Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

0

Содиқ ака ўзи айтганидай уйимнинг ёнида қолдирди. Мен уйга кирмадим. Олдинига қаҳвахонага бордим. Қорнимни тўйғаздим. Сўнг Қобилникига равона бўлдим.

Бечора ўртоғим. Шўргинанг қурсин, менга ўтроқ бўлгунингча. Ҳовлиси ҳар хил кийим-кечакларга тўлиб кетибди. Қобил эса ўша кийим-кечаклар атрофида юрибди. Қўлида қалам-дафтар. Мен уйига кирганимни сезмади ҳам. Тўхтаб, озроқ кузатдим. У аввал сариқ футболкаларни санади. Дафтарига қаради, белги қўйди. Кейин кейингисини санади. Белги қўйди…

— Ҳорманг! — дедим кулиб.

Қобил мен томонга ўгирилди.

— Сен нима балони менинг бошимга ёғдириб кетдинг! Қон бўлдим! Қон! Битта нарсани уч марта санаб чиқдим! — дея бақирди у.

— Каллани бир жойга қўйиб…

— Э-э, калла қолдими? Буларингни бозордан санаб сотиб ол. Сифатсизини қайтариб бер. Орт, тушир, яна қайта сана… Бир-икки хил нарса бўлганида ҳам майли эди. Нақ саккиз хил. Хуллас, мана, ўзинг қил. Мен ҳеч нимага аралашмайман! Пулинг худди тегинилмагандай турибди. Ол, унингни ҳам!

— Қобил, жўра, шуми, савоб иш қилмоқчи бўлганинг? Ҳали шунга дод-вой қиляпсан, қолганига нима дейсан? Мен сени иймонли, инсофли дўстим дегандим.

— Ҳов, биттасини иккинчиси билан аралаштирма. Бундан кўра шундай бориб, пулларингни ўша етимхоналарга, қариялар уйларига ташлаб кел.

— Тўппа-тўғри, қорни қаппайган директорларни яна боқарканмиз-да. Майли, ошна. Қарасам, анча мазанг қочди. Мен бир-иккита масжидларнинг имомларини биламан. Тоза. Левий-правийси йўқ. Ўша масжидларнинг қутиларига ташласак. Ана ундан кейин уларнинг ўзлари керакли жойларга ишлатаверади.

— Зўр фикр. Кейин мардикорларга ҳам берсак-чи?!

— Бўлмайди. Уларни биламан. Биринчидан, талотўп бўлиб кетади. Иккинчидан, бир-бирини тўнашга тушади. Учинчидан, «Йўқ жойдан қўлимга шунча пул тушиб қолди. Болаларимга олиб бориб берай ёки шу пулга бирорта иш қилай», демайди. Энг зўр ресторанга киради-да, тўйганича еб-ичади, шу билан ҳаммаси олам-гулистон. Албатта, ҳаммаси ҳам шунақа эмас, лекин саксон фоизи худди айтганимдай.

— Унда машина топиб кел. Мен бозордан сотиб олган нарсаларни бир ҳафта уйимда сақламоқчи эмасман. Ундан ке­йин уйнинг эгаси ҳам ҳали-замон ижара ҳақига келиб қолади. Кўриб, кўзи ўйнаб юрмасин, — деди Қобил.

Мен уйдан чиқиб, такси тутиб келдим. Ҳайдовчининг қулоғига қуйдим:

— Яхши тадбиркор акамиз бор. Шу одам бизга кийим-кечак ташлаб кетди, етимхоналарга, қариялар уйи­га тарқатасизлар деб. Савоб қилмоқчи экан. Шунинг учун биров менинг кимлигимни билмасин, деди.

Ҳайдовчи яхши одам экан.

— Унда менга фақат бензин пулини беринг­лар, ўзимнинг хизматим текин, — дея кўнглимни кўтарди.

