Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

0

Одатдагидай Одил келди. «Отиб» олибди. Кўзлари сузилган.

— Шерик бўл, — деди.

— Кўнглимга сиғмайди, — дедим мен.

— Шунинг учун ҳам шерик бўлишинг керак. Вақтида мен сендан беш баттар эдим. Меникилар виждонлиликда сеникилардан кам эмас. Нега уйланмай юрганимни биласанми? Қўрқаман. Битта қизнинг ҳаёти мен туфайли ағдар-тўнтар бўлиб кетишидан қўрқаман. Юр, оғайни, юр, — дея қўлимдан тортқилади Одил.

Отамлашдик. Ҳаш-паш дегунча битта «зорманда»ни думалатиб ташладик. Ана шундан кейин Одил баттар «очилди».

— Сен ҳеч нимадан хавотир олма. Содиқ сенинг бошингдаги битта тукни ҳам тўколмайди. Чунки шахсан шефнинг назарига тушгансан. Бунақа йигитлар камдан – кам бўлади ва уларнинг келажаги шефнинг умрининг охиригача порлоқ. Кейин шефнинг ўғли бор, куёви бор. Ҳаммаси казо-казолар. Ҳозир улар шунчалик баландга чиқиб кетишганки, бировнинг қўли етмайди, — деди у ва секин ўрнидан турдиб музлаткич томон юраркан у довдираб кетди.

Мен столнинг бу томонида эдим. Шунинг учун туриб уни ушлаб қолишга улгурмадим. Одил йиқилмади. Аммо чўк тушиб қолди ва ҳиринглаб кулди.

— Кўрдингми?! Менинг ҳар қандай шароитда ҳам ҳушим ўзимда бўлади! — дея ҳайқирди.

Унинга қўлтиғидан олиб, ўрнидан туришига кўмаклашмоқчи эдим. Бироқ Одил қўлимни силтаб ташлади.

— Қўй, тегинма! Ҳали бировнинг ёрдамига муҳтож эмасман! Аммо шу кетишим бўлса, бир куни турғазиб қўясан! Ҳа, ҳа, ҳа!

Одил амаллаб турди. Музлаткичнинг эшигини очди. «Бўйни узун»дан яна битта ва колбаса ҳам олиб, столнинг устига қўйди.

— Бугун, бугун, — деди боши тебраниб, — думалаб қоламиз. Нимага, биласанми?

— Йўқ, — дедим кесилган колбасадан биттасини олиб.

— Зўр операция қилдик. Аммо сариқ чақасиз қолдик, — дея шилиқ этказиб бурнини тортди Одил. — Сенга битта сирни айтаман. Нега, биласанми?

— Билмайман?!

— Чунки сен менга ўхшагансан. Виждонинг бор. Меники ҳам бор эди. Лекин мен сотдим, — дея Одил кекирди.

— Ҳали ҳам кеч эмас. Ўрнига қўйиш керак, — дедим мен доноларча маслаҳат бериб.

— Ҳе, — дея Одил «шайтон» суви тўлдирилган идишнинг қопқоғини очди, — ҳозир сенга битта воқеани айтиб бераман.

У пиёлага қуймоқчи эди. Лекин столнинг устига қуйилиб кетди. Шундан кейин шишани қўлидан олдим ва идишларни тўлдирдим.

— Аввал, — деб Одил лаб-лунжини кафти билан артди, — сен олдин ол. Менга етиш. Етишолмайсан. Яқинлаш. Буни нима тарқатади биласанми? «Кола».

Мен музлаткичдан «Соса-соlа» олиб келдим-да, стаканни тўлдирдим. Одил чўлда қолиб кетган одамдай ютоқиб-ютоқиб ичди. Сўнг яна бир стакан ичди. Шундан сўнг сал ўзига келгандай бўлди ва менинг «заҳри заққум»дан ютишимни талаб қилиб туриб олди.

