Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

0

Кетдим. Кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагига кириб, шакл-шамойилимни ўзгартирдим ҳамда Авдейнинг уйини «қўриқлагани» равона бўлдим.

Вақт алламаҳал эди. Кўчада мендан бўлак ҳеч ким йўқ. Уч-тўртта дарвоза ёнида машиналар турибди. Гўёки шунчаки айланиб юрган, гўёки тоза ҳавога чиққан кишидай, бирорта иморат ва ёки машинага эътибор бермай, бошимни осилтирганча Авдейнинг уйи ёнидан ўтиб кетдим. Дарвоза ортида чироқ бор эди. Кимларнингдир баланд овозда гаплашаётгани эшитилиб турарди. «Жуҳудлар жуда эҳтиёткор бўлишади. Улар ҳаттоки стадионларга кирганида ҳам бақиришмайди, деб эшитган эдим. Бироқ нимагадир шу сафар Авдейнинг уйидан овоз келяпти», дея ҳайрон бўлиб қадамимни секинлаштирдим. Бир хаёл тўхтаб, ичкарига қулоқ солмоққа ҳам қасдландим. Лекин тўхтамадим. Чунки камера исмли «махлуқ» кеча кундузнинг фарқига бормайди. Суратга олаверади.

Тахминан, бир ярим-икки соатлардан кейин изимга қайтиб келаётсам, Авдейнинг дарвозаси ёнида икки киши турибди. «Оббо, тонг отишига оз қолган бўлса, уйингга кириб, хурракни отмайсанми», дея ичимда уларни яниб, яқинлашиб боравердим. Улар бир-бирига бир нималар дейи­шди. Биттаси ўғринча менга қараб қўйди. Менинг эса бирдан кўнглимга ғулғулла тушди. Бекорга ташқарида туришмаган. Мени пойлаб туришибди. Ёнларига боришим, билан ушлаб олишади. Ана ундан кейин ҳамма сир очилади. Расво бўламан. Шерзоднинг куни бошимга тушади. Балки, ундан ҳам баттар қилишлари мумкин.

Оралиқ масофа эллик қадамча қолганида юришдан тўхтадим ва ортимга бурилиб, секин кета бошладим. Бутун диққатим орқада. Қадам босишларини қарамасдан илғашим керак. Шундай ҳам бўлди. Улар менинг ортимдан тушишди. Энди югурмасам аҳвол чатоқ. Югурдим.

— Тўхта! — деган қичқириқ эшитилди.

Мен шамолдай кетяпман. Яна ўн қадамчадан кейин ўнга бурилиш бор. Кейин биров уйининг кўча бўйига саккиз туп арча эккан. Арчаларнинг бўйи икки метрча. Ранги оч кўкимтир. Шохлари бир-бирига теккан. Бунақа арчалар жуда қиммат туради. Чунки ҳавони зўр тозалайди-да. Шунингдек, ортига ўтиб яширинсанг, биров кўрмайди. Шохларининг узунлиги бир ярим қулочча келади. Пасткилари ерга тегиб турибди.

Арча билан йўлни тўсиб турган темир панжарадан бир сакраб ўтдим-да, иккинчи арчанинг ортига турдим ва секин ўтириб, кўчани кузатдим.

Орадан икки дақиқача ўтиб, ортимдан қуваётганлар кўринди. Валак-салакларнинг қўлида тўппонча бор экан. Стиволи узун тўппонча. Демак, қуролларининг учига овоз «юткич» ўрнатилган. Кўриб қолишса, аҳвол чатоқ.

Биттаси тўғрига «минга» қўйиб ўтиб кетди. Иккинчиси мен томонга ўтди ва биринчи арчани айланиб кўрди. Вужудим бир титради. Сен зўрсан, дея шу заҳоти ўзимни руҳлантирдим ва тақибчининг яқинимга келишини кутдим.

У чап томондан айланганида мен ўнг томондан, унинг ортидан бордим ва қулоғи билан боши оралиғига бор кучим билан мушт туширдим. Шунақа қилиб, одамни ҳушидан кетказишни ва ёки ҳаётини тўхтатишни уч кун аввал ўргатишган эди. Мана, қўллаб кўрдим.

