Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

0

Орадан бир муддат ўтиб, оёқ товушлари эшитилди. Демак, улар бизнинг йўлакда. Ҳаяжонландим. Тезда пичоқлардан бирини олдим-да, қўйнимга солиб кутдим.

Бироқ улар менинг эшигимгача келишмади. Одилникини тақиллатишди. Одил ҳозир қулоғининг тагида бомба портлатишса ҳам бошини кўтармайди. Кўтаролмайди ҳам. Бундан чиқди, эшикни очмайди. Аммо ташрифчилар учун унинг эшикни очмаслиги ҳеч нарса. Ўзлари шовқин чиқармасдан осонлик билан бу ишни уддалашди.

Бир лаҳзадан сўнг эшикнинг ғийқиллагани эшитилди. Кейин қандайдир тушунарсиз овозлар ва қадам товушлари… «Улар мен томонга келмаяптимикин? » деган хаёлда қулоғимни динг қилдим. Йўқ, оёқ товуши узоқлашди, сўнг тинди.

Дераза ёнига бориб, секин пастга мўраладим. Одилнинг қўлларини орқасига қайиришибди…

Ҳойнаҳой, Одил отнинг калласидан ҳам катта пул тўлаб даҳшатли ресторанда амалини «ювгани» юқорига етиб борган бўлса керак. Пешонамга бир муштладим. «Аҳмоқ Жасур, сени деб бўлди. Нима қилардинг шунақанги ресторанда шунақанги буюртма бериб?! Нима, олғирлик қилаётган битта Одилми? У ҳам бошқалар қатори эди-ку. Биргина сенга ғўддайгани учун ундан қасд олмоқчи бўлдингми?!»

Ўзимни жуда ёмон кўриб кетдим. Деворни бир неча марта муштладим. Ҳар муштлаганимда Авдейнинг пулларига эга чиқиб олганим, Содиқнинг уйига ўт қўйганим ва Одилнинг шўрини қуритганим кўз ўнгимда намоён бўлаверди. Баттар қоним қайнади. Бир-икки марта бақириб ҳам олдим. Сўнг полга ўзимни ташладим-да, сочларимни ғижимладим.

«Жасур! Ҳеч кимга керакмассан, ҳамма жойда ортиқчасан. Кет, бу ерлардан. Бориб чўпонлик қил. Ана шу иш сенга ярашади. Шаҳарда талтайиб, ғўддайиб юриш сендақаларнинг пешонасига ёзилмаган!» дедим ва кўзимни чирт юмиб олдим.

Ётавердим. Ётавердим. Ётавердим. Токи телефоним жиринглаб, ўрнимдан туришга мажбур қилмагунча.

Экранга қарадим. Нотаниш рақам. Ёқиб, қулоғимга тутдим. Қиз боланинг ингичка ва ёқимли овози эшитилди:

— Жасур ака, Шариф акам сизни сўраяпти. Тезда етиб келаркансиз.

Навбат менга келдими, дейман. Чигиртканинг аҳволига тушдим, шекилли. Бир сакрадим қутулдим. Икки сакрадим қутулдим. Уч сакрадим, буни қарангки, яна қутулдим. Аммо тўртинчи сакрашимда тўрга тутилдим. Начора, бошга тушганини кўз кўради. Дарров ювиниб, кийиниб, йўлга отландим.

«Оргинал Банк» савлат тўкиб турибди. Кимлардир бу ерда ишлашни шараф деб ўйласа керак. Балки, шарафдир ҳам. Аммо ҳозир менинг кўзимга бу иморат девнинг уясидек кўриняпти. Ёнига яқинлашсанг, ямламай ютиб юборади.

Иккинчи қаватга кўтарилдим. Менга қўнғироқ қилган қиз ўтирган жойидан жилмайиб боқди. Одатда, котибаларнинг қай аҳволда ўтириши кўп нарсага ойдинлик киритади.

— Келганимнинг хабарини айтасизми? — дедим мумкин қадар юмшоқроқ овозда.

— Кираверинг, кутяптилар, — дея ўзига ярашган узун киприкларини пирпиратди котиба.

Қизиқ, унинг юзими, соч турмагими ёки ингичкадан сал қалинроқ қошими туғилган кундаги соҳибжамолга ўхшаб кетарди.

Эшикни қарийб эшитилмайдиган қилиб тақиллатдим ва ўзимга тортдим-да:

— Мумкинми? — дедим.

Хонанинг тўрида қимматбаҳо «Т» шаклидаги столининг ортида креслога ястаниб ўтирганча қандайдир қоғозларни кўраётган Шариф менга кўз ташлаб қўйди-да:

— Кел, ўтир, — деди.

Овозида дағдаға йўқ. Демак, ваҳимага берилмасам ҳам бўлаверади. Ўзимни бўш қўйдим ва шу заҳоти «Сен ким бўлибсан? Бор-йўғи отангнинг кутилмаганда келиб қолган омади, порахўрлиги, лаганбардорлиги ортидан кеккайиб юрган одамсан. Аслида, сариқ чақага қимматсан. Менга тенглашолмайсан», дея кўнглимдан ўтказдим. Шу ўйим дарров менга куч берди ҳамда кўксимни тик тутдим.