Тўғрисини айтай, азбаройи маълумот олиш мақсадида гарчи сира истамаётган бўл эсам-да, унинг айтганини бажардим.

— Қалай? — сўради Одил.

— Яна битта олсам, сендан баттар бўламан, — дея жавоб бердим атай кўзимни сузиб.

— Унда ол!

Ғазаб билан, алам билан ютдим. Одилга юзландим. У иржайиб ўтирарди.

— Мана, иккимиз бир хил бўлдик. Энди битта гапни сенга айтай. Мен бекордан-бекорга думалаб қоламан, демаяпман. Эй-й, шошма, анави воқеани ҳали айтмадим-ку. Хуллас, мактабда ўқиётганимизда битта синфдошимиз нос чекарди. Биз, — деб Одил бошини у ёқ-бу ёққа қимирлатди-да, амаллаб тупугини ютди, сўнгра яна гапини давом этказди, — одобли синфдошлар — ўнта ўғил бола унга нос чекишни ташлатмоқчи бўлдик. Кейин нима бўлди, биласанми? Орадан бир ой ўтиб, нос чекувчилар сони ўн биттага кўпайди. Ҳа, ҳа, ҳа. Шундай экан, менга манавини, — дея у шишани кўрсатди, — ташлатаман деб уринма. Бирга ишлаб турсанг, ўзинг ҳам шусиз яшолмай қоласан. Ҳиқ… Энди бугун қуруқ қолганимиз… Ҳаммасини Содиқ олиб кетди. Уйигамас. Ўртоғи бор, жуҳуд. Исми Авдей. Ўшаникига. Унинг пулларини Авдей сақлайди. Ишончлимиш. Эртага пулларни Авдей бизга бўлиб беради. Арзимаган пул беради. Лекин ўзи Содиқдан ҳам кўп олади, падарингга ланъат. Қандай қилган билмайман. Аммо шуниси аниқки, Содиқ унинг гаписиз ҳожатга ҳам бормайди.

У гапираётганида мен бошимни эгиб олгандим. Атай. Гўёки Одилнинг гапларини эшитмаяпман.

— Ич, пишиб қолибсану, ҳеч нарса емадинг-да. Шунинг учун, — деди Одил.

— Ейман, — дедим бошимни кўтариб, оғзимни қийшайтириб сўзларканман.

Одил стаканни ичимликка тўлдирди. Мен эса қовурилган гўштнинг икки бўлагини кетма-кет оғзимга солдим. Устидан бир бурда нон тиқдим. Кейин озгина «кола» ичгандим, еяётганларимнинг мазаси янаям ошди.

— Қаерда? — дедим Одилга.

— Нима қаерда?

— Авдей.

— Юнусободда туради. Ҳовлида. Уйи даҳшатнинг ўзгинаси. Лекин уй унинг номида эмас. Бошқа бировникида. Янги қурилган уйлар бор-ку, Юнусободда. Шундай кўприкдан тушганингдан кейин чап томонда. Ўша ерда. Арзандаларнинг кўпи ўша ерни макон тутган. Биттаси бор се-е-е-миз. Ғирт қасамхўр. Пулингни олади алдаб-сулдаб. Кейин қайтариб бермайди. Менинг ҳам ўн мингим ётибди. Укамни ўқишга киритмоқчи эдим. Ишим тушиб турганди. Қарз сўради. Эллик минг. Ноилож бердим. Қирқини қайтарди. Ўни қолди. Лекин ҳақиқатан ҳам, укам ўқишга кирди. Арзонроғига. Шунинг учун қўлимни силтадим. Ундан ҳам баттари кейин бўлди. Биттасининг жияни Санкт-Петербургдаги тиббиёт институтида ўқиркан. Илтимос қилди. «Ўқишини кўчириб берсин, танишингга айт», деди. «Қўй, шу ёқда ўқийверсин», дедим. «Қийналди, опамнинг ёлғиз ўғли, поччам кетмон чопади», деди. Ноилож гаплашдим. Етти минг сўради. Танишим пулни олиб келди. Мен анави мешқоринга бердим… Бўлмади. Пул ҳам қайтмади… Тўхта, нега сенга буни гапириб ўтирибман. Ҳа, айтганча, ичим куйиб кетяпти. Авдей ўшанинг қўшниси…

