Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

0

Менинг бирдан бошим ғувиллай бошлади. Бир бечоранинг шўри қуриркан-да!

— Менинг биринчи кун ишлашим. Ундан кейин фақат қўриқчиликка қўйилганман, — дея жавоб бердим.

— Ука, бошида мен ҳам худди сендай эдим. Қарасам, бирим икки бўлмайдиган. Биров сариқ чақа бермайдиган. Секин у ёқ-бу ёққа қарасам, ҳамма соққа қилиш билан овора. Шартта мен ҳам киришиб кетдим. Айтганча, кеча икки юз минг олганмидинг?

— Ҳа, — дедим бошимни қимирлатиб.

— Ўшани мен берганман. Билиб қўй, сен ҳеч қаерда рўйхатда турмайсан. Пулингни биздан ундириб беришяпти. Демак, қарзингни тўлаб қўйишинг керак. Бунинг учун майда-чуйда ишларга аралашишингга тўғри келади.

Шерзод ака билан қисқа гаплашгандик. Сал ўнғайсизроқ иккита сўз айтганди. Натижада бечорани одам танимайдиган аҳволга солишди. Одилнинг эса оғзидан боди кириб, шоди чиқяпти. Агар бунинг ҳам гапларини ёзиб олаётган бўлишса, эртага нимталаб ташлашлари аниқ.

— Қарзингизни бир амалларман. Ҳозирча бундай ишларга мени аралаштирмай туринг.

— Иложи йўқ, ука. Эртага ўзинг келасан олдимга.

У бостириб-бостириб, икки пиёлани ютди. Сўнг айтди: «Орамизда ҳеч қанақанги гап-сўз бўлмайди. Сенга нисбатан менга кўпроқ ишонишади. Шунинг учун тилингни тий-да, бориб дамингни ол. Яхши бўлади».

«Мен кимларнинг орасига тушиб қолдим. Нега буларнинг амаллари бир-бириникидан даҳшат. Каттасининг қилаётган иши унақа бўлса, кичигиники бунақа. Бир йилда шунча мол-мулкка эга бўлибди. Агар бирор ўн йил ишлаб турса, нималарни қўлга киритмайди».

Бориб, ўзимнинг уйимда диванга чўзиларканман, хаёлимдан шу гаплар ўтди.

Бир гектар ерни кетмон билан ағдариб чиқсанг ҳам, Саҳрои Кабирни яёв кезсанг ҳам, тинка-мадоринг қуриб, оёқда туришга мажолинг қолмаса ҳам ухлаёлмас экансан. Яна миянгда бир-биридан ваҳимали, ечими йўқ муаммолар ғужғон ўйнаса. Менда худди шу нарса бўлди. Юрагим сиқилгандан-сиқилди. Бир неча марта ҳаммомга кириб, юз-қўлларимни ювдим. Лекин кошки, уйқу деган махлуқ келсаю, қучоғига олса…

Шундай қилиб, тунни бедор ўтказдим. Табиийки, саҳардан бошим лўқиллаб оғрий бошлади. «Бугун иш йўқ. Бекорчиман. Салдан кейин кўчага чиқиб, бирорта ошхонада қорнимни тўйдираман-да, келиб маза қилиб ухлайман», дея ўзимни-ўзим юпатдим. Аммо қаёқда дейсиз, ўша саҳарнинг ўзидаёқ одам келди.

Хўжайиннинг катта миқдорда моли келибди. Фирмаларга тарқатиш керак экан.

«Тавба, менга тарқатишнинг нима алоқаси бор?! Вазифам қўриқчилик. Қўриқлайдиган одамим чет элга кетди», деган хаёлда ўта норози бўлиб ташқарида кутаётган машинага миндим. Бу сафар «Нексия» жўнатибди. Ҳойнаҳой, шу машина ҳам мутлақо текинга хизмат қилаётган бўлиши мумкин. Айтайлик, кимдандир ёки қайсидир фирмадан тортиб олинган. Йўли осон-ку, булар учун. Ҳайдовчи камида менга ўхшаган одам. Текинга хизмат қилади. Керак бўлса, хизмати учун ҳақ тўлайди. Тўғрисини айтсам, буларнинг қилаётган ишлари ҳеч бир қолипга сиғмайди. Лекин шошмаслигим керак. Отам айтган, «Болам, агар мени ўлиб қолди дейишса ҳам шошиб қолма. Миянгни ишлат. Аввало, ўлмаган бўлишим мумкин. Мабодо бандаликни бажо келтирган тақдиримда ҳам ҳовлиқиб, ўзинг бир касофатни бошлаб қўйишинг мумкин. Энди қолган нарсаларни шунга қараб ҳукм қил».

