Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

0

Йигитлар сувдан чиққанларнинг қўлларидаги кишанларни ечиб олганидан сўнг улар бирин-кетин ўринларидан туришди. Кишан қисган билакларини уқалашди. Анави қарийб яланғоч хонимчалари эса дарров ёнларига келиб суйкаланишди.

— Неча марта айтганман, — деди боя сувнинг ичида туриб дағдаға қилган йигит. Дарвоқе, у йигитликдан анчагина ўтган эди. Бирор ўттиз беш ёшни уриб қўйган, сочига оқ оралаган. Салобатини ошириш мақсадида бўлса керак, соқол-мўйлов қўйиб олган. Кўкрагига хитойликларнинг аждаҳоси сурати чизилган. Ўнг елкасида бургутнинг боши, чапида илоннинг расми «наколка» қилинган. — Бировнинг уйига киришдан аввал рухсат сўраш керак. Фақат, — деб у кўрсаткич бармоғини тик қилиб юқорига кўтарди-да, гапини давом этказди, — ажал изнсиз киради.

Содиқ ака унинг гапларига чидолмади. Қўлини мушт қилди ҳамда башарасини буриштириб:

— Ажал биз билан бирга эди. Минг афсус… — деди.

— Бизнинг, — дея гапга аралашди пакана, — доим ажал ёнимизда.

— Кетдик, — деди Содиқ ака ва уй томонга қаради.

— Сизнинг ёрдамингиз керак уларга, — деди Содиқ аканинг уй томонга қарашининг маъносини тушунган калтача.

— Тушунмадим?!

Калтача иржайганча елкасини қисди.

Содиқ ака менга юзланди ва боши билан ишора берди. «Кириб кўр», дегандай.

Югурдим. Зиналардан енгил қадам ташлаб юқорига, айвонга чиқдим. Ундан ўтиб энди эшикдан ичкарига киришимни биламан, кўзим чўзилиб ётган Сергей билан Одилга тушди. Иккиси ҳам тирик. Кўкраклари кўтарилиб тушяпти. Аммо ҳушларида эмас.

Кимдир шунақанги чиройли ва омадли урганки, иккиси ҳам худди маза қилиб ухлаётганга ўхшайди. Одилнинг бошини кўтардим, ниқобини ечдим. Томоғига қарадим. Кўкармаган, шилинмаган. На бурни ва на оғзи қонаган.

Юзига бир икки шапалоқ урдим. Фойдаси бўлмади. Шундан кейин ташқаридагиларни чақириб келдим.

Содиқ ака даҳшатга тушди. Автоматининг затворини тортиб қўйиб юборди-да, эшик томонга юрмоқчи бўлганида, йўлини тўсдим.

— Бекорга адашибмиз, демагандирсиз, — дедим.

У ер тепди ва ортига бурилиб, Серёганинг ниқобини ечди ҳамда худди мендайин юзига шапалоқлади. Сергейнинг бир туки ўзгармади.

— Манави фойда беради.

Мен шу заҳоти овоз келган томонга қарадим. Анави ярамас, кўринишию, гап-сўзлари сирлидан-сирли кичкинача баклашка ушлаганча турибди.

Қўлидан идишни олдим. Аввал Одилнинг, кейин Сергейнинг юзига сепдим. Улар навбатма-навбат кўзларини очишди. Бизни тепаларида кўришиб ҳайрон бўлишди.

— Нима бўлди? — деди Одил бошини кўтариб, у ёқ-бу ёққа алангларкан.

— Сенинг ўзингдан сўраймиз энди! — деди Содиқ ака жаҳл билан.

— Мендан?.. Мен… Сув беринглар, — дея довдиради Одил.

Сергей эса ўрнидан туриб ўтирди.

— Анави калта японча қани? Ҳозир илма-тешик қилиб ташлайман. У аввал Одилнинг бўйнига бармоғини босди. Кейин менинг. Шунчалик тез ҳаракат қилдики, нима бўлаётганини англамай ҳам қолдим. Лекин автоматимнинг ўқи унинг ҳаракатидан тезроқ. Дарров етиб боради.

— Ўзингни бос. Ишни тўхтатдик. Жасур, ўрнидан туришига ёрдамлаш, — деди Содиқ ака.

Мен аввал Сергейнинг, кейин Одилнинг туришига кўмаклашдим. Сергей айтган япон эса ҳамон иржайиб турар, иккала кафтини бир-бирига туташтириб кўксининг устига қўйганча тез-тез қуллуқ қиларди.

