Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

0

— Ака, — дедим яна ортимга ўгирилиб, — ҳаммаси яхши бўп кетади. Шундай кунлар келадики, кўрганларингизни эсингиздан чиқариб юборасиз.

— Ким билади?! — деди у.

Мен ҳайдовчига юзландим-да:

— Чинозда тўхтайсиз. Битта балиқхўрлик қилайлик, — дедим жилмайиб, — ўзим ҳақ бераман.

— Бўлди, гап йўқ. Жиззахга борганда тўхтасак-чи. Сомсаси бошқача-да. Ундан кейин жиз, кабоблар бор. Бу ёқда фақат балиқ, — деди ҳайдовчи.

— Шундай қиламизми? — дедим ортимга ўгирилиб.

— Билмадик биз?

— Шундай қиламиз. Унгача, ҳайдовчи ака, бирорта дўконнинг ёнида тўхтатсангиз, мен бирор нима олиб чиқаман.

Машина тўхтади. Мен тушдим. Дўкончанинг ёнига бордим-да, дарров Қобилга қўнғироқ қилиб:

— Ошна, анави пуллардан ўн минг олгинда Жиззах сомсага етиб кел, — дедим.

— Қаерда у? — сўради Қобил.

— Билмайсанми? Жиззахнинг тўғрисидаги бетонка ёқасида.

— Эҳ-ҳе, кеч бўлиб кетмадими?

— Кечмас. Пуллардан қутулишимиз керак-ку. Иккита зориққан одам чиқиб қолди. Берамиз. Энди гапни кўпайтирмасдан дарров йўлга чиқ.

Тахминан икки соатларда қатор ошхоналар тўғрисига етиб бордик. Ҳайдовчи ўзи яхши деган қаҳвахона ёнида тўхтади.

Россияда ишлаб келаётганларнинг ҳақиқатан ҳам, жуссалари анча кичик экан. Бунинг устига, иккиси ҳам озғин. Шу ҳолида уларнинг ўзга юртга қандай қилиб ишга борганлигига тушунмадим.

Чорпоялардан бирига чиқиб ўтирдик. Мен буюртмани қуюқ қилдим.

— Шунча нарсани қандай еймиз? — деди Пўлат ака.

Ҳа, айтганча, мардикорлардан каттаси ўзини шундай деб таништирганди.

— Йўли бор, — деди ҳайдовчи мўйловини силаб, — анави зормандадан озгина-озгина оласизлар. Олам гулистон, ҳазм қилиб юборади.

— Ноқулай бўляпти-да. Манави укам шунча нарсани айтиб, қорнимизни тўйғазаман, деб турганида…

— