Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

0

Уй ичкарисига кирдик. Бу ҳам уларнинг олдинги иморатлари каби шоҳона. Полга қараб, бемалол сочингни тарашинг мумкин. Тепага чиқадиган зинанинг тутқичи, менимча, олтиндан бўлса керак ёки тилла суви югуртирилган.

Мен пастда қолдим. Хўжайин эса иккинчи қаватга кўтарилди. Менга «Шу ерда қол» ишорасини қилиб кетди. Кейинги баланд деразадан ташқари яққол кўзга ташланиб туради. Аммо ташқаридагилар ичкарини кўра олишмайди. Нигоҳим билан Лоличка ҳамда Бахтийни қидирдим. Ҳов ана. Иккиси ёнма-ён турибди. Швед столининг ёнида. Ҳақиқатан ҳам, европаликлардан ҳам ўтиб кетибди булар. Лоличка столнинг устидан қандайдир егуликни олиб, уни бир тишлайди-да, қолганини Бахтийнинг оғзига солиб қўяди. Бахтий нимадир дейди, Лоличка хандон отиб кулади. Кулги ҳам, Бахтийнинг нима дегани ҳам менга эшитилмайди. Лекин Лоличканинг яйраб қаҳқаҳа отганига қараганда бу Бахтий деганлари теша тегмаган, антиқа гапларни кўп ва хўп билса керакки, Лоличкани ўзига маҳлиё қилиб олибди. Аммо ҳаммасидан ҳам ажабланадиган томони, Лоличка хўжайиннинг — Шарифнинг хотини. Шариф унча-мунча «баландлик»даги одаммас. Бунинг устига ҳозир хўжайиннинг ҳамма қариндош-уруғи, таниш-билишлари йиғиладиган кун. Ана шундай пайтда Лоличка беш бегона билан қўлтиқлашиб юрибди ва бунинг учун эри бирор нима деёлмаяпти. Очиғини айтай, ҳар қандай Европа давлати бўлсин, ҳар қандай миллат бўлсин, ана борингки, маймун бўлсин, ўзига тегишли бўлган жуфтни қизғанади. Шарифда эса қизғанишдан асар ҳам йўқ. Фақат хотинига эшиттирмай сўкиняпти, холос. Наҳотки Лоличка уни шунчалик муттаҳам қилиб қўйган бўлса?! Таажжуб! Шунақаси ҳам бўларкан-да.

Хаёлга берилиб, ташқарига термилганча қотибман-у, хўжайиннинг пастга қайтиб тушганини сезмай қолибман.

— Нимага тикилиб турибсан? — деди у дабдурустдан.

Сал-пал чўчигандай бўлдим, аммо шу заҳоти ўзимни қўлга олдим ва:

— Ўзим шундай, Шариф ака, — дея жавоб бердим.

— Ўзинг шундаймас. Сенинг ўрнингда бўлганимда мен ҳам шундай бақрайиб қолардим. Садқайи опа кет, садқайи ука кет. Худди ҳалигидақаларга ўхшайди, — шундай деб, хўжайин эшик томонга юрди. Мен унга эргашдим.

У ташқарига чиққанидан кейин хотинини чақирди. Лоличка дарров келмади. Олдинига столнинг устидаги яна бир нималардан татиб кўрди-да, ундан кейин келди. Ўша укаси билан бирга.

— Бахтиёр, бор, сен дарвозанинг ёнига, ҳали замон меҳмонлар келишни бошлашади. Кутиб ол. Одамга ўхшаб муомала қил. Энди сен ҳам катта бола бўлиб қолдинг, — деди Шариф қайнисига.

— Почча, уялтиришни сира қўймайсиз-да, — деди ўнғайсизланган Бахтиёр.

— Сен уялмайсан. Уялганингда, опанг чайнаган овқатни емасдинг.

— Адаси, бу нима деганиз? — дея узун киприкларини пирпиратиб эрига қаради Лоличка.

— Кўрганимни гапирдим. Ичкарига киргин-да, кийимларингни алмаштир. Пляжда юргандай юрибсан.

Во, бор экан-ку. Мен Шариф бутунлай инон-ихтиёрини хотинига топшириб қўйибди-да, деб ўйлагандим. Йўқ, у ҳам эркак экан. У ҳам хотинига қаттиқ-қаттиқ гапира оларкан. Ундан кейин Бахтий унинг қайниси эканлиги ҳам яхши бўлди. Акс ҳолда, хаёлим жа бузилган эди.

Шариф эрталабдан қизишиб олди. Танлаб-танлаб, шотландларникини очди. Ютди-ю, калласини сарак-сарак қилиб:

— Жа, тоза ишлашади-да, умуман хиёнат йўқ. Топ-тоза. Бизникилар бўлса, заводнинг ўзидаёқ ҳар хил бало-баттарларни қўшиб ташлашади, — деди.

