Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

0

Спорт тўғрисида, жа ошиб кетса, об-ҳаво ҳақида гаплашиш бежиз эмас экан. Чунки бошқа ҳамма мавзуда кимгадир ёқмайдиган бирор нима чиқиб қолади. Ана ундан кейин бехосдан айтиб қўйганинг учун кунингни кўрсатишади. Одил суҳбат асносида шу нарсани менга тушунтиролди. Спорт йўли билан. Сэр Ферггюссоннинг қизарган юзини тасвирлаш асносида тушунтирди. Аслида, тушунишга мойиллигим бор эди. Шунинг учун ҳам дарров англаб етдим.

Дала ҳовли. Тоғнинг энг баҳаво, сердарахт, Чорвоқ сув омбори кўриниб турган жойи. Таърифга тил ожиз. Ўзингга-ўзинг «Менимча, жаннат шу ер бўлса керак», дейсан. Аммо довдирамаслигим, оғзим очилиб турмаслиги керак. Акс ҳолда, теримни шилиб олишади. Ҳозир менинг кўзим кўр. Кўраётганларимнинг ҳаммаси тушимда кечяпти. Кўкаламзорлар, алламбало дов-дарахтлар, арчалар, гуллар, чўмилиш ҳавзалари, уларнинг ёнидаги барлар, фавворалар, бинонинг нақшинкор деворлари — буларнинг бари тушимнинг каромати. Аммо узун, йигирма кишилик столнинг устида турган ноз-неъматлар, қази-қартадан тортиб қизил, қора икраларгача бўлган егуликлар, русларга, французларга, финларга, немисларга тегишли одамнинг баданиниям, ичиниям қиздиришга хизмат қиладиган ичимликларни сизга гапириб бермасам, ёрилиб кетаман. Столнинг устини тўппа-тўғри тропик давлатлардан келтирилган мевалар, (албатта, ҳозирда тропик мевалар янгилик эмас. Аммо менинг кўриб турганларим мутлақо бошқача ва антиқа эди) ўзимизнинг қовун-тарвузлар, қўйинг-чи, чумчуқнинг сутидан бошқа ҳамма нарса безаб турарди.

Хаёлимга қишлоғимизнинг алпқомат йигитлари келди. Эрта баҳорда мардикорликка кетишади. Тўрт-беш сўм топиш илинжида. Кетар чоғлари уйларида зўрға қотган нон топилади. Минг бир азоб билан топиб келганларини қиши билан еб чиққан бўлишади… Шошманг, уларнинг ҳам топганлари топади тўрт-беш сўмни. Шунчаки, бурниларига қўлларини тиқиб келганлари қанча. Тўрт-беш йил дом-дараксиз кетганлари қанча. Ўтган йили иккитаси тобутда қайтди. Бировини машина босиб кетибди. Иккинчиси, музлаб ўлибди… Бу ерда эса йигирмата эмас, юздан зиёд одам бўкиб қолса ҳам ортадиган емак столнинг устида турибди. Аламим келди.

— Меҳмон нозикка ўхшайди, — дедим Одилга.

У қовоғини осилтириб қаради-да, кўрсаткич бармоғини юқорига қилди. Сўнг оғзини очиб, тилининг устини босиб қўйди.

Ўлай агар, унинг бу қилиғи нимага шаъма эканини тушунсам. Бошқа савол бермай, индамай қўя қолдим.

Орадан қарийб бир соат ўтиб, меҳмонлар келишди. Мен уларни йигирма чоғли бўлса керак, деб ўйлагандим. Қаёқда, тўртта экан. Иккитаси биз томондан. Яъни хўжайин ва унинг таржимони. Меҳмон томон иккита. Уларнинг европалик экани, сариқ сочидан ва юзидаги сепкилдан билиниб турарди.