Мана, худди шундай ҳукм чиқазадиган вақти келди.

Шаҳар ташқарисидаги омборхонага бордик. Ўзиям омбормисан омбор экан. Нақ уч гектарча келади. Бу ердаги ҳар бир сотих ерни энг арзон нархлаганда беш юз доллар десак, уч гектарнинг ҳисобини ўзингиз чиқараверинг. Аммо… Аммо биров хўжайин шунча ерни чўнтагидаги пулларга сотиб олган деса, сира ишонмайман. Аниқроғи, ишонмай боряпман. Буниям кимнидир шўрини қуритиб, тортиб олгандир-да.

Йигирма бешта «фура», шулардан учтасининг ҳар бири нақ поезд вагонига тўғри келади. Балки, ундан ҳам каттароқдир.

Одам кўп. Ҳаммаси мардикор. Аллақачон қоғоз қутидаги молларни туширишни бошлаб юборишган. Менга ана шуларнинг бир гуруҳини кузатиш топширилди. Бирортаси қутини бузиб, очиб қўймасин ва ёки четга ўғирлаш мақсадида суриб қўймасин.

Эй-й, каллангга, омбор қалин, уч метр баландликдаги девор билан ўралган, дарвозада бир эмас, иккита қоровул турган бўлса, мардикор бечора қандай қилиб битта қути молни ўғирлайди?! Бунинг учун унинг қаноти бўлиб, у учиши керак. Агар учолганда, сенинг берадиган арзимас чойчақанг учун елкасини яғир қилмасди. Қутини бузиш масаласи… Мумкин. Шунда ҳам қутида ейдиган нарса бўлса… Ҳақиқатан ҳам, ейдиган нарса экан. Битта йигитнинг қўлидан қути тушиб кетдию, қутининг оғзи очилиб кетди. Нима эканлигини айтсам ишонмайсиз. Оддий печенье. Вой, тавбангдан кетай, шунча печеньени нима қилади булар?! Ҳаттоки мен бозорда нима кўп, нима озлигини биламан. Ана «Ўрикзор»га бор, тиқилиб ётибди бунақанги печеньелар. Қанча хоҳласанг, топилади. Баъзилари сотилмаганидан муддати ўтиб кетган. «Эҳ, каллаварам хўжайин», дея бошимни қашладим ҳамда худди ўзим каби мардикорларни кузатиб турган йигитлардан бирининг ёнига бордим. Салом-аликдан кейин у менга бошдан-оёқ қаради.

— Буни, — дедим туширилган қутиларга ишора қилиб, — сал кўпроқ олиб келишмабдими?

У илжайди. Чўнтагидан тутатқи олиб, лаблари орасига қистирди. Сўнг эринибгина жавоб берди:

— Фураларнинг ҳаммаси ҳам печенье эмас. Иккитаси, холос. Икки фура печенье кечгача бормайди. Мижозларимиз тиқилиб ётибди. Пулларини аллақачон тўлаб қўйишган.

— Лекин хўжайиннинг калласи зўр ишлайди, — дедим мен ҳам тиржайиб.

Кейин чумолилар каби юк ортмоқлаб, машина билан омбор ичкарисига зув-зув қатнаётганлар ёнига бордим. Ҳаммасининг пешонаси тиришган. Ўлганининг кунидан ишлаяпти.