У шилқ этиб қулади. Шу заҳоти унинг қуролини олдим. «Иштаҳам» очилди. Югуриб ўтиб кетганни кута бошладим. Узоқ қолмади у. Дарров қайтди. Қайтди-ю, менинг тўғримга келиб тўхтади. Кўчадан туриб, арчаларни бирма-бир кўздан кечира бошлади.

Тун чироқлари худди кундуз кунидай ҳаммаёқни ёритиб турибди. Аммо арчанинг ортидаги одамни кўришнинг имкони йўқ.

У ҳам ўтди бу ёққа. Оз муддатли қидирувдан сўнг шеригини топди ва унинг устига энгашиб:

— Сардор! — деди.

Мен шу заҳоти унинг биқинига тўппонча тирадим.

— Қуролингни ташла! — дедим шивирлаб.

У аввалига тарашадай қотди. Сўнг айтганимни бажарди. Мен унинг бўксасига тўппонча қўндоғи билан ўхшатиб туширдим.

У «Вой», деди-ю, шеригининг устига қулади.

— Тур! Ўлиб қолганинг йўқ. Лекин ўлишинг ҳам мумкин.

У инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турди. Кейин битта тепки «еди».

— Ичкарида ким бор?! — сўрадим атай овозимни йўғонлаштириб.

— Авдей ва яна иккита қўриқчи.

— Қўриқчилар қаерда?

— Биттаси компьютернинг олдида. Иккинчиси Авдейнинг эшиги ёнида.

— Юр.

Бу ёғи таваккал. Ишни охирлатиб қўйишим керак. Яна Худонинг Ўзи қўллаб турган маҳали, бошлаган юмушимни охирига етказишим шарт. Бошқа бундай имконият бўлмаслиги мумкин.

Асир чўлоқланиб дарвозагача борди.

— Ичкарига кириб тўғри камераларни кузатиб ўтирганнинг ёнига бошла.

Унинг хонаси дарвоза ёнида экан. Кирсак, кузатувчи бошини столга қўйганча хурракни отяпти.

У ҳам уйқусида хушсизланди ва мен шу ергача бошловчилик қилганни ўзининг камари билан боғладим. Албатта, бу ҳолатда қолдириб бўлмайди уни. Шунинг учун унга яна бир марта тегинишга мажбур бўлдим.

Иккинчи қўриқчи Авдей ўтирган хонанинг эшиги ёнида бошини осилтирганча ўтирибди. Шубаҳсиз, ухлаяпти. Ич-ичимдан хурсанд эдим. Чунки ишларим бунчалик осон битиши тушимга ҳам кирмаганди. Лекин ҳали мақсадимга етишганимча йўқ. Шу боис, кўпам хурсанд бўлавермаслигим зарур.

Техникани яхши тушунаман. Айниқса, компьютер ва шунга ўхшашларини. Шу боис камеранинг «хотирасини» ечиб олдим-да, чўнтакка тиқдим. Токи, эртага алғов-­далғов маҳали, исковучлар таниб қолмаслиги учун.

Ростини айтсам, Авдейнинг қароргоҳи оддийгина уй экан. Уйдан ҳам кўра идорага ўхшаб кетади. Бир қават. Тўртта хона. Битта йўлак. Шу йўлак орқали тўртта хонага ҳам кириш мумкин.

«Уйқу билан ўлим тенг», деб эшитган эдим. Фарқи биттасидан одам уйғонади. Мен ана шу уйғониш даврини ортга сурдим. Семиз одам экан. Шу боис урганимдан кейин ушлаб қолишимга тўғри келди. Чунки полга гурсиллаб йиқилар ва ичкарида ноз уйқуда ётган Авдейни безовта қилиб қўяр эди.

Йўқ, Авдей ухламаётган экан. Чироғи ёниқ. Ноутбукига тикилганча бир нималар ёзаётган экан. Ҳатто мен эшикдан кирганимда у бурилиб қараб ҳам қўймади. Лекин эшик ҳам зўр экан-да. Ҳеч қанақа товуш чиқармасдан индамай очилди.

Иккита тўппончани ҳам Авдейга тўғирлаган кўйи унга яқинлаша бошладим.

Етишимга уч қадамча қолганида у секин мен томонга бурилиб қаради. Унинг кўзлари даҳшатли эди. Кўзойнаги ортида олайиб ҳажмини янаям каттароқ кўрсатар экан. Одамнинг этини жунжиктиради.

