Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

0

Авдейнинг уйи ёнига бордик. Ҳақиқатан ҳам, киборлар маҳалласи экан. Бирорта ҳам бундайроқ уйнинг ўзи йўқ. Барака топгурлар санъат асари қилиб ташлашган. Томоша қилган саринг томоша қилгинг келади. Аммо биргина Авдейнинг уйи бундай эмас. Тўғри, у ҳам замонавий. Лекин ёнидагиларининг олдида «бечора».

— Сен ўтириб тур, — деди Содиқ ака ва машинадан тушди-да, юкхонани очди. Қандайдир катта сумкани олди. Сўнг дарвозани уч марта қоқди. Ҳар қоқиши ораси ярим дақиқача бор эди. «Тайёр чақирув тугмачаси турибди. Шуни босиш ўрнига дарвозани тақиллатиб ўтирибди, аҳмоқ», кўнглимдан ўтказдим мен.

Озғин. Калта. Ҳар кўзи пиёладай келадиган бир нусха эшикни очди. Содиққа қараб ҳам қўймай олайган кўзларини мен томонга қаратди. Содиқ унга паст овозда бир нарсалар деди. У ҳам бир нима-бир нима деб жавоб қайтарди. Сўнг иккаласи олдинма-кейин ичкарига кириб кетди.

Мен дарров дарвоза тепаси, девор устига қарадим. Бирорта жойда ҳам камера кўринмайди. Ҳолбуки, бошқа уйларнинг ҳамма ёғи камера.

Бунда ҳам бир гап бор.

Содиқ ака ярим соатлардан кейин чиқди. Терлаб кетибди бечора. Ранги ҳам оқарган. Рулга қўйган қўли қалтиради. Мен унинг юзига қарадим. У кўрсаткич бармоғини лабининг устига қўйди. Бу «Жим бўл, ҳеч нарса сўрама», дегани.

Кетдик. Шаҳарнинг қоқ марказига, «Оригинал Банк» ёнига. Машинани шу ерда қолдирдик. Содиқ ака ичкарига кириб, калитни топшириб чиқди. Сўнгра такси тўхтатиб миндик.

— «Довча» кафесига, — деди Содиқ ака ўтирганидан сўнг тамаки қутисини чўнтагидан оларкан.

— Билмасканман, — деди унга жовдираб қараган такси ҳайдовчиси.

— Қибрай тарафга юр. Йўлни ўзим айтаман. Кейин рухсат бермасанг ҳам тутатаман, — дея чуқур нафас олди Содиқ ака.

— Бемалол, бемалол.

Шаҳардан чиқишимиз билан ариқ бўйидан чапга йўл бор экан. Содиқ ҳайдовчига шу ёққа бурилишни буюрди. Машина бурилди. Ўн дақиқача юрдик.

Ариқнинг устига қурилган қаҳвахона. Атрофи дов-дарахт билан ўралган. Соя-салқин.

Хизматчилар Содиқ ака машинадан тушиши билан югуриб келишди. Қўлларини кўксига қўйиб, икки букилишиб:

— Хуш келибсиз, хуш келибсиз! — дея кутиб олишди.

Чорпояда ўтирдик. Юзимизга майин, муздай шабада урилиб турибди. Бу пайтда шаҳарда юриб бўлмайди. Дим. Бу ер эса маза экан. Содиқ ака дунёнинг овқатини буюрди. Аммо ҳаммасидан олдин ўша мен эндиликда ёмон кўриб қолган ичимликни келтиришларини қистади.

Содиқ ака илгари ҳам биринчи навбатда шуни сўраган, шекилли, гапи оғзидан чиқар-чиқмас истаги муҳайё қилинди.

Содиқ ака қўлини ўшанда ювди. Менга ҳам қуйди.

— Дезинфекция, — деди иржайиб.

Мен ичкиликдан бош тортдим. Эртага дўхтирнинг кўригидан ўтишим керак, дедим.

— Эртага. Эртага саҳардан топшириқни бажаришга кетасан. Олавер. Бўлмаса, мен сенга дардимни айтмайман, — деди Содиқ ака.

