Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

0

Бирдан отамнинг гапини эсладим. «Болам, заҳру заққум жуда аблаҳ нарса. Уни ичган одам ўз-ўзидан қаҳрамонга айланиб кетади. Қаёқдаги бўлмағур ишларни қилгиси келади. Ана шундан эҳтиёт бўл. Аввало, унга яқинлашма. Мабодо… Бу ҳаётда нималар бўлмайди дейсан? Ана шундай маҳали умуман тескари бир нарсани ўйла. Ҳеч қурса онангни», деганди отам.

«Ўзингни қўлга ол, Жасур. Ҳозир вақти эмас. Шундай ажойиб пайт келадики, ўшанда билганингни қиласан», дея ўзимни-ўзим хаёлан юпатдим. Чунки гапириб бўлмайди. Салгина пичирлаганимни ҳам эшитишлари мумкин. Айниқса, энди. Шефнинг ёнига ҳар ким ҳам боролмайди. Борган одамни эса минг марта текширишади.

Турк қўшиқчиси тўғри бориб, шеф билан ачомлашиб кўришди, унинг ёнидаги стулга ўтирди. Қандайдир қутичада совға берди. Шеф қутичани очиб кўрди. Ёқди, шекилли, қўшиқчининг елкасига қоқиб қўйди ва унга ҳам ичкиликдан қуйиб берди. Қўшиқчи ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаган бўлди. Сўнг қадаҳни олди. Вой, ярамас, менга бир фужерни ичирганди. Унга бўлса, кичкинагина қадаҳча берилди.

Қўшиқчи бир ҳўплаб қўйди ва ўрнидан турди-да, саҳна томонга илдам юриб кета бошлади.

Уни Лоличка, соҳибжамол ва яна бир қанча гўзаллар саҳна ёнида кутиб туришарди.

Менинг кўзим тина бошлади. Бирор нималар егим келди. Емасам, иложи йўқ. Йиқилиб тушаман.

— Кўзим тиняпти, — дедим микрофончага.

— Ҳмм, ўткирлик қилиб кетдими? Очко олишнинг ўзи бўлмайди. Яхши, қовун тушириб қўйма яна. Уйнинг иккинчи қаватига кўтарилиб, ул-бул еб ол. Ўзингга келишинг билан орқангга қайт.

Енгил тордим ва уй тарафга қадам босдим. Аммо икки қадам ташлаб, бирдан тўхтадим. Чунки бошим айланиб, оёқларим қийшайиб кетаверди. «Ўлдим. Шарманда бўлдим», дея хаёлимдан ўтказдим ҳамда кўзимни катта-катта очдим-да чуқур-чуқур нафас олдим. Энди юрсам бўлади. Лекин қўрқяпман.

— Ёрдам керакми? деган овоз келди наушникдан.

— Ўзим эплайман, — дея жавоб қайтардим.

Илдам юриб боряпман. Тебранмаслик учун ҳаракат қиляпман. Етиб оламан. Биринчи бўлиб «Coca-cola» ичаман. Шу тарқатади, деб эшитгандим. Ҳам чанқаганман, чанқоғим қолади.

Етдим. Тутқични ушладим. Ана шу маҳал орқага йиқила ёздим. Ағнамадим. Ичкарига кирдим. Сафдошларимдан иккитаси кутиб турган экан. Бирдан қўлтиғимга киришди ва устимдан кулишди.

— Шефнинг нафаси ўткирлигини билмасмидинг? Биттада ағдарди, қойил! — дейишди улар.

— Ичим ёниб кетяпти. Тезроқ олиб чиқинглар, — дедим уларга.

Аввал бостириб-бостириб икки фужер «Coca-cola» ичдим. Сўнг зўр пишган гўштларни оғзимга тиқа бошладим.

Менга ёрдамлашган қўриқчиларнинг ҳам қорни оч эди. Улар ҳам худди мен каби шу пайтгача туз татишмаган. Ҳаваслари келди ва мумкин бўлмаса-да, стол устидаги нарсалардан ейишаркан.

— Ҳаммасини сенинг бўйнингга ағдарамиз, — дейишди.

Мен уларнинг гапига эътибор ҳам бермадим. Аста-секин нафсим қона бошлади. Қандайдир тетиклашганга ҳам ўхшадим.

— Шефга нима дединг, жа сени сийлади, — деди йигитлардан бири.

— Ҳеч нима. Анави туркнинг келганини айтдим.

— Шу гапинг учун қуйиб бердими?

— Кайфияти зўр экан.

— Қулоғингга бир нима деди-ку!

— «Сенинг ёшингда тўлдириб битта олганман. Сен ҳам ол», деди.

— Кейин-чи?

— Кейинини кўрган бўлсанг керак?!

Шундай дедиму оғзимдаги луқмамни чайнашдан тўхтадим. Шеф менга шивирлаб гапирганида микрофонча, наушник бор эди. Демак, унинг нима деганини алоқа марказидагилар эшитишган. Шубҳасиз, Шарифга отасининг гаплари етказилади. Менинг гапларим ҳам. Хатога йўл қўймадимми?

