Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

0

Рости, мен ўзимдан-ўзим хафа бўлдим. Чунки манави ярамас қаёққа юрса, худди итдай ортидан эргашяпман. Бошқалар қаерда, кимлар билан ишлаётганлигингни, ана борингки, битта «авлиё»га қўриқчилигингни эшитса, «Вўўў!» дейишади. Лекин ўзингнинг қай аҳволдалигингни билиб турганингдан кейин ичинг эзилиб кетар экан.

Бу сафарги меҳмонлар олдингисидан кўп эди. Нақ элликтача. Аёллари кам. Бирор беш-олтита чиқар.

Ҳамма навбатма-навбат келтирган совға-саломини Шарифнинг қўлига тутқазар ва у билан қучоқлашиб кўришарди.

Менинг кўзим «кўча»нинг йирик вакилига тушди. Унинг совғаси бутунлай бўлакча экан. Оппоқ, бақувват, кўзни қувонтирадиган от! Эгарнинг матоси қизил духоба. Ёнига олтин тусли қилич акси туширилган.

— Э-э, менинг жоним-ку, бу! — деди Шариф ҳамда бориб, тулпорнинг бўйнидан қучоқлади. Ўпди.

— Равшан ака, — деди сўнгра бўйнини буриб, «кўча»нинг йирик намоёндасига қараркан, — зуккосиз!

Равшан ака қўлини кўксига қўйиб, бошини эгди. Унинг иккита бармоғида олмос кўзли йирик узук бор эди.

Меҳмонларнинг ҳаммаси ичкарига таклиф этилди. Шу пайт Шариф дарвоза ёнида турган қўриқчи йигитларга имо қилдики, буни ҳушёр бўлингларга йўйиш мумкин. Албатта, кимсан, Равшан «кўча» келиб турибди. Унинг умуман амали йўқ. Аммо пули, обрўси унча-мунча эмас. Ундан хавфсираш ҳам, муҳофаза ҳам қилиш керак.

Базм қизий бошлади. Шўх тарона янграяпти. Бироқ биров унга эътибор бермайди. Ҳамма ўша юқорида айтганимдай уч-тўрттадан бўлиниб олган.

Вақт ўтиб боряпти. Бирин-кетин меҳмон келяпти. Ҳатто анча-мунча ҳофизлар ҳам келиб қўйди. Аммо шефдан ҳамон дарак йўқ эди.

Шариф безовталанди. Бир неча марта шефнинг ҳайдовчисига қўнғироқ қилди.

— Ёнларидами? Чиқмадиларми? Кўриниш беришлари билан айтасан! — деб ҳар сафар бир хил гапни такрорларди.

Яна орадан бир муддат ўтиб, икки киши келди. Улар меҳмон ҳам, хонанда ҳам эмасди. Улардан бири Шарифнинг акаси Фахриддин эди. Оддийгина «Нексия»да келганди. Хўжайин кутиб олгани чиқмади.

— Кирсин! — деди ижирғаниб.

Менда қизиқиш ортди. Ҳолбуки, шу кунга қадар Шариф шефнинг ёлғиз ўғли бўлса керак, дея ўйлаб юрардим. Аммо унинг яна битта ўғли бор экан.

— Бу ёққа келсинми? — дедим секингина хўжайинга.

— Йўқ. Уйга олиб бор. Боя биз ўтирган хонада ўтирсин ҳамтовоғи билан, биз ичкарига кирганимизда орқа эшикдан қорасини ўчир! — дея амр қилди у.

«Қутулдим», дедим ўзимга-ўзим. «Итдай эргашиб юришдан қутулдим». Озгина муддатга бўлса ҳам ҳамда дарвоза томонга шошдим.

Жинси шим, оқ футболка ва оёғига кроссовка кийган, жингалаксифат сочи қарийб елкасига тушган, соқол қўйган, кўзлари сал қисиқ оддий одам. Мана шу шефнинг катта ўғли Фахриддин. Уни биринчи кўришда ё рассом, ё шоир деб ўйлаш мумкин.

— Ассалому алайкум, хуш келибсиз, Фахриддин ака, — дедим унинг ёнига яқинлашишим билан.

Мен илгари кўрмагандим, унинг Фахриддин эканини дарвозага яқин турган шеригидан фаҳмладим.

— Ана, Фозил,— деди у шеригига, — бизни ҳам кутиб оладиган одам бор экан!

— Албатта, сиздай азиз инсон бизга мўътабар ҳисобланади.

Ана, кутилмаганда ажойиб гап топдим.

— Хўжайининг бориб, шундай деб айт, дедими? — дея юзимга тикилди Фахриддин ака.

— Нега энди? Айтмасалар ҳам сизнинг азиз инсон эканлигингизни биламан.

