Ўз даврида шуҳрат қозониб, сўнг тарқалиб кетган гуруҳлар (+фото)

0

Ўзбек эстрадаси тарихида минглаб хонандалар қатори ўзига хос ижоди билан из қолдирган ижодий гуруҳлар ҳам талайгина. 1990—2000 йилларда санъат оламига кетма-кет гуруҳлар кириб келдики, уларнинг ижод намуналари ўзбек ёшлари орасида кенг оммалашди. Ўша даврда ҳит даражасига кўтарилган тароналар бугунги кунда ҳам ўз тингловчиларини йўқотмай келмоқда. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов бир пайтлар машҳурликка эришиб, сўнг фаолиятини тўхтатган гуруҳлар ҳақида материал тайёрлади. Қуйидаги маълумотлар кишини болалик, ўсмирлик даврларига қайтариши шубҳасиз.

Африкагача донғи кетган «Садо»

1980 йилда навоийлик Мила Романиди ва тошкентлик Кумуш Раззоқовадан иборат «Садо» гуруҳи тузилади. Улар ўз сафига 16 ёшли Азиза Муҳамедова исмли қизни ҳам қўшишади. Ушбу трио дастлаб халқ йўлида ижро этиладиган қўшиқ ва лапарларни куйлаб, омма назарига тушади. Гуруҳ 1981 йили Ялтада ўтказилган халқаро мусиқий танловда биринчи ўринни қўлга киритгач, «Садо»нинг машҳурлик онлари бошланади. Европа, Африка мамлакатларида концертлар қўйган қизларнинг жамоадаги ҳамкорлиги салкам ўн йил давом этиб, 1989 йил гуруҳ парчаланиб кетади.

Фото: Кумуш Раззоқованинг шахсий архиви
Мила ва Азиза карьерасини хорижда давом эттириш мақсадида Москвага йўл олади. Уларнинг иккиси ҳам бугунги кунда Россияда яшаб, ижод қилмоқда. Кумуш Раззоқова эса «Наво» ансамблида Ҳасан ва Ҳусан Жўраевлар билан бирга яна трио таркибида ишлай бошлайди. 1991 йилга келиб Кумуш Раззоқова «Наво»ни тарк этади ва яккахон хонанда сифатида ижод қилишга киришади. У таниқли бастакор Дилором Омонуллаеванинг таклифи билан «Мен сени ҳеч кимга бермайман», «Ёмғир ёғди», «Икки дарахт», «Сиз ёқасиз менга ҳамиша», «Саратон» сингари қўшиқларни куйлаганидан кейин, ўзбек эстрадасида Кумуш Раззоқова номи пайдо бўлади. Хонанда 1994 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвонига лойиқ кўрилади. У айни пайтда Тошкент шаҳрида яшайди.

Мудҳиш қотилликдан сўнг тарқалган «Ал-вакил»

90 йиллар бошида ўзбек эстрадасида пайдо бўлган «Ал-вакил» гуруҳининг қўшиқларини ҳозиргача тингловчилар бисёр. Гуруҳнинг қўшиқларида реп йўналиши бошқа йўналишлар билан уйғунликда ўзгача кўриниш касб этгани учун ҳам ўша давр ёшлари жамоа тароналарини чинакам янгилик сифатида қабул қилади. «Шоҳсарой», «Бўм-бўш кўчалар», «Ажойиб тун», «Йиғламагин», «Дам-дам» сингари қўшиқлар шлягерга айланади.

Гуруҳнинг икки вакили — Арсен Арутюнян ва Данис Сирагев 1999 йилда хонанда Лайлонинг ўлимида айбланиб судланади. Улар жазо муддатини ўтагач, Арсен 2012 йили Москвага кўчиб кетади. У аввалига Омар Ахе тахаллуси билан яккахон ижод қилади, сўнгра Арсен Гинзбург сифатида The АRS гуруҳи солисти сифатида танилади. Маълумотларга кўра, Данис Италияда яшайди.

Қотилликдан олдин «Ал-вакил»ни тарк этган Али Бабаев Тошкент шаҳридаги тунги клубларда дижейлик қилиши ҳақида маълумотлар мавжуд. Гуруҳ лидери Музаффар Охунжонов бироз муддат Шоҳрух реп ижодий жамоасида ишлаганидан кейин, 2011 йилда юрак хуружидан вафот этади.

 

МДҲ мамлакатларида машҳурликка эришган «Дадо»

«Дадо» гуруҳи 1999 йилда Тошкентда ака-ука — Алишер ва Рустам Мадумаровлар томонидан тузилган. Улар дастлаб «Анор» гуруҳида фаолият юритишгач, янги гуруҳ ташкил этиш ғоясини амалга оширишга киришишади. Сўнгра иккиси дадасининг хотирасига бағишлаб, «Дадо» (тожик тилида «дада» маъносини билдиради) гуруҳига асос солишади.

2008 йилгача жўшқин фаолият юритган гуруҳ нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ мамлакатларида ҳам машҳурликка эришади. Уларнинг «Юрагим», «Беном», «Дадо-надо» каби қўшиқлари хит даражасига кўтарилади. Алишер Мадумаров 2014 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланиб, суд ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2020 йилнинг декабрь ойида гуруҳ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 7 йилдан сўнг яна ижодни қайта тиклаб, янги қўшиқларини эълон қилишини таъкидлашганди. Бироқ ҳозирча «Дадо»нинг янги ижод маҳсуллари оммага ҳавола этилганича йўқ.