Беихтиёр қўлим қип-қизил, ўткир заҳру зақум тўлдирилган идиш томонга кетди.

Уни олдим. Идишга қуйдим.

— Ҳов бола, — деди йигитлардан бири, — ҳаддингдан ошма! Нима қиляпсан?

Қарасам, қадаҳ лабимнинг ёнгинасида турибди. Уни дарров столнинг устига қўйиб:

— Хаёл қочибди, — дедим.

— Бас. Энди тур ўрнингдан. Индамаса, думалаб қолгунча тортадиганга ўхшайсан. Кейин бошимизга бало бўласан.

— Йўғ-э, нима деяпсизлар? — дея шарбатдан бир ҳўплаган эдим ҳамки, кўзим Шарифга тушди. У зинадан кўтарилиб бўлган эди. У ҳатто зина тутқичидан ушлаб, суянишга ҳам улгурибдики, сезмабман. Ичимда бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Салобат бор экан-да, шунда ҳам. Йўқса, секин ўрнимдан турмасдим. Яна бир ажабланарли томони, у маст эмас эди. Ҳолбуки, жон-жаҳди билан, олди-орқасига қарамай, сипқораётганди анави зормандадан.

— Бемалол… Ёқимли иштаҳа! Икки юз фоиз маишат қилишинг мумкин! Чунки боплаб қўйдинг! — деди у.

Мен қизариб, қоғоз сочиқчага қўлимни арта бошладим.

Шариф эса иржайганча бир-бир қадам босиб, ёнимга келди-да, елкамга қўлини қўйди ҳамда бошқаларга ўгирилиб:

— Ҳамманг қорангни ўчир. Жасур иккимизнинг гапимиз бор, — дея бурнини тортиб қўйди ва менга юзланиб, елкамдан босди:— Ўтир, оғайни, ўтир!

Мен ўтирдим. У ҳам столини яқинроқ суриб ўтирди.

— Энди қуй, икккаламизга ҳам. Ҳеч қачон қўриқчилар билан отамлашмаганман. Сен билан би-ир тўқиштирайлик.

— Хўжайин, шунчаки, ташқарида олганим зўрлик қилганди, шуни босиш учун…

— Биламан, биламан, осмондан тушган одаммасман. Сен айтганимни қилавер, ҳаммаси зўр бўлади, — дея гапимни бўлди Шариф.

Мен иккита қадаҳга қуйдим.

— Менга қара, — деди Шариф қадаҳлардан бирини олиб, — шеф нима деди?

— Ҳеч нима…

— Ҳмм, ҳеч нима дегин. Мени аҳмоқ десанг, қаттиқ адашасан. Гапир!

— Ичганимни шотландларники деди. «Ўзим олиб келганман, битта мазасини кўрасан-да, айтасан. Лекин бошқа бировга гуллаб юрма», деди.

— Шунақами? — дея менга қараб тиржайди Шариф. — Унда зўрсан. Шеф ҳатто менга ҳам шу пайтгача бунақа илтифот кўрсатмаган.

— Ўз фарзандига ич, демайди-ку!

— Тўғри гапинг. Миянг ишлайдиганга ўхшайди сен боланинг. Айтганча, унинг ёнига нимага бординг?

— Қўшиқчининг келганини етказиш учун.

— Биров сенга бориб айт, дедими?

— Йўқ!

— Унда нега бординг?

— Ҳамма ўйинга тушиб, совға-саломлар ва бошқа йўллар билан шефга ўзларини яхши кўрсатишга уриняпти. Шунга мен ҳам очко олволайин, дегандим-да!

— Оббо! Зўр бола экансан-ку! Қани энди шу гапинг учун битта-битта олдик!

У қадаҳидагини бир кўтаришда ютди. Кейин газак еди-да, бошини сарак-сарак қилиб илжайди.

— Лекин дангал гапирганинг учун сенга гап йўқ. Менинг олдимда ҳам обрўнг ошди, сен боланинг. Ия, нимага ҳалигача қўлингда ушлаб турибсан? Олмайсанми? Ё менинг даражам шефникидан пастми?

— Йўғ-э, мана!

Аввал отаси ютишга мажбур қилганди, энди ўғли.

— Ана, бор экансан-ку, оғайни. Битта гап, — дея Шариф қадаҳларни қондай қип-қизил суюқликка тўлдирди яна, — агар гапларингнинг ҳаммаси рост бўлса ўсасан! Йўқса, оёғингни осмондан кўрасан. Тушундингми?

У мени қистамади. Ўзи ичди. Сўнг менга ич, деб қўли билан ишора қилди.

— Яна бир нарса, — деди сўнгра лаб-лунжини артаркан, — отамга сотқинлик қилмай, айни пайтда менга ҳам отамни ҳимоялаб гапирган бўлсанг, омадинг келибди!

У гапираётганида мен қадаҳни бўшатиб бўлгандим. Шунда бирдан унинг устидан кулгим келиб қолди. Калака қилай, мендан нима кетди. Тўғрими?

