. Айни пайтда жудаям-жудаям юрагим ачишди. Виждоним қийнала бошлади. Тамом, менга деса, сўкишмайдими? Уришмайдими? Фарқи йўқ энди. Бировнинг азобланаётганига қараб туролмайман.

Шартта Шерзод аканинг оёқларидан ушладим. Кўтардим. Кейин уни елкамга ўтқаздим-да, қаддимни ростладим. Энди унинг қўлларини занжир сиқмайди. Бошимга кўксини қўйиб, озгина бўлса ҳам дам олади. Лекин мен ҳам қанчалик чиниққан, бақувват, ёш бўлмай, туни бўйи тик оёқда туролмайман. Аммо яхши томони, виждоним қийналмайди. Ҳамма нарсага чидаш мумкин. Аммо виждон азоби чатоқ. Манави Шерзод аканинг қийналганлари у беражак қийноқ олдида ҳеч нарса. Бироқ мен ҳозир ана шу қийноқни четлаб ўтмоқда эдим.

Орадан ярим соат ўтдими, бир соатми, билмайман, ишқилиб, оёғим толиқа бошлади. «Чидайман. Бу оғирлик нима дегани, бир тонна юк турса ҳам икки-уч кун бемалол кўтариб туроламан», дея ўзимни-ўзим руҳлантирдим. Тўғри-да, айни дамда менга ўзимдан бошқа ким ҳам ёрдам бера оларди.

Кўзимни юмдим. Отамнинг машҳур гапини ёдга олдим. «Фойда кўришим керак. Ҳар қанча қийин бўлмасин, фойда топишим шарт», деган гапни миямга муҳрладим.

Бир маҳал чироқнинг яна ёриша бошлаганини илғадим. «Ҳа-а, ярамаслар, қалайсизлар энди. Ҳозир биттанг кирасан, иржайиб-тиржайиб. Кўрамиз, ким ютар экан», дея кутдим. Аммо биров кирмади. Улар мени кўришмаяпти. Чироқ ўчириб-ёқиш жазоси ҳам бор, деб қаердадир эшитган эдим. Тавба қилдим, бундай ўйлаб қарасам, миямга нуқул қаердадир, қачондир эшитган энг хунук воқеалар келяпти-я. Йўқ, бошқа бирор нимани ўйлашим керак. Ана топдим. Ўтган йили баҳорда курсдошлар билан тоққа чиққан эдик. Майнинг боши эди. Бировлар лола тугаган дейишганди. Лекин мен тоғнинг тепасига, қори эримаган жойига бориб, лола тергандим. Паст бўйли, бир қаричгина лолачалар. Сўнг уларни қизларимизга олиб келиб бергандим. Улар шунақанги хурсанд бўлишгандики, асти қўяверасиз. Ҳатто Лайло юзимдан ўпиб олганди. Шўх-шодон, замонавий шаҳарлик қиз. «Бу сизга мендан қайтим», деб қиқирлаб кулганди. Бирам хурсанд бўлгандим, бирам хурсанд бўлгандимки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Ростини айтсам, болаларнинг ҳаммасининг ичи куйиб кетганди. Пешоналарига уришганди. «Биз ҳам тоққа чиқсак бўлмасмиди, Лайлонинг ўпичидан олиб маза қилмасмидик», дейишганди. Лайло лабини бурган. «Ўпич битта бўлади. У ҳам бўлса, шунга лойиқ инсонга насиб этади. Насиб этди ҳам. Бошқанг орзу қилма»…

Мен бу ширин ўйни узоқ давом этказмоқчи эдим. Аммо шуни ҳам раво кўришмади. Қалиндан-қалин, қўполдан-қўпол эшик очилди. Иржаймай-тиржаймай қовоқларини осилтириб иккита бадбашара нусха кириб келди.

— Ичинг ачидими? Ёрдам қилгинг келдими? — деди улардан бири.

— Сизлар нима деб ўйлагандинглар? Шундоқ ҳам чала жон бўлган одамни бир йўла ўлдириб қўяди, деган хаёлдамидинглар? — дея жавоб қайтардим.

— Умуман олганда, ёмон эмас. Бўлди, бу ёққа ўт. Қолган ёрдамни ўзимиз берамиз, — деди бадбашара нусха.

Мен секин энгашдим. Шерзод аканинг оёқларини ерга қўйдим ва берироққа ўтдим. Қотибди. Белим, бўйним, оёғим қотибди. Секин бўйнимни уқалаган бўлдим.

— Саша, буни олиб бор, — деди мен билан гаплашаётган сўхтаси совуқ шеригига.

— Хўп, — дея жавоб берди Саша ҳамда менга юзланди, — юр.

