Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

0

— Хе, хе, хе, — деб кулди Фахриддин ва яна шишага қўлини узатди.

«Авлиё»ларга қўл теккизиш чўғни кафтда тутишдай гап. Шунинг учун гарчи ғўлдирашиб қаршилик кўрсатишса-да, икки улфатни орқа зинадан пастки қаватга олиб тушдик. У ерда ҳам бир эмас, тўртта хона бор экан. Биттасига киргаздик. Икки кишилик каравот. Ётган жойингда пульт орқали бошқариладиган қандил ва ҳоказо. Хона алламбалолар билан безатилган. Яна бошқа битта эшик ҳам бор эди. Ғалати. Битта хонага иккита эшик.

Табиийки, Фахриддин юмшоққина каравотга ётқизилди. Шериги эса полга чўзилишга мажбур эди. Ахир иккаласини битта каравотга ётқизмаймиз-ку гарчи икки кишилик бўлса ҳам.

Кетдик. У ёқда базму жамшид авжига чиқибди. Санъаткорларнинг бири қўйиб, иккинчиси «ваҳай-ваҳай»га ўтади. Столлар оралиғи эса саҳнага айланган. Раққосалар билан бирга меҳмонлар ҳам бир-биридан ўтиб рақс тушишарди…

Ҳамма шоду хуррам кўринади. Аммо синчковлик билан тикилсангиз, ўтирганларнинг, «швед столи»нинг ёнида турганларнинг кўзида қандайдир ҳадик борга ўхшайди. Улар дон атрофидаги чумчуқлар каби эди. Бир чўқийди. Саксон марта атрофига қараб олади. Буларнинг юраги шундай. Така-пука. Зимдан шефни кузатишяпти. Шеф ҳозирча қудаси ва яна икки киши билан иржайишиб-тиржайишиб гаплашиб ўтирибди. Демак, ҳаммаси жойида. Бемалол кўнгилхушлик қилавериш мумкин.

Қорним очди. Анави еб тўймасларнинг ейишларини қаранг. Бу ёқда менинг ичагим ичагимга ёпишиб кетган. «Ҳов анави қўриқчи бечораларга ҳам бирор нима бериб қўйинглар, кавшаниб туришсин. Шўрликлар бизнинг мана шундай айшу ишратимизни, хотиржамлигимизни таъминлаб туришибди», дейдиган одам йўқ. Агар биз бўлмасак, кўрардинг айшу ишрат қанақа бўлишини? Мендан саккиз-ўн қадам нарида худди ўзимга ўхшаб қаққайиб турган қўриқчига қарадим. Унинг ҳам силласи қуриган эди. Ўлганининг кунидан турибди. Агар қўйиб берса, столларнинг устидаги ҳамма овқатни еб қўядиган шашти бор. Бечора, нима қиласан энди? Пешонангга еяётганларни томоша қилиш ёзилган экан-да!

Куй-қўшиқ авжига чиқди. Шунга яраша рақсга тушаётганлар сони ҳам кўпайди. Айтарли ҳамма туриб кетган, фақат шеф, унинг қудаси, уларнинг ёндаги икки киши ва яна ўртароқдаги стол ёнида анави кўчанинг каттаси ўтирар эди. Қўлларини боши узра кўтариб, «Ҳая-ҳу! Дам-дум-дум, лаканг, лаканг, лаканг!» дея бақиришиб, жазавага тушиш уларнинг обрўсига тўғри келмайди-да. Бошқалар эса вақтдан унумли фойдаланиб қолиши керак.

Шу тобда менинг хаёлим бошқа томонга кетди. «Пулларнинг қолганини нима қиламан? Ҳали ҳам жуда кўп. Уларни бир ёқли қилмасдан туриб, бошқасини қилиб бўлмайди… Яна эҳтиёткорликни ҳам ниҳоятда оширишим зарур. Албатта, етимхоналар, қариялар уйларига берган кийим-кечакларимиз, масжидларда қолдирган пулларимиз беиз кетмайди. Дарров суриштиришади. «Ким экан ўша ҳотамтой? Қаёқдан пайдо бўлибди? Текширинглар, бизнинг пулларми ёки ҳақиқатан ҳам, ишлаб топганми ўша ҳотамтой», дейишлари кундай равшан… Нимадир қилишим керак? Нимадир?»