Айланиб чиққунимизча қоронғи тушди. Лекин елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Ҳайдовчига рухсат бериб юборганимиздан сўнг Қобилни яхши ресторанга олиб кирдим. Обдан қорнини тўйғаздим. Сўнг пулларни масжидларга тарқатишни ҳам секин елкасига юкладим. Бош­қа иложим ҳам йўқ. Чунки хўжайин билан бирга юраман, у мени қачон қўйиб юборса, ўшанда бўшайман.

Шундай ошна-оғайнингнинг бори яхши-да! Қобил елкамдаги «тош»ни ўзининг гарданига олди. Бошқа биров бўлганида борми, ярмидан кўпини ўзлаштириб юборарди. Қобил эса чўнтагидан сарфласа сарфлайдики, бир ти­йинга хиёнат қилмайди.

Уйга борсам, Одил бир аҳволда йўлакда ўтирибди. Бошини зўрға кўтаради. «Тамом бўлдим», «Ушлашди», дейди. Нега ушлайди? Ким ушлайди? Бу ёғини гапирмайди. Бошини сарак-сарак қилади. Фақат юқоридаги шу иккита гапни такрорлайди. Уни суяб, хонасига олиб кирдим-да, каравотига ётқизиб қўйдим. «Камроқ тортиш керак. Эртага шу гапларингнинг биттасини ҳам тан олмайсан», дедим ва чиқиб кетдим.

Эртасига саҳарлабдан эшигим тақиллади. Уйқу ширин. Кун бўйи югур-югур қилганман. Шу боис сира ўрнимдан тургим келмади. Аммо у ярамас ҳам бир лаҳза бўлсин, тақиллатмасдан туролмади. Борган сайин эшикни қаттиқроқ уради. Ўрнимдан туришга мажбур бўлдим. Бориб, амаллаб эшикни очсам, Одил экан.

— Нима гап? — дедим.

— Кеча сен мени уйга киритиб, ётқизиб қўйдингми? — деди Одил шанғиллаб.

— Ҳа, нимайди?

— Ҳеч нарса демадимми?

— Дединг. Фақат аввал яхшилаб ювиниб, тиш-пишингни тозалаб, бирор нима еб, кейин эшигимни тақиллатмайсанми? Олдингда туриб бўлмайди! — делим жаҳлим чиққанидан афтимни буриштирарканман.

— Э, оғайни, нималар деяпсан, уйғонганимдан бери ўзимни-ўзим еб қўйдим!

— Бор, чўмилиб ол, кейин айтаман нима деганингни!

Одил кетди. Бизнинг уйқу эса ўчди. Мажбур саҳарлабдан унга айтганларимни ўзим ҳам бажардим. Сўнг Одилнинг уйига бордим. Унинг боши эгилган, аза тутиб ўтирибди. Тикланиш учун «ютиб» ҳам олибди. Боя ҳовлиқиб сўраган нарсасини энди истар-истамас гапирди.

— Ушлаб олишди дединг, тамом бўлдим дединг. Бошқа бирор нимани айтолмадинг, тилинг буралмади. Энди гапир, ким ушлайди, нимага ушлайди? — дея сўрадим ундан.

— Падарингга ланъати, анави «қулоқ» қулоқлик қилган экан. Қаердан олган ёки ўзи ортимдан пойлаб бориб, ёзиб олганми, билмайман. Хуллас, анавинақанги жойга борганимни камерага туширган экан. Ипидан-игнасигача. Ўшанда ўзим ҳам жўшиб кетгандим-да. Чунки қизгина даҳшат экан. Ҳаракатларини тушимда ҳам кўрмаганман. Ҳар қандай мизожи сустни ҳам дингиллатиб юборади. Ўшани кеча кўрсатишди. «Тайёргарлигингни кўравер», дейишди. Ўзимни бирон нима қилиб қўйсамми, деб ҳам ўйладим. Фақат охирги палла ниятимдан қайтдим. Лекин тинимсиз «тортибман».

