Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

0

Қоп ёки шунга ўхшаш бирор нима қидириб ўтирмадим-да, ташқарига чиқиб, машинанинг юкхонасидан ҳамма пулни олдим, кўтариб қоровулхонага киргазиб, ярмини тўкдим. Қуйма олтиндан бир донасини ҳам полнинг устига ташладим.

Қоровулнинг кўзи думалоқ бўлиб кетган. Ҳайратдан оғзи очилган.

— Бу… Бу… Бу, — дейди нуқул.

— Бу ўша пуллар. Сиз банкдан олган кредит. Анави эса товон. Хайр, — дея қолган пулни орқалаб энди эшикдан чиқаётганимда бир нима гурс этди.

Ортимга ўгирилиб қарасам, қоровул бечора стулга ўтириб қолибди.

Тезликни оширдим. Бошим эса ғувиллай бошлади. Қолган пулни нима қиламан?

Машинани мен эмас, қандайдир куч бошқараётганди. Менинг эса хаёлим банд эди. Пул билан банд эди. Ўлжа бунчалик кўп бўлади, деб ўйламагандим. Нари борса, бирор жомадон. Аммо Худо қарашиб юборди. Хўп, манави фирмага ёрдам беришни қасд қилгандим. Ичим ачиганди бухгалтер аёлга. Мана, бажардим. Лекин энди қолганини нима қиламан? Кичкина нарса бўлса-ки, чўнтакка солиб кетаверсам. Бунинг устига адёлга ўралган. Хоҳлаган ҳам, хоҳламаган ҳам қарайди. Йўқ, йўқ, бу аҳволда кетолмайман…

Шу заҳоти тормозни босдим. Машина ғилдираклари чийиллаганча тўхтади. Худди биров ортимдан қувиб келаётгандай эшикни очдиму, сакраб тушдим-да, уловнинг орқа томонига ўтиб, юкхонани очдим. Бахтимни қаранг, юкхонада белкурак ҳам бор экан. Одатда, жуда синчковман. Кўзим тушган жойда нималар борлигини шу заҳоти хотирамда сақлаб қоламан. Лекин пулни юкхонага қўяётганимда негадир эътиборсизлик қилган эканман.

Йўл ёқасидан эни икки қулоч келадиган ариқ ўтган, ундан нари эса дала. Пахта экилган. Тиззага яқинлашиб қолибди.

Шу томонга ўтдим. Пахтазор билан ариқ оралиғини кавладим. Шошиб кавладим ва пулни адёли билан бирга кўмдим-да, пешонамдаги терни артиб, қаддимни ростлаб, ён-атрофга қарадим. Ҳеч ким йўқ.

Ариқдан сакраб йўл тарафга ўтдим. Асфальт йўлни белкурак билан ўйиб, белги қўйдим. Сўнг белкуракни нарироқдаги ариққа, сувнинг ичига ташладим. Шундан кейин қайтиб келиб машинага ўтирдим. Кўнглим бироз хотиржам тортгандай бўлди. Энди тезроқ шаҳарга бориш, манави машинани бирор жойда қолдириш ва уйга кириб олиш қолди.

Шошдим. Юрагим ҳаяжондан дукиллаб уришда давом этарди. Чунки нима иш қилиб қўйганимни яхшигина ҳис этиб турардим. Авдейнинг уйини пойлагани бораётганимда, қўриқчиларни бирма-бир даф қилганимда ва ниҳоят, пулни машина юкхонасига юклаётганимда бу нарсани унчалик ҳам туймагандим. Мана энди, энди бошланди…

Машинани қолдирганимдан сўнг бирор икки чақирим пиёда юргач, эски бир бинога дуч келдим. Унинг ёнига бордим. Деразалари синган. Эшиклари йўқ эди бу бинонинг. Ўзи тўрт қават. Менимча, қачонлардир қайсидир институтнинг ётоқхонаси бўлган.

Ичкарига кирдим. Шу пайтгача аслимни яширган ҳамма кийимларни ечдим ва олиб бориб ахлат қутига ташладим. Тонг энди ғира-шира отмоқда эди. Уйқу боса бошлади. Кўзимни қайт-қайта ишқалайман, баданимни чимдиб-чимдиб қўяман. Аммо ғафлат бироз ортга чекингандай бўладию, салдан сўнг яна «бўй кўрсатиш» ни бошлайди.