Мен уларга «Шерзод ака нима қилган бўлса ҳам жазосини олиб бўлибди, энди қўйиб юборинглар. Кетсин», дегим келди. Аммо айтолмадим. Айтганим билан ҳам фойдаси йўқлигини билдим. Чунки манави нусхалар ҳам, аслида, бечоралар. Улар ҳам буйруқни бажаришади. Агар ўша ҳукмни сал кўнгилдагидай қилишмаса, Шерзод аканинг ўрнида ўзлари бўлишади.

Йўлак. Зина. Биринчи қават. Яна тўғрига йўлак. Ўттиз қадамча юриш. Тўхташ.

Саша чап томоннинг эшигини тақиллатди. Рухсат текканидан сўнг очди.

— Олиб келдим, — деди ва ўзи четга ўтди-да, менга, — кир, — деди.

Кирдим. Тўрда костюм-шим кийиб, бўйинбоғ таққан, оқ сариқдан келган, сочини чап томонга тараган, кўзлари кўкимтир бир одам ўтирган экан.

— Дам олиш қалай бўлди? — сўради у стол устида турган тутатқидан бир дона олиб, бармоқлари орасида эзғилар экан.

— Зўр. Бундан баттари бўлмайди. Ҳаётимда сира бунақасига дуч келмаганман, — дея жавоб қайтардим.

— Ақлингга балли. Бировларни шунақа дам олишларга жўнатсам, ҳали у етишмайди, ҳали бу етишмайди, дейди. Ресторан типида бўлиши керак экан. Катта экранли телевизор, ичимлик қуйиб турадиган жононлар, шинам хона беринг, дейишади. Мана, сен ҳеч иккиланмай маза қилдим, деяпсан. Агар хоҳласанг, ундан ҳам зўрига жўнатаман.

— Раҳмат. Шу ёғи ҳам бўлади. У ёғи ўзингизга сийлов.

Мен билан гаплашаётган одамнинг бирдан юзи тундлашди.

— Ўтир манави ерга, — дея қаршисидаги стулни кўрсатди.

Ўтириш — лаззатнинг ўзгинаси. Оёғим толиққандан-толиққан эди.

— Шундай қилиб хўжайинингни қаттиқ ҳурмат қиларкансан-да?! Шу аҳволида ҳам елкангда кўтариб турибсан. Қара, ҳаммаёғинг қонга беланиб кетибди. Агар шу ҳолингни мендан бошқаси кўрганида борми, пачағингни чиқариб ташлаган бўларди.

— Хўжайинлиги учун кўтармадим уни. Одамгарчилик юзасидан. Бекорга ҳам шунча вақт турардим унинг ёнида.

— Балки, тилинг бирдир.

— Директор билан қоровулнинг тили бир бўлиши мумкинми?

— Бўлмасам-чи. Асосий ишни қоровул бажаради-да.

— Билмадим?!

— Шунақа дегин, — дея мени сўроққа тутаётган кимса столининг тортмасидан ноутбукни чиқариб, столнинг устига қўйди. Очди. Клавишларни бирин-кетин босди ва менга юзланди. Орадан лаҳза ўтмай, компьютер «сайраш»га тушди.

Ўша шефнинг келиб кетганидан кейин Шерзод ака иккимиз орамизда бўлиб ўтган суҳбат. Яхшики, менинг оғзимдан шефнинг шаънига нисбатан қўполроқ бирор нима чиқмаган экан.

— Эсимдан чиқиб кетганди бу гап, — дедим суҳбатни охиригача тинглаганимдан сўнг.

— Гап бундамас. Муҳими, сен эшитгансан. Бизнинг замонда эшитганлар ҳам жазоланади. Шундай бўларди ҳам агар шефнинг меҳри сенга тушиб қолмаганида. Битта нарсани қулоғингга қуйиб ол. Бундан кейин кўр, кар, соқов бўласан. Албатта, одамга ўхшаб яшайман, десанг. Биз сени кичкинагина синовдан ўтказдик, ёмонмассан! Ҳали яна синовлар бўлади. Кўп бўлади. Умрингнинг охиригача. Қанчалик узоққа кетишинг фақат ўзингга боғлиқ. Уқдингми?

— Ҳа.

— Яна битта нарсани қулоғингга қуйиб ол. Бу ёғига ўзингнинг ҳаётинг йўқ. Нима десак, шуни бажарасан. Ярим кечасими, тонг саҳарми, фарқи йўқ.

— Тушундим!

— Энди қорангни ўчир!

«Зўр гап. Кўнглимдаги гап. Менинг ҳам сенинг совуқдан-совуқ башарангни кўришга ортиқ тоқатим йўқ».

Эшикни орқасидан ёпганимда пешонамдаги терни ҳис этдим. Терни секин артаётгандим, мени шу ерга олиб келган йигит кўриниш берди. Кийим-кечак кўтариб келибди. Жинси шим билан оқ футболка. Яна кроссовка. Олдим. У йўл бошлади. Ортидан кетдим. Тўғрисини айтсам, бу лабиринтда бошим айланиб кетди.