Одил гапирарди-ю, менинг кўз ўнгимдан Турсунбой қулоқнинг совуқ, қурбақа башараси кетмасди. У менга ҳам игнасини тиқиш ҳаракатида бўлганди. Лекин улгурмади. Умри қисқалик қилди. Агар яна бир-икки кун яшаганида борми, ҳаётимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаган бўларди, эҳтимол. Сабаби, Одилнинг ишини оддийгина йигитчиликка йўйишлари мумкин, аммо менинг қилмишимни хиёнат, ўғриликдан бошқасига менгзаб бўлмайди. Демак, жазо ҳам шунга яраша.

— Сиқилма, ўтиб кетади. Сен қилган ишларни кимлар қилмаган дейсан. Мен бугун хўжайиннинг ёнида юришим керак экан, шунга шошиб турибман. Кечки пайт келганимда қолган гапларни гаплашиб оламиз. Бўпти, хайр.

Хонамга қайтиб кирдим. Иккита тухум пишириб едим. Сўнг гарчи ҳали вақтли эса-да кийиниб ташқарига чиқдим. Бир муддат айландим. Эрталабдан бошим хумдай. Нимани ўйласам, охири муаммо. Юрагим сиқилиб кетди. Бир жойларга кетворсамми, деган хаёлга ҳам бордим. Аммо бир жойга кетиб ҳам одамга ўхшаб юролмасам керак. Чунки калла шу-шу.

Ниҳоят, машина келди. Оппоқ «Нексия». Ҳайдовчиси мендан катта. Гавдаси ҳам, қўлларининг мушаклари ҳам. Пешонаси тиришган. Боши тап-тақир. Мўйлов ва соқол қўйиб олган. Кўзини қора кўзойнак тўсиб турибди. Исми Расул экан бу одамнинг.

— Бугун маишат, укам. Шефнинг туғилган куни. Дачага борамиз. Тоққа! — деди у мен машинага ўтиришим билан.

— Жа, маишатмасдир. Турсак керак қаққайиб, — дея жилмайдим.

— Умуман олганда, шундай-ку-я, лекин, барибир, байрам байрам-да. Биринчидан, ҳаво зўр. Иккинчидан, «зўр»ларни кўрасан. Учинчидан, қозоннинг ёнидасан. Демак, оғзингга нимадир тегади. Болалар айтишди. Владивостокдан қора икра келганмиш. Нақ юз кило. У ёғи ичимликлар Англияники. Французларники ҳам бор. Аэропортдан ўзим олиб келдим. Шунча нарсадан бизга ҳам озгина бўлса тегар, — дея Расул рулга бақувват қўллари билан уриб қўйди.

Бир соатга қолмай манзилга етдик. Меҳмонлар йўқ экан ҳали. Ошпазлар, боғбонлар юришибди ва яна бизга ўхшаган қўриқчилардан бирор ўн киши.

Машинадан тушишимиз билан юмуш топширилди. Ошхонани кўрикдан ўтказиш. Текширдик. Шубҳали бирор нима топмадик. «Бўмайди ҳам, — деди Расул, — кимнинг ҳадди сиғади шундай одамга қарши бирор нима қилишга?! Ундан ке­йин ошпазлар пиширган овқатини энг аввал ўзлари ейишади. Заҳарланишмаса, биз чўқилаймиз, ана ундан сўнг шеф ва унинг меҳмонларига тортилади».

Шведларнинг столини яхши биласиз. Ана шундай қилинди. Боғнинг энг сўлим жойидаги столнинг устига қўйишди. Исталган одам истаган нарсасини бориб олади-да, еб-ичиб кетаверади. Бундан ташқари, дала ҳовлининг шимолий шарқидаги антиқа (мажнунтолни эслатиб юборади, аммо мажнунтол эмас) дарахтларнинг соясига йигирматача айланма столлар қўйилди ва уларнинг усти ҳам ҳар хил егулик билан тўлдирилди. Фақат иссиқ овқат қўйилмади.

