Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

0

— Мен ҳеч нимани ўйламайман. Ўйлайдиганлар ўйлашсин. Менга қара, вақтим тугаяпти. Ҳар дақиқам пул туради. Сен бўлса, менинг шу қимматли соатларимни бетинг-кўзинг демай ўғирлаяпсан.

— Барибир, бекордан-бекорга ўтиргандингиз-ку!

— Бекордан-бекор?! — дея пешонасини тириштириб менга қаради у. — Шу гапингга бекорларни айтибсан! Мен ишлаяпман. Тушундингми? Керак бўлса, ишим сеникидан оғир! Энди бола, жўна. Жа, индамасам, лак-лакни ошириб юбординг?! Икки миллион сўм олиб келасан.

— Ҳурматли қу… Кечирасиз, отингиз нимайди?! — дедим ўзимни шўх тутишга уриниб.

— Турсунбой исмим. Нимайди? — деб у бармоқлари орасидаги тутатқини ерга ташлади, товони билан эзди. Айни чоғда халатининг чўнтагидаги қутини олди.

— Миямга фикр келиб қолди. Сиз биздан пул олиб…

— Фақат сизларданмас, ана ЖЭКнинг бошлиғи, мени кўрса, оёғи қалтирайди. Уям ҳақимни бериб туради. Яна бизнинг домда битта савдогар бор. Бошида индамагандим, қўлқопдай машина алмаштира бошлади. Секин «чизиб» юбордим. Бопладим. Бор-будини сотиб қутулди. Ундан кейин кимдир мени рози қилишини айтган бўлса керакки, қўй сўйиб уйимга олиб келди.

— Кўрдингизми, фақат бизлардан эмас, кўзингизга кўринган одамнинг чўнтагини шиларкансиз. Нимага энди топганингизни обориб дўхтирга берасиз?

— Ким айтди сенга беради деб. Керак бўлса, уларнинг ўзларидан оламан. Менинг берадиган бошқа жойим бор. Тўхта, сен бола нимага мени бунчалик суриштириб қолдинг? — деб у яна битта тутатқини тутатди.

— Суриштирмаяпман. Шунчаки…

— Шунчаки-пунчакини йиғиштир, — деди у бирдан гапимни бўлиб, — оёғингни қўлингга олгин-да, қарзингни олиб кел!

— Бўлди, олиб келаман. Лекин қилмаган ишим учун…

— Демак, норозисан. Бўпти, сариқ чақанг ҳам керакмас менга. Лекин билиб қўй, мен огоҳлантирдим. Эртага сенинг хонангга бошқа биров келиб жойлашади. Ҳа-а, уйингдагиларга ҳозироқ бориб хабар бер. Битта юк машина топиб келаверишсин.

Ишонасизми, пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди. Ён-атрофимга алангладим. Итини сайрга олиб чиққанлар яна учтага кўпайибди. Уларни кўриб, тишимни-тишимга босдим ва ўрнимдан турдим. Уй тарафга кетдим. Ўзимдан ўтганини ўзим биляпман. «Қаёқдаги кашанда, ўпка мени довдиратиб ташладими?! Қарздор қилди. Агар ҳозир унинг айтганини қиладиган бўлсам, эртага елкамга чиқиб ўтириб олмайдими? Шошма, Жасур, шошма! Нималар бўляпти ўзи? Бунақада ҳар куним юрак ҳовучлаш билан ўтади. Ўзи шундоғам еганим ичимга тушмаяпти… Одилнинг чўнтагини шилибди. Яна ким-кимларнинг бошига ташвиш келтирган бу нусха. Бундан чиқди, ундан қутулиш зарур. Ўзи ҳали-замон ўлиб қолса керак. Лекин шунгачаям қанчадан-қанча одамнинг шўрини қуритиши мумкин. Мана, йўқ жойдан кекирдагимдан олди-ку! Ўх, нима қилсам экан? Агар пулни олиб бориб бермасам, у эртами, кечми, менинг Авдей ўлган куни тонгда уйга келганлигим ҳақидаги хабарни ўзи айтгандай керакли жойга етказади. Сиқувга олинаман. Қийноққа солинаман… Ўзимдан-ку қўрқмайман. Аммо уйимдагилар менинг нима ишлар қилиб юрганлигим ҳақида хабар топишса борми?.. Унисига чидашим мушкул. Чидолмайман. Даф қиламан. Ён-атрофим тоза бўлгани маъқул… Лекин қандай қилиб? Одамлар аллақачон уйқудан уйғонишган. Ана, итларини сайр қилдириб юрганлар ҳам бор. Яна қанчаси деразасидан ташқарига қараб тургандир. Ўйла, ўйла, Жасур. Тезроқ режа туз. Тезроқ қулоғинг тинч бўлиши учун «қулоқ»дан қутулиб қўй. Акс ҳолда, у сени юргизгани ҳам, тургизгани ҳам қўймайди… Ҳозир пулни олиб бориб бераман. Бу билан айбни тўла бўйнимга олган ҳисобланаман. У ярамас шунга ишончи комил бўлганидан сўнг мендан янада кўпроқ пул сўрайди. Аниғи шу. Ёки… Тўхта, бу шунчаки шантаж бўлса-чи? У ҳеч қанақанги «қулоқ» эмас, балки шефнинг айғоқчиси чиқар. Атай мени «пушка»га олган. Мен содда дарров унинг қармоғига илиниб турибман. Ҳозир сўраган пулини олиб бориб бераман. Қарабсизки, тайёр «гўшт»ман. Шуниси ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди. Чунки «ёзувчи» ёки «қулоқ»лар мумкин қадар зимдан иш бажаради. Ўзларининг кимлигини билдиришмайди. Бу эса очиқчасига пўписа қиляпти… Бўлди, Турсунбой «қулоқ», сен билан ҳам ҳисоб-китобни қуёш тўла юз кўрсатгунча ҳал қилишим керак экан».

Шошдим. Апил-тапил пулни олиб, елим пакетга солдим. Икки миллион. Ҳаммаси беш юз сўмлик. Энди кўраверинг, унинг ҳажмини. Аммо начора. Бир сўмликдан бир қоп бўлганда ҳам олиб боришим керак. Бахтимга бизнинг қаватдагиларнинг ҳали бирортаси ҳам уйғонмаган. Қўлтиқлаб кетаётган пулларимни биров кўрмайди. Кўрса, гап-сўз кўпаяди-да!

Бинодан ташқарига чиқдим. Анави «қулоқ» ўтирган ўриндиқ томонга қарадим. Қизиқ, қизиқ. «Қулоқ»ни итлари билан сайр қилиб юрганлар ўраб олишибди. Чуғурлашяпти. Нима дейишаётганини тушуниб бўлмайди. Дарров қўлтиғимдагини танаси бир қулочга яқинлашиб қолган чинорнинг остига қўйдим-да, ўша ёққа югурдим. Турсунбой «қулоқ» бир томонга қийшайиб қолибди. Чуғурлашаётган аёлларни бир томонга суриб, қийшайган томоғига кўрсаткич бармоғимни қўйдим. Юрак уришидан асар ҳам йўқ.

— Ўлиб қолганга ўхшайди, — дедим.

— Да-а, — деди аёллардан бири ва ўзбек тилини бузиб талаффуз қилганча гапира кетди, — сез бор. Без ҳайрон. Кетденгез у йўталдей. Қаттиқ йўталдей. Сўнг бақирдей, қийшайде!

— «Тез ёрдам» чақириш керак, — дедим мен.

— Эй-й, чақирмаймиз, — деди бошқа бир хотин.

Тўғриси, агар у ўзбекчалаб гапирмаганида буни ҳам бошқа бир миллат вакили бўлса керак, деб ўйлайсиз. Калта сочи қизғиштоб сариқ. Юпқа кийиниб олган. Кўкраги манаман деб, сал кам кўринади. Яна калта шортикда.

— Ўлгани рост бўлсин! Бутун маҳалла битта зараркунандадан қутулибди. Мана шу ерда ўлиги қолсину гўштини итлар есин.

— Қўйинг, қўшни, итларимизга раҳмингиз келсин. Бечоралар бунинг гўштини ейишса, шу заҳоти заҳарланиб ўлишади! — дея эътироз билдирди учинчи аёл. Кетдик. Бунинг тириги бир бало эди, ўлиги ундан ҳам баттар ташвиш келтирмасин. Мен бориб, хўжайинимга айтаман, бозордан битта қўй олиб келсин, қутулганимиз шарофатига сўйиб, садақа қилиб юборамиз.

— Қўйда нима айб? — дея жилмайди иккинчи хотин. — Керакмас, яшасин!

Хотинлар кетишди. Мен эса мурданинг халати чўнтагида қандайдир қурилма борлигини кўриб қолдим. Худди телефонга ўхшайди. Олдинига эътибор бермадим. Кейин хаёлимга бир нарса урилдию, бирдан ўша қурилмани олдим. Кичкина диктофон экан. Бирдан иситмам чиқиб кетди ва шу заҳоти уйим томонга кетдим.

Эшикни ичкаридан қулфладим ва ҳаммомга кирдим. Совуқ сув ва иссиқ сувни баравар очдим-да, диктофонни ёқдим. Буни қарангки, шубҳам тўғри чиқди. Падарингга ланъати суҳбатимизни ёзиб олган экан. Ҳаттоки ўчиришга улгурмабди. Мен кетганимдан кейин «Ана, қармоғимга тушдинг! Ҳали бери мендан қутулмайсан, болакай!» деган экан. Эсхонам чиқиб кетди. Агар бу ёзувлар бошқаларнинг қўлига тушиб қолганида борми, аҳволим ҳозиргидан а-а-анча хунук бўларди.

Диктофонни мажақлаб, ахлат челакка ташлаганимдан сўнг оғир-оғир қадам ташлаганча, каравотимнинг ёнига бордим. Худо мени қўллабди. Йўқ жойдан балога гирифтор бўлдим, деган хаёлда эдим. Йўқ, бир пастда ҳаммаси жой-жойига тушди… Елкамдаги босим бироз камайгандай бўлди. Қандайдир енгил тортдим ва завқ билан нонушта тайёрлашга тушдим.

