Тошкентда ўртоғининг тўйида меҳмонларнинг устидан сочиш учун қалбаки пул ишлаб чиқарганлар қўлга олинди

0

Ушбу ҳолат ҳақида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 23 январь куни соат 10:00 ларда  Бектемир тумани Қўйлиқ-1 даҳасида 27 ёшли Азизбек Ж. ва Олимжон Х.лар танишлари 28 ёшли Талантжон Т.нинг никоҳ тўйи бўлаётганлиги муносабати билан тўйда ўйнаётган меҳмонларнинг устидан пул сочиш мақсадида, ўзларининг синфдошлари 27 ёшли Азиз Т.га бир дона “АЕ 2489763” рақамли 100 000 (юз минг) сўмлик купюрани 10 000 000 сўм пул маблағлари ясаб бериши учун беради. Азиз Т.ушбу пулларни компьютер ёрдамида қалбакилаштириб ясаб берганидан сўнг Талантжон Т. бундан хабар топиб, улардан қалбаки 2 300 000 сўм пулларни олиб, Қўйлиқ бозорида сарфлаб юрган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Талантжон Т. холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида ёнидан 14 дона “АЕ 2480763” рақамли 100 000 (юз минг) сўмлик купюралар топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Суд техника-криминалистика экспертизасининг хулосасида, 14 дона 100 000 (юз минг) сўмлик “АЕ 2489763” рақамли пул купюралари полиграфик усулда тайёрланганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Азизбек Ж., Олимжон Х., Талантжон Т., Азиз Т.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланиб, айбланувчилар ҳимоячилари иштирокида иш ҳужжатлари билан таништирилган.

Ҳозирда жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш учун Бектемир тумани прокуратурасига юборилган.

loading...