Санкт-Петербургда коронавирусдан вафот этган шифокорларга атаб ёдгорлик очилди. Очилиш маросими ёдгорлик ташаббускорларисиз, махфий тарзда ўтказилди

0

Санкт-Петербургнинг Петроград округидан ўтувчи Карповка дарёси бўйида COVID-19 пандемияси даврида вафот этган тиббиёт ходимларининг хотирасига бағишланган ёдгорлик очилди.

Бу ерга «Ғамгин фаришта» деб номланган бронза ҳайкал ўрнатилган. Асар муаллифи Санкт-Петербург фуқароси, рассом Роман Шустров бўлиб, у 2020 йил 14 майда коронавирус оқибатида вафот этган. Ёдгорликнинг очилиш маросимида ҳайкалтарошнинг беваси Мария Касьяненко, Петроград округи раҳбари Иван Громов ва Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов иштирок этди.

2020 йил апрель ойида пандемия авж олиши билан Санкт-Петербургдаги Малая Садовая кўчасида, шаҳар соғлиқни сақлаш қўмитаси қаршисидаги деворга коронавирусдан вафот этган шифокорларнинг портретлари осилиши натижасида беихтиёр «Хотира девори» ёдгорлиги ҳосил бўлган эди. Ноябрь ойида девордан портретлар олиб ташланган, аммо ўшанда расмийлар янги хотира ёдгорлигини очишга ваъда берган.

Дастлаб «Ғамгин фаришта» ёдгорлигининг очилиш маросими 4 март куни бўлиб ўтиши хабар қилинган эди. Депутат Борис Вишневскийнинг айтишича, 3 март кунидаги маросим аслида ёдгорликни яратиш ташаббускорларисиз, губернаторнинг ўзи уни очиб бериши учун махфий тарзда ўтказилган. Унинг сўзларига кўра, ҳайкалтарошнинг беваси бир кун олдин алдов йўли билан маросимга таклиф қилинган.

«Хотира девори» ёдгорлигининг яратувчиси Ирина Маслова маросим вақтининг тўсатдан ўзгартирилишини «эркакча иш эмас», деб атади. «Шаҳарга масъул бўлган амалдорнинг хатти-ҳаракатлари номувофиқлиги ҳақида бирор изоҳ беролмайман. Аммо мен президентга ушбу губернатор бизнинг шаҳарга лойиқ эмаслиги тўғрисида мурожаат ёзаман ва биз фуқароларнинг ишончини йўқотгани учун уни лавозимидан четлатишни сўраймиз», —  деган у «Фонтанка» нашрига берган изоҳида.

Meduza

loading...