Мен ҳам мардикор бўлиб ишлаганман. Биринчи курслигимда. «Эски Жува»да арава тортганман. Тонг саҳардан кун ботгунча тинмаганман. Топганим икки кунга етмаган. Ётоқхонага келгач, ўйлаб кўрсам, ҳолимни унутиб, сал яхши гапирган кекса одамларнинг юкларини текинга обориб берибман. Виждоним қийналмадию, кейин ўзим қийналдим. Чунки ўзимга ваъда бергандим. Бундан буён уйдагилардан бир сўм олмайман, деб. Топганим ҳафтанинг охирига етмай, хонадошимдан қарздор бўлдим ва яна бир кун оч қолдим. Очлигимни бировга билдирмадим. Тўйиб- тўйиб сув ичиб юравердим. Лекин оч қоринга кўп сув ичиш ҳам тўғри эмас, менимча. Чунки қоринда турмайди-да, фақат узоғи билан ярим соат ошқозонни алдаш мумкин. Аммо кейинги шанба маза қилдим. Аввало, биринчи топган пулимга қорнимни тўйдириб олдим. Кейин югуриб-елиб бировнинг юкини олиб чиқиб қўйдим, бировникини киргазиб қўйдим. Салгина пишиқроқ ҳам бўлиб олдим. Жа яхши гапларга эриб кетавермадим.

Албатта, бировнинг ишлаётганини кузатиш, айниқса, у қора меҳнат қилаётганида, зерикарли. Шунга қарамасдан тишимни-тишимга босиб, уларнинг ишини тугатишларини кутишга мажбурман.

Иш тугади. Бечораларнинг ҳақларидан уриб қолинди. Биринчидан, бузилган қути учун. Иккинчидан, нон-чой учун. Тўғри, берилди. Аммо қуруқ нон билан чой. Эй-й, ҳимматингга балли, сенларни тарбиялаб тадбиркор қилган амалдор оталарингга балли. Тўғрисини айтсам, шундай сўкингим келдики, у ёқ-бу ёғи йўқ. Баданимни чимдиб-чимдиб ўзимни босдим. Чунки сўкинсам, анави мардикорлар эмас, мен бечорага айланаман.

Анави менга ўхшаган шерик тўғри айтган экан. Юкни охиригача тушириб улгурмасларидан мижозлар бирин-кетин кела бошлашди. Мен сизга айтсам, уларнинг «хурсандчилик»ларининг чек-чегараси йўқ эди. Ҳатто биттасининг тўнғиллаганини аниқ-тиниқ эшитдим: «Ўтган сафар ҳам муддати ўтган молни тиқиштиришганида белим чиқиб кетай деганди. Энди расво бўларканман. Бу печеньени мол ҳам емайди».

«Йўғ-э, — дедим ичимда, жа унчаликмасдир. Кўриниши зўр экан, арзонга бераётган бўлса керак, ҳойнаҳой», дея ўйладим ва харидорнинг ёнига бориб:

— Битта еб кўрсам майлими? — дедим.

— Ҳаммасини емайсанми? Қайтанга орт-туширдан қутулардим, — дея у бурнини тортиб қўйди.

Битта ўрамни олдим. Жуда чиройли қилиб, боплаб ўрашибди. Тўқ пушти ранг беришибди. Кичкина, қўғирчоққа ўхшайдиган қўнғироқ сочли қизчанинг расмини ҳам қўйишибди. Унда иштаҳа билан печеньени еяётгани акс этган. Ўрамдаги ҳамма ёзувлар туркча экан, шу боис яроқлилик муддатини тополмадим ва очиб, бир донасини оғзимга солдим. Қисирлади. Шу заҳоти ачқимтил таъм туйдим-да, оғзимдагини туфлаб ташладим ҳамда харидорга юзланиб:

— Нима бало бу? — дедим.

У илжайди ва паст овозда деди:

— Бу молни ўтган йили битта оғайним Туркиядан олиб келганди. Чегарада олиб қўйишган. Бечора ҳамма пулини тикканди.

— Нега бечора бўларкан?

— Чунки ҳозир тупроқнинг тагида ётибди.

