Ўзбекистонлик муҳожир беш ёшли бола ҳамда унинг онаси, бувиси, бобосини ўлдиришда гумон қилинмоқда

0

2021-йилнинг 28 февраль куни Нижний Новгород яқинидаги уйнинг биридан вояга етмаган бола, унинг онаси, бувиси ва бобосининг жасадлари топилди. Улар ваҳшийларча ўлдирилган, деб хабар беради BBC. Гумонланувчи қўшни Владимир вилоятида қўлга олинган бўлиб, у Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси шаҳарнинг Кудма посёлкасида содир бўлган мудҳиш воқеа тўғрисидаги хабарларни тасдиқлаган — беш ёшли болакай, 41 ёшли она 63 ёшли буви ва 64 ёшли бобо ўлдириб кетилган.

Марҳумлар жасадини текшириш вақтида зўравонлик аломатлари аниқланган. Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 105-модда (икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлдирилиши) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳозирча фожиа юзасидан бошқа маълумотларни ошкор этмаган.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, икки нафар гумонланувчи Нижегород билан қўшни бўлган Владимир вилояти ҳудудида ЙҲХББ ходимлари томонидан қўлга олинган. Тергов қўмитаси эса гумонланувчилар бир киши эканлигини билдирмоқда.

Жиноят ишида ўлдириб кетилган оиланинг участкасида меҳнат қилган ишчилар гумон қилинмоқда, улар ушбу жиноятни ўғрилик мақсадида амалга оширган бўлишлари мумкин.

«Интерфакс»нинг ёзишича, гумонланувчи бир киши — Ўзбекистон фуқароси. «У оилада ишлаган. Қотиллик сабаблари ўрнатилмоқда», — дейилади хабарда. Нашр манбасининг сўзларига кўра, қурбонлар гумонланувчи томонидан пичоқланган ёки бўғиб ўлдирилган. «Ҳам пичоқ, ҳам бўғиб ўлдириш аломатлари мавжуд», — дейди манба.

«Гумонланувчи Ўзбекистондан келган бўлиб, оилада турли ишларни бажарган. Қотиллик ўғрилик мақсадида амалга оширилган бўлиши мумкин», — дейди «РИА Новости» манбаси.

Россия Тергов қўмитасининг Нижегород бошқармаси тўрт кишидан иборат оиланинг ўлдирилишида 26 ёшли эркак гумонланаётганини маълум қилган. Шунингдек, гумонланувчининг тергов вақтида олинган сурати ҳам эълон қилинган.

Тергов қўмитасининг пресс-релизида ёзилишича, гумонланувчи аввал гаражда ишлаётган 64 ёшли нафақахўрга ҳужум қилган, шундан сўнг унинг уйдаги 63 ёшли рафиқасига ташланиб, жабрланувчига пичоқ орқали жароҳат етказган.

«Кейин эса 41 ёшли келинини ва унинг беш ёшли ўғлини ўлдирган. Катта миқдордаги пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган», — дейилади баёнотда.

«Интерфакс» манбасининг маълумотларига кўра, гумонланувчи қўлга олиш режаси бўйича уни олиб кетаётган таксичи ёрдамида ушланган. «У таксичига 45 минг рубль берган, Санкт-Петербургга бормоқчи бўлган», — дейди агентлик манбаси.

Оиланинг икки аъзоси — тўнғич қиз ва унинг отаси фожиа вақти уйда бўлмагани сабаб омон қолган.

loading...