Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

0

Шу пайтгача Лайло янга уч-тўрт марта Ҳамдам акага қўнғироқ қилганди. Атай жавоб бермагандим. Энди унга ўзим қўнғироқ қилдим. Додлаб юборди. «Сизга ишонгандим, Жасуржон, хаёлим қаёқларга кетмади», деди. Кейин йиғлади. Мен эса кечирим сўрашга тушиб кетдим ва манзилини олдим.

Ҳамдам акани уйғотишим қийин бўлди. Туринг десам, ғўлдирайди-да, қўли билан қандайдир ишоралар қилади. Сўнг яна ухлашда давом этади. Янга чиқиб келди. У эрини турткилади. Хуллас, уйғотишни уддаладик. Кейин мен бир томондан, янга иккинчи томондан суяб, уйига олиб кирдик. Сўнг яна янгадан бир неча марта кечирим сўраб, катта йўл томон югурдим.

Қобил ҳовлида у ёқдан-бу ёққа бориб келиб юрган экан. Мени кўрдию, қўлини мушт қилди.

— Тўғрисини айт! Қайси банкни ўмардинг?! — деди ғазаб билан.

— Жўражон, ўлиб кетай агар бирорта банкнинг яқинига борган бўлсам. Ундан кейин банкка тушганимда аллақачон эшитган бўлардинг! Ундан кўра, эшингнинг тагида мени сўроққа тутмасдан ичкарига бошла, ҳаммасини тушунтириб бераман.

Талабанинг шоҳона дастурхони. Бир буханка нон (унинг ҳам ярми ейилган) ва чойнакдаги совиб қолган чой.

Чой ичганимдан кейин қоровуллигимдан бошлаб ҳозиргача бўлган воқеаларни бирма-бир гапириб бердим. Қобил қулоқ қоқмай эшитди. Баъзан қошлари чимирилди, баъзан безовталанди. Лекин гапимни бўлмай, охиригача сабр-бардош билан эшитди.

— Бўлгани мана шу, жўра! Хоҳласанг, Қуръони Каримни бер, қасам ичаман. Хоҳласанг ишон ва менга ёрдам бер, — дедим ҳикоямни тугатганимдан сўнг.

— Мен сенга қанақа ёрдам беришим мумкин? — дея Қобил юзимга тикилди.

— Шунча пулни нима қиламан, қаерга олиб бораман?!

— Билмадим. Ана бор, давлатга топшир.

— Ҳа-а, тўппа-тўғри. Ана ундан кейин қўлимга кишан урилади ва қарабсанки, турмада ўтирибман, ажалимни кутиб.

— Нега ажалингни кутасан?

— Бошқа нима? Шунча ишимдан ке-йин мен соғ қўйишади, деб ўйлайсанми? Керак бўлса, уруғ-аймоғим билан бирга йўқ қилиб юборишади. Сен уларни билмайсан. Агар мен кўрганларнинг ярмини кўрганингда борми, тўғри жиннихонага кетардинг.

— Бошим қотди, жўра. Ўзидан қолганларга бер десам, пул ҳаддан кўп. Бунча пулни бирор жойда ишлатолмайсан ҳам. Тўхта, сал топгандайман. Бўлиб-бўлиб етимхоналарга тарқатсанг-чи?!

— Шундай қилсам бўлади-ку, лекин, жўра, мен бир-иккита барзанги Худодан қайтганини кўрдим. Шафқат нима эканини билмайди. Ана ўшалар етимхонадан чиққан. Ундан кейин ўша етимхонанинг бошлиқларига қандай ишонасан?

— Сен бошқача қилиб бер. Айтайлик, бозорга тушиб, етим болалар учун кийим-кечак сотиб ол. Сўнг олиб бориб бер. Керак бўлса ипподромда танишим бор.

— Биргалашиб сотиб оламиз. Мен етимхонага бормайман, сен борасан.

— Майли-ку. Савоб ишдан қайтмайман. Лекин қани эди эгаларини билганингда… Обориб, эгаларига берганимизда бошқача бўларди.

— Балки, топилиб қолар. Энди, жўражон, мен ётай. Озгина мизғиб олмасам, эртага кун бўйи тинкам қуриб юради.

Қобил ўзининг жойини менга берди. Бошимни ёстиққа қўйдиму, шу заҳоти қотиб ухлаб қолдим.

Агар эртаси кун, соат саккизларга яқин Қобил уйғотмаганида, пешингача ёстиқдан бош кўтармаган бўлардим.

— Эртароқ бор, шубҳа уйғотиб қўйма, — деди у меҳрибонлик кўрсатиб.

