Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

0

Навбатдаги икки кунни ҳам ана шу ўй гирдобида ўтказдим. Бундан бу ёғига ҳам шундай бўлади, шекилли, дея ўйлай бошлаганимда ҳамқишлоғимни учратиб қолдим. Уни илгари Сирғалида яшайди, деб эшитгандим. Лекин Тошкентга келганимдан бери бирор марта ҳам кўрмадим. Уйини қидириб бориш миямнинг бир чеккасига ҳам келмаганди. «Ласетти» миниб юрган экан. «Панорама»нинг тўғрисида кўрдим. Битта аёл бор экан машинасида. Айтишига қараганда, хотини. Ўзгариб кетибди. Оддийгина қишлоқнинг қизи эди. Сочини калта қилиб, қизғишга бўяган. Билагида, бўйнида қалин тилла занжир. Кўзида кўзойнак. Ҳар тугул, юпкаси узуну, аммо ундан юқориси жудаям юпқа ва елка қисми яхшигина очиқ экан. Ўша янга ҳам мени танибди. «Жасуржон», деб кўришди.

— Қишлоқдагилардан эшитдим. Яхшигина амалга минибсан. Ўзинг талаба бўлсанг ҳам ишниям қойиллатаётган экансан, — деди ҳамқишлоғим салом-аликдан сўнг.

— Йўғ-э, жа унчаликмас. Битта фирмада ишлаяпман, — дея жавоб қилдим ўзимни камтарликка олиб.

— Нима бўлгандаям қандингни ур. Лекин эҳтиёт бўл. Йўқ жойдан оёғинг остидан чуқурлар чиқиб қолади. Бир марта қоқилиб кетсанг, ортингдан келаётганларнинг ҳаммаси сени тепкилаб ўтиб кетади, — деди у.

— Ҳаракат қиламан, Ҳамдам ака, — дедим бироз ноқулай аҳволга тушиб.

— Бўпти, кечки пайт вақтинг қалай? — деди у йўғон билагини силаб.

Дарвоқе, бундан роппа-роса уч йил аввал уни қишлоқда кўрганимда, озғин эди. Қўлларининг томирлари бўртиб кўриниб турарди. Ҳозир эса семирган. Қорин қўйган. Худо кўрсатмасин, дўхтирга иши тушиб қолса, укол қиладиган ҳамшира томирини анча вақт қидирса керак. Шунингдек, семизлигидан кўзи ҳам қисилибди. Шунинг билан бирга тепакал ҳам бўлиб қолибди.

— Эртага Туркияга учиб кетаман. Кетар олдидан янганг билан кечки пайт бир ўтирмоқчимиз. Одатимиз шунақа. Хушомад-да. Тўғрими, Лайло?

Хотини қора кўзойнагини олди. Вох. Ана кўзлару, мана кўзлар. Ана кипригу, мана киприк. Жилмайди у. Буни қарангки, жилмайиши ҳам ярашди.

— Ҳмм. Бир ойга кетгандан кейин шуда. Ўзи охирги пайтларда акангиз, шубҳалидан-шубҳали кетяпти-да, Туркияга, — деди янга.

— Аёллар шунақа. Йўқ жойдан бир нарсаларни кашф қилишади. Илгари пул топмаяпсиз, деб нолирди. Энди кундошимга қанча бердингиз, деб миямни эговлайди. Эътибор берма, бунинг гапига. Бизнес — шафқатсиз. У унча-мунча нарсани, кўнгилчангликни ёқтирмайди. Хуллас, гап кўп, ука. Соат роппа-роса саккизга «Кишмиш»га бор. Бир ўтирамиз.

Мен рози бўлдим. Эри-хотин кетишди. Кейин «Бекор кўндим, эр-хотин бўлишса, нима қиламан мен қарғага ўхшаб ораларига суқилиб», дедим. Лекин ваъда бергандан кейин бориш керак.

