Сурия нега дори-дармон танқислигини бошидан ўтказмоқда?

0

Халқаро қутқарув қўмитаси Сурияда соғлиқни сақлаш тизимида юзага келган вазият ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда айтишича, ўн йиллик уруш Сурия соғлиқни сақлаш тизимига вайронкор таъсир кўрсатди.

Бутун мамлакатда қуролли тўқнашувлар чоғида касалхоналар ва клиникалар ҳужумга учраган. Ҳисоботни тайёрлаш учун ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 60 фоизи тиббиёт муассасасига ҳужум чоғида жабрланганини айтган. Ҳужумлар дастидан тиббиёт ходимларининг тахминан 70 фоизи мамлакатни тарк этган, ҳозир ҳар 10 минг сурияликка 1 нафар шифокор тўғри келмоқда. Тиббиёт муассасалари ва ресурслар етишмаётгани сабабли тиббиёт ходимлари ҳафтасига камида 80 соат ишлашига тўғри келмоқда.

“Бир пайтлар керакли дориларнинг 90 фоизини ўзи ишлаб чиқарган мамлакат энди мисли кўрилмаган дори-дармон танқислигини бошидан ўтказмоқда”, – дейилади ҳисоботда.

“Шифокорлар инсон ҳуқуқлари учун” ташкилоти Сурияда 2011 йилдан бери тиббиёт муассасалари 595 марта ҳужумга учраганини аниқлади. Ташкилот вакили Мисти Басуэллнинг айтишича, Сурияда соғлиқни сақлаш тизими йўқ қилинди. “Масалан, БМТнинг билдиришича, Суриянинг шимоли-ғарбида соғлиқни сақлаш муассасаларининг 50 фоизи ишламаяпти”, – дейди у.

loading...