Шу тахлитда такси тўхтатдим. Манзилни айтдим.

Миям ишламай қолди. Кўзим очиқ. Ҳамма нарсани кўряпман, лекин миям ишламаяпти. Фикрлаш йўқ. Кўрганларимни идрок этиш йўқ. Ҳайдовчи бир нималарни сўради. Очиғи, нима деб жавоб қайтардим билмайман. Гапим ҳам қандайдир чала чиқди.

Ҳеч ким уйғонмабди. Ҳамманинг чироғи ўчган. Ҳозир менимча, фақат намоз ўқийдиганлар уйғоқ бўлишса керак. Мен яшайдиган кўп қаватли иморатда эса бирорта ҳам намозхон йўқ.

Бўлмаган. Бўлмаса ҳам керак. Албатта, шу кетиш бўлса.

Шоша-пиша ечиндим-да, телефонимнинг «уйғотувчи»сини бир соат кейинга қўйиб, ўрнимга чўзилдим. Ишонасизми, шу заҳоти ухлаб қолдим. Бир маҳал телефоним узлуксиз жиринглайверди. Кўзимни сира очолмайман. Жаҳлим чиқади. Шу телефонни чиқарганниям… Энди бошимни кўтараман, деганимда эшик тақиллади. Унча-мунча эмас. Биров тепаётганга ўхшайди. Ўрнимдан сакраб турдим. Шунда елкам зирқираб кетди. Устига қўлимни қўйгандим, шишни ҳис этдим. Бирдан кечаги воқеалар кўз олдимда гавдаланди. «Авдей ярамас, елкамнинг абжағини чиқарганга ўхшайсан».

— Ким?!

Овоз хириллаб чиқди.

— Тур! Тревога!

Одил шундай деб бақирди. Кейин унинг қадам товуши эшитилди. Демак, эшикдан нари кетди.

Ҳаммомга кирдиму, апил-тапил ювиндим. Ойнага қарадим. Битта кўзимда озгина қизариш бор. Қовоғим шишган.

Сезиб қолишлари мумкин. Сезишса, ҳаммаси тамом.

Муздай сувда қайта-қайта юзимни чайганимдан сўнг ҳаммомдан чиқиб, сочиққа наридан бери артиниб, кийиндим. Сўнг телефонимга қарадим. Содиқ ака қўнғироқ қилибди.

Бундан чиқди ҳаммаёққа хабар кетган. Арининг уяси қўзиган. «Ўзингни бос, Жасур. Ўзингни қўлга ол! Ҳаяжонланма. Ҳеч нимани кўрмагансан. Ҳеч нарсадан хабаринг йўқ. Уйдан чиқмагансан, тамом вассалом».

— Томи кетган, аҳмоқ пайдо бўлибди! — деди Одил эшикни қулфлаётганимда ёнимга яқинлашиб.

— Тушунмадим?! Қанақа аҳмоқ? — дея пешонамни тириштирдим ва:

Аммо шу заҳоти юрагим гупиллаб урди.

— Бориб-бориб шефнинг энг яқин ўртоғига ҳам ҳужум қиладими?

Мен Одилга юзландим ва:

— Нималар деяпсан? — дедим ўзимни гўлликка солиб.

— Авдей. Шефнинг қадрдони. Кимдир ёки кимлардир ўшанинг уйига босқинчиликка киришибди. Тўртта телехини ҳам тахлаб ташлашибди.

— Кейинчи?

— Кейин нима бўларди? Авдейнинг ўзини асфалософинга жўнатиб, жуда кўп пулни ўмариб кетибди. Қолганини борганингда биласан. Кетдик.

Ташқарида бизни машина кутиб турган экан. Минишимиз билан елдай учди. Гарчи «Нексия» хусусий эса-да, ҳайдовчи «томи»га «вий-вий»дан ўрнатиб олган. Шу боис бирорта ҳам светофорнинг қизил чироғига тўхтамадик. Йўл назоратчилари «безбет» машинани тўхтатиш ўрнига чаккаларига бармоқларини тирашиб «салом» бериб қолишарди.

