Шри-Ланкада коронавирусдан вафот этганларни ёқиш бекор қилинди.

0

Шри-Ланка ҳукумати CОVID-19 касаллиги сабабидан вафот этган одамларнинг жасадларини кўмишга қўйилган тақиқни бекор қилди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу мамлакатда коронавирус қурбонларини кўмиш тақиқланиб, улар ёқиб юборилаётгани учун аҳолининг мусулмон қатлами бир неча ойдан бери жиддий норозилик билдираётганди.

Ўтган йилнинг март ойида Шри-Ланка ҳукумати CОVID-19 дан вафот этганлар ёқиб юборилиши борасида қарор чиқариб, уларни кўмишни тақиқлади. Ҳукумат бунга ўлган одамларнинг жасадидан ердаги сувга вирус ўтиши ва касаллик шу орқали тарқалишини сабаб қилиб кўрсатган.

Аммо, мамлакатда яшовчи мусулмонлар мазкур қарорга қарши чиқдилар. Улар ҳукуматнинг ушбу қарори ҳеч қандай илмий асосга эга эмаслигини ва жасадларни кўмиш ислом динига зид эканини айтиб, ушбу тақиқни бекор қилишни талаб қилишди.

24 феврал куни Шри-Ланка парламентидаги мусулмонлар мамлакатга ташриф буюрган Покистон Бош вазири Имрон Хондан ушбу масалани мамлакат раҳбарияти билан кўриб чиқишни сўрашди. Жасадларни кўмишга қўйилган тақиқни бекор қилинганидан сўнг Хон Шри-Ланка раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

«Мен Шри-Ланка ҳукуматининг CОVID-19 дан вафот этганларни кўмиш имкониятини берадиган расмий хабарномасини мамнуният билан қабул қиламан», деб ёзди Хон ўзининг Твиттерида.

loading...