Биз нарироққа, уларнинг кўзлари тушмайдиган жойга кетдик ва яна маишат уммонида «сузаётганлар» томонга бирровга қараб ҳам қўймасдик. У ёқда қаҳ-қаҳа авжида. Қадаҳларнинг бир-бирига урилиб, жаранглаши бот-бот эшитилиб турибди. Мен эса очман. Ўша-ўша ётоқхонада еган бир бурда қаттиқ ноним билан юрибман… Сўлагимни бир неча марта тупуриб ташлашимга тўғри келди. «Улар — дедим ўзимга-ўзим, — барибир, ҳамма овқатни еёлмайди. Кетишади, қолганини биз паққос туширамиз».

Чучварани хом санаган экаман. Вақт алламаҳалнинг нариги томонига ўтиб, меҳмонлару хўжайин кетганидан сўнг «енг шимариб» борсам, столнинг усти йиғиштириляпти. Нафсимни жиловлаб-жиловлолмай турганимда, Одил ёнимга келиб:

— Кетдик, — деди.

Энди бундан азоби бўлмаса керак. Мен-ку, очимдан ўлай дедим. Аммо Одил ҳам шу пайтгача туз тотмади. Эрталаб тўйиб овқатланган бўлиши мумкин. Лекин эрталабки овқат ярим тунгача етармиди?

— Биз ҳам бирор нима еб олсак бўлармиди? — дедим фавворалар ёнидан ўтаётганимизда.

У юришдан тўхтади. Менга юзланиб иржайди.

— Сен билан менга бу ерда овқатланиш мумкин эмас, — деди.

— Нега? — дедим ҳайрон бўлиб. — Шунча овқат бекорга қолди-ку.

— Ресторанга қайта топширилади.

— Қайси ресторанга?

— «Субҳидам»га.

«— Ҳа-а, шулар олиб келишганмиди?

— Йўқ. «Нураф- шон»дан. Текинга. Энди «Субҳидам»да сотилади у. Бор-йўғи ўн фоизи ейилган. Қолганига қўл урилмаган.

— Одил оғайни, эсинг жойидами? Битта ресторан текинга шунча нарсани олиб келган бўлса, энди еб-еб қолганини бошқа биттасига сотишадими?

— Бизнес. Ўрган. Кўрдингми? Қойилмисан. Йўқ жойдан соққа.

— «Нурафшон»дагилар олишмаса-чи?

— Жиннимисан? Кўзларига суртиб олишади. Кейин улар ҳам эртага мижозларига пуллаб юборишади. Ҳеч бўлмаганда, ўзининг нархида.

«Вой, пастлар, вой, ярамаслар. Ҳойнаҳой, улар атайлабдан йигирма кишилик дейишган, лекин ҳали айтганимдай столнинг устида юзта одам бўкадиган овқат бор эди. Тўртта одам нима ҳам ерди, нима ҳам ичарди? Одил нотўғри айтди, ўн фоиз деб. Бир фоизини ейишган бўлишса ҳам катта гап».

— Хўп, ана овқатни қайтиб сотишни амал-тақал қилишар. Ичимликлар-чи?

— Умрингда ресторанга кирганмисан ўзи? — дея энсасини қотирди Одил.

— Йўқ.

— Баттар бўл. Ичимликни сотишдан осони бормикан? Граммлаб уриб юборишади-да.

— Хўп, бу ёғини ҳам тушундим. Пули кимга тушади?!

— Кимга бўларди, хўжайиннинг чўнтагига-да. Бўлди, гапни кўпайтирма.

Хўжайиннинг уйи куйсин бўлмаса, банкдан, фалон-фалон бизнеслардан, чет элдаги меҳмонхоналардан, дори-дармонлардан оз мунча пул тушадими? Хўп, бировга зўравонлик қилиб меҳмонингни меҳмон қилибсан, ортганини хизматчиларга бериб кет. Сотишингга бало борми? Яна бир марта айтаман, бунақанги пасткашлик қилиб бой бўлгандан кўра, кафангадо бўлиб юрган минг марта афзал.