«Наҳотки шу ярамас, муштдеккина ҳоли билан, иккита девдай одамни биргина ҳаракатчаси билан ағдариб ташлаган бўлса?! Одамнинг ишонгиси келмайди. Қайси гўрдан топиб келишибди буни?» дея ўйладим.

Ташқарига чиқдик. Анави тутуриқсизлар яна сувга тушиб олишибди. Худди бизга кўриб қўй, сенларни сариқ чақага ҳам олмаймиз, дейишаётгандай жононаларини мутлақо кийимсизлантиришибди. Боя ҳам бир нави эди. Ҳар тугул чўмилиш кийими, чидаса бўладиган. Энди эса… Устимиздан очиқчасига кулишяпти. Ҳақорат қилишяпти.

Машинага миндик. Содиқ ака мушти билан ўриндиқни ураркан:

— Менга нима?! — деб бақирди.

Ичим қизиди. Унинг телефонда ким билан гаплашганини билишни истадим. Аммо ҳеч нима сўролмадим. Чунки машина… Машина қулоқ. Бизда деворларнинг қулоқлари бўлгандай тиллари ҳам бор. Уловларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бошқа пайти бир мавриди билан… «Балки, Содиқ аканинг ўзи гуллаб қўяр. Ўтган сафар гапирди-ку. Ичволганидан кейин. Яна ўшандай ҳол такрорланар».

Хаёлимни ғашлик эгаллади. «Ҳозирги техникалар даҳшатнинг даҳшати. Керак бўлса нимани ўйлаётганингни ҳам бемалол, адашмасдан айтиб беради. Шунга кўра, наҳотки Авдейни ўлдирганимни сезиб қолишди. Тўғри, жуда яхши ниқобланган эдим. Танамнинг кичкинагина жойи ҳам очиқ эмас эди. Аммо юришимни ўзгартирмаган эдим-ку. Ўзгартиролмасдим ҳам. Ундан кейин овозим?.. Агар сезишса ҳам тан олмайман. Биринчидан, умуман ушлатмай кетаман. Менга қарши қандайдир ҳаракатни сезсам, шу заҳоти жуфтакни ростлайман. У ёғи бир гап бўлар. Аммо қочишга улгурмасам бўйнимга олмайман… У ёғи фирмадагилар ҳам қовун тушириб қўйиши мумкин. Уларнинг ҳеч вақосиз қолганини бизникилар жуда яхши билишади. Энди кутилмаганда пулли бўлиб қолди. Банкка югуриб боради. «Мана олган кредитим», дейди ғўддайиб. Кейин… Кейин… Кейинини ўйлагим келмаяпти. Бир айланадию, мен ҳақимдаги маълумотларни беради. Сайрайди керак бўлса. Сайратишади. Уфф. Шошма-шошарлик қилиб қўйганга ўхшайман. Кечанинг ўзида олиб бориб беришим шартмиди? Сал у ёқ-бу ёққа қараб, «бўрон» босилганидан кейин берсам ҳам бўлаверарди-ку».

Кутилмаганда ҳайдовчи тормозни қаттиқ босди. Ғилдираклар чийиллаган овоз чиқарди. Мен эса олдинги ўриндиққа бошимни уриб олдим.

— Кўзингга қарасанг ўласанми, падарингга лаънат! — дея сўкинди Содиқ ака.

— Йўқ эди! Қайси гўрдандир пайдо бўлди ўзи! — деди унинг сўкишига жавобан ҳайдовчи.

Мен машинанинг олд томонига қарадим. Бир йигит турибди. Серсоқол.

Ҳайдовчи машинадан тушди. Серсоқолни сўкди ва унинг ёнига яқинлаша бошлади.

— Жасур, қайтар анави эшакни! — деди менга Содиқ ака.

Эшикни очдим. Қурбон (ҳайдовчининг исми) бевақт машинанинг олдидан чиқиб қолган соқолтойга яқинлашиб қолибди. Иккала қўли ҳам мушт. Демак, уради. Шунга шайланиб боряпти. Қурбон довмандай одам. Бундайроққа бир мушт туширса, шу заҳотиёқ ўлиши ҳеч гап эмас.

— Қайтаркансан орқангга! — дедим битта оёғимни ерга қўйиб бақирарканман.

Қурбон тўхтамади. Ҳатто ортига бурилиб қараб ҳам қўймади. Йўлида давом этди.

Унинг шаштидан хавотир олиб, тезда машинадан тушдим-да югурдим. Оралиқ етти-саккиз қадамча, лекин, барибир, улгурмайман. У шундоқ ҳам юраги товонига тушиб кетган бечорани бир ёқли қилиб қўяди.