Шундай хаёлда беихтиёр хўжайинни қидирдим. Негадир у рақсга тушаётганларнинг ҳам, ўтирганларнинг ҳам орасида йўқ эди. Ундан кейин Шариф айланиб-ўргилаётган соҳибжамол ҳам қорасини ўчирибди. «Наҳотки иккиси бирор ёққа кетворган бўлса?» деган ўй кечди хаёлимдан ва наушнигим орқали Шарифнинг кўринмай қолганлигини айтмоқчи бўлдиму охирги дақиқада тилимни тишладим. Чунки балога қолиб кетишим мумкин.

— Нима қилиб қаққайиб турибсан?! Хўжайининг уйга кириб кетди!

Наушнигимдан шундай дағдаға эшитилиши билан уй томонга қарадим ва шу ёққа юрдим. Ичкарига киришим билан йигитлардан сўрадим. Улар юқори қаватни кўрсатишди. Чиқдим. Йўқ. Хизматчи қизлар орқа эшикдан пастга тушганлигини айтишди. Мен ҳам орқа эшикдан пастга тушдиму жанжалнинг устидан чиқдим.

Шариф акаси Фахриддинни ёқасидан тутиб турар ва:

— Сен ифлосга қорангни кўрсатма, демаганмидим?! Бало борми менинг хонамга кириб олиб ётишга! Бўғиб ўлдираман ҳозир! — дея бақирарди.

Орага тушмасдан иложим йўқ. Йўқса, каттароқ бир нима бошланиб кетади.

— Хўжайин, хўжайин, ўлдириб қўясиз! — дедим.

Шариф акасининг ёқасини қўйиб юборди. Шу заҳоти Фахриддин ерга қулади.

— Сенга нима дегандим?! — дея ўшқирди менга Шариф. — Орқа эшикдан чиқариб юбор! Қорасини кўрсатмасин, демаганмидим?!

— Ғирт маст экан, шунга…

— Мана шунга!

Шариф юзимга қулочкашлаб мушт туширди. Чап берсам бўларди. Ўзининг башарасини бежаб қўйишга ҳам имконим бор эди. Лекин қилмадим. Қилсам, сиртмоққа тортиб юборишади.

Лабим, бурним аралаш зириллади. Кўзимдан ўт чақнади.

— Манави нусхани кўзимдан йўқот! — бўкирди у менга акасини кўрсатаркан.

«Ичим ёняпти! Ҳозир кулга айланаман! Нима бедодлик бу?! Кимсанки, менинг юзимга мушт тушириб, орқасидан иш буюрасан! Тамом. Тамом. Сен ҳозирдан бошлаб менинг биринчи рақамли душманимсан. Бошқача йўл тутаман. Нима қилиб бўлса ҳам бурнингни ерга ишқалайман!»

Бурнимдан қон келди. Чўнтагимдан дастрўмолимни олиб артдим-да, ерда ётганча бир нарсалар деб ғўлдираётган Фахриддиннинг қўлидан ушлаб:

— Туринг, ака! — дедим.

— Шариф ака, менинг кайфиятим бузилди. Бошқа пайтга қолдирайлик.

Мен шу заҳоти овоз келган томонга қарадим. Соҳибжамол. Буни қарангки, шу пайтгача уни пайқамаган эканман… Ҳаммаси тушунарли. Икки кишилик каравот ва ҳоказо ва ҳоказолар шунинг учун экан.

Фахриддинни юқори қаватга олиб чиқарканман, хабар бердим:

— Хўжайин акасини ҳайдаб юборди, жой керак.

