Манба: Байден Исроил ядро дастури махфийлигини сақлаш мажбуриятини юкловчи хатни имзоламаган

0

АҚШ президент Жо Байден ўзидан олдинги президентлар собит қолаётган бир анъанани бузгани айтилмоқда. Оқ уйга яқин манбаларнинг маълум қилишича, Байден АҚШ президентига Исроил ядро дастури махфийлигини сақлаш мажбуриятини юкловчи хатга имзо чекмаган.

New Yorker журналисти Адам Энтус 2018 йилда ёзилган мақоласида айтишича, Билл Клинтондан кейинги барча АҚШ президентлари Исроил ядро дастурига алоқадор махфий хатни имзолаб келади. Унга кўра, АҚШ Исроилни атрофидаги душманлари билан муаммоси тугамаганга қадар ядро дастуридан воз кечишга мажбурламайди. Шунингдек, АҚШ президенти Исроил ядро дастури борлигини ошкор қилмасликка, журналистнинг таъбири билан айтганда, «қасамёд қилади».

АҚШ президентлари Исроил ядро дастури ҳақида гапирмаслиги мавзуси тез-тез кўтарилади. Демократ президентларнинг олдинги вакили Барак Обамадан бу ҳақда ҳатто матбуот анжуманида ҳам сўрашган.

1970 йилда АҚШ президенти Ричард Никсон ҳамда Исроил бош вазири Голда Меир учрашади. Ўшанда Исроил етакчиси мамлакат ядро қуролини синовдан ўтказмасликка, ўз навбатида, Никсон АҚШ Исроилдан ядро дастурини тўхтатишни сўрамасликни ваъда бергани айтилади. Уларнинг учрашуви тафсилотлари ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги бу борада гумонларни оширган.

Israeli Prime Minister Golda Meir is greeted upon her arrival in the Blue Room of the White House by American President Richard Nixon and his wife Pat (R) on October 24, 1970. Mrs Meir was one of the guests of honor at a dinner given by the President and the first lady for the heads of state and government attending the 25th anniversary session of the United Nations. AFP PHOTO ARNOLD SACHS (Photo by ARNOLD SACHS / AFP) (Photo credit should read ARNOLD SACHS/AFP via Getty Images)

Ричард Никсон ва Голда Меир

Юқорида айтилган хатда АҚШ Исроилни сиёсий таҳдидлар вақтида ҳимоя қилиши ҳақида ёзилган бўлади. Айтишларича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Сенатдаги чиқишида Исроил хавфсизлигини «муқаддас» деб атагани америкаликларга ёқмаган. Маҳаллий нашрларда бу борада Вашингтоннинг қарашлари ўзгариши кераклиги ҳақида ёзишади.

Байден кеч қолдими?

АҚШ президентлари одатда инаугурация маросимидан кейин тезда Исроил етакчиларига қўнғироқ қилади. Бироқ Байден бу борада анча куттирди. 20 январ куни инаугурацияси бўлиб ўтган Байден 17 февралга келибгина Бенямин Нетаяҳуга қўнғироқ қилди. Таққослаш учун, Барак Обама президентлигининг биринчи кунида, Трамп эса икки кун ўтиб Исроил бош вазирига телефон қилган. Байденнинг «кеч қолгани» эса Исроилга бўлган муносабатлар ўзгарганидан деб изоҳланди.

Бир соат давом этган суҳбатда Байден Исроилнинг араб давлатлари билан муносабатларини яхшилаётганини олқишлаган. Шунингдек, суҳбатда Эрон ҳақида ҳам гап борган. Баъзи нашрларнинг ёзишича, Байден билан суҳбатда Нетаняҳу Трамп даврида Халқаро жиноий судга нисбатан киритилган санкцияларни сақлаб қолишни сўраган. Чунки Байден бу борадаги санкцияларни қайтадан кўриб чиқиши маълум бўлганди.

Исроил етакчиси бу илтимосни қилгани ҳақиқатга яқин. Гап шундаки, Халқаро жиноий суд 2015 йил Фаластиндаги жиноятларни ўрганиш бўйича иш бошлаган. 2018 йилда Фаластин ташкилотга яна ариза билан мурожаат қилган ва мамлакатда 2014 йил 13 июндан бошлаб амалга оширилган жиноятларни текширишни сўраган. Узоқ давом этган текширувлардан кейин Халқаро жиноий суд прокурори Фату Бенсуда Исроилнинг Фаластиндаги ҳаракатлари бўйича чуқур текширув ўтказишга етарли асос борлигини маълум қилган.

Маълумот учун, Дональд Трамп президентлиги даврида Исроил фойдасига қарорлар чиқараётгани ҳақида кўп марта гапирилди. Масалан, айнан унинг ташаббуси билан АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси мусулмонлар учун муқаддас шаҳар ҳисобланган Қуддусга кўчирилди (Байден администрацияси ҳам АҚШ элчихонаси Қуддусда қолишини маълум қилди). Трамп президентлик муддатининг охирги кунида БААга катта миқдорда қурол-яроқ сотиш бўйича келишувни имзолади. Бу савдо араб давлати Исроил билан муносабатларини яхшилагани учун «суюнчи» сифатида амалга оширилгани айтилади.

loading...