— Мен ғўддайганлар ёнига бормайман.

— Хўп бўлади. Сизга энг яхши жойни тайёрлаб қўйганмиз.

— Адам келдиларми?

— Йўқ ҳали.

— Ҳмм, озгина кутарканмиз. Фозил, юр.

Мен олдинга тушиб олдим ва тўғри уй томонга бошладим. Секин кўзимнинг қирини боғдаги меҳмонлар томонга ташладим. Уларни бизга эътибор бераётган-бермаётганини билмоқчи бўлдим.

Биров қарамади биз томонга. Афтидан, меҳмонлар Фахриддин акани боғбон ёки бошқа бир хизматчи бўлса керак, деб ўйлашган. Ҳар қалай, бирортасининг кўзи тушган ва шундай хаёлга борган бўлса, эҳтимол.

Иккинчи қаватга кўтарилдик. Ҳали меҳмонлар келмасидан бурун бу ерда Шариф қайнотаси билан бирга ўтирган эди. Егуликлардан еган, ичкиликлардан ичганди. Дарров янгиланибди. Худди аввал бу ерда ҳеч ким ўтирмагандай.

— Ўҳ-ҳў, — деди Фахриддин ака, — шоҳона-ку! Фозил, бир маза қиларканмиз-да!

— Ўзимизнинг жой яхшимиди, дейман-да. Манави қиммат нарсалардан қандай ичамиз. Овқатлар ҳам даҳшат экан. Бизнинг ошқозон кўтаролмайди-ёв, — дея ҳазиллашди Фозил деганлари.

Унинг кўриниши Фахриддин аканикидан умуман фарқ қилмасди.

— Тсс! — деди Фахриддин ака кўрсаткич бармоғини лабининг устига қўйиб. — Гапирма! Бу ердаги овқатлар бизнинг ошқозонга енгиллик қилади, керак бўлса. Ҳов бола, исминг нимайди сени? — деди менга юзланиб.

— Жасур.

— Жасур, анави ичадиганларингни биз очишни билмаймиз. Ўзинг очиб, каттароқ стаканга тўлдириб-тўлдириб қуйиб бер. Ана ундан кейин кетаверсанг бўлаверади. Бўптими? Фақат-чи буюряпти, деб ўйлама. Азбаройи бунақанги идишларни умримда кўрмаганимдан, очишни билмаганимдан сенга илтимос қиляпман.

Мен кулдим. Сўнг:

— Қизилиними, оқиними? — дея сўрадим.

— Ҳов анави, антиқа фигурали идишдаги суюқликни бир кўрайлик, — дея Фахриддин ака қўли билан столнинг ўртасини кўрсатди.

— Бемалол. Фақат буни оз-оздан ичишади-да.

— Ҳмм, жудаям ўткирми?

— Билмадим. Ичмаганман. Лекин ичаётганларини кўрганман.

— Тўлдир. Тўлдир. У ёғи билан ишинг бўлмасин. Керак бўлса-чи, — дея Фахриддин ака бўйнини чўзиб, зина томонга қараб олди-да, паст овозда гапини давом этказди, — ўзингга ҳам озгина, а. Нима дединг?

— Хизматдамиз. Мумкин эмас.

— Ихтиёринг.

Ошналар кўзларини юммасдан «қултиллатиб» ютишди. Сўнг лабларини ялашди.

— Бэ-э, ўткир эмиш. Бизникининг олдида бу оддий шарбат.

Шундай деб у, жуда боплаб пиширилган қўй қовурғасидан биттасини олиб, гўштни тишлади ва осонгина узиб олди. Шундан билдимки, гўшт ниҳоятда юмшоқ пиширилган.

Фахриддин ака оғзидаги луқмасини ютиб-ютмай, шериги ва ўзининг идишини яна тўлдирди.

Оғзимнинг суви қочди. Ичишганига эмас, иштаҳа билан гўшт еганликларига.

Яна суқим тушиб, иккаласи ҳам бўғилиб қолмасин, деган хаёлда тезда уларнинг ёнидан узоқлашдим.

Ташқарига чиқдим. Хўжайиннинг ёнига бордим. У соҳибжамолнинг белидан қучиб олибди. Қулоғига тинимсиз бир нималарни гапиряпти. Ноқулай бўлмасин, деб яқинларигача бормадим.

Меҳмонларни бирма-бир кузата бошладим. Шунинг баробарида Лоличкани қидирдим. Унинг эрининг манави қилиғига муносабатини билишни хоҳлаётгандим негадир.

Лоличка айлана столнинг ёнида ўтирибди. Ёнида кичкина соқолли, қоп-қора сочи орқасига силлиқ таралган, оппоқ кўйлак ва шимдаги бир киши ўтирибди ва яна битта аёл ҳам бор. У эркакнинг чап томонида. Уларнинг ҳар иккиси ҳам бу ерликларга ўхшамайди. Бундан чиқди, чет эллик меҳмонлар. Менимча, Фахриддин акани кузатиб қўяётганимда келишган бўлишса керак.