Бориб бир муддат кутишимга тўғри келди. Чунки улар келишмаган экан. Йўл бўйида у ёқдан-бу ёққа бориб келиб юрдим. Мияда «ўша касал». Ярим соатлардан кейин Ҳамдам ака, хотини ва яна бир қиз келди. Ҳамдам ака узр сўради. Ўзлари билан келган қизнинг исмини Назокат деб атади. Қайнсинглиси экан. Жаҳон тилларида ўқиркан. Иккинчи курс экан. Ҳар куни репетиторга қатнаркан. Шу қизгинани кутиб қолишибди.

Ичкарига кирдик. Боя мен Ҳамдам акани қидириб, кириб чиққанимда шовқин йўқ эди. Узоғи билан олтита мижоз ўтирарди. Буни қарангки, хаёл билан бўлиб мижозлар ортганини сезмай ҳам қолибман.

Кабинага жойлашдик. Зўр. Умумий залдан парда билан тўсилган.

Ҳамдам ака Назокатни менинг ёнимга ўтқазди. Қиз бошида кўнмади. «Почча, сиз ўтиринг, мен опамнинг ёнида ўтираман», деди. Лекин Ҳамдам ака ўжарлик билан туриб олди. «Ора-чора опангдан бир нималарни сўрайман. Миямга бизнес лойиҳалар келиб қолади-да», деди. Хуллас, Назокат диваннинг бир чеккасига омонатгина ўтирди. Албатта, мен ҳам хижолатда эдим. Чунки, биринчидан, қизнинг ўтиргиси келмади. Иккинчиси, қишлоқдошлар кўз ўнгида бегона қиз билан ёнма-ён ўтириш ғалати туюлди менга.

Ҳамдам ака буюртмани астойдил қилди. Ҳаш-паш дегунча столнинг усти тўлди.

— Тиним йўқ, ука. Итдай ишлайман. Кечаю кундуз тиним бўлмайди. Шунга ора-чора мана шундай янганг билан бирга бир яйраб ўтираман. Чарчоқни чиқаришим керак-ку, тўғрими? — деди менга ўзини оқламоқчи бўлиб.

Мен унинг гапига янга муносабат билдирадими дегандим. Лекин у гапирмади. Яна Ҳамдам аканинг гаплари остида «Тағин қишлоққа бориб, Ҳамдам ака ундоқ қиларкан, бундоқ қиларкан деб юрма», деган маъно ҳам йўқ эмасди.

— Бемалол, ака, бехижолат, — дедим бошқа гап тополмай.

— Унда манавиндан бошлаймиз.

Янга кўзининг таги билан акага қараб қўйди. Буюртма бераётганда ҳам ола қараш қилганди. «Янгага ёқмади. Бундан чиқди менинг улар билан ўтиришим ҳам ёқмаётгандир», деган хаёлга бордим.

— Ака, шуни ичмасак-чи, — дедим ноқулай бўлиб.

— Эй-й, нималар деяпсан? Иложи йўқ. Йўқса, бирор дардни орттириб оламан. Уфф. Ҳали гапириб бераман ҳаммасини.

Кичкина-кичкина стаканчалар бир тўлиб, бир бўшади ва шу заҳоти яна қайтарилди. Сўнг Ҳамдам аканинг гап «қопи» очилди.

— Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, мана шу бир ойда икки юз минг «кўки»ни йўқотдим. Ҳеч бир айб иш қилмасдан, — деб у аввал хотинига, сўнг менга қаради-да, кўрсаткич бармоғини лабининг устига қўйди, — тсс, мен йўқотиш қилмадим. Аниқроғи, йўқотдим. Шунчаки ўзимнинг бефаросатлигимдан. Тушириб қўйибман шунча пулни.

Мен аввалига унинг нима демоқчи бўлганини, сўнг нега кўнглидагини гапирмаганини тушунгандай бўлдим.