Ўзи қаёқдан ҳам шуларга аралашиб қолдим. Қоровулчилигим минг марта яхши эди. Ҳам дарсимни қилардим, ҳам ойлик олардим. Энди битта ғўддайган текинхўр, туллакни деб очимдан ўлай деб юрибман.

Шаҳарга бордик. Ётоқхонага ўхшаш тўрт қаватли бино ёнига Одил иккаламизни ташлаб кетишди.

— Шу ерда яшайсанми? — сўрадим ундан.

— Ҳа. Сен ҳам бундан бу ёғига шу ерда яшайсан.

Ана бўлмасам. Одамманми-йўқми ўзи? Менимча, кечадан бери одамгарчиликдан чиқдим. Назаримда, ихтиёрим аллақачон бировларнинг қўлига ўтиб кетгандай. Тирик роботга айлангандайман. Манави ерда ўтирасан, манави ерда турасан, манави ерда яшайсан, емайсан, ичмайсан, тирноғингнинг кирини сўриб юраверасан. Агар ғинг деган овоз чиқиб қолса, терингни шилиб, сомон тиқамиз-да, қўғирчоққа айлантирамиз.

Бас! Ҳаммасига нуқта қўяман. Мен манқурт эмасман. Менинг миям бор. Ўйлайман. Ўйлаганимни гапираман. Ҳозир манави ярамаснинг уйига чиқайлик, гаплашиб қўяман.

Ётоқхонанинг иккинчи қаватига чиқдик. Йўлак ёруғ. Аммо биров кўринмайди. Қаёқдан ҳам кўринсин?! Ақли-ҳуши бор одам бунақанги пайтда тўртинчи тушини кўриб, маза қилиб ухлайди. Қаёқдаги лаганбардорларни, зўравонларни деб юрибмиз мижжа қоқмасдан.

Одил чап томондаги эшикни калити билан очди, чироқни ёқди ва мени ичкарига бошлади.

Кирдим. Тавбангдан кетай, уч хонали квартира. Ошхона, ҳаммоми ҳам бор. Яна уй евро ремонт. Қаққайиб қолибман.

— Анқаймасдан киравер, — деди Одил, — иккаламиз би-ир отамлашамиз!

— Менинг отам тирик, — дедим дарров ўзимни қўлга олиб.

— Ўзингни гўлликка солма. Сен ошхонага ўтавер, мен кийимларимни алмаштириб олай, гаплашамиз.

Ошхонага кирдим. Ҳаммаёқ чиннидай. Яна хушбўй атир ифори. Музлаткич ишлаб турибди. Деворда юпқа телевизор. Стол ва иккита диван. Ўтирдим. Бўйинбоғимни ечдим. Ўзиям роса бўғилган эканман. Бирдан тоза ҳаво киргандай бўлди ичимга.

Одил кийимларини алмаштириб келди.

— Менга қара, ошна, менга ҳам тузукроқ кийимларингдан бер. Ҳеч қурса, сен қизғанчилик қилма. Мана шу костюм-шимда, очиғи, роса сиқилдим.

— Бўлди, тур ўрнингдан, — дея кета бошлади Одил.

Энсамни қотирдим ва шунга қарамай унга эргашдим. Негадир йўлакка чиқдик. У яна битта калит билан қўшни эшикни очди-да, чироғини ёқди ва тиржайганча:

— Мана шу уй бугундан бошлаб сеники. Токи ҳайдалиш куйини чалгунингча, — деди.

Буни қаранг, янгиликни эшитган заҳоти ичим ёришиб кетди. Шу заҳоти барча чарчоқларим ёзилгандай бўлиб, ичкарига шоша-пиша кирдим.

Ка-а-а-атта хонада битта шкаф ва диван. Бошқа иккита хонада эса девордаги гулқоғоздан бўлак ҳеч вақо йўқ. Ошхонага кирдим. Газ плитаси, асбоб-ускуналар экан.