— Иккинчи қаватга ошхона орқали ўтсанг бош ошпазнинг ётоғи бор, ўша жойга ётқиз!

«Илгарироқ айтмайсанларми? Эшаклар!» дея хаёлимдан ўтказиб, Фахриддинни судрадим.

Энди юқорига чиқиб бўлгандим. Пастдан овоз келди.

— Манави гўрсўхта қайси гўрдан келди!

Фозил. Фахриддиннинг ўртоғи. Шариф бойваччанинг кўзи энди кўрибди-да уни.

Ошхона эшиги томон кетаётганимда икки йигит югуриб келди.

— Фахриддин аканинг шеригини олиб чиқинглар! — дедим уларга.

Пастдаги хона билан бу хонанинг орасида осмон билан ерча фарқ бор экан. Ҳам қандайдир бадбўй ҳид келарди бу ердан.

Ошхонанинг ювиниш жойига ўтиб, ойнага қарадим. Қон юзимга бежалиб кетибди. Оппоқ кўйлагимга ҳам теккан. Аламим келди. «Ҳозирнинг ўзидаёқ падарингга лаънатини мажақлаб ташласамми!» деган хаёлга бордиму, лекин шайтонга ҳай бердим.

Юзимни ювиб қарасам, бирор жойим кўкармабди. Лабимнинг таги ёрилганга ўхшайди. «Мараз, ёмон урди. Ўх, қайтаролардим, чап беролардим».

Кўйлакдан қоннинг кетиши қийин бўлди. Ечишга, шу ердаги совун билан ювишга мажбур бўлдим.

Бахтимга идиш-товоқ ювадиган аёл «Дазмоллаб бераман, дарров қурийди», деди.

Йигитлар Фозилни судраб келишди. Расвосини чиқаришибди. Башарасига қараб бўлмайди. Бечора. Унда нима айб? Бўлса-бўлмаса, Фозил Фахриддиннинг касбдоши. Дўсти «Юр, бориб келайлик», деган бўлса, олди-орқасига қарамай эргашган. Ўзи ижодкорларни содда халқ бўлади, дейишади. «Ёнғоқда тарвуз пишибди», дейишса, ишонишади. Сал ошириб юбордиму, аммо, барибир, шунга яқин.

Ғазабим сочимнинг учида, дазмолланган кўйлакни кийиб, бўйинбоғни тақдим-да, ҳеч нарса бўлмагандай ҳовлига тушдим. Базм ўша-ўша давом этар эди. Кўзимнинг қири билан Шарифни қидирдим. Кўрдим. Ана, бир томонида соҳибжамол, иккинчи тарафида хотини. Хўжайиннинг кайфияти йўқ. Иккала аёлга бир нарсаларни ғазаб билан тушунтиряпти. Шўрлик жувонлар унинг кўнглини кўтариш билан овора.

Нигоҳимни шеф томонга қаратдим. Унинг ҳам авзойи бузуқдай. Ҳойнаҳой, ҳамма гапдан хабар топган. Топмай ўлибдими, ернинг тагида илон қимирласа биладиганлар хилидан бу шайтон нусха.

Мен ота-ўғилнинг устидан кулдим. Кулишга арзигулик-да. Ўзларича базмни такрорланмас, бир умр эсда қоладиган қилиб ўтказмоқчи бўлишган. Бундай олиб қараганда ҳақиқатан ҳам, шундай. У ёқда битта ўғил… Дарвоқе, Фахриддин Шарифни ўгай дедими? Қанақасига ўгай? Нима шеф аввал ҳам уйланганми? Мумкин. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам Фахриддиннинг онаси шефнинг биринчи хотини… Нима бўлган экан? Ўлганмикин? Ёки шеф уни ҳайдаб юбориб, кейин Шарифнинг онасига уйланганмикин?

«Уфф, тўхта, Жасур! Нимага бунча майдалашяпсан? Сенга нима? Сенинг мақсадинг умуман бошқа-ку. Айниқса, энди».