Мен Қобилнинг уйидан чиқаётганимда қандайдир енгил эдим…

Яна машғулотларда қатнашдим. Сув ҳавзасига бордим. Ўттиз икки килолик тошни «қучоқлаганча» бу сафар тўрт дақиқача нафас олмай турдим. Ана ундан кейин сиёсий ўқиш бўлди. Ва кун адоқлади.

— Роса чарчадим, — деди Содиқ ака ташқарига чиққанимиздан кейин, — лекин битта иш бор, шуни бажармасам, келинойинг уйга қўймайди.

— Бозорга тушишиз керакми?

— Эй-й, қанақа бозор? Биз бозоримизни супермаркетга ўтказиб олганмиз. Келинойинг машинамни алмаштириб беринг, деб бир ойдан бери калламни қотиради.

— Машиналари қанақа?

— «Леганзе».

— Зўру! — дедим ҳайратим ошиб.

— Ҳмм, зўр, лекин ёқмай қолганидан кейин нима қиласан? Янги «Мерс»ни кўнгиллари тусаб қолган…

— Жа қиммат турса керак, ака!

— Қиммат. Лекин амалласа бўлади. Аслида, пул бор. Аммо ишлатгим келмаяпти. Битта фирма ишкалининг хабарини олдим. Сув чиқарадиган. Товар айланмаси — даҳшат. Лекин нақд пулнинг ҳаммасини банкка топширмайди. Солиқдан қочади. Қарабсан-ки, бизга гўшт. Ўзи қўнғироқ қилиб қўйибман. Менинг ҳақимни тайёрлаб қўйишибди. Фақат олиб кетиш қолган. Шунга мен билан бирга борсанг.

— Ака…

— Жасурбек, — деб Содиқ ака бирдан менинг гапимни бўлди, — баъзи бир нарсалардан кўз юмиб юрганларимни эслатиб қўйишим керак сенга. Айтайлик, уйингнинг яқинида ўлиб қолган одам бор. Ҳамма уни «қулоқ» дерди. Ўша билан энг охири сен гаплашганингни ўзимдан нарёққа ўтказганим йўқ.

— Мен…

— Тушунтириб ўтирма. Титкиланса, бошқа нарсалар ҳам бўйини кўрсатиб қолади.

— Бораман…

— Мана буниси бошқача бўлди!

«Лекин, сен вақти келиб пушаймон ейсан. Ундан кейин, балки, хотинингга «Матиз» олиб берарсан. Албатта, қурбинг етса!» дея кўнглимдан ўтказдим.

Ярамаснинг айтган жойига бордик. Катта корхона экан. Юк машиналар кириб-чиқиб турибди. Шунинг ўзиёқ унинг салоҳиятини кўрсатиб турарди. Бизни ташкилот раҳбарининг ўзи кутиб олди. Шундоққина фирманинг кираверишидаги қоровулхонада.

— Э-э, ака, бормисиз? Одамни муштоқ қилиб юбордингиз, келишингизни айтганингиздаёқ бу ёққа чиқдим. Қани, ичкарига марҳамат! — дея қучоғини очиб келиб, Содиқ ака билан кўришди.

Менга эса шунчаки қўлини узатиб қўя қолди. Менсимайгина. Ё тавба, мен бунга ёрдам бериш иштиёқида бўлсам, бунинг кеккайганини қаранг. Ўзи афт-ангори шунақалар тоифасиданга ўхшайди. Сариқ юз, сочида битта ҳам оқ йўқ. Оппоқ кўйлак, қора шимда. Узун бўйли одам. Дарвоқе, кўзи жигаррангроқ. Озгина кўкка ҳам тортса ажаб эмас.

Бунинг асл мақсади пул бериш. Шунинг орқасидан Содиқ ака билан яқинлашиб олиш ва келажакда ундан «криша» сифатида фойдаланиш. Ора-чора бир-икки сўм бериб туради. У ёқда эса билган ишини қилиб юраверади. Мабодо бирорта текширувчи келиб қолса борми, шу заҳоти Содиқ акасини қидиради.

Ҳозир мана шунақа фирмаларнинг раҳбарлари шундай қиляпти. Лекин, очиғини айтай, ўта кетган ишончсиз одамларга ишониб қолишганини ўзлари ҳам билишмайди. Содиқ ака? У аввал ўзини ўйлайди. Мабодо ўша келган текширувчи пастроқдан бўлса, ёрдам бериши мумкин. Аммо сал нозикроқ жойнинг одамлари бўлса, дарров ўзини четга олади ҳамда умид қилиб турганнинг телефон рақамини қора рўйхатга киритиб қўяди. Ана ундан кейин минг марта қўнғироқ қилмайсанми? Умуман фойдаси йўқ.

