​​Иқлим учун ҳалокатли “бомба” топилди

0

Вашингтон университети ҳамда Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси олимлари сўнгги йигирма йил ичида Шимолий муз океанидаги чучук сув миқдори 40 фоиз ошганлигини аниқлашди.

Хўш, нима бўпти шунга, дейишга шошилманг. Гап шундаки, Aтлантика океанига чучук сув кириб келиши глобал иқлимга катастрофик таъсир кўрсатиши мумкин. Бу хавотирли далиллар яқинда “Nature Communications” журналида чоп этилди.

Олимлар фикрига кўра, чучук сувнинг ҳаддан зиёд кўпайиши Aрктика музларининг эриши билан боғлиқ. Ҳозирча шўр сув устини қоплаган чучук оби ҳаёт Бофорт денгизидаги шамоллар туфайли ушлаб турилибди.

Бироқ агар шамоллар тинса, тоза сув шимолий Aтлантика, шу жумладан, Лабрадор денгизига кириб боради. Бу, ўз навбатида, Aтлантика океанидаги катта океан оқимларига, қолаверса, совуқ ва илиқ сув циркуляциясига таъсир қилади.

Айни пайтда Бофорт денгизидаги чучук сув ҳажми икки баравар кўп, яъни 23 минг куб километрни ташкил қилмоқда. Бу эса нақ “бомба” дегани ва унинг Aтлантика океанига аниқ таъсирини олдиндан айтиб бўлмайди. Аммо олимлар бу бутун Шимолий ярим шар иқлимига катта таъсир қилади, деб ҳисоблашяпти.

loading...