У орадан ярим соатча ўтиб, Авдейнинг кимлигини айтди.

— Шефнинг ўртоғи. Бало-қазо. Унга дуч келмаслик учун ҳамма нарсага розиман. Лекин сира иложим йўқ. «Қора пуллар»ни обориб беришим керак. Чўнтак харажати учун. Чўнтак харажатининг аҳволини кўрдингми? Ўша пул бир ҳафтага ҳам етмайди.

— Йўғ-э!

— Ишонавер.

Кўз ўнгимда Авдейнинг афти-башараси намоён бўлди. Шефнинг ўзи ғирт иблисга ўхшарди. Авдей эса ундан беш баттар. «Сабр қилинг, Содиқ ака, сабр. Мен биринчи нав­батда ўша Авдейни йўқ қиламан», дея хаёлимдан ўтказдим.

Авдей Содиқ акани ёмон қўрқитган экан. Нима қилган ва ёки нима дегани менга қоронғи. Аммо юрагини олибди. Аламига Содиқ ака обдан «тортди». Ке­йин йиғлади. Дардини достон қилди.

— Мен одамгарчиликдан чиқиб бўлдим. Мана шу рецедивист, қасамхўр, шайтоннинг одам шаклидагиларига қўшилганимдан бери расвога айланганман. «Мана шуни қилсанг, катта бойликка эга бўласан», деб энг паст ишни айтса ҳам бажараман. Керак бўлса, ҳожатни ҳам тозалайвераман. Шундай экан, мени ким дейиш мумкин?! Сенинг кўрганларинг ҳали хамир учун патир. Шундай ишлар бўлиб ётибдики, кўрсанг эсинг оғиб қолади.

«Ҳеч қачон буларнинг аҳволига тушмайман. Демак, биринчи қиладиган ишим ҳар қанча мол-давлат ваъда қилишса ҳам паст кетмаслик ва олдимга қўйилган мақсад сари тинимсиз ҳаракатда бўлиш, буларнинг илдизларига болта уриш. Шундай уриш керакки, аста-секин қуриб кетаверишсин… Ишқилиб, Худо омаддан қисмасин. Ишқилиб, умримни бевақт тўхтатиб қўймасин», дея хаёлимдан ўтказдим. Ҳамда Содиқ акани юпатишга уриндим. Йўқ, қўлимдан келмади. У кўзидан ёш оққизар, шунинг билан бирга «ютар» эди. Охири йиғлаш тугул, гапиришга-да мадори қолмади ва ёстиққа бошини қўйган кўйи ухлаб қолди.

Ресторан хизматчилари унинг ухлаганидан хабар топиши билан кўрпа олиб келиб, устига ёпишди.

— Хафа бўлмайсизлар энди, — дедим мен уларга.

— Ўрганиб қолганмиз. Окамиз авваллари ҳам шундай дам олиб кетганлар, — жавоб беришди улар.

Мен Содиқ акани безовта қилгим келмади ва ўзим ҳам чорпоя томонига ўтиб, узала тушиб ётиб олдим.

Ухладим. Чунки бош­қа иложим йўқ эди. Содиқ акани ёлғиз ташлаб кетолмайман-ку. Бунинг устига, жуда баҳаво жой эканки, маза қилдим.

Эртасига ҳеч қанақа топшириқ бўлмади. Бунинг устига, бахтимга дўхтир ҳам текширгани келмади. Шу боис спорт залда одатдагидай шуғулландим. У ердан чиқиб, тўғри қўғирчоқ дўконига бордим. Қўғирчоқ сотиб олдим. Ўйнаш учун эмас, албатта. Сочи керак эди. Мўйлов, қўшимча қош, парик ясашим керак эди. Камлик қилди. Яна бозорга тушдим. Бу сафар парикнинг ўзини олдим. Қоп-қора сочлисидан. Кийиб кўраётсам, сотувчи ҳайрон.

— Сочимни калга олдирмоқчиман. Сартарошга парикни олиб борсам, кесиб, ўзимга мослаб беради, — дедим.