Мен нафрат билан Шарифга қарадим. Ана янгилик. «Окам» олди-орқасига қарамасдан «тортяпти». Бундан чиқди ҳали замон «қулайди». Эҳтимол, ўшанда киши билмас биқинига бир-икки мушт тушириб оларман. Ҳа, нима, ҳарнада. Вақти-соати етгунича кўнглим бироз хотиржам тортиб туради.

— Меҳмон Туркиядан. Қўшиқчи. Кутиб олинглар! — деган буйруқ келди наушнигим орқали.

Дарвоза томонга юзландим. Борсамми, бормасамми? Иккиландим ва бошқа қўриқчиларга кўз югуртирдим. Уларнинг тўрттаси дарвоза томонга кета бошлади. Демак, улар кутиб олади. Мен эса… Мен тўғри бориб шефга айтаман. Нима бўлса бўлди, ёнига бораман. Жа, еб қўймас.

Хаёлимга шу фикр келиши билан оёғим ўз-ўзидан юриб кетди. Кетяпману зимдан шефни кузатяпман. Боришимни қандай қабул қилишини билишим керак. Ёқтирмаса, бугун охирги иш куним бўлади…

— Қалайсан? — деди шеф уларнинг столлари ёнига етишим билан.

— Ассалому алайкум. Яхши, раҳмат.

— Кўникиб қолдингми?

— Худди шундай.

— Алдама, ҳали кўникмагансан.

Жавоб беролмай бошимни эгдим.

— Жойига тушади ҳаммаси ҳали.

Мен шефнинг қудасига қараб қўйдим.

— Гапир, — деди шеф.

— Меҳмон. Туркиялик.

— Эй-й, — дея иржайди шеф, — шундан бошламайсанми? Эсимдан чиқай дебди. Таркан. Битта маза қиламиз. Сен бола мени хурсанд қилдинг. Эвазига битта оласан.

Мен ўзимни қўрқиб кетгандек кўрсатишга уриниб, сал орқага чекиндим.

У имлаб яқинроқ боришимни буюрди. Бордим.

— Энгаш, — деди.

Энгашдим.

— Ичкарида Шариф нима каромат кўрсатди? — дея шивирлади шеф.

— Ҳеч нима. Одатлари бўйича ҳамма ёқни назоратдан ўтказди, — дея жавоб бердим.

— Ҳмм, одатлари бўйича. Лекин сен зўр бола экансан. Қани, ол, — дея салқин ичимликлар ичиладиган фужерни қип-қизилига тўлдириб, менга узатди шеф.

Рангим докадай оқарди, менимча. Чунки ҳаяжонланиб кетдим. Кимсан, фалончи пистончиевичдай одам мендай кичкингагина қўриқчига… Кўзим беихтиёр шефнинг қудасига тушди.

— Қани, бир кўрайлик, — деди у нигоҳим тўқнашиши билан.

Фужерни олдим. Олмасликнинг иложи йўқ. Эҳтимол, олишим ҳам фожиадир. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам йўқ жойдан ўзимга-ўзим мана шу касофатни орттирдим.

Томоғимни куйдириб ўтди. Ичим қизиди ва мен қаддимни ростладим.

Бахтимга худди ўша маҳал турк қўшиқчиси пайдо бўлдию шеф ўрнидан турди. Қарсак чалди. Шу заҳоти бошқалар ҳам чапак чалишга тушиб кетишди. Мен эса секингина узоқлашдим.

Ўша қаққаядиган жойимга бориб яна қаққайиб турдим. Бир, икки, уч… Тахминан шунча дақиқа вақт ўтди. Бошим қизиди. Ўз-ўзидан кайфиятим ҳам кўтарилгандай бўлди ва яна ҳалигача сим-сим оғриб турган лабим оғримай қўйди. Аммо тағин бир нарса миямга ўрнашди: «Ўч олишни бугундан қолдирмасам-чи?»

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

 

 

 

loading...