Ҳаш-паш дегунча манзилга етиб бордик. Ҳаммаёқни «бизникилар» босиб кетибди. Қўлларида алламбало аппаратлар, ҳаммаёқни текшир-текшир қилиб юришибди. Кўзим кечаси ўзим дуч келган қўриқчиларга тушди. Ичим ачиди. Мен уларни бундай аҳволга солмагандим. Қараб бўлмайдиган ҳолга келишибди. Тўрталаси ҳам ҳовлининг ўртасида чўзилиб ётибди. Юзларига қараб бўлмайди… Азоблашган. Унча-мунчамас. Тўрталаси ҳам ҳушидан кетиб ётибди. «Шуларнинг шундай ётишига мен сабабчиман. Бировга ёрдам бераман деб… Ўша сариқ сочли аёл бош бухгалтери бўлган фирманинг хўжайини банкдан нақд доллар олган. Яна сўм ҳам. Энди айтингчи, ким шундай қила олади? Ҳо-о-в, «тоғ»нинг тепаси билан алоқаси борларгина. Демак, ўша ёққа, «роса қуюқ салом-алик» бориб туради. Бундан чиқди, ўша фирманинг хўжайини ҳам, бухгалтери ва ҳоказолари ҳам қордай оппоқ эмас. Мен эса ўшаларга ёрдам беришни қасд этиб, юмуши бировни қўриқлашдангина иборат бўлган, қуруқ маошга кун кўрадиганларнинг тўрттасининг азоб чангалига тушишига сабабчи бўлиб турибман. Ўл, Жасур бўлмай. Ақлинг ишламайди сен боланинг. Қуруқ кучинг бор. Шу кучингга суяниб, миянгга келган нарсани қилиб юрасан. Агар шу ишингдан отанг хабардор бўлганида борми, тириклай ерга тиқарди», дея хаёлимдан ўтказдим.

Бизнинг ёнимизга Содиқ ака югуриб келди. Очиғи, унинг қаердан пайдо бўлганини сезмай ҳам қолдим.

— Топшириқ бор. Кетдик! — деди Содиқ ака ва ҳовлидан ташқарига югурди.

Унинг ортидан Одил, мен ва Сергей чопдик.

«Жип»ларга миндик.

— «Кўча» йигитларининг иши деган ташхис қўйилди. Бештаси Чорвоқда экан. Айш билан овора. Босамиз. Ўриндиқларнинг остидаги қуролларни олинглар. Ўйнагани бормаяпмиз. Кейин анавиндан ҳам ҳидлаб қўйинглар, қувват бўлади.

Мен Содиқ аканинг кейинги гапини тушунмадим. Аммо бир дақиқа ҳам ўтмасдан ўзи унга ўхшаш бир ниманинг бир чимдимини бурнининг ичига тиқиб юборганидан кейин ҳаммасини англаб етдим.

Бир неча кун аввал Содиқ ака билан шаҳар ташқарисидаги қаҳвахонада ўтирганимизда, у оҳ-воҳни «нақшлаб» ташлаган эди. Мен унга чин кўнгилдан ачингандим. Аммо ҳозирги қилиғини кўриб, аввалги бечорасифатлиги шунчаки ниқоб эканига амин бўлдим. Даҳшат, одамзот шунчалик ҳам турланишга уста бўладими?

Шоҳона дала ҳовлилардан бирининг ёнида тўхтадик. Содиқ ака машинадан сакраб тушди-да, нақшланган, олтин ранг, баланд дарвоза ёнига борди. Ичкарига қулоқ тутди. Кейин машина ёнига қайтиб келиб:

— Ичкарида қий-чув, маишат. Қилган ишларининг омадли чиққанини ювишаётганга ўхшайди. Дарвоза тепасида тўртта камера бор. Кутилмаганда бостириб киролмаймиз. Деворлари ҳам баланд экан. Хўш, очиқчасига борамиз. Бизни кўришлари билан юраклари товонига тушиб кетади. Дарвозани очмасдан иложлари йўқ. Кетдик! — деди.