Хуллас, ҳамма нарса тайёр бўлгач, мўйлов ва қошни ёпиштириб, парикни кийиб, бурнимнинг тагига ва юзимга «хол» (қоғоздан тайёрладим) қўйиб, тўғри Авдей яшайдиган маҳаллага равона бўлдим. Уйининг ёнидан икки марта ўтдим. Биров кўриниш бермади.

Биринчи куни ҳеч нарса ўхшамади.

Иккинчи кун. Ўрикзор бозорига бордик. «Ҳамма нарсани кузатинглар. Ҳаттоки ҳожатхона ва аравакашлар ҳам назардан четда қолмасин!» дейишди. Ўзиям йигирма киши бордик. Бахтим бор экан. Ҳожатхонага кириб-чиқувчиларни санаш менинг чекимга тушмади. Тўртта дўконга термилиб ўтирдим. Ким кир­япти, ким чиқяпти. Савдо қандай кетяпти. Ҳаммасини ён дафтарчага ёзиб бордим.

Кечки пайт Шарифнинг (шефнинг ўғли) идорасида тўпландик. Кўрган-билганларимиз тўғрисида маълумот бердик. Ярим кечагача. Кейин жавоб тегди. Кетдик. Эртаси куни яна шу иш такрорланди. Очиғини айтай, ҳиқилдоғимга келди. Бир қадам ҳам бир жойга кетолмайман. Кетсам, дўконларнинг бирортасига одам кириб чиқиб кетади. Қорин шунақанги очқадики, у ёқ-бу ёғи йўқ. Ана шундай маҳали ҳаммасига қўл силтаб, бирорта ошхонага кириб, кабобхўрлик қилгинг келади. «Шошма, дедим ўзимга-ўзим. Дўкончиларнинг шўри қурийди-ку. Мен уларнинг чўнтагидагиларни тахминан ҳисоб-китоб қилиб, «у ёққа» етказаман. Ана ундан сўнг «у ёқдагилар» бостириб келишади… Тўхта, каттароқ «балиқ» эътиборга тушган бўлса-чи?! Бўлиши мумкин. «Майда балиқчалар» «тўр»га илиниб чиққанларидан кейин яна қўйиб юборишади. «Каттаришсин, ундан кейин «гўшт» егандай бўламиз», дейишади. Аммо, барибир, бир марта тутиб кўриш керак. Белги қўйишади-да. Белги! Балки, бир-иккитасини қўйиб юборишмас, ҳар қалай, йигирмата одамниям оғзини мойлаб, «тилини» қисқартириб қўйиш керак-ку! Еган оғизни биласиз, бирам уятчанг, бирам уятчанг бўлиб қоладики, асти қўяверасиз…»

Уфф. Қорним очди. Бир нима қилишим керак. Эй-й, ана ечим!

Кўзим аравакашга тушди. У аравасининг устига ўтириб олган. Тинка-мадори қуриган бўлса керак-да бечоранинг.

— Арава, ҳой, арава! — дея чақирдим уни.

Тўғриси, бундай деб чақириш аҳмоқлик. Чунки унга ҳам ота-онаси чиройли исм қўйган. Аммо исмини билмайман. Қолаверса, бозорларда ҳамма аравакашларнинг битта исми бор. «Арава».

У мен томонга қаради. Қўлим билан имлаб, ёнимга чақирдим. У бошини қашлади. Сўнг эринибгина аравадан тушди-да, аста-секин ёнимга яқинлаша бошлади.

— Битта илтимос бор сенга, — дедим яқинимга келганидан кейин.

— Нима ортасиз? — сўради у.

— Ҳеч нима. Манавини, — деб чўнтагимдан бир сиқим пул олиб ундан ўн мингни ажратарканман, — олиб, битта лаваш олиб келиб бер.

Аравакаш пулни олишдан аввал менга бошдан-оёқ қаради.

— Мана, — деб яна ўн минг сўм қўшдим, — ўзингга ҳам битта ол.

