Александр Лукашенко тўнғич ўғлига генерал унвонини берди

0

Беларус президенти Александр Лукашенко бир қатор шахсларга махсус ва ҳарбий унвонлар берилиши ҳақидаги фармонни имзолади. Жумладан, Лукашенко фармон билан ўзининг тўнғич ўғли Виктор Лукашенкога захирадаги генерал-майор унвонини берди.

Беларусда генерал ва полковник унвонлари фақатгина президент фармони билан берилади. Александр Лукашенконинг ўзи эса подполковник ва бош қўмондон унвонларига эга. У 2019 йил курсантлар билан суҳбатда ўзига полковник унвонини бера олмаслигини айтган.

“Мен бунга лойиқлигимни билган тақдирда ҳам, ўз-ўзимни тақдирлай олмайман. Менда бундай муаммо йўқ. Кимнидир тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолаганда эса хурсанд бўламан”, деб айтган ўшанда Лукашенко.

Беларус президенти ўғлидан ташқари, бир қатор бошқа шахсларга генерал унвонларини берган.

26 февралда Беларус етакчиси ўз ўғли Виктор Лукашенкони сайлаш билан эгалланувчи лавозимга ўтиши муносабати билан миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси лавозимидан озод қилганди.

45 ёшли Виктор Лукашенко Беларус Миллий Олимпия қўмитаси президенти этиб сайланган. Бунгача 1997 йилдан ушбу лавозимни Александр Лукашенко эгаллаб келган.

Беларус президенти ўғли ХОҚ президенти этиб тайинланса, унинг давлат хизматчиси бўлмаслигига ва миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчи лавозимидан озод қилишга ваъда берган. Шунингдек, у ҳокимиятни ўғилларига, жумладан тўнғич ўғлига топшириши ҳақидаги гапларни рад этган.

loading...