Мени қабулхонада қолдиришди. Аввало, буни Содиқ ака истади. «Сен шу ерда кутиб тур», деди. Асабим қўзиди. «Ўзинг гаплашаркансан, нима қилардинг мени бу ёққа судраб, ундан кўра Қобилнинг ёнига борардим. Нима иш қилганини сўрардим», дедим ичимда. Ҳамда котибанинг столи рўпарасидаги чарм диванга ўтирдим.

Котиба. Уни тасвирлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Озгина айтаман, шундан ўзингиз билиб олаверасиз, шакл-шамойилини. Замонавий қиз. Айтиш мумкинки, а-а-а-а-нча замонавий. Оппоқ. Қоп-қора сочи елкасига тушган.

— Шарбатми, қаҳвами? — деди котиба қиз мулойимлик билан.

— Оддий сув, газсиз, — дедим.

Шу заҳоти қизгина ўрнидан турди. Ортидаги шкафни очиб, қоғоз стакан олди. Эшик ёнидаги сувдондан сув қуйди. Келиб, тавозе билан менга берди ҳамда жойига бориб ўтириб, қоғоз қоралашини давом эттирди. Мен шошилмасдан сувни ичарканман, котибани кузатдим. Назаримда, у керакли бирор нима ёзаётганга ўхшамасди. Шунчаки қоғозга бир нималар чизиб ўтирибди. Шунинг билан бирга зимдан менга қараб-қараб қўяпти. Мен ўзимни эътибор бермаётганга олдим ҳамда сувни охиригача ичдим-да, ўрнимдан турдим. Шу заҳоти котибанинг нигоҳи менга қаратилди.

— Сувларинг жудаям ширин экан. Рухсат берсангиз, ўзим қуйиб ичсам, — дедим унга.

— Овора бўлманг. Бизда меҳмонларнинг бирор иш қилиши мумкин эмас. Уят ҳисобланади.

— Лекин мени тўйдиролмайсиз. Келинг, бир марта уят бўлмасин.

Мен стаканга сув қуяётганимда қиз ёнимга келди. Ундан таралаётган хушбўй атир ҳиди бирдан димоғимга урилди. «Бунча ширин?» деган ўй хаёлимдан ўтди. Аммо шу заҳоти котибани хўжайини чақирди.

— Нодирахон, — деди котиба ўтирадиган столнинг остидаги «колонка», — олма шарбати…

Котиба шоша-пиша музлаткичдан шарбат қутисини олди. Иккита антиқа стаканга қуйди ва хўжайиннинг хонасига олиб кириб кетди. Мен беихтиёр у «ёзган» қоғозга қарадим. У ёзмаётган, балки чизаётган экан. Яна менинг расмимни. Тўла чизиб улгурмабди. Сочим, юзим чизилган. Кўзим, бурним ҳам бор. Кўзимнинг ёнига «сирли, ўткир, синчков», деб ёзиб қўйибди.

Ана сизга олам-олам гул, мана бизга баҳор байрами! Кимдир қачонлардир «Гўзаллик дунёни қутқаради», деганмиди? Биринчидан, нимадан қутқаради? Иккинчидан, қандай? Қайтанга дунёни қайғуга ботирмайдими? Агар сиз ҳамма одам ички гўзалликни кўради ва ана шу оламни қутқаради десангиз, бекорларнинг бештасини айтибсиз. Мингта, ана боринг, юз мингтадан битта ички дунёда «сайр» этиш мумкин. Қолганлар сиртга қарайди. Нима қанчалик ялтироқ бўлса, ўша аввало харидоргир.

Бу котибани кўрган ҳар қандай йигит ошиғу беқарор бўлиши мумкин, ҳаттоки мен ҳам ичимда бир «ҳиқ» этдим. Аммо мана, кўриб турибманки, бу гўзалликнинг ортида кўпдан-кўп сир яшириниб ётган экан. Кулдим. «Эсиз. Индамайгина ишингни қилсанг-чи, нима қиласан, шу нозиклигингга тегирмон тошини ортиб», дедим ва бориб, жойимга ўтирдим.

Қиз кўп куттирмай дарров чиқди. Менга сирли нигоҳ ташлади. Назаримда, анави чизганидан хавотир олган бўлса керак.

— Бироз кутишингизни илтимос қилишди, — деди у ним табассум билан.

