Ўзбекистонликни 57 минг долларга чув туширган кореялик

0

Ўзбекистон фуқаросини Жанубий Кореяга жўнатишни айтиб, ундан кўп миқдорда пул олган хориж фуқароси қўлга олинди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

 

Қайд этилишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Жанубий Корея фуқароси 59 ёшли Ким Еон Сун Миробод тумани Афросиёб кўчасида жойлашган вақтинча яшаш хонадонида бўла туриб, 37 ёшли С.Х.нинг ишончига кирган.

 

Хорижлик С.Х.ни Жанубий Корея давлатига ишга юборишини ваъда қилиб, жами 57 000 АҚШ долларини алдов йўли билан олиб, берган ваъдасини бажармаган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ким Еон Сунга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

 

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

 

Бундан аввал Тошкентда 1100 га яқин фуқарони 8 миллиард сўмга чув туширган хусусий бандлик агентлиги мансабдорларига суд ҳукми ўқилгани ҳамда Қашқадарёда Жанубий Кореяга жўнатишини айтиб, фуқаролардан 9500 доллар олган шахс ушлангани хабар берилганди.

loading...