Шундан сўнг Одилнинг гапига тушуниб бўлмай қолди. Бир боғдан, бир тоғдан гапира бошлади. Кетма-кет одамни махлуққа айлантирадиган суюқликдан ича бошлади. «Бўлди, етади», десам ҳам унамади. «Эркакман, менга чикора», дейди… Охири бошини столга қўйдию, хуррак отиб юборди.

Столнинг устини йиғиштирдим. Сўнг амаллаб Одилни жойига ётқиздим. Шундан сўнг ўз хонамга кетдим.

Уйқудан олдин чўмилиб чиқдим. Лекин савил қолгурдан кўп ичган эканман, таъсири кетмади. Алламаҳалгача ухлаёлмай у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётдим. Хаёлимдан сариқ сочли бухгалтер хотиннинг қони қочган оппоқ, мурданикига ўхшайдиган юзи кетмайди. Бечора ўзига келмаганди. Ётган жойида бир маромда пишиллаб нафас оларди. Ҳатто бошини ҳам кўтармаганди. Ишқилиб, ўлиб қолмаган бўлсин.

Эрталаб Одил бошини кўтаролмади. Одатда, у ҳар қанча кеч ётса ҳам, ҳар қанча «заҳар-заққум» ютган бўлса ҳам саҳарлабдан уйғонарди. Бугун эса жойидан қимирлолмабди. Мен ювиниб-тараниб, бадбўй ҳид келмаслиги учун сақич чайнаб йўлакка чиқсам, унинг эшиги очиқ. Кирдим уйига. Ётибди. Бошини ёстиқ билан босиб олган.

— Тирикмисан? — дедим.

— Ҳозирча. Лекин каллам қоқ иккига бўлиниб кетгудек бўляпти, — дея жавоб қайтарди шу алфозда.

— Дори олиб келайми?

— Фойдаси йўқ. Ичдим. Кеча оқ билан, қизил аралашиб кетганди. Ёмон қилди. Аччиқни аччиқ кесади. Музлаткичдан ол.

Ҳа, шундай бўлиб чиқди. Бир муддатдан сўнг Одил ўрнидан турди…

Мен нақ ўн кун Авдейнинг уйини қидирдим. Албатта, Юнусободга бориб эмас. Ўзимни гўлликка солдим. Бирга ишлайдиганларга кўпроқ жуҳудлар ҳақида гап очдим. Бахтимга Исроил деган давлат Ғазо секторига кетма-кет ҳужум қилиб турибди. Бу ҳам жуҳудлар ҳақидаги гап пайдо бўлишига сабаб. Лекин қанча уринмай Авдей тўғрисида биров оғиз очмади. Муаммомни эса Содиқ аканинг ўзи ҳал қилиб берди. Дарвоқе, айтиш эсимдан чиқибди. Ўша кунги пулдан менга ҳам улуш тегди. Бир тахлам. Агар ҳалол, пешона терим билан топаман десанг, бунча пул учун камида уч йил емай-ичмай бурнингни ерга ишқалаб ишлашинг керак. Мен бўлсам битта жойга бордим, кўргазмага ўхшаб, одам зотининг ҳайвондан ҳам паст кетишига гувоҳ бўлдим ва мана шунча пулга эга чиқдим.

Мабодо отам мана шу ҳаром пулни ушлаганимни эшитиб қолса борми, тириклай гўрга тиқади. Сўраб-суриштириб ўтирмайди. Шундай қабр қазади-да, орқамдан бир тепиб тиқиб юборади ва бунга юз фоиз ҳақи бор.