«Фаёд» гуруҳи

1999 йилда продюсер Алишер Нишонов томонидан тузилган «Фаёд» гуруҳи ҳам тез орада шуҳрат қозонади. Икки қиз – Раъно ва Виктория Шиндинадан иборат жамоанинг илк таронаси «Наврўз» бўлиб, бу «Фаёд»га чинакам машҳурлик олиб келади ва ҳозиргача севиб тингланади. Гуруҳ асосан, ўзбекона миллий қадриятлар, урф-одатлар ва халқ термаларини куйга солиб, мухлислар эътиборини тортади. Уларнинг «Алла», «Чаманда гул» каби бир қанча тароналари ҳам ўз тингловчиларига эга. Айниқса, Тоҳир Содиқов билан ижро этган «Барглар» дуэти ёшлар орасида кенг оммалашган. Гуруҳ 2001 йилда «Ниҳол» мукофоти билан тақдирланади.

2003 йилда гуруҳ ҳеч қандай низо ва келишмовчиликларсиз фаолиятини тўхтатади. Жамоадаги қизлар мустақил ижод қилиш истагида ўз йўлини танлашга қарор қилишади. Раъно бугунги кунда Америкада яшайди. Виктория эса Тошкентда. У «Фаёд» гуруҳини сақлаб қолиш мақсадида «Виктория Фаёд» тахаллуси билан хонандаликни давом эттиряпти.

Афсонавий «Сетора»

Ўзбек эстрадаси тарихининг ёрқин саҳифаларидан жой олган «Сетора» гуруҳининг ижод маҳсуллари бугунги кунда ҳам дунёнинг турли нуқталарида жаранг сочиши шубҳасиз. Гуруҳ қизлари – Комила Хаджаева, Феруза Латипова ва Лайло Галиева Глиер номидаги мусиқа мактабида бирга ўқишган. Улар ўқувчилик даврида «Олтин юлдузлар» номли гуруҳ ташкил қилиб, таълим даргоҳида ўтказиладиган турли тадбирларда чиқишлар қилишади. Учала синфдош мактабни битиргач, профессионал ижодни бошлаш арафасида гуруҳни қайта номлаш ҳақида бош қотиришади. Тожик тилида юлдуз маъносини англатувчи «ситора» ва уч созли мусиқа асбоби «сетор» сўзидан бирини танлаш устида чуқур ўйланишади. Сўнгра «Сетора» номини танлашади ва шу тариқа 1998 йилнинг 1 март санасидан гуруҳ фаолиятини бошлайди.

Мазкур трио «Тарона рекордс» продюсерлик компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Гуруҳ таниқли бастакорлар – Шаҳноз ва Руслан Шарипов томонидан яратилган «Оҳим», «Сенга», «Аждодлар руҳи», «Сен борсан» каби қўшиқларни ижро этиб, қисқа фурсатда машҳурлик чўққисини забт этади. Гуруҳ қизлари 2000 йили «Ниҳол» мукофоти, 2002—2004 йилларда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланади.

2007 йили учала дугона «Сетора»ни тарк этиб, танаффус эълон қилишади. Улар бунинг сабабини — улғайиш, ўз йўлини топиш ва шахсий ҳаётга кўпроқ аҳамият қаратиш каби бир қанча омиллар билан боғлайди. Орадан бир неча йил ўтиб, қизлар «Сетанҳо» номи остида янги гуруҳ тузади. Лекин «Сетанҳо»нинг фаолияти узоққа бормайди. Қизлар 15 йиллик танаффусдан сўнг, «Сетора» номини ҳуқуқий томондан қайтариб олган бўлса-да, бироқ аввалгидек биргаликда ижод қилишгани йўқ. Лайло ва Комила айни пайтда Тошкентда яшаётган бўлса, Феруза АҚШда ижодини давом эттиряпти.

«Квартет»дан «Марказ»га

Фото: «Yandex.uz»
2004 йилда фаолиятини бошлаган «Квартет» гуруҳи «Квартачка» қўшиғи билан танилади. 2010 йилга келиб оммага маълум бўлмаган айрим сабаблар туфайли жамоа тарқалиб кетади. «Квартет» аъзолари – Дилшод Ғиёсов ва Жавлон Асатуллаев кейинчалик «Марказ» гуруҳини ташкил этиб, бир неча йил ижод қилишади ва ушбу жамоа ҳам тугатилади.

Клипларсиз машҳур бўлган «Уммон»

Фото: «Yandex.uz»
«Уммон» гуруҳи севги-муҳаббат, айрилиқ мавзулардаги қўшиқлари билан видеоклипларсиз машҳурликка эришган. 2007—2008 йилларда ёшлар орасида катта аудитория эга бўлган мазкур гуруҳ ҳам орадан ўн йилдан зиёд вақт ўтиб, ўзаро келишмовчиликлар ва турли муаммолар сабаб аста-секин тарқалди. Жамоа аъзоси Шоҳруҳ Исамуҳаммедов санъат соҳасини буткул тарк этган бўлса, Зоҳид Ризқиев ва Жасур Рафиқов эса якка хонанда сифатида ижод қилмоқда.

loading...