— Бу ерда, — деди у идишларни қайта тўлдираркан, — деворлар йўқ экан. Аниқроғи бор, фақат бир томонда. Унинг «қулоғи» мусиқадан том битган. Лекин стаканлар, чойнак, идишлар — буларнинг «қулоқ»лари даҳшат ишлайди. Чунки ҳар куни чайилиб, тозаланиб туради-да… Шошма, мен сенга нималар деяпман? Лайло, нимага жим ўтирибсизлар? Гапиринглар.

Янга сўзлашдан аввал бир қултум сок ичди.

— Акангиз озроқ қийналди. Худо хоҳласа, ҳаммаси ортда қолди. Қолган бўлсин, ишқилиб. Яна бошқатдан, янгидан бошлаймиз-да…

— Аммо, — дея бирдан хотинининг гапини бўлди Ҳамдам ака, — сенинг амалга минганинг яхши бўлибди. Ҳар қалай, бир хил нарсаларда сени орқа қиламиз-да.

— Ака, мен амалдор бўлмадим.

— Уни қўйиб тур, қип-қизилгина, биров кўрса, ҳайиқадиган ҳужжатинг борми?

— Ҳмм, беришди.

— Бўлди, шунинг ўзи етади. Ҳозир шунақа бўлиб кетди. Илгари биз қандай катта ишларни қилардик. Энди ҳаммаси шу «шапкали»ларга ўтиб кетди. Эй-й, яна бошладим. Бу тилим бир куни бошимга етмасайди, — деди Ҳамдам ака ва менинг ёнимдаги қизга юзланди. — Назокат инглиз тилини ўрганяпти. Анави куни телевизорда инглизча кўрсатув бўлди. Жойида таржима қилиб ташлади. Қойил қолдим. Насиб бўлса, чет элликлар билан ишлаганимизда таржимонлик қилади. Энди, қани, манавини совимасдан олиб қўяйлик.

— Ўзи совуқ-ку!

— Майли-да, бу ҳам гап.

Биз ютгуликни ютаётганимизда Лайло янганинг қўл телефони жиринглаб қолди. У экранга қаради. Ёқишдан олдин эрига қўз ташлаб қўйди. Сўнг қулоғига тутди.

— Алло… Ҳмм… Валайкум ассалом. Поччанг билан бир жойдамиз. Нимайди? Янами? Ўзинг гаплаш!

Янга телефонни қулоғидан олиб, Ҳамдам акага қаради.

— Укангми? — деди унинг қарашига жавобан Ҳамдам ака. — Мен аралашмайман. Билмайман. Ишим йўқ. Пул ҳам бермайман. Ҳиқилдоғимга келди ўша уканг!

Лайло янганинг кўзида ёш ҳалқаланди. Назокатга қарадим. Унинг ҳам кўзи тўла ёш.

— Бўлмаса, мен борай. Бир яхшилаб гаплашай-чи, — деди янга зўрға йиғисини ичига ютиб.

— Ҳа-а, шундай қил.

— Мен кетсам, машинани қандай ҳайдаб кетасиз?

— Ҳайдашни биласанми? — деди Ҳамдам ака менга юзланиб.

— Ҳа, — дедим мен.

— Жасур ҳам ичди-ку, — эътироз билдирди янга.

— Ҳечқиси йўқ. Бунақаларга «вип». Жуда бўлмаса, бирорта ҳайдовчига айтамиз, обориб қўяди. Сен боравер.

— Янга, сиз хавотир олманг. Йигитлардан бирортасини чақираман, — дедим мен.

Чунки миямга ғаройиб фикр келганди ва ўша фикрни рўёбга чиқариш учун машина керак эди.

Янга синглиси билан бирга кетди. Биз иккимиз қолдик. Шундан сўнг Ҳамдам ака қайнисидан нолиб қолди. «Ҳеч қачон одам бўлмайди у. Қаерга бормасин, нима иш қилмасин, қовун туширади. Ўтган йили уйлантириб қўйгандим. Яна энг зўр ресторанда тўйини ўтказиб бердим. Икки ой ҳам яшамади, ит! Биттасига илакишиб қолибди! Шунақаям бўладими одам дегани! Қўй шуни, эсдан чиқарайлик. Манави зормандадан тўлдириб-тўлдириб қуй!»

