Белоруссияда намойишчининг ўлгани ҳақида хабар берган журналист олти ойга қамалди

0

2 март куни Белоруссиядaги судлардан бири журналист Кациарина Барисевични олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Барисевич намойишлар пайтида ўлдирилган шахс ҳақидаги шахсий маълумотларни ошкор қилганликда айбланган.

Tut.by онлайн янгиликлар порталининг мухбири Кациарина Барисевич ноябрь ойидан бери ҳибсда сақланиб келинаётганди. У президентга қарши намойишларда қатнашганлардан бири Раман Бандаренканинг ҳукумат ҳужжалатларида кўрсатилганидек эмас, балки оғир жароҳатлардан вафот этганлиги ҳақида хабар бергани учун қамоққа олинган.

Бандаренка 12 ноябрь куни бош мия ва танасидаги бошқа жароҳатлар сабаб касалхонада вафот этган. Лукашенконинг мухолифатчилари эса Бандаренко Белоруссия пойтахти Минскда бўлиб ўтган намойишлар пайтида полиция томонидан шафқатсизларча калтакланганини даъво қилди. Бандаренканинг ўлими жамоатчиликнинг ғазабига сабаб бўлди ва намойишларни янада кучайтирди.

Сешанба куни Минскнинг Московский туман суди Барисевични олти ойлик қамоқ ва 1100 АҚШ долларига тенг жаримага ҳукм қилди. Шунингдек, Бандаренкани даволаган ва у ҳақдаги тиббий маълумотларини Барисевичга берган шифокор Артём Сарокинга ҳам икки йиллик шартли қамоқ жазоси тайинланди ва унга 550 доллар жарима солинди.

Белоруссия Журналистлар уюшмаси суднинг ушбу ҳукмини ҳукуматнинг мустақил оммавий ахборот воситаларининг овозини ўчиришга қаратилган ҳаракатлардан бири сифатида қоралади.

«Расмийлар журналистларга қарши мисли кўрилмаган репрессияларни бошладилар, баъзиларини қамоққа ташладилар, бошқаларни қўрқитдилар ва мамлакатдан чиқариб юбордилар» деди Журналистлар уюшмаси раҳбари Андрей Бастунец.

loading...