— Хўжайин, бу ёғидан хотирингиз жам бўлсин, бир хил пайтлари менинг кўзим ўтмай қолади. Ундан кейин-чи, қулоғим ҳам эшитмайди. Ишонаверинг. Бу ёғига десангиз, хотирам ишламай қолса денг. Сиз келишингиздан сал аввал пешонамни деворга урдим, — дедим.

— Нега? — ҳайрон бўлди у.

— Ошқовоқ-да. Ичи бўм-бўш. Бошим айланяпти-ю, нега айланаётганлигига сира тушунмайман.

— Ҳе, — дея иржайжи Шариф, — унда нима қилиб бу ерда юрибсан?

— Шуни айтинг. Тўхтанг, балки, шунинг учун юргандирман. Бундай қарасам, шуниси ҳам маъқулдай. Кўп кўрсам, кўзим ачишиб қолади, биров сал кўпроқ гапириб юборса, қулоғимнинг пардаси йиртиламан-йиртиламан дейди, дарров бекитиб оламан.

— Ана шу каллангнинг ишламаётгани учун бўлмаса…

Вой, қудуқ, вой, ярамас, кетма-кет яна иккита қадаҳни сипқорди. Ишонасизми, қилт этмади. Ҳатто афти бужмаймади.

«Агар шу кетишинг бўлса, бир кунмас-бир кун бировлар сенинг каллангни олиб ташлайди-да, кесилган жойга пиёлаларини ботириб-ботириб, сен ичиб қайта ишлаб, янада кучайтирган суюқликни ичишади», дея кўнглимдан ўтказдим.

Шариф бошқа гапирмади. Ўрнидан турди-да, менга хўмрайиб қараб қўйганча кетди.

Мен ҳам унга жавобан юзимни буриштирмоқчи эдим. Лекин одатдагидай сўнгги лаҳзада ўзимни босдим. Сабаби оддий. Буни юқорида ҳам айтдим. Гапиришим, лабларимнинг қимирлаши, киприкларимнинг пирпираши, пешонамнинг тиришиши, қошларимнинг жой ўзгартиришлари, қўл ҳаракатларим, қадам босишим, сўзлар талаффузида қайси ҳарфга урғу беришим, хуллас, ҳамма ҳаракатларим кузатувда.

Ваннахонага кириб, яна бир марта юзимни ювиб, ойнага қараб, кўйлагимнинг ёқасини тартибга келтирганимдан сўнг ҳовлига чиқдим.

Шеф кетибди. Қудаси ҳам. Эркинлик шукуҳи ҳамма жойда сезиб турибди. Шариф соҳибжамолнинг ёнида… Улар бир-бирига хушомад қилиш билан овора. Лоличка ҳам қандайдир йигитни топиб олган. Йигит бўлиб йигитга ўхшамайди. Қиз бўлиб қизга. Сочи елкасига тушади. Сап-сариққа бўялган. Эътибор берсам, қўшимча киприк ҳам улатиб олган. Ҳе-й, падар ланъати, одамнинг ғазабини қўзитади. Қани энди замон қўлингда бўлсаю, шунақаларни тириклай ерга тиқиб юборсанг. Аслида, бунақалардан ер ҳам ҳазар қилса керак…

Шариф ярим соатлардан кейин кўздан йўқолди. Унинг соҳибжамоли ҳам. Уларнинг айни лаҳзада қаерда эканлиги маълум… Эй-й, ундан нарига ўтиб кетишмайдими!

Тун ярмидан оққанда, ҳаво анча-мунча совиганда жуда узо-о-оққа чўзилган туғилган кун ниҳоясига етди. Меҳмонларни, Шарифни кузатиб қўйиш учун бошқа гуруҳ келди. Бизга эса дам берилди. Шеф мурувват кўрсатибди. «Йигитлар дам олишсин, шароит қилиб беринглар», дебди. Ҳа, шароит қилиб берилди. Яъни қолган-қутган нарсалар. Ўша қолган-қутгани ҳам бир дунё эди. Биз йигирматадан ортиқ эканмиз. Яна йигирма киши бўлса, бўкиб қолади… Бошқа пайт бўлганида бу егуликларнинг ҳаммаси ресторанга қайтарилар ва эвазига пул олинарди. Шундай экан, бемалол байрам қилиш мумкин.

Тонгга яқин уйга қайтдим. Келдиму, кийимларимни ечиб, ўзимни каравотга ташладим.

Пешиндан кейин уйғондим. Ювиниб чиқиб қарасам, столимнинг устида қоғозча турибди. «Уйдан ҳеч қаёққа қимирлама», деган ёзув бор унда.

Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин даҳшатга тушдим. Кимдир кирибди, қоғозчани ташлаб, чиқиб кетибдию, сезмабман. Энди уйнинг калити кимдадир борлигига шубҳам йўқ. Аммо менинг тарашадай қотиб қолганим ҳақиқий фожианинг ўзгинаси. Демак, кимдир билдирмай кириб, бўғиб ўлдириб кетса ҳам идамай, нариги дунёга равона бўлиб кетаверарканман.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

 

 

 

loading...