— Ўзинг тўлдириб оласан. Ҳеч ким сенинг оғзингга чайнаб солиб қўймайди. Кийимлар шкафда. Чарчаганман. Тезроқ кийимларингни алмаштириб, меникига кир, — деб Одил ортига бурилиб кетди.

Шунисига ҳам шукр. Ётоқхонада яшайдиган талаба учун бу уй жаннатдай. Кийимларни алмаштирдим ва дарров қўшни — Одилникига ўтдим.

У столнинг устига колбаса қўйибди. Иккита ликобчада помидор. Столнинг ўртасида, битта «бўйнинг узилгур» турибди ғўддайиб.

— Мен ичмайман, — дедим шу заҳоти Одилга.

— Сени ҳеч ким мажбурламайди. Шунчаки чарчоқ ёзди қиламиз, холос. Бизнинг ишда мана шу зормандадан озгина-озгина олиб турмасанг, томинг кетиб қолади. Устозларим ўргатган менга.

У шундай деб совуқ сувнинг жўмрагини бураб очди. Сув шариллаб оқа бошлади. Товуши бирам қулоққа ёқмайдики.

— Нега бундай қилдинг? — сўрадим Одилдан.

У кўрсаткич бармоғини лабининг устига қўйиб «тсс», деди ва қарама-қарши томондаги диванга ўтирди. Анавини очди. Битта-биттадан қуйди. Иккимиз ҳам ютдик. Сўнг колбасага ҳужумга ўтдик.

Мен кулдим-да:

— Анави кўрганларимиздан кейин унча-мунча егуликни менсимасак керак, деб ўйлагандим, лекин қара, мойдай кетяпти, — дедим.

— Мен ундан ҳам баттар аҳволга тушганман. Ҳечқиси йўқ, кўникиб кетасан, — деб Одил яна шишани тутди.

— Ёшинг нечада? — сўрадим ундан, бир бўлак колбасани оғзимга соларканман.

— Йигирма тўртда.

— Мендан икки ёшга катта экансан.

— Нега унда мени сенсираяпсан?

— Билмасам. Аввал ўзинг сиз дединг. Кейин сенсирашга ўтдинг. Мен ҳам шунга яраша жавоб қайтаравердим. Менимча, шуниси қулай… Неча йилдан бери ишлайсан?

— Бир йил.

— Бир йилда уйингни шунча зўр қилиб олдингми?

— Машинам ҳам бор. Дадамга берганман. Иномарка.

— Даҳшат ойлик оласанми дейман?!

— Қаёқда. Битта-иккита томиб турадиган жой қилиб қўйибман. Битта нарса эсингдан чиқмасин, — дея пиёлаларни тўлдира бошлади Одил, — бизга маош берилмайди. Лекин ҳамма нарса «вип». Ҳеч жойга ҳеч нима тўламайсан. Лекин пул қиласан. Ана, хўжайинни кўрдингми? Ўрган, студент, — деб Одил яна томоғини ҳўллади.

Бу сафар унга шериклик қилмадим. Чунки бошим қизий бошлаган эди.

— Эртага дам олиш. Хўжайин тонгда Дубайга учиб кетади. Куёви билан бирга меҳмонхоналарини кўриб келади. Сен билан мен эса битта иш қиламиз.

— Менинг дарсим бор.

Одил ҳиринглаб кулди.

— Эсинг жойидами, қанақанги дарс? Ўқиб бўлдинг. Дипломни шу ҳафтанинг охирида бериб кетишади. Ўтган йили битиргансан сен. Нима қилиб, яна ўқишга бориб юрибсан, ҳайронман?! Хуллас, гап бундай, ука. Мен бир ой олдин муаммосиз биттасининг икки юз минглик молини ўтказиб берганман. Бирор жойга бир тийин тўламаган. Эвазига ўн фоизини бериши керак эди. Лекин ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаб юрибди. Бориб, шуни ундириб келамиз икковимиз. Бермаса, жойини соламиз.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

 

 

loading...