Биз анча ўтирдик. Қарийб ресторан ёпилишига бирор соат қолгунича. Мен бир қултум ҳам ичкиликдан ютмадим. Ҳамдам ака эса бошини кўтаролмай қолди. Уни суяб, ташқарига олиб чиқиб, машинасининг орқа ўриндиғига ётқиздим. Ўзим эса рулга ўтирдим.

Бошқа ёққа кетдик. Анави мен кўмиб қўйган пулларни кавлаб олгани… Бошқа иложим йўқ. Чунки бирорта машина ёллаб боролмайман. Таниш-билишларга ҳам айтолмайман. Сабаби, ҳаммаси унақа пулни кўрганидан кейин эсдан айрилиши ҳеч гап эмас.

Машина яп-янги, роса айтганни қиладиган экан. Газга сал оёқ тегиб кетса, бирдан олдинга сапчийди.

Азбаройи хотирамга суяниб, пулни топдим. Акс ҳолда, бундай қоронғи кечада кўмилган нарсани эмас, очиқдагисини топишнинг ўзи катта муаммо. Яна бир томони, биров топиб олмабди.

Хўп, машинанинг юкхонасига ортдим пулни. Ана ундан кейин бошқа муаммо бўй кўрсатиб қолди. Қаерга олиб бораман шунча пулни?!

У жойида қолганида бунчалик бошим қотмаган бўларди. Ўзи бундай олиб қараса, баъзи-баъзида қаёқдаги ишларни қилиб юраман. Кейин бу охири кўринмайдиган муаммога айланади.

Мана, шаҳарга кириб келдим ва кутилмаганда эсимга Янгиободда яшайдиган курсдошим тушиб қолди. У ижарада, оғанаб кетаман деб турган уйда ёлғиз ўзи яшайди. Тўғрироғи, яшарди. Агар ҳали ҳам бирор жойга кўчиб кетмаган бўлса, ҳозир уйида. Аниқ биламанки, ухламаган. Ухламайдиган ноёб одамлар хилидан у. Китобга муккасидан кетган. Ўзи жисмоний тарбияда ўқийди. Лекин кечаю кундуз қўлидан китоб тушмайди. Айниқса, шайх ҳазратларининг китобларини кўп ўқийди. Шунинг учун бўлса керак, мулла бўлиб қолган. Бировга қаттиқ гапирмайди. Бировнинг кўнглини оғритмайди. Шунингдек, қизларга тик қараганини сира кўрмаганман. Баъзан йўлда кетаётганимизда ўзига хос, жуда замонавий очиқ-сочиқ кийинган қизларга дуч келиб қолсак, шу заҳоти кўзлари ерга қадалади. Бошқалар эса «кетворганни» кўринмай қолгунча кузатиб қўйишади. Кейин воҳ, дейди, оҳ, дейди. Ва ўша гўзал ҳақидаги баҳсни бошлаб юборишади.

Унинг исми Қобил. Ота-онаси билиб қўйган экан. Ҳақиқатан ҳам, Қобил қобил бола.

Аммо унинг ҳам бунча пулни кўрганидан кейин эсхонаси чиқиб кетмайдими? «Ҳаром пулларни йўқот», демайдими?! Деса дер. Яхшилаб тушунтираман-да.

Машинани тўғри Қобилникига ҳайдадим. Бахтимга кўчиб кетмабди. Одатдагидай китоб ўқиб ўтирган экан. Яна қолгани ҳам кўнглим сезганидай бўлди. Аввалига менинг оғзимдан келаётган бадбўй ҳиддан жаҳли чиқди. «Уялмайсанми», деди. Пул ҳақида эшитганида эса сал қолса «томи» кетаёзди. Кўзлари олайиб кетди. Қизариб-бўзарди. Мен унга ялина бошладим. Озми, кўпми тушунтирдим. Кейин тезда қайтиб келишимни айтиб, амаллаб уйида пулни қолдирдим.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

 

 

loading...