— Шеф! Шефнинг машинаси кўринди!

Наушнигимдан келган овоз қулоғимни тешиб юборай деди. Мен шу заҳоти илдам юриб, хўжайиннинг ёнига бордим.

— Узр, — дедим соҳибжамолга қараб ҳамда секин хўжайиннинг қулоғига, — отангиз келаётган эканлар! — дедиму дарров қаддимни ростладим.

Шарифнинг ранги бироз оқаргандай бўлди ва шу заҳоти соҳибжамолнинг белини қўйиб юбориб, кийимини тўғирлади-да, ён-атрофга олазарак қараб қўйди.

Уни кузатиб турган қўриқчиларнинг ҳаммаси сергак тортди. Ва яна меҳмонлар ҳам қаддини ростлашди. Ичаётганлар қўлларидаги идишларини стол устига қўйишди. Гаплашиб турганлар суҳбатни тўхтатишди. Улар аста-секинлик билан йўлак томонга кела бошлашди. Ҳамма ҳаммани кузатаётганлигини, ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини мана шу хатти-ҳаракатларнинг ўзи кўрсатиб қўйди.

— Анавининг олдига бор. Орқа эшикдан чиқсин. Уйни дарров айланиб ўтиб олмасин. Отам кирганидан сўнг кетади у сўтак! — деди менга Шариф. Кейин: — Одамни шарманда қилишдан бошқага ярамайди, — дея қўшимча ҳам қилди.

Мана, бой ака-укаларнинг аҳволи. Дарвоқе, ака умуман бойга ўхшамайди. Обрўси ҳам шунга яраша. Беш бегоналар шефни табриклаши, ёнида туриши мумкин. Аммо ўғилнинг бунга ҳақи йўқ. Сабаби… Билмадим энди. Эҳтимол, нўноқлигидандир ва ёки бўлмаса, маишатни кўпроқ хуш кўрар?.. Ё отанинг чизган чизиғидан юрмайди. Ҳали айтдим-ку, рассомларга ўхшаркан деб. Ундайларнинг ўз дунёси бўлади. Ўзлари тўғри деб ҳисоблайдиганлардан бошқа ҳаммасини чиппакка чиқариб ташлашади. Аслида, ҳозирги ҳолатида у ҳақ. Отасию укасининг ишларидан ижирғанади. Лекин уларнинг нарсаларини бўккунча ейиши ғалати. Ишидан ижирғандингми, емагидан ҳам шундай қил.

Тезда хонага бордим. Улгуришим керак. Мабодо шеф уйга кириб, юқори қаватга чиқаман, деб қолса, ҳаммаси расво бўлади. Чунки хизматкорлар столнинг устини тартибга келтиришга улгурмайди-да.

Икки ўртоқ «пишиб» қолибди. Стулларини тираб олишган, кўзлари сузилиб, бошлари осилиб, бир-бирига нималарнидир уқтиришга ҳаракат қиляпти.

— Фахриддин ака, орқа эшикдан чиқаркансиз, — дедим хўжайиннинг акасига.

— Ним… Ним… Нима? Орқа…

У гапини охирига етказолмай, осилган бошини ликкиллатиб шеригига қаради ва кўрсаткич бармоғини менга тўғирлаб:

— Эшитдингми? — деди.

— Бу биласанми, ким?

Фозил бироз тузукроқ экан, шекилли, тили айланди.

— Биламан. Фахриддин ака, хўжайиннинг акалари…

— Я-я-я, хўжайиннинг акаларимас! — деб Фахриддин бурнини тортиб қўйди-да давом этди. — У… укам. Ўгай укам. Тушундинг?

— Тушундим, лекин орқа эшикдан тезроқ чиқишингиз керак, — дедим мен.

Фахриддин кўкрагига муштлади.

— Мен, — деди ва кўрсаткич бармоғини юқорига қилиб қимирлатди-да, — йў-ў-қ, — дея тилини чиқариб, лабини ялади.

«Оббо, ярамас. Энди бу ёғи қанчадан тушди? Қандай қилиб маст ва яна каттаконларга қариндош бўлган одамни орқа эшикдан ташқарига олиб чиқаман», деган ўй кечди хаёлимдан.

Кейин ноилож наушник орқали ташқаридагиларга хабар бердим: «Хўжайиннинг акалари маст, оёқда туролмайди».

— Ҳозир йигитлар боришади, кутиб тур, — деган жавоб келди шу заҳоти.

Сал енгил тортгандай бўлдим.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

 

 

 

loading...