Орадан бир муддат ўтиб, унинг қайнотаси келди. Уям катта одам экан. Бўйи пастгина, сочи оппоқ, қисиқ кўз, қирра бурун, лекин жа-а-а, катта одам экан. Шариф уни роса айланиб ўргилди. Боиси, қайнотаси совғани боплаган экан. Шефнинг расмини гиламга туширибди. Шунчакимас, тилла ип билан тўқилган. Даҳшатнинг ўзгинаси, кўзни олади. Тасаввур қиляпсизми, шайтон нусха гиламда ярақлаб турибди.

— Буни, — деди Шариф, — ичкарига кирганларидан кейин берамиз. Дадам роса хурсанд бўлади. Боплабсиз!

— Қўлимиздан келгани шу бўлди. Бундан ортиғига қурбимиз етмайди, — дея ҳиринглаб кулди қайнота.

— Камтарсиз, дада, камтарсиз. Шу хусусиятингизни тўла ўзлаштиролмай ҳалакман.

— Ҳечқиси йўқ, Шарифжон. Ҳали мендан ўтиб кетасиз. Қайнота-куёвнинг тупроғини бир жойдан олади, дейишади.

— Юринг, ичкарига.

— Қачон келаркан, қудам?..

— Ҳализамон келиб қолсалар керак. У ёққа чақиришибди. Жуда зарур экан.

— Бекоргамас, ўғлим. У ёқда ҳам яхши қутлашади. Меҳмонлар ҳали келишмадими?

— Негадир кечга қолишяпти.

— Келишади. Қутлов у ёқдан бошлангандан кейин бу ёққа сал кеч келишади-да. Айтганча, аэропортга одам жўнатилдими?

— Ҳа, акам турибди. Унга ишонмаганимдан ёнига тўрттасини қўшиб қўйдим. Бу ёққа келтириб ўтирманглар, тўғри, уйга олиб боринглар, дедим.

— Яхши қилибсиз. Қани бўлмаса, бошланг, ўғлим.

Ўғил-куёв қайнота-дадани бино сари олиб кетди. Мен улардан икки қадам ортда борардим. Қайнота мендан шубҳаландими ёки бирор нима демоқчи бўлиб кейин ниятидан қайтдими, ҳар қалай, икки марта ортига ўгирилиб қараб қўйди.

Ичкарига кирганимизда бизни Лоличка кутиб олди. Тўғриси, боя эри билан келганидаги кийими тузукроқ эди. Энди буниси… Тўғри, узун. Ерга судралиб юради. Аммо икки ёни оёғининг энг тепа қисмигача очиқ. Кўкрак қисми ҳам кенггина очилган. Елкани-ку, ҳеч нарса ёпмаган. Хуллас, чет элнинг санъаткорларига ҳар хил мукофотлар бериладиган маросимда аёллар қандай кийинишса, Лоличка ҳам худди шундай либосда. У отасининг лабидан ўпиб кўришди. Кейин бўйнидан қучоқлаб олди.

Кечадан бери бирам соғинганлигини, бирам соғинганлигини айтди. Сўнг ота куёви билан иккинчи қаватга кўтарилди. Лоличка ташқарига йўл олди.

Менга ташқарига қараш, Лоличкани кузатиш қизиқ эмас эди. Кейин ҳашамат билан безатилган дастурхонга, хизмат қилаётганларга ҳам кўзим ўрганиб қолди. Балки, қизиқдир ҳам. Лекин тепадаги «хо-хо, хе-ха», «жаранг-журунг» қизиқишларимнинг ҳаммасини ўзига тортиб олди. Яна уларнинг эҳтиётсизлик қилиб айтган бир-иккита гапи қулоғимга чалиндики, ўйланиб қолдим. «Зўравон топилдими?» сўради қайнота. «Биз охирига етмаган ишнинг ўзи йўқ», деди хўжайин.

Шундан сўнг жаранг-журунг эшитилди. Кейин қайнота куёв орасида олди-қочди гаплар бошланиб кетди.

Зўравон ким? Менимча, Шарифнинг қайнотаси Авдейнинг уйига тушган зўравон ҳақида гапирди. Уни қилган одам менман ва мен ҳозир Шарифнинг ишончли қўриқчиларидан биттасиман. Аммо менга нисбатан ҳали ҳеч қанақа ҳужум бўлмади. Нозик жойга қўриқчиликка қўйишганига қараганда ҳали босқинчиликни ким қилганлигини билишмайди. Билишганида, ўҳ-ҳў, ҳозир ким билади қаерда юрардим. Эҳтимол, жанозамни ҳам ўқимасдан гўрга тиқишган ва танам аллақачон чириш жараёнини бошлаб юборган бўлармиди?..

Наушник орқали хабар беришди. «Меҳмонлар кела бошлашди, хўжайинни огоҳлантир». «Хўп», дея жавоб қайтардим-да, енгил қадам ташлаб юқорига кўтарилдим.

Қайнота-куёв думалоқ стол атрофида бир-бирига юзма-юз ўтиришибди. Столнинг усти тўла. Кўриниш беришим билан менга юзланган хўжайиннинг ёнига тезгина бориб, хабарни етказдим.

— Начора, турамиз, — деди қайнота куёвига енгиллик бериб, кафтларини очаркан.