Хуллас, Содиқ ака яна бир жойдан «ундирибди». Ёлғиз ундирган, шекилли, оғзи қулоғида. Аммо «муллажирингини» бир ўзи Авдейга обориб беришга юраги дов бермабди. Ўзимизникилардан кимни бўлса ҳамроҳ қиламан, деб турган маҳали бахтимга мен унга дуч бўлиб қолдим. Ҳа, ҳа, бахтимга. Чунки менга Авдейнинг инини билиш сув билан ҳаводай зарур эди.

— Битта жойга бориб келамиз, — деди у иржайиб.

Мен энди спорт залдан чиққандим. Айтганча, шу ўн кун мобайнида умрим спорт залида ўтди. Юқоридан шунақа топшириқ бўлибди. «Йигитларнинг ҳаммаси жанговар ўқув машғулотлари билан жиддий шуғуллансин. Бирортаси ҳам ичмасин ва чекмасин. Ҳар куни дўхтирнинг назоратидан ўтсин», деган. Ўша охирги марта Одил билан «дубль» бўлганимдан бери ҳар саҳардан спорт залга югураман. Дўхтир аллақандай асбоблар билан қон босимимни, ўпкамни текширади. Мускулларимни назоратдан ўтказади. Елкамга уриб қўяди. «Ўзгариш зўр, бўшашма», дейди. Ана ундан кейин машғулотга бошим билан шўнғийман. Орамизда Одил ва яна иккита шеригимизга қийин бўлди. Айниқса, дастлабки кунлари. Чунки кўп ичиш билан бирга, кўп чекишган.

Хуллас, машғулотни тугатиб, битта душга тушгач, қушдай енгил бўлиб ташқарига чиқсам, Содиқ ака иржайиб ўша гапни айтди.

— Хўжайиннинг гапи қонун, — дея жавоб бердим унга.

— Яхши, ўтир машинага.

Қоп-қора «тойчоқ» — «мерс»ни унинг ўзи ҳайдади.

— Жасур, — деди бироз юрганимиздан сўнг Содиқ ака, — ўша куни сенга қилган муомалам учун хафа бўлма. Сиёсат учун керак эди. Атрофимдагилар қани нима қиларкин, дея кузатиб туришганди. Аёлни ўзимни минг марта чавақлаб кейин урдим. Сен ўйлаганингдан минг чандон кўпроқ қийналдим. Сен қилган қилиқ эса ярамга туз сепди. Хуллас, олдингда қарздор бўлиб қолдим. Энди бардачокни оч.

Мен бардачокни очишдан олдин Содиқ акага қарадим.

— Савол берма, оч, — деди у йўлдан кўзини узмай.

Очдим. Пул бор экан. Шунингдек, тўппонча ҳам.

— Кўрганингни ол. Қуролга тегинма.

Мен пулни олдим.

— Сеники. Энди орамиз очиқ, — дея у бурнини тортиб қўйди.

— Мен пул сўраганим йўқ. Керакмас!

— Бизнинг орамизда қарзни бошқача йўл билан узиб бўлмайди. Мен сенинг дилингни оғритдим. Одамга ўхшаб кўнглингни кўтариш қўлимдан келмайди. Қўлимдан келадиган нарса ресторанга олиб кириб, ҳақ бериш ва ёки мана шундай пул бериш. Бизда қонун шунақа.

— Керакмас.

— Керак. Олмасанг, менга гина қилган бўласан ва пайти келиб менга душманлик қиласан. Ҳарқалай, мен шундай тушунаман.

— Унда олганим бўлсин.

Мен пулни спорт сумкамнинг чўнтагига солиб қўйдим.

Содиқ аканинг кўнгли хотиржам бўлди. Лекин шунга ҳам шубҳам бор. Ҳар чақани одамдан юз чандон устун қўядиганлар орасида юрибман. Баски, кўнглимни оғритиб қўйгани учун шунча пул бердими, демак, бунинг ҳам тагида нимадир бор. Зийрак бўлишим керак.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

 

 

 

loading...