— Сен ҳам анави «қовунчилар» гуруҳиданмидинг? — деди Шариф ўзини гўлликка солиб.

— «Қовунчилар» кимлар, хўжайин? — дея юзимга жиддий тус бердим.

— Уйи ёниб кетган Содиқ, роса «тортиб» олганидан кейин мени, мендан катталарни четга суриб ташлаб, абгор қилиб, ўзи шеф бўлиб олишни орзу қилиб юрган Одил…

«Одил тилидан осилибди. Менинг қиммат буюртма берганим, унинг фалон пулга еб-ичганининг аҳамияти йўқ», дея хаёлимдан ўтказдиму, бир қадар руҳландим.

— Орзусига эришди, — дея гапини давом этказди Шариф. — Қолганини ертўлада сайрайди.

Ертўла — даҳшатли жой. Унинг номини эшитганнинг шу заҳоти эти жимирлаб кетади.

— Ёшлигига бориб… Ичгандан кейин ҳар бало деб валдирайверади-да…

— Шунақами? Жа, гапларинг йирик-ку, а?! Ёнини оляпсан-да, тўғрими?

— Йўқ. Шунчаки, Одил яна бошқатдан туғилиб келганида ҳам эришолмайдиган амалини айтибди. Аҳмоқлик қилибди-да…

— Менга қара, ўша ресторан бизга тегишлилигини қаердан билдинг?

— Мен?! Ўлай агар, билмайман!..

— Ўлмай тур, ҳали кўп керак бўладиганга ўхшаб турибсан. Гап бундай, бир ҳафтадан сўнг тоққа кетасан. Чегарага.

— Тоққа, чегарага?.. Майли.

— Майлига бало борми? Боришинг шарт! Шунга сенга олти кун дам олиш. Уйингга бор, ота-онангни кўр. Кейин кечикмасдан етиб кел.

— Хўп!..

— Энди жавоб, чиқиб кетавер.

Бошим ғувиллади. «Ярамас. Бунинг нияти нима? Нега энди тоққа? Яна чегарага?! Қайси томонга, қайси чегарага? Эй, Худо, ишқилиб, Содиқнинг куни бошимга тушмасин. Ишқилиб, унга ўхшаб қолмай…»

Кўчага чиққанимдан сўнг такси ҳайдовчисига уй манзилимни айтиб, орқа ўриндиққа ўтирганча кўзимни юмиб олдим. Ҳақиқатан ҳам, ғалати бир аҳволда эдим. Нима бўлаётганига сира ақлим етмасди. Содиқ бечора сенга яхши иш бор, деганди. Нима эканини билолмадим. Содиқ қулоғини ушлаб кетди. Энди манави нарса чиқиб турибди.

Уйга кирсам, юрагим сиқилишини билиб, олдинроқда машинадан тушиб қолдим. Тўғри қаҳвахонага кирдим. Иштаҳа зўр эмас. Бўлмаса, бугун туз тотмадим. Шунга қарамасдан томоғимдан бирор нима ўтмайди. Анави ярамас муздай ичимликдан буюрдим. Яна икки сих кабоб ҳам…

Кўнглим ёришмади. Баттар сиқилиб кетавердим. «Йўқ, — дедим ўзимга-ўзим. — Бу аҳволда аниқ бирор нимани орттириб оламан. Яхшиси… Тўппа-тўғри, шаҳарда менинг дилимни ёриштирадиган одамнинг ўзи йўқ. Ҳаво ҳам юрагимни сиқяпти. Бугуноқ, ҳозироқ уйга кетаман… Боргунимча ярим кеча бўлади. Туман марказидан у ёғига машина бўлмаслиги ҳам мумкин. Масофа олис. Қарийб йигирма километрча. Лекин мендай шуғулланган, чиниққан йигитга нима бўлибди йигирма километр. Ярим соат югураман. Қишлоғим кўринади».

Сафар қопимни елкамга илаётганимда шулар тўғрисида ўйладим.

Вилоятга қатнайдиган таксилар сийраклашиб қолибди. Кечаси йўллардан радарлар кетиб, бемалол машина ҳайдаб кетишни истайдиганлари қолибди. Кечаси юриш оғир, қаршингда келаётган машинанинг чироғи муттасил кўзингни қамаштиради. Аммо бу қийинчиликларни булар менсишмайди. Қўлларига тўппончадай (фоторадар ҳали йўқ эди) радарини олволиб, кўзи билан чамалаб, сўнг «отадиган» ЙПХ ходимининг тутиб олишидан, машина ҳайдаш кафолатини берувчи гувоҳномасини тортволишидан ёки чўнтагини «қоқиши»дан афзал билишади. Лекин кўз бечоранинг ҳам имконияти чегараланган. Бир ой, бир йил, беш йил унинг айтганини бажариши мумкин. Бироқ кейинчалик кўзнинг ҳам қуввати кетиб «ҳасса суяниб» қолади. Ана ундан сўнг минг машаққат билан топилган пуллар кўзга кетади.