Лекин кутилмаган ҳодиса юз берди. Қурбон урмади. Соқолтой унга қандайдир қоғозча тутқазган эди, шартта ортига бурилди. Бир лаҳзага бўлсин тўхтамади. Бир оғиз гап гапирмади. Девнинг кучи бор, ғазаб отига минган одам шундай қилиши мумкинми? Мумкин экан, қачонки, ўзидан-да каттароқ кучга рўпарў бўлса. Анави соқолтойнинг кучи борми, йўқми, Худо билади. Аммо у Қурбонга шундай бир гап айтиб, қўлига қоғозча тутқаздики, Қурбоннинг дами худди пуфакдай чиқиб кетди.

— Нима гап? — дедим Қурбон ёнимга яқинлашганида.

У менга ўқрайди. Лом-мим демади. Ёнимдан ўтиб кетди-да, тўғри бориб, қўлидаги қоғозчани Содиқ акага берди.

Мен машинага ўтирганимда Содиқ аканинг ранги ўзгарганини кўрдим. У менга ғалати қараш қилди. Юрагим гупиллаб урди. «Наҳотки қоғозчада менинг исмим ёзилган?! — деган ўй келди хаёлимга. — Бундан чиқди, Авдейни ким ўлдирганини аниқлашган… Қаерда хато қилдим? Қаерда?»

Мендан ташқари машинада тўрт киши бор. Орқадан келаётган «Жип»­да бешта яхши қуролланган бақувват йигитлар ўтиришибди. Тўққиз киши. Бас кела оламанми? Йўқ. Аммо қандайдир чорасини кўришим керак. Йўқса, булар бошимга итнинг кунини солишади…

Содиқ яна менга ўгирилиб қаради. Ғалати қараш. Юрагимнинг уриши баттар кучайди. Ҳаяжонлана бошладим.

Агар яна бир марта ўқраядиган бўлса, қараб турмайман. «Мен еб, сен қуруқ қолдингми, нега бунча бўзраясан? Нима, операцияни тўхтатишга мен буйруқ бердимми? Ёки мендан қандайдир шубҳанг борми?» дейман. Ўзимни гўлликка соламан. Шунда, эҳтимол, маълум муддат ўзимизникиларнинг тажовузидан омон қоларман. Бошим ғувиллаб боряпти. Ҳа, куни кеча Авдейни дорилбақога жўнатганимдан бери шундайман. Таҳлика бир лаҳза бўлсин тўхтамаяпти. Устимдан бостириб келаверади, бостириб келаверади. Агар шу тахлит давом этадиган бўлса, ҳаммасини ўзим ошкор қилиб қўйишим мумкин. Содиқ аканинг қўлидаги қоғозчада бошқа бировнинг исм-шарифи ёзилган бўлса ҳам. Ҳаттоки шунда ҳам ўртага чиқиб қўяман. У эмас, аслида, қотил менман дейман… Бунча қийин, бунча қийин, бунча қийин! Одам тентак бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

— Қурбон, таксилар тўхтайдиган жойга Жасур иккимизни ташлаб кет, — деди бир маҳал Содиқ ака.

Бирдан юзим ёришди. Бақириб юборай дедим ва тезда бировга билдирмай сонимни чимчилаб қўйдим.

Аммо эрта қувонибман. Сал ўтмай Содиқ ака фикридан қайтди.

— Бошим гангиб қолди, — деди, суянчиққа қаттиқроқ суяниб. — Офисга ҳайдайвер. Балки, яна буйруқ бўлиб қолар.

Аввалги ҳолга тушдим яна. Аммо ноумид шайтон. Ҳозирдан тушкунликка тушишим яхши эмас. Балки бекордан-бекорга ваҳима қилаётгандирман…