— Сен қаёқдан пайдо бўлдинг? — деди у оёғимгача бир қур назар ташлаб.

— Осмондан, — дея жилмайишга уриндим.

— Эртароқ осмонигга қайтиб кет. Жонинг шириндир?!

— Худди сеники каби.

— Нима мақсадда келдинг?

— Нима деб ўйлайсан?

— Тушундим.

У иккала қўлини ҳам юқорига кўтарди. Ўрнидан турди. Девор ёнидаги китоблар терилган шкафнинг ёнига борди. У шкаф эмас экан. Эшик. Икки табақали. Авдей очди. Сейф. Тўрт қулоч. Қоп-қора. Авдей унинг тешигига калит тиқиб буради.

Мен даҳшатдан қотиб қолдим. Қуйма олтинлар. Тахланган долларлар. Яна ғаройибдан-ғароийб тақинчоқлар. Чироқ берилган, чироқнинг ёруғида пуллардан бошқаси ялтираб кўзингизни олади. Бойликлар бир лаҳза ҳушимни олди. Ярамас, қасамхўр, туллак Авдей шундан фойдаланиб, оғир нарса билан елкамга урди. Мўлжал бошим эди. Сўнгги сонияда сезиб, бошимни тортдим. Елкам узилиб тушгандай бўлди. Жон аччиғида, Авдейнинг оёқлари орасини оёқ кийимимнинг учи билан шунақа сийладимки, Авдейнинг кўзойнаги отилиб кетди. У икки букилганча инграб юборди.

Агар у мени урмаганида эди. Тегинмасдим. Чунки ниятим йўқ эди. Энди менинг аҳволим ҳам оғирлашди. Сабаби, елкамдаги жароҳат ҳақида «ҳол сўровчилар»га айтади. Қарабсизки, кўз очиб юмгунча қўлга тушиб турибман.

Кўнгилчанликни унутиш учун ўша бухгалтер хотинни ва Шерзодни ёдга олдим. Уларга шафқат кўрсатилмаганди.

Авдей чўзилиб қолди. Томоқ томирига бармоғимни қўйдим. Ҳеч вақони сезмадим. Чарм қўлқоп халақит қилди. Ечолмайман. Бармоғимнинг изи қолиши мумкин.

Бойликларнинг ҳаммасини олиб кетишнинг мутлақо иложи йўқ, шу боис столнинг устини ёпган матони полга тўшаб, унга сиққунича пулларни солдим. Устига беш-олтита қуйма олтиндан ҳам ташладим. Шундан сўнг уйдан чиқдим. Ҳовлида машина турибди. Қоп-қора, яп-янги. Немисларники. Юкхонасига пулларни солдим.

Шу пайт компьютерларга тегинмаганим эсимга тушди. Тўғри, уларнинг хотираси чўнтагимда. Аммо, барибир, қаердадир нимадир сақланиб қолиши мумкин-да.

Ҳаммасини чил-чил синдирдим.

Мен машинани ҳайдаб чиққанимда тонг отишига бир соатча қолган эди. Шошилишим зарур. Акс ҳолда, режамдаги ишни охиригача етказолмайман.

Ўша фирмага бордим. Содиқ ака бош бўлиб бориб, шўрини қуритиб келган фирмага. Кўз ўнгимда ўласи қилиб калтакланган, қўриқчи йигит ва ҳушини йўқотган бухгалтер аёл пайдо бўлди. То дарвоза ёнига келгунимча миямда бошқа нарса ҳукмрон эди. Орқамдан қувишмадими? Йўл-йўлакай тўрт марта ЙПХ ходимларига дуч келдим. Бирортаси ҳам тўхтатмади. Тўғри, бу машина маълум ва машҳур бўлиши керак. Лекин, барибир, кўнгил душман, хаёлга нималар келмайди, дейсиз.

Қоровулликда илгаригидай тўртта одам эмас экан. Итлар ҳам йўқ. Қоровул ўзининг хоначасида мулгиб ўтирибди. Унинг деразасини тақиллатмагунимча, келганимни сезмади ҳам.

— Нима керак? — деди у бошини кўтариб, кўзини ишқалар экан.

— Хўжайин шу ердами?

— Ҳа, хўжайин билан мендан бошқа ҳеч ким йўқ бу идорада.