Меҳмонларнинг алламбало машиналари дарвоза ортида қолдирилди. Бу ёққа ўзлари киришди. Ҳаммаси пўрим кийинган одамлар. Ораларида бир-биридан сулув қизлар ҳам бор. Албатта, уларнинг аксарияти худди Лоличка каби кийиниб олишган. Демакки, кибор аёллар.

Шарифнинг қайнотаси ўзини сипо тутди. Аммо Шарифнинг ўзи ҳар биттаси билан ўпишиб кўришди. Биттаси билан бошқаларига қараганда бир лаҳзадан ортиқроқ ўпишиб турди. Диққат қилинмаса, оддий, бошқаларникидай тушуниш мумкин. Аммо лабларнинг чеккагинасининг иштирок этгани ва сонияларнинг кўплигини инобатга олсак, бу иккисининг орасида яширин нимадир борлигини билиш мумкин эди.

Меҳмонларга «бош айбдор» ҳали келмаганлиги ва сабабли экани айтилганидан сўнг улар швед столи томонга бошланди.

Лоличка ўша ёқда эди. Барака топгур Лоличка худди эрининг қилиғини қилди. Фарқи: у аёллар билан ҳам «чўлпиллашди». Ўша қизғиш сочли, оппоқ юзли, қадди тик, кўзлари каттадан кичикроқ, узун киприкли ва бошқаларига нисбатан ёпиқроқ кийинган, аммо пушти ранг узун этакли кўйлаги ниҳоятда ўзига ярашган, Шарифнинг бошқаларга нисбатан кўпроққина «вақтини олган» қизнинг бурнига бармоғининг учгинасини теккизиб, бир нарсалар деди. Иккаласи ҳам жилмайди. Йўқ, жилмайишдан кўпроқ, озгина қиқирлаш ҳам бор эди.

Швед столидан меҳмонлар озғин, узун фужерлардан битта-битта қўлларига олишди.

— «Чақалоғимиз» ҳамиша бизга бош бўлиб юрсин! — деди меҳмонлардан биттаси.

— Урра! — деди бошқа бири.

Фужерлар бир-бири билан тўқнашди. Сўнг жимирлаб, пуфакчалар ҳосил қилиб тепага кўтарилаётган сарғимтил суюқликдан ҳўпланди.

— Асл! — дея ҳайқирди мўйловли, қоп-қора костюм-шимли киши. Унинг мўйлови ҳам, сочи ҳам бўялгани шундоққина билиниб турарди.

Унга жавобан Шариф қўлларини икки ёнига ёзди-да, елкасини қисиб қўйиб, ўша соҳибжамолнинг ёнига борди. Бир оғиз сўз айтди. Хонимнинг кўзлари катталашди, юзида табассум пайдо бўлди ва Лоличка томонга шоша-пиша қараб қўйди. Ҳатто озгина «Хотининг бор», дея имлагандай ҳам бўлди.

— Мусиқа! Нега жимсизлар, йигитлар!

Шарифнинг қайнотаси шундай дея бақирди.

Артистлар сал нарида эди. Мен уларни таништиришни унутибман. Қўшиқчи халқ артисти. Унвонини яқинда олганидан хабарим бор. Оддий одамлар учун у осмон. Аммо ҳозир у ер бўлиб турибди. Кўзи ўйнаб, бутун диққатини меҳмонлару мезбонларга қаратган. Шу боис буйруқсифат гап айтилиши билан мусиқани бошлашди. Роса оммабоп. Иккита қиздан биттаси хиргойи қилиб юрадиган қўшиқнинг мусиқаси.

Меҳмонлар. Дарвоқе, улар йигирмадан ортиқ эди, дарров уч-тўрттадан бўлиб олишди ва бир нималарни гаплашишга тушиб кетишди. Хўжайин ўша аёлнинг ёнига борди. Унинг ёнида худди ўзи каби яна биттаси бор эди. Латифа айта бошлади. Қизлар кулишар ва шу кулиш асносида бир қултумдан ичиб қўйишарди. Соҳибжамол. Афсуски, мен унинг исмини билмайман. Тортинмади. Лоличка бор демади. Нигоҳини Шарифга қадади.

Мен киши билмас секин Лоличкага қарадим. Унинг эри билан умуман иши йўқ эди. У ўзига ўхшаган тўртта жувон билан астойдил суҳбат қурмоқда.

Менинг наушнигимга яна хабар келди: «Навбатдаги меҳмонлар!»

Хўжайиннинг ёнига яқинлашдим.

— Сарвиқомат дилбарим…

Ў-ў, хўжайин шеър айтаётган экан. Қойил. Бунақа одамлар ўта дағал бўлади. Шеърият, адабиёт буларга умуман ёт десангиз, минг марта адашар экансиз…

— Меҳмонлар келишибди, — дея шивирладим хўжайиннинг қулоғига.

— Хонимлар, каминани афв этсинлар, — деди у аёлларга ва идишидаги суюқликни охиригача сипқорди-да, столнинг устига қўйиб, дарвоза томонга илдам юриб кетди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

 

 

 

loading...