Биз янги идорага бордик. Ҳар қалай, мен учун янги. Чунки бирор марта ҳам келмаганман. Ўзи ҳали билмайдиган жойларим жуда кўпга ўхшайди. Ҳайронман, булар қисқа муддатда бунча иморатни қандай қуришган? Нега қисқа дейсизми? Чунки хўжайиннинг отаси, шефнинг шеф бўлганига ҳали кўп бўлмади. Демак, манави қурилишларнинг ҳаммаси шу яқин икки-уч йилда барпо бўлган. Қаерда дейсизми? Сирғалидан тўғри Янгийўл томонга ўтиб кетасиз. Машинада бир соатдан мўлроқ юрасиз. Дарахтзор. Дарё бўйи. Дала ҳовлига ўхшайдиган жой. Баҳаво. Қалин, баланд ­девор билан ўралган. Дарвозасининг кўриниши ҳам қанчалик қимматбаҳо эканлигидан далолат бериб турибди. Борсак, ланг очиқ экан. Иккала машина ҳам ичкарига кирди. Олд қисми қора ойна билан ёпилган икки қаватли иморат эшиги ёнида тўхтадик. Машиналардан тушдик. Мен атрофга бир қур ўғринча нигоҳ ташлаб олдим. Шунда бирдан камералар ёдимга тушди. Ахир камера менинг аланглашимни ҳам тасвирга олади. Бундай қилмаслигим керак.

— Нима қиламиз? — дедим Содиқ акага.

— Шу ерда ўтирамиз, писта чақиб. Иш чиқса, айтишади. Оёғимизни қўлимизга оламизу ғир этиб бориб, бажариб келамиз. Биз аскарлармиз, шуни эсингдан чиқарма. Аскарнинг ўйлашга, фикрлашга ҳақи йўқ. У буйруқни бажаради. Тамом-вассалом!

Менинг хаёлимга яна қоғозча келди. Умуман, у сира ёдимдан кўтарилмаганди ҳам. Чунки ўша қоғозчада тақдирим ёзилган бўлиши мумкин. Содиқ акадан бу ҳақида сўрамоқчи бўлдим. Аммо тилим бормади. Бунинг устига Одил ҳам ёнимизга келиб:

— Содиқ ака, мия ғовлаб кетди, — деб қолди.

— Ҳе, — дея кулди Содиқ ака, — яхшиям томоғингга чертган экан. Агар бошингга чертганида калланг чақилиб кетармиди?

Шу заҳоти Одилнинг қовоғи осилди.

— Нинза экан-да, — деди у.

— Майда экан, де. Каттароғи бир йўла ўлдириб қўя қоларди.

— Ака, бир бўп қолди-да, энди ҳадеб юзимга солаверасизми?

— Бунақа нарса икки марта бўлмайди. Битта. Шу билан йўқсан. Бўпти. Ичкарига кириб, музлаткичдан ол ўша бош оғриғингга давони. Ўзим ҳам сендан баттар аҳволдаман… Бўпти бор, қорагинанг ўчсин сенинг.

Одил кетди. Бурнини тортиб, лабини ялаб кетди.

— Шу кетишда бўлса, — деди унинг ортидан Содиқ ака, — ўзини-ўзи абгор қилади. Ҳа, нимани гаплашаётгандик?

— Шу ерда ўтирамиз писта чақиб, — дея жилмайдим.

— Пистанг борми? — деб менга тикилди Содиқ ака.

— Йўқ.

— Унда писта қиласиз-да бу ёғини.

Содиқ ака ҳам уйга кирди. Мен бир қадар енгил тортдим. Содиқ аканинг гап-сўзларига қараганда қоғозчада менинг исм-шарифим ёзилмаган. Бекордан-бекорга ҳаяжонланибман. «Энди бошқа нарсани, анави яширилган пулни ўйлашим керак. Тўхта, тўхта. Мен уни пахтазорнинг бир чеккасига кўмдим. Ерни жуда чуқур қазимадим. Узоғи билан ярим қулочча. Агар деҳқон билиб-билмай ўша жойга икки кетмон урса, бойлик чиқиб келади… Табиийки, ўзини бошқаролмай қолади. Жинни бўлади. Кейин ҳамма ёққа овоза қилади. Қарабсизки, шефнинг одамлари кўз очиб-юмгунча ўша жойга етиб боришади. Деҳ­қондан топган бойлигини тортиб олишади. Албатта, инсоф қилишса, уни сўроққа тутишмайди. Пулни олишадию, қайтишади. Жуда узоғи билан қаердан олдинг, деб сўрашлари мумкин… Бу ёғи пул ўралган мато, пулнинг ўзи обдан текширилади. Бармоқ излари ва ҳоказолар бор-йўқлигини аниқлашади. Ўх, хато қилибман. Мен кўмган жой анави фирмага жуда яқин-ку! Демак, биринчи навбатда, ўша сариқ сочли бухгалтери бор, сал кам жиннига айланаёзган фирма бошлиғига тушади шубҳа». Уфф, бошим оғриб кетди. Ҳозир мен ҳам кираману ўша оғриқни бошқаларга қўшилиб қолдиришга уриниб кўраман.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

 

 

 

loading...