У пулни олди. Кафтлари орасида ғижимлади. Сўнг секин араваси томонга кета бошлади. Бир оғиз гапирмади.

— Аравага мен қараб тураман!

У ўгирилиб менга қаради. Оралиқ, тўрт қадамча. Мен унинг чакка сочларида беш-олтита оқ кўрдим. «Мендан ёши катта экан-ку», деган ўй яшин тезлигида хаёлимдан ўтди. Шу заҳоти қизардим. Лекин энди ғишт қолипдан кўчган эди.

— Бир кунда тўртта арава ўғирланган. Қолдиролмайман. Ишонч йўқ, — деди у.

Ўзи бир аҳволда тургандим. Шунинг учун ҳам ҳеч нарса деёлмадим. У аравасини судраб кетди. Мен эса ўзимни-ўзим койишга ўтдим. «Ўл-а, одаммас экансан. Қилган қилиғингни қара. Нимангга ғўддаясан, аҳмоқ?! «Машинник»ларга қўшилганингга тўрт кун бўлди. Шу билан амалинг ошиб қолдими ёки ёшинг каттардими?!»

Шундай ўй-хаёллар билан бўлиб сергакликни йўқотдим. Анави дўконларга аллақачон бир нечта одам кириб, чиқиб кетибди ҳам. Яхши бўлибди. Бундан бу ёғига, учтадан биттасини ҳисобга оламан.

Ҳа-а, гапимда турдим. Дарров ҳисобларим «озиб» кетди.

Аммо негадир аравакашдан дарак йўқ. Мен ҳам мардикор бўлиб ишлаганман, бировларнинг юкларини елкамда у ёқдан-бу ёққа кўтариб ташиганман. Лекин ҳеч қачон бировга хиёнат қилмаганман. Аммо мен чақирган, мендан ёши катта аравакаш… У келмади. Мен эса хурсандман. Алдаб кетганлиги учун хурсандман. Боплаб туширди. Таъзиримни берди. Шундай қилиш керак эди менга ўхшаган ғўддайган «ўпка»ларга. Аммо, барибир, қоринни бир нарса қилиш керак эди. Қилдим бир нарса. Печенье олиб едим. Ёнгинамдаги дўкондан. «Аҳмоқнинг калласи тушдан кейин ишлайди», дегани рост-да. Еб бўлганимдан кейин «Бу печенье мабодо анави муддати ўтганданмасми», дея ўйлаб, дарров ёрлиғига қарадим. Ҳар тугул, янги. Яна ўзимизники. Янгийўлдан чиққан. Мазаси ҳам ёмонмас.

Кечки пайт менинг ҳисоботим хўжайинга ёқмади.

— Нега кечагидан кескин фарқ қилди?! — деди мурдашўй башарасини баттар хунуклаштириб.

«Тавба, отаси шайтоннинг ўзгинаси десам, бу ундан баттар. Ҳеч қурса, бир тукинг онангга ўхшамайдими? Ҳар қалай, онанг чиройли бўлгандир. Чунки бобонг ҳам амалдорнинг амалдори, бойнинг бойи, пишиқнинг пишиғи бўлган, деб эшитганман. Энди шундай одам отангга қаёқдаги тасқарани олиб бермагандир. Шунга қараганда, онанг чиройли бўлган. Ўша онангдан озгина олганингда эди. Юзингда истара, кўнглингда меҳр-оқибатдан бир тутам бўлармиди?»

— Билмадим, — дея елка қисдим.

Шариф ёнидаги йигитга қаради. Ранги оппоқ. Сочи калта олинган. Бармоқлари, қошлари ингичка эди. Хўжайиннинг ёнидаги стулда ўтирган йигитни мен аввал қаердадир кўргандайман.

— Қимирламади, — деди у кўзини мендан узмай.

— Дўкон бўлса. Бир кун одам кўп, бир кун кам бўлади-да, — дедим унинг гапидан руҳланиб.

— Ўртасини оламиз, — деб Шариф қоғозга термилди.

Менинг эса кетишимга изн берилди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

 

 

 

loading...