Нонушта қилиб бўлгандим. Идишларни йиғиштириш малол келиб турганида Одил сўроқлаб қолди. У фавқулодда ҳовлиқар эди.

— Хабаринг борми? — деди Одил эшикдан кириб келиши билан.

— Нимадан? — дедим ўзимни гўлликка солиб.

— Ташқарида биттаси тинчибди.

— Қанақа биттаси, тушунмадим? — дея энсамни қотирдим.

— Қисқаси, ора-чора бизга хизмат қилиб турадиган битта одам бор эди.

— Хўш…

— Ўша тинчибди.

— Биров тинчитибдими?

— Ўзи тинчиган. Қўнғироқ қилишди. Уйингнинг ёнида нима гап, деб сўрашди. Чиқиб бордим. Тўғри, ўлган одамнинг орқасидан ёмонлаб бўлмайди. Лекин ипирисқи одам эди. Ташқаридаги ўриндиқда ўтирганча қийшайиб ўлиб қолибдию, биров эътибор бермабди. Эътибор берса ҳам на милицияга ва на «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилибди. Охири маҳалла оқсоқоли шу ердан ўтиб қолибдию, кўрибди. Энди у ҳам оддий одам бўлганида, кўрмасликка олиб, ўтиб кетарди. Лекин оқсоқол-да. Иложиси йўқ. Қарамаса, керакли жойларга қўнғироқ қилмаса, балога қолади.

— Шунчалик ёмонмиди? — дедим ўсмоқчилаб.

— Гапиришга тил ожиз. Қулоқликни, бировларнинг устидан ёзишни мукаммал эгаллаган эди. Лекин буни қараки, у ҳам кимлар учундир сув билан ҳаводек зарур эди. Фойдаланишларди ундан усталик билан. Турсунбойнинг ўзи бир сўм ишлаб топса, бошқалар ўн сўмлик бўлиб олишарди. Шу томонини ҳисобга оладиган бўлсак, текшир-текширлар ҳам бошланиб қолса керак. Бунақалар уйларида махсус идора очиб олишади. Ҳужжат-пужжат… Керак бўлса, терговчилар ҳам бунақа маълумот йиға олмайди.

Менинг бошимга бир нарса гурс этиб урилгандай бўлди. Мен унинг диктофонини чўнтагидан олиб, мажақлаб ташладим. Лекин ярамас мен ҳақимда ёзиб ҳам қўйган бўлса-чи?

— Ҳа-а, — деди юзимга термилиб турган Одил, — нега бирдан хомуш тортиб қолдинг?

— Қорним оғрияпти.

Шошилинчда шу гап миямга келганидан хурсанд бўлдим.

— Тухум егандим, — дея ёлғонимни давом этказдим хурсанд бўлганимдан, — сал айниганмиди ё бошқа нарса сабаб бўлдими?

Одил ишшайди ва:

— Ҳожатга кир. Бугун, бассейнга борарканмиз. Ўқув машғулоти, — деб ортига бурилди.

— Анави иш…

— У иш бошқаларга ўтиб кетибди. Ҳақиқий профессионаллар шуғулланишаркан. Бизга ўхшаган майда-чуйдалар унақанги йирик ишларга майдалик қиларканмиз. Қисқаси, имилламасдан тайёргарлигингни кўр.

«Қорин оғриғи» ўтиб кетганидан кейин ташқарига чиқдим…

Сув остида туриш машқи ўтказилди. Ўттиз икки килолик тошни қучоқлаб, сув остига шўнғидик. Албатта, навбатма-навбат. Мен уч дақиқага яқинроқ нафас олмай сув остида турдим. Туролдим.

— Бундан кейин, — деди мураббий, — ҳар куни шу машқ билан икки соат шуғулланамиз.

Кечки пайти форум бўлди. Хавфсизликни таъминлашимиз керак экан. Таъминладик. Кейин ярим кечада уйга қайтиб келдик. Ростини айтай, шу вақт ичида хаёлимдан кўмиб келган пулларим бир дақиқа ҳам кетмади. Шунингдек, ҳақиқий Авдей, «қулоқ» Турсунбой ҳам миямнинг бир чеккасини эгаллаб олганди. Бир қанча режалар тузардим. Аммо сира режамнинг ечимини тополмасдим. Охири ҳамма ухлаганда ярим кеч билан тонг оралиғида, далага чиқиб, пулларни кўмилган жойидан олиб, бу ёққа келтирмоқчи бўлдим. Қарасам, ўйлаганим хомдан-хом. Биринчидан, у ёққа бориш учун машина керак. Чунки такси билан бориб келолмайман. Иккинчидан, назаримда, ҳамма кузатилаётгандай эди. Ахир юқорида айтганимдай, бизда деворлар ҳам гапиради. Улар ҳам кўрган-билганларини, эшитганларини керакли жойга етказади. Керакли жой, керакли жой, керакли жой. У шунақанги баланддаки, мутлақо кўзга кўринмайди. Аммо ваҳимаси ҳамма ёқни босиб кетган.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

 

 

loading...