Ҳайдовчи «Иккита одамим бор, ўтир, яна битта одам келиши билан кетамиз», деди. Менинг пулим кўп. Қаерга сарфлашимни билмайман. Вақтим эса оз. Ҳарна эртароқ уйга етволганим яхши.

— Ака, бир кишига қараб ўтирманг. Мен ўзим тўлайман. Кетдик, — дедим.

Ҳайдовчилар менга ўхшаган «бойваччалар»ни учратишганида яйраб кетишаркан.

— Бўлди, ука, — деди иржайиб, — ўтир, кетамиз. Олдинда, менинг ёнимда кетасан. Мусиқанинг зўрларидан бо, хоҳлаганингни қўй-й-йиб, эшитиб кетаверасан.

Орқа ўриндиқда иккита йигит ўтирарди. Биттаси мендан бир-икки ёш катта. Иккинчисининг сочига оқ оралаганига қараганда ўттиздан ошиб қолган. Уларга салом бердим-да, ҳайдовчининг ёнига ўтирдим.

— Битта шарти бор, — деди ҳайдовчи ўрнига жойлашганидан кейин аввал орқа ўриндиққа, сўнг менга қараркан калта, қоп-қора мўйловини силаб қўйиб. — Кета-кетгунча гаплашиб кетасизлар. Ҳам йўл билинмайди, ҳам мен тетик бўламан.

— Келишдик, ака, — дедим шу заҳоти.

Ҳайдовчи кафти билан юзини силаб қўйгач, газни босди.

Орқага ўтирганлар Россиядан қайтишаётган экан. Ишга боришибди. Итдай ишлашибди. Лекин сариқ чақа ҳам топишолмабди. Хўжайинлари алдашибди. «Қурилишда ишладик. Паспортларимизни олиб қўйишди. Биринчи марта боришимиз эди, ҳеч вақога тушунмабмиз. Иш битганидан кейин ё паспорт, ё пул дейишди…»

Шу гапларни эшитарканман, бутун танам зирқиради. Худди ўзим уларнинг ўрнида бўлгандай, худди менинг меҳнат ҳақимни бермай, орқамга бир тепиб ҳайдаб юборишгандай…

— Энг алам қиладиган томони, улар ҳам ўзимиздан борганлар. Икки киши эди. Биттаси буюртма оларди. Иккинчиси прораб. Ишлаганимиз овқатимизга етмабди. У ёғи ижара ҳақи, кейин ҳужжатларни расмийлаштириш, хуллас, сал кам қарз бўлибмиз. Саккиз киши ишлагандик. Олтитамиз ҳақини олди. Лекин бизнинг жуссамиз кичик эди. Бир мушт билан жойимизга солиб қўйишарди…

Сочи оқариб қолган йигит бошидан ўтганларни гапираркан, ўксик-ўксик нафас олиб чиқарар, гоҳида овози йиғига ўхшаб кетарди. Сонимни чимчиладим. Азоб бердим ўзимга.

— Бу, Акмал, — дея у ёнидаги йигитни кўрсатди, — қайним бўлади. Ўзимнинг тилим бормади хотинимга пул жўнат, дейишга. Кейин у қаердан олиб жўнатади. Хуллас, қайним отасига айтди. Отаси иккита молини сотиб, бировга билдирмай бизга жўнатди. Ҳозир шу пулга келяпмиз. Кеча эрталаб тўртта пирожки егандик. Шу-шу, келяпмиз. Ишқилиб, уйга етволсак бўлди.

— Ака, ўша прорабнинг уйини биласизми? — дедим ортимга ўгирилиб.

— Ҳа. Қўшни туманда туради. Исми Сирож. Лекин уйига келмаганига беш-олти йил бўлган бўлса керак. Келмайдиям. Жуда кўпчиликнинг бурнини қонатган у.

— Хотини, бола-чақаси бордир? — деди ҳайдовчи.

— Бор, аммо телефонда талоғини бериб юборибди. Шу ёқда Людмила деган қизга уйланиб олган. Бир марта ўша хотини машина ҳайдаб келганди қурилишга. Сирожни миниб олибди. Сирож унинг машинасини кўриши билан турган жойида бир сакраб тушди. Кейин ёнига югуриб кетди… Кетворган нарса экан.

Мен умуман бошқа нарсани ўйлай бошлаган эдим. Ўша шефнинг туғилган кунидаги еб-ичишлар, бир-биридан қиммат совғалар, иззат-икром… Киборлар… Агар ўшалар ўзларига келаётган пулларнинг бир қисмгинасини мана шу бечораларга беришганида эди, булар бировларнинг юртида бунчалик оёқ ости бўлишмасди. Ўша ёқда ҳам бошқа бегона эмас, ўзимизникилар ўзимизникиларнинг шўрини қуритибди…

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

 

 

 

loading...