Бу ишлар адоғига етганидан сўнг Расул менга:

— Беш-ўн дақиқадан сўнг хўжайин келади. Сен унинг ёнида юрасан. Битта қадам ташласа, битта ташлайсан, иккита бўлса, иккита. Ҳаттоки ҳожатхонага ҳам бирга борасан, — деди.

— Ёнида тураманми, томоша қили-иб? — дея кулдим.

— Яна бир марта шундай десанг, калланг кетади. У ёғига қаерда туришни ўзинг белгилаб оласан!

— Хўп.

— Бор, дарвозанинг ёнига!

Лекин дарвозанинг ёнига боришга улгурмадим. Катта тезликда учта қоп-қора «Жип» кириб келди. Ҳали ҳам вақтида ўзимни четга олиб қолдим, йўқса, уриб кетиши ҳеч гап эмасди. Ғазабим пешонамга чиқиб кетди. Шу машинани ҳайдаб келганларни уловидан судраб тушириб, бўғ-и-иб-бўғ-и-иб ташлагим келди-ю, яна шайтонга ҳай бердим. Бунинг ўрнига машиналарнинг ортидан югурдим. Бахтимга ҳовли йўлининг охири, иморатнинг ёнигача кетишмади. Эллик қадамча юрганларидан сўнг тўхташди.

Тахминимча, хўжа­йин ўртадаги «Жип»да ўтирибди. Югуриб бориб, орқа эшикни очдим. Адашмабман, ҳақиқатан ҳам, хўжа­йин шу машинада экан. Ёнида елкалари кўксигача очиқ, калта юбка кийган, сап-сариқ сочли бир қиз ўтирибди. Унга кўзим тушди-ю шу заҳоти нигоҳимни олиб қочдим. Чунки ортиқча қараш мумкин эмас.

— Қалайсан? — деди хўжайин машинадан тушиб, елкамга ураркан.

Зўрма-зўраки илжайдим.

У қора кўзойнагини олиб, оппоқ костюмининг кўкрак чўнтагига солиб қўйди-да, навбатдаги саволни берди:

— Ҳамма нарса тахт­ми?

— Худди шундай.

— Қанчасини еб адо қилдинглар?

Биров бошимга гурзи билан ургандай бўлди. Одам дегани ҳам шунчалик паст кетадими?

— Сизни кутиб турибмиз, хўжайин, — дедим.

— Ҳмм. Лоличка, — у шундай деб ўзидан кейин тушган қизнинг елкасидан қучди ва гапида давом этди, — ўзинг бир кўриб чиқасан. Папашанинг кўнглига тегиши мумкин бўлган бирор нарса бўлмасин.

— Албатта, дадаси.

Демак, бу олифта хўжайиннинг хотини. «Ҳэ, ўл-э, ҳали замон қайнотанг келади. Унинг олдига шу аҳволда чиқасанми? Тўхта, булар европалашиб кетган одамлар-ку, бундан баттар кийиниб юришлари ҳам мумкин. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам кўксини сал ёпадиган кўйлак киймаган экан-да», деб ўйладим. Шу пайт ке­йинги машиналардагилар ҳам тушишди. Хотин-халаж. Бари бир-биридан баттар кийинган. Иккита бола бор. Олти, саккиз ёшлар атрофида. Шунингдек, тўртта барзанги.

— Бахти! — деди хўжайиннинг хотини.

Барзангилардан бири унга ялт этиб қаради. Сўнг ёнига югуриб келди. Шу заҳоти Лоличка уни қўлтиқлаб олди.

— Юр, мени битта сайр қилдириб кел. Столларни кўрамиз!

Унинг гапи хўжайинга ёқмади, шекилли, афтини бужмайтириб қўйди ва бино томонга кета бошлади. Мен унга эргашдим. Хўжайин сал нарига ўтиб, сўкинди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)