Путин Горбачёвни 90 ёши билан табриклаб, унинг тарихда тутган ўрнини эътироф этди

0

Путин Горбачёвни тенги йўқ шахс ҳамда мамлакат ва дунё тарихининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган таниқли сиёсий арбоб деб атади.

«Сиздаги катта касбий ва ҳаётий тажриба, энергия ва ижодий салоҳият бугунги кунда оммавий ижтимоий ва маърифий ишларда фаол иштирок этишингизда, халқаро гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга эътибор беришингизда ниҳоятда қўл келмоқда», — дейилади телеграммада.

Бош вазир Михаил Мишустин ҳам Горбачёвни туғилган куни билан табриклади. Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, СССР собиқ президентининг номи бутун дунё бўйлаб «глобал ўзгаришлар тимсоли»га айланган.

Горбачёвнинг дўсти, «Москва садоси» радиостанциясининг бош муҳаррири Алексей Венедиктов шунингдек, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг табригини Telegram’га жойлаштирди.

Горбачёв 1931 йилда Ставропол ўлкасида туғилган. 1955 йилда юридик факультетини тугатгач, у ўз мутахассислиги бўйича атиги ўн кун ишлаган. Шундан сўнг у Бутуниттифоқ Ленинчи коммунистик ёшлар союзи Ставропол ўлкаси қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири ўринбосари, 1961 йилдан вилоят қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.

1966 йилда унинг номзоди КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси) Ставропол бўлими бошлиғи лавозими учун кўриб чиқилди. 1970 йилдан бошлаб у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС) ўлка қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.

1971 йилдан у КПСС марказий қўмитаси аъзоси бўлган. Турли хил тахминларга кўра, унинг Москвага ўтиши ва партия сафида кўтарилишига Юрий Андропов, Михаил Суслов, Андрей Громико ҳисса қўшган. 1980—1991 йилларда Горбачёв КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюросининг аъзосига айланган.

1985 йилдан КПСС марказий қўмитасининг бош котиби, 1988 йилдан СССР Олий Кенгаши президиумининг раиси лавозимларида фаолият юритган. 1990 йил март ойида у халқ депутатлари навбатдан ташқари сездида СССР президенти этиб сайланган.

Горбачёв давлат раҳбари сифатида қайта қуришни бошлаган, бу эса келажакда бозор иқтисодиёти ва эркин сайловлар институтининг шаклланишига, КПСС ҳокимият монополиясининг бузилишига ва СССРнинг қулашига олиб келган. Унинг ҳукмронлиги давридаги муҳим босқичлар қаторидан алкоголга қарши курашда муваффақиятсизликка учраган кампания, тадбиркорликни қонунийлаштириш, корхоналарни ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш, ҳукумат ва кадрлар ислоҳоти, ошкораликни жорий этиш ва партиялар цензурасини олиб ташлаш сингари ҳаракатлар ўрин олган.

1991 йил 8 декабрда Горбачёв даврида СССР давлатини амалда бекор қилинишини кўрсатадиган Беловежская шартномалари имзоланди. Кейинги икки ҳафта ичида Горбачёв раҳбарлигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) тузилди. 25 декабрь куни эса Горбачёв истеъфога чиқишини эълон қилди.

loading...