Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

0

Уйга кирдим. Ичкари ҳашаматдан холи. Ҳақиқий офис. Стол-стуллар. Компьютерлар. Чарм диван. Ҳамма-ҳаммаси идорани эслатади.

Бизникилардан иккитаси компьютер рўпарасида. Ўйин ўйнаб ўтиришибди. Маза. Ҳеч қандай ташвишлари йўқ. Одил билан Серёга диванга жойлашиб олган. Қўлларида биттадан шиша. Ўткиридан. Хорижники. Ҳар-ҳар замонда бир-бир ҳўплаб қўйишади. Бу ёғи баҳс. Биттаси «Челси» чемпион бўлади, деса, иккинчиси «Манчестер Юнайтед»ни кўкларга кўтариб мақтайди. Топишибди, дедим ичимда. «Челси» билан «МЮ»миш. Ундан кўра анави нинзадан қандай қилиб ўч олишни ўйласанглар-чи!» дегим келдию, тилимни тийдим. Бунинг ўрнига бориб, музлаткичдан уларнинг қўлидагига ўхшашидан олдим. Ўткири бўлмайди. Ўткири тилимдаги занжирни бўшатиб юборади. Бошимга кулфат олиб келади. Тавба, шу ерда ҳам шуни ўйладим-а. Уфф, қачон қутуламан бу дардисардан?..

Шишани яримлатган эдим, ичкари хонадан Содиқ ака чиқиб келди. Қулоғига телефонини босиб олган, ким биландир гаплашяпти. У гапирмаяпти. Эшитяпти. Менинг рўпарамга келганида юзимга қаради-да:

— Ҳозир, — деди ва эшик томонга юрди.

Ҳали ташқарига чиқмасдан унинг «Ичимизда экан», деганини эшитдим. Бирдан миямга ўша фикр келди. Қоғозча. «Ораларингда», деган ёзув. Ёки менинг исм-шарифим. Тўхта, нега менинг исм-шарифим бўларкан. Менлигимни ҳеч ким билмайди. Чунки биров кўрмаган. Авдейни ўлдирган одам эса ниқобда бўлган. Тансоқчиларнинг маълумотлари шундай.

«Ишни компьютер рўпарасида ўтирганлардан бошлайман. Кейин карахт бўлиб ўтирган Одил билан Серёгани тинчитаман. Жуда тез ҳаракат қилмоғим керак. Ана шунда ҳаммасига улгураман. Қуролим ўзимда. Уларники эса ёнларида турибди. Бундан чиқди, олиб затворларини тортгунича, тарс-турс қиламан. Бирин-кетин полга қулашади қонига беланиб. Ичкаридагилар отилиб чиқишади. Табиийки, улар ҳам довдирашади. Унгача мен уларнинг ҳам азиз таналарига темир парчаларини жойлаб қўяман… Буни қара, кўз очиб-юмгунча қўли қонга беланган одамга айланаман-қоламан. Ўзи шундоқ ҳам қон-ку. Анави Авдейни ўлдирдим. Лекин у мен кетаётганимда тирик эди. Кетганимдан кейин ўлган. У беш бегона эди. Булар билан озми-кўпми, яқинман…»

Мен хаёлимни охирига етказмасимдан Содиқ ака кириб келди.

— Ҳаммага жавоб. Уйларингга боринглар. Телефонларинг ишлаб турсин. Агар бирортангни бир марта қўнғироқ қилганимдаёқ тополмасам, ўзларингдан кўринглар. Қуролларингни эса ичкарига Пётрга топшириб кетинглар, — деди у.

Пётр менга бегона. Кўрмаганман. Содиқ аканинг гапига қараганда у шу ернинг қоровули. Ёки қурол бўйича жавобгар.

Биз ичкарига киришга улгурмадик. Унинг ўзи чиқиб келди. Чўтир босган башараси жуда совуқ эди. Кўзига кўзингиз тушса, этингиз жимирлайди. Тавба, одамзотнинг ҳам афт-ангори шунақа бўладими? Яна катта гавдаси бесўнақай. Пётр гўё унинг олдида биз пастдай ижирғаниб, қўлларимиздаги қуролларимизни олди ва яна ичкарига кириб кетди.

Шаҳарга борганимиздан сўнг Содиқ ака иккаламиз «Нур» ресторанига кирдик. Унинг таклифи билан. Сездимки, «қотиб қолиб» бўлган воқеаларни унутишни истайди. «Аммо — дедим ўзимга-ўзим, — тилимга эҳтиёт бўлишим керак. Бунинг учун дардисардан ютавермаслигим лозим».

Шундай ҳам қилдим. Аммо Содиқ ака ҳам «гулламади». Биргина айтган гапи бизнинг даражамизда эмас экан «ҳисоб-китоблар». Шеф тенгилари билан келишмай қолган экан бир ой олдин, деган гапни айтди. Худога шукр, дедим. Мен энди бемалол анави пулларни бир ёқли қилиш билан шуғуллансам ҳам бўлади.

