​Абдуҳаким Хаджибаев Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирини қабул қилди

0

Аввал хабар берганимиздек, юртимизда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Эрали Тугжанов бошчилигидаги делегацияси бўлиб турибди.

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигида Абдуҳаким Хаджибаев Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой бошчилигидаги делегация гуруҳини қабул қилди. Учрашувда икки томондан ҳам соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, мажбурий суғурта тизимини жорий қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўналишларининг масъуллари иштирок этди.

Мулоқот чоғида томонлар тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасидаги янгиликлар билан алмашдилар. Шунингдек, ҳозирги кунда мамлакатлар ўртасида азалий дўстона муносабатлар янги босқичга чиққанлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлигини айтишди.

Учрашувда вазирлар мамлакатлардаги айни пайтдаги мавжуд эпидемиологик вазият тўғрисида маълумот алмашиб, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳимлигини қайд этишди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлиги айтилди. Жумладан, коронавирус пандемиясини бартараф этиш бўйича бебаҳо тажрибани ҳисобга олган ҳолда, икки томонлама ҳамкорлик доирасида ҳам, халқаро ташкилотларда (ШҲТ, МДҲ ва бошқалар) ҳам эпидемия ва пандемия ҳолатларида тезкор чоралар кўриш ва ўзаро таъсир ўтказиш бўйича биргаликда самарали чораларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар.

Икки мамлакат вазирликлари соғлиқни сақлаш масалаларини ҳал қилишда яқин муносабат ўрнатиш, стратегик шериклик асосида амалий ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди.

Қозоғистонликлар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соҳада янги технологияларни жорий этиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, пандемия даврида катта талофатларсиз эпидемиологик барқарор вазиятни сақлаш борасидаги Ўзбекистон эришаётган ютуқларни юқори баҳолади.

Икки давлат вазирлик раҳбарлари томонидан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Келгусида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, мажбурий суғурта тизимини жорий қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш борасида қатор ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олишди.

Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаевга миннатдорлик билдирди ва тиббиёт соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Эрали Тугжанов иштирокида Тошкент шаҳрида замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт марказида бўлишди ҳамда бу ерда беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шароитлар, даволаш жараёнини юқори баҳоладилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.