У уйқусираб жавоб бераётганди. Эҳтимол, шунинг учун рост гапираётгандир. Бошқа пайти бўлганида «Кимсан? Нега керак хўжайи­н сенга?» ва ҳоказо саволлар билан бошимни қотириб ташларди.

— Чақириб беролмайсизми?

— Келолмайди, — дея иржайди қоровул, — келолмайдиган аҳволда.

— Нима қилган?

— Маст.

— Оббо, бўпти унда, қопга ўхшаган бирор нимангиз борми?

— Бор, бирор нима.

— Беринг?

— Кириб, олиб кет ўзинг.

Мен унинг хоначасига кирдиму, шу заҳоти оғиз-бурнимни беркитдим. Шунақанги ачимсиқ ҳид босиб кетган эдики, туриб бўлмайди. Ташқаридан билинмас экан, қоровулнинг кўзлари қип-қизил, ўзи стулда зўрға ўтирар эди. Оёқларининг остида эса нақд тўртта бўшаган шиша ётибди.

— Вой бўй-ў-й, маишатхона қилиб юборибсиз-ку, — дедим ён-атрофга аланглаб қоп қидирарканман.

— Маишатхона эмас, қайғухона. Жияним иккаламиз… — деб столнинг устидаги тутатқи қутисини олди қоровул.

— Қайси жиянингиз? — дедим сабрим етмай.

— Хўжайин, жиян. Юз киши ишлайдиган жойда икки киши қолдик. Биримиз қоровул, иккинчимиз хўжайин. Зўрми? Менга қара, шишанг йўқми, бизники тугаб қолди-да.

Мен қўлимни бурнимдан олдим.

Мана, бизнинг ишимиз. Туппа-тузук корхонани дабдала қилдик… Ҳечқиси йўқ, изига тушиб кетади.

— Мен пул олиб келдим, — дедим.

Қоровул ҳайрон бўлиб юзимга қаради.

— Қ-қанақа пул?

— Оддий, қоғоздан бўлган. Сизнинг пулингиз, жиянингизнинг пули. Ҳаммасини олиб келдим.

Қоровул юзига бир-икки шапалоқ урди. Сўнг ўтирган жойида бошини қимирлатиб:

— Маст. Ҳеч балони тушунмайди, деб устимдан кулмоқчимисан?

— Йўқ, ҳақиқатан, сизнинг пулингиз. Ўша хўжайин, жиянингизни чақиринг. Менинг вақтим зиқ.

— У келолмайди.

— Нимага?

— Ҳовлида ағанаб ётибди мендан беш баттар. Мен гапириб турибман. Яхши гапир­япман, тўғрими? Яхшиман. Лекин жияним гапиролмайди. Текширувчилар келганида гапиради. Ҳийқ. Сен, — деб қоровул чўнтакларини бирма-бир кавлашга тушди, охири қидирганини топди, шекилли, иржайиб қўйди-да, чўнтагидан кичкина қоғозча чиқарди, — мана, деди сўнгра бурнини тортиб қўйиб. Сен шунга қўнғироқ қил. Келин. Пулни… Тўхта….

У ўзининг сонини бир-икки марта чимчиб кўрди. Кейин кўзини каттароқ очиб, менга қаради-да:

— Ухламаяпманми? — дея сўради.

— Йўқ. Хуллас, шу рақамга қўнғироқ қилишим керак, шундайми? Беринг, телефонингизни.

У стол устида турган смартфонини менга тутқазди.

Қўнғироқ қилдим. Аёл кишининг уйқусираган овози келди.

— Кечирасиз, бемаҳалда безовта қилдим. Эрингизнинг ишхонасига ҳозироқ етиб келинг…

— Нима?! Нима бўлди эримга?! — деди у шу заҳоти гапимни охиригача эшитмай.

— Ҳеч нима. У маст бўлиб ҳовлида чўзилиб ётибди. Тоғаси шундай деди. Лекин сиз унинг пулларини олиб кетинг. Тоғасига қолдираман, хайр! — дея телефонни ўчирдим.

Вақт кетаётганди. Ҳали замон тонг отади. Қий-чув бошланади. Унгача мен уйимга етиб боришим, каравотимга чўзилиб ётволишим керак. Бу ерда ким, қанақа деб турадиган бўлсам, аҳволим чатоқ.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)