Содиқ ака ресторан ёпилиш арафасига келганда ғўлдираб қолди. Гапларига тушунмайсан. Жуда диққатимни ошириб, қайта-қайта сўраб билганим шу бўлдики, мен ўлдирган Авдей ҳақиқий Авдей эмас экан. Нусхаси экан. Ҳақиқийси бир ой олдин Исроилга жўнаган экан.

Ана сизга олам-олам гул, мана сизга баҳор байрами? Бировга нусха бўламан, деб битта шўринг қурғурнинг шўри қуриб қолибди-ку. Энди бу ёғи неча пулдан тушди… Лекин, барибир, катта иш бўлган. Бу шунчаки қўл силтаб кетадиган нарса эмас.

Содиқ акани уйига олиб бориб қўйдим. Қорасувга. Уйи даҳшат экан. Тўғри, ичкарига кирмадим. Аммо уйининг баландлиги ва томи черепицадан эканининг ўзиёқ Содиқ аканинг камбағал эмаслигини билдирарди.

Шу куни, гарчи бир кун олдин қарийб мижжа қоқмаган эсам-да ухлашим қийин бўлди. Бу хаёлга нималар келмади дейсиз? Ҳаммаси бир-биридан ваҳимали. Охири йўқ, боши берк эди. Ниҳоят, кўзимни чирт юмиб олдим ва ухладим.

Саҳарлабдан уйғониб кетдим. Кейин бошқа ухлаёлмадим. Чўмилиб чиқдим. Тухум қовурдим. Аммо томоғимдан ҳеч нима ўтмади. Сабаби, шефнинг барзанги қўриқчилари хонамга бостириб кираётгандай туйилаверди. Йўқ, ўтиролмайман. Бу хона мени ютиб юборади тириклайин.

Апил-тапил спорт кийимларимни кийдим-да, ташқарига чиқдим. Елкамда «тегирмон тош». Бошим эгилган. Оғир-оғир қадам босиб юрибман. Атрофим дарахт. Чинор шохларидаги қушлар аллақачон уйғонган. Ризқ-насиба териб келиш масаласида «маслаҳатлашяпти». Эътибор бермайман. Беролмайман. Яна олдингидай уф тортаман. Кўзим ит етаклаган аёлга тушгандай бўлди. Гўё у бир кўриндию, йўқолди. «Болам, ақл-ҳушинг ҳамиша ўзингда бўлсин. Ҳамма ишларинг зўр бўлгандаям, муаммолар гирдобида қолганингда ҳам», деган эди отам. Тезда иккала кафтим билан юзимни ишқалаб ташладим-да, кўзимни каттароқ очдим. Ҳа, мендан етти-саккиз қадам нарида бир аёл итини етаклаб юрибди. Ёки ит уни етаклаб юрибди. Бўрибосар бўлса керак. Бошқаси бундай катта бўлмайди. Бўлармикин? Лекин мен кўрмаганман. Хуллас, аёл итини айлатирмаяпти. Ити олиб юрибди уни. Кулгим қистади. «Ҳовли… Йўқ, булар ҳовлида турмайди. Ён-атрофимизнинг ҳаммаси кўп қаватли уйлар. Демак, шу ҳўкиздай ит аёл билан икки ёки уч хонали уйда яшайди. Қанча-қанча одамлар уйсиз. Ҳеч нима…»

Шу хаёл ишонсангиз, мени бироз чалғитгандай бўлди. Аммо сал нарида, ўриндиқда мен томонга тикилиб ўтирган одамга кўзим тушдию, яна аввалги юк елкамни босди. «Падарингга ланъат, ким бўлди бу? Тўғри, ёнига бораман. Битта гаплашайчи, ким экан», дея ўйладим. Кўзимни ундан узмадим. Тикка устига бостириб бордим. Йўлак, майсазор деб ўтирмадим. Тўғри кесиб чиқдим. Оралиқ масофа уч-тўрт қадам қолганида у лаблари орасига тутатқи қистирди.

— Ҳаво зўр, — дедим у тутатишни бошламасидан.

У менинг гапимга эътибор ҳам бермади. Бемалол тутатди. Ўпкасини тўлдириб тутун ютди. Кейин:

— Кимга қанақа? — деди.

Тамаки томоғини бўғиб қўйибди. Овози қарғаникига ўхшаб қағиллаб чиқди.

— Сизнинг ўрнингизда бўлганимда ҳеч қурса, қуёш бўй кўрсатишини кутардим. Ана ундан кейин чекардим.

— Шунинг учун мен бўлолмайсан-да!

— Бўлолмасам ҳам керак.

— Тўғри қиласан.

У шундай деб, қаттиқ йўталди. Кўзидан ёш чиқди.

— Падарингга ланъатини юз марта ташламоқчи бўлдим. Лекин юз марта ҳам тушгача етолмадим. Кейин ўйладим. Юзга кирдим нимаю элликка кирдим нима. Ўхў, ўхў, ўхў…

— Дўхтирга боринг.