Чапга, ўнга, тўғрига, сўнг икки марта чапга бурилгач, эшик ёнида тўхтадик. Ичкарига кирдим. Ҳаммом бор экан. Қон юқи бўлган кийимларимни ечиб, чўмилдим-да, берилган кийимларни кийиб олдим. Сўнг чиқдим. Яна лабиринт. Беш дақиқадан кўпроқ юргач, бу бинога илк кирган жойимга тушиб бордик.

— Энди тўғри ётоғингга кет. Эртага қаймоқ рангли «Жигули» боради.

Ҳамма ёқларини чет элнинг машиналари босиб ётибди-ю, мени олиб кетгани «Жигули» бораркан. Майли, шунисига ҳам шукр.

У қўлимга икки юз минг сўм берди. Кейин кетишимга рухсат тегди.

Вақт алламаҳалдан ҳам ошган экан. Катта йўлга чиқиб анча турганимдан сўнг «Матиз» тўхтади. Инсофи бор одам экан, ола кетди.

Менинг буткул тинка-мадорим қуриган эди. Шу боис хонамга киришим билан ўзимни каравотга ташлаб, донг қотиб ухлаб қолдим.

Эрталаб хонадошим турткилади. «Тур, ўқишга кечга қоласан», деди. Унга қўлимни силтадим. Бормайман, дедим бўғиқ овозда. Аммо бирдан хаёлимга қаймоқ рангли «Жигули» келди-ю, уйқум очилиб кетди.

Кеча кечки овқатни емаган эдим. Ювиниб келганимдан сўнг роса очқаганимни ҳис этдим ва хонамиздаги шкафни очиб қарадим. Бир бурда қотган нон турибди. «Ҳозир шу ҳам мен учун катта гап. Кейин у ёғи бир гап бўлар. Муҳими, чўнтагимда пул бор, бирор жойдан қоринни амалларман», дея хаёлимдан ўтказдим.

Гап эшитдим. «Тушгача ётасанми, сасиб», деди мени олиб кетгани келган одам. Сочи оппоқ, бирор элликни уриб қўйган эди у.

— Эрталабга яқин келгандим, — дея ўзимни оқламоқчи бўлдим.

— Менга деса ҳозир келмайсанми? Биринчи ва охирги мартаси бўлсин. Кейинги сафар ўзингдан кўр!

Вой-бу, дағдағанинг аҳволини қаранг. Индамасанг, бошингга чиқиб, билган ишини қиладиган чоғи бор. Лекин индамайман. Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор.

— Шефнинг ўғлининг ёнида юрасан. Гапирмайсан. Буйруғини сўзсиз бажарасан. Тушундингми?

— Ҳа.

— Билиб қўй, мабодо грипп бўлиб қолса ҳам жавобгарсан.

— Бу ёғидан хавотир олманг. Шамол-памолни ёнига яқинлаштирмайман. Бошқа нарсаларни-ку, қўяверасиз.

Гапим унга ёқмади. Ўқрайиб қараб қўйди. Шу билан иккимиз ҳам мум «тишладик». Шаҳар марказидаги «Оригинал бизнес банк» ёнида тўхтадик. Ҳайдовчи мени туширдию, ўзи жўнаб кетди. «Банкка кираверишингда кутиб туришибди сени», деди кетар чоғи.

Ҳақиқатан ҳам, кутиб турган экан. Тахминан ўзим қатори йигит.

— Бир дақиқага кечга қолдингиз, — деди у мен билан қўл бериб кўришганидан сўнг. — Ҳозир кийимларингизни алмаштирасиз. Кейин Бўстонлиққа жўнаймиз.

Бизга ҳам оч кўкимтир костюм-шим, оқ кўйлак, қизил бўйинбоғ, ялтираган туфли ярашаркан. Ойнага қарадим. Танимай қолдим. Менманми, мен эмасманми? Албатта, менман, Жасурман! Шефга тегишли бўлган, жиддий одамман энди. Керак бўлса, шефнинг боғбони ҳам жиддий. Унча-мунчаларни бир чўқишда қочироладиган жиддий.

Ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, ташқарига чиқсам, қоп-қора иномарка кутиб турибди. Орқа ўриндиқда мени банкда кутиб олган йигит ўтирибди.

— Танишиб олайлик, — деди у мен ёнига жойлашишим билан, — исмим Одил. Кечаю кундуз қарийб ёнма-ён юрамиз. Менинг имо-ишораларимга жиддий эътибор беринг. Игнанинг учидай ҳам хато бўлмаслиги шарт.

— Хабарим бор ҳаммасидан.

— Кетдик унда.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

 

 

loading...