— Ўша пайтда роса харидоргир эди бу печенье. Энди муддати ўтгани боис заҳардан бошқа нарса эмас. Ўзи буни чиқитга чиқаришган. Энди бу фирманинг катталари катта-катта амалдорлар-да… Гапирса, гап кўп. Бўпти, оғайни, яна «Отингизни тилимга боғланг, тилимга», деб юрмайин Афандига ўхшаб.

Мен дами чиққан пуфакдай бўшашдим. Очиғи, буларни нима деб аташни ҳам билмайсан?! Ҳали бор-йўғи икки кунда кўрганларим шунча бўлса, бу ёғига нималарга дуч келаман, Худо билади…

Пешиндан кейин кетишимга рухсат тегди. Тушлик қилмагандим. Асабим баттар бузилди. Шунинг учун тўғри ошхонага кирдим. Биринчи, иккинчи қилиб, роса қорнимни тўқладим. Сўнг уйга кетдим. Одил келибди. Мени кутиб ўтирган экан. Оғзи қулоғида.

— Сенга зўр гапим бор. Кийимларингни алмаштириб кел, — деди у.

Яна худди аввалгидай жумракни очиб, совуқ сувни жилдиратиб оқизиб қўйди. Ана ундан кейин тилининг «занжири»ни бўшатиб юборди.

— Тўғрисини айтсам, уриб ўлдириб қўяман, деб боргандим. Қўйнимга ханжар солволдим. Унча-мунча нарсани ёпди-ёпди қилиб юбориш қўлимдан келади. Ўхшатолмасам, сал юқоридагиларга айтаман, тинчитиб юборишади. Шунинг учун қўрқмайман. Хуллас, бордим. Ярамаснинг бирдан ранги оқарди. Важоҳатим бошқача бўлса керак-да. Кўришар-кўришмас қўлини кўксига қўйди. «Тайёрлаб қўйгандим. Бугун олиб бориб бераман, деб тургандим. Яхши ўзингиз келиб қолдингиз», дедию, кириб пулини олиб чиқиб берди. Шундан кейин шаштимдан тушдим-да, қайтиб келдим. Уйда санаб кўрсам, тўппа-тўғри. Ишонасанми, афсусландим. У менинг пулимдан фойдаланган-ку, тўғрими? — дея менга тикилди Одил.

— Билмадим, — дея елка қисдим.

— Фойдаланган. Аниқ. Демак, пулимнинг фоизини бериши керак.

— Қўйсанг-чи! Битта телефон билан битирган ишинг учун йигирма минг «кўки»га эга чиқиб турибсан, — дедим норози бўлиб.

— Сен тушунмайсан, оғайни. Менга қара, гап бундай. Йигирма минг пулим бир ой унда турдими? Турди. Демак, шу пулга у нимадир олган, кейин сотган, фойда кўрган. Чўнтаги қаппайган. Мен эса бу ёқда диққинафас бўлиб ўтирибман…

— Судхўрлик қилмоқчимисан? — дея унинг гапини бўлдим.

— Менга қара, — деди Одил кўрсаткич бармоғини ҳавода ўйнатиб, — сен билган нарсалардан минг марта кўпроқ нарсаларни биламан. Судхўрликка кирмайди бу нарса. Қайтанга унга зиён тушяпти. Чунки менинг пулимни мендан рухсатсиз ишлатган.

— Хўп, нима қилмоқчисан?

— Йигирма мингнинг ўн фоизи икки минг бўлади. Бундан чиқди, у менга яна икки минг қарз. Аммо мен қарзни олмайман. Балки, бизнесига шерикликка ўтаман. Қарабсанки, ҳар ойда товар айланмасидан ўн фоиздан олиб тураман. Мен сенга айтсам, ортиқча пул ҳеч қачон тешиб чиқмайди. Қалай?

— Яхмалай! Билганингни қил. Лекин бунақанги нарсалар ҳеч қачон менинг қўлимдан келмайди. Келган тақдирида ҳам қилмайман! — деб ўрнимдан турдим.

— Қаерга бормоқчисан? Ўтир. Гап бор.

Энсамни қотирдим-у, кетишга чоғландим.

— Кеча келиб, бугун бурнинг кўтарилиб қолибдими? — деди Одил.

 

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

 

 

loading...