— Фойдаси йўқ. Бир тийинга қиммат дориларни ёзиб беришади. Баттар қилади. Ўтир, — деб у ёнидан жой кўрсатди.

Ўтирдим. У яна астойдил тутатқисини «тортди».

— Ўзинг-чи, Жасурбой, нега ухламаяпсан? Ё тушингга қизлар кирдими? — деб у бош бармоғи билан оғзининг атрофини артган бўлди.

— Менинг исмимни қаердан биласиз? Биринчи марта кўриб турган бўлсангиз, — дедим ҳайрон бўлиб.

— Ҳе, — деб иржайди у, — мен ҳаммани биламан. Қулоқман-да. Биринчи келган кунингдаёқ билганман. Кимсан, қаердан келгансан? Кимлар билан алоқанг бор?

— Ў-ў-ў! Яна нималарни биласиз? — дея унинг юзига тикилдим.

— Кўп. Алоқаларим ҳам кучли. Хабар топганларим ҳақида иккита жойга маълумот бераман. Даражасига қараб.

— Тушунмадим?!

— Нимани тушунмайсан? Милицияга мосини милицияга. «Кўча»га мосини «кўча»га етказаман. Аслида, бировнинг олдига бориб ўтирмайман. Ўзлари келишади. Агар жа келаверишмаса, ўзим «чизиб» юбораман.

— Ҳмм. Шунда сизнинг бирингиз икки бўлиб қоладими?! — дедим жаҳлим чиқиб.

— Нимага бўлмас экан? Манави сигаретамнинг ўзи бир дунё пул турса. Кунига уч, бир хил пайтлари тўрт қутини тугатаман. Тозасидан, қимматидан. Кейин касалхонада кўп ётаман. Хўш, бунинг учун ким менга пул беради? Индамасам, ҳеч ким.

— Биров бир кун бир уриб, ўлдириб қўйса, нима қиласиз?

— Ҳе. Қани ўша мард? Мен тегишли одамларнинг ичларини қиздириб қўйганман. Мана, айтайлик, кеча Одил ўртоғинг жуда кеч қайтди. Кайфи бор эди. Менинг шундан хабарим бор. Агар у яна икки марта шунақа қилиб келса, тамом. Хўжайинларингни секингина хабардор қилиб қўяман. Қарабсанки, Одилжоннинг оёғи осмондан бўлиб турибди. Лекин мен дарров хўжайинларга сотмайман. Аввал ўзига билдираман. Ақли-ҳуши бўлса, секин келиб, оғзимни мойлаб кетади. Шу билан мен жим бўламан. Аслида-чи, мардман. Мана, масалан, ҳақини узиб бўлдими, ўша узилганини дафтаримдан ўчириб ташлайман. Янгиларини ёзаман. Ўртоғинг илгари икки марта пул тўлаган…

— Қойил! Бухгалтерлар, солиқчилар сиздан ўрнак олиши керак экан!

— Сен қойил қолишни йиғиштир. Ўзинг ҳам рўйхатимга тиркалгансан. Икки марта. Шундай экан, тайёргарлигингни кўравер. Лекин сенга енгиллик қилиб беришим ҳам мумкин. Олдиндан беш-олтита қоидабузарлигинг учун тўлаб қўй, мен сенга ғиринг демайман.

У шундай деганидан сўнг гурс-гурс йўтала бошлади. «Ўпканг чиқиб кетсайди, ҳамма сендан қутуларди», дея ўйладим. Айни чоғда Авдей, пул билан боғлиқ воқеа миямга келиб урилди.

«Қулоқ» эса йўталишда давом этди. Аста-секин кўкара бошлади. Ана ўлади, мана, ўлади деб тикилиб турибман. Лекин ярамас ўлмади. Икки букилиб қолдию, лекин ўлмади. Ҳансираб-ҳансираб бошини кўтарди.

— Даво, — деди хириллоқ овозда, — даволанадиган вақтим кеп қолган. Қарзингни олиб кел. Ўн беш дақиқа кутиб тураман.

Вой, ярамас-эй, йўқ жойдан мени қарздор қилди-қўйди. Агар анави ишим бўлмаганида эди… Билмадим, бу «қулоқ»нинг бошқа қулоқлик қилишига имкон қолдирмаган бўлардим.

— Қачон кеч келгандим? Ҳар қалай, хатомни билишим керак-ку! — дедим ғазабимни ичимга ютиб.

— Хатомас у. Жиноят. Жиноят эса, албатта, жазоланиши шарт. Анавинда эрталабга яқин келдинг. Негадир ҳаяжонлангандай эдинг. Бунинг устига ўша куни каттаконлардан биттасининг жонига биров қасд қилибди. А лаббай, шунинг ўзи сенга етар?!

— Ўшани мен деб ўйлаяпсизми ҳали!

Юрак уришим тезлашди. Қўлларим мушт бўлиб тугилди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

 

 

 

loading...