Машинадан тушдик. Одил худди уйининг қўнғироғини босаётгандай хотиржам, қандайдир эринчоқлик билан бориб, тугмачани босди. Ичкаридан «тиринг, тиринг» эшитилди. Аммо биров жавоб бермади. Одил тугмачани яна босди. Сергей эса дарвозани қарсиллатиб тепди.

Ичкаридаги шовқин тинди.

— Ким?! — деди кимдир бироздан кейин.

— Кўриб турибсан-ку, тешигингдан, оч тезроқ! — бақирди Содиқ ака.

Жимлик. Кейин шиппак товуши эшитилди. Дарвоза ёнига келган одам «ширқ-ширқ» этказиб қулфни очди.

Шу заҳоти биз ичкарига бостириб кирдик. Бечора, шўринг қурғур, дарвозани очган одамни уриб, ағдариб ўтиб кетдик.

Ичкари ҳашаматнинг ҳашамати эди. Ҳовлининг ўртасида бассейн. Суви кўм-кўк. Мавжланиб турибди. Ён-атрофларига оппоқ дам олгич қўйилган, унинг тепасида соябон. Катта соябон. Бемалол ётгичларнинг иккитасини офтобдан тўса олади. Яна устига турли ноз-неъматлар, кабоб ва ичимликлар қўйилган елим столнинг ҳам.

Сувда иккита йигит ва яна иккита қиз чўмилаётган экан. Ишонасизми, бизга парво ҳам қилишмади улар. Ахир махсус кийимдамиз. Юзимизда ниқоб, қора кўзойнак тақиб олганмиз. Қўлимизда қурол. Ваҳиманинг ўзгинаси. Лекин чўмилаётганлар бемалол «ҳа-ҳа, ҳе-ҳе» қилишяпти.

— Нега сўрамасдан кирдинглар?! — қичқирди улардан биттаси бошини сувга тиқиб олиб, юзидаги сув томчиларини қўли билан сидириб.

— Чиқ! — деди Содиқ ака пўписа билан. — Нега кирганимизни яхшилаб тушунтириб қўяман!

— Шунақами? Майли-да, — деди сувдаги одам ва асабийлашган кўйи бурнини ишқалади.

— Ҳамманг чиқ! — бақирди Содиқ ака бошқаларга ҳам.

Маишат устидагиларнинг бари ерга ётқизилди. Қўлларига кишан урилди. Серёга билан Одил уй ичкарисига кириб кетишди. Орадан оз фурсат ўтиб, корейс деб корейсга ўхшамайдиган, япон деб японга ўхшамайдиган, устига кўк рангли гулли-гулли, шойи халат кийиб олган, калта бўйли бир одам чиқиб келди. Одил билан Сергей эса йўқ.

— Сиз каттасими? — деди халатли одам Содиқ ака.

— Нимайди?! — ўшқирди Содиқ ака ва катта-катта қадам ташлаб унга яқинлашди. Шаштидан урадиган.

— Телефон.

Унинг овози фавқулодда чинкиллак экан. Асабни бузадиган чинкиллак.

Содиқ ака юришдан тўхтади. Кичкиначанинг қўлидаги телефонга қаради.

— Олмасангиз бўлмайди.

— Нима қиламан?! Ким у?! — дағдаға қилди Содиқ ака.

— Гаплашсангиз, биласиз!

Унинг ўзбек тилини яқин орада ўргангани талаффузидан билиниб турарди.

Шунинг учунми Содиқ ака телефонни унинг қўлидан олиб қулоғига тутди-да, «Алло», деди.

— Ҳмм, хўп… Йўқ. Лекин… Хўп… Худди айтганингиздай бўлади.

У телефонни ўчирди ва ҳамамизга бир-бир қараб чиқди. Кейин худди нафас етмаётгандай бўйнини ишқалади-да, юзидаги ниқобини ечди.

— Англашилмовчилик бўлибди. Бошқа жойга келган эканмиз. Анавиларнинг қўлларини ечинглар, — деди ҳамда чуқур нафас олиб чиқарди.

Биз ҳайратда эдик. Содиқ ака ким билан гаплашди? У нима дедики, кеккайган, ғўддайган Содиқнинг дами ичига тушиб кетди. Манави миллати нима экани қоронғи бўлган калтачанинг оғзи қулоғига етай деди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

 

 

 

loading...