Қора денгизда НАТО ҳарбий машғулотлари бошланди

0

Қора денгизда 27 февраль куни НАТО мамлакатларининг Руминия қўмондонлиги остидаги Poseidon 21 ўқув машғулотлари бошланди, деб ёзади «Коммерсантъ».

 

Денгизда, қуруқликда ва ҳавода бўлиб ўтадиган манёврларда жами еттита мамлакат: Руминия, Болгария, Франция, Греция, Испания, АҚШ ва Туркия қатнашиши керак эди. Аммо Болгария машғулотларда иштирок этмаслиги ҳақида альянсни ва Руминий Бош штабини хабардор қилган. Бунга республика Ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.

 

6 мартга қадар давом этадиган ўқув машғулотларида ҳарбийлар душман томоннинг авиацияси, сувусти ва сувости кемаларига ҳамда сувости таҳдидларига қарши курашиш, хусусан, денгиз миналарини ва қўлбола портловчи қурилмаларни зарарсизлантиришни машқ қилади.

 

«Poseidon 21 — юқори даражада мураккаб бўлган ўқув машқлари. Уларнинг мақсади НАТОнинг тезкор жавоб қайтариш қобилиятини кучайтириш учун альянс имкониятларидан оптимал фойдаланиш ҳисобланади», — дейилади Руминия Ҳарбий-денгиз кучлари Бош штаби баёнотида.

 

Ўқув машқларида 700 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 13 та кема ва 9 та самолёт қатнашади.

 

Аввалроқ НАТО Ироқдаги қўшинлари сонини 500 кишидан 4000 кишига етказишни режалаштираётгани ҳақида ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилган эди.

loading...