— Бироз нимаси? Шу ерда ўтириб, кўкариб чиқасан, дейишса, ҳеч шубҳасиз буйруқларини адо этамиз. Айтганча, бу ерга ишга кирганингизга анча бўлдими?

— Нимайди?

— Айтмоқчиманки, сиз келганингиздан сўнг шарбатлар мазали бўла бошладими ё олдинроқми?

— А-а-анча олдин. Бизнинг сифат назоратимизда хорижлик ўтиради. Биз уни ўша фирманинг ўзидан олиб келганмиз. У қирқ йилдан бери маҳсулотнинг сифатини текшириш билан шуғулланади.

— А-а-а, гап бу ёқда экан-да! Чунки мен агар шарбат лозим бўлиб қолса, фақат сизларникини олиб ичаман.

— Яхши. Раҳмат. Ўзингиз ҳали ёш экансиз. Айтайлик, мендан тахминан тўрт ёшга кичиксиз. Лекин фаҳм-фаросатингиз бошқача.

— Йўқ. Сизга шундай кўриняпти. Аслида-чи, қўпол, бетайин одамман. Рост, ишонаверинг гапимга. Фаросат, ақл, одатда, сизга ўхшаган гўзалларда бўлади. Эркак зоти маймундан юнгсизлиги билан фарқ қилади. Сизлар бизнинг одам қаторига қўшилишимизга сабабчи бўласизлар…

Шундай дейишим билан эшик очилди. Аввалига Содиқ ака кўринди. Унинг ортидан эса корхона раҳбари чиқди. Иккаласининг ҳам кайфияти аъло эди…

— Бугун келинойим бошқача кутиб олади сизни! — дедим ташқарига чиқиб Содиқ аканинг «Нексия»сига минганимиздан сўнг.

— Унчаликмасдир-ов! Шу аёл зотини сира тушуниб бўлмайди. Ишонасанми, тўйдириб бўлмайди уларни. Ҳар куни нимадир етишмайди. Ҳар куни ниманидир сотиб олиш керак. Ростини айтсам, жонимга тегиб кетди. Шунинг учун, укам, уйланишга шошилма. Қара кўчага, бир-биридан кетворган қизлар юришибди. Нақ кўзингни олади. Аммо ичларида шундай бир аждаҳо яшайдики, фақат еб, ютаман дейди… Айтганча, сени уйингнинг ёнида қолдираман. Эртадан бошлаб хўжайиннинг ёнида юрасан. Хавфсизликни кучайтирмасак бўлмайди. Авдейнинг, — деб Содиқ ака менга қаради-да, кўзини қисиб қўйди, — ўлимидан сўнг ҳар битта нарсага жиддий эътибор бермасак бўлмайди. Мен сенга айтсам, укам, хўжайинга ўхшаш тадбиркорлар минг йилда бир марта дунёга келади. Унинг битта ўзи қанчадан-қанча одамни боқади. Демак, шундайларни кўз қорачиғидай асрашимиз даркор.

«Ола-а, — дедим ичимда, — агар иложинг бўлганида, биринчи бўлиб хонавайрон қилардинг ўша хўжайинни! Агар хўжайиннинг шеф отаси бўлмаганида кўрардинг минглаб одамларни қандай «боқиши»ни. Энди уни авайлаб-асраш керак бўлиб қолибди. Худди илонни — заҳарли, бир чақишда гумдон қиладиган, тулкидан таълим олган илонни. Токи у яна чақишда, кимларнидир ямламасдан ютишда давом этсин!»

— Сенга, — давом этди Содиқ ака юзига ўта жиддийлик тусини бериб, — катта ишонч билдирилди. Тажрибангнинг озлигига, ёшлигингга қараб ўтиришмади. Шундай экан, ука, бизни уялтириб қўймайсан.

— Ёнида юрадиганлар анчагина эди, шекилли, — дедим мен.

— Эй-й, ҳаммаси қовун бўлди. Қоринлари тўйиб қолибди уларнинг. Рухсатсиз анча ишни қилиб қўйишган. Хуллас, у ёғи сен билан менинг ишимиз эмас. Сенга эртадан бошлаб хўжайинни қўриқлаб юриш топширилди. Тамом, вассалом. Қулоғингни қимирлатмасдан саҳарлабдан хўжайиннинг уйи ёнида бўласан. Қолган топшириқларни ўша ерда оласан!

Кутилмаган топшириқ. Кутилгани эса сал бошқачароқ бўлиши керак эди. Яъни мендан шубҳаланишлари, сўроққа тутишлари, керак бўлса, қамашлари кутилган эди. Энди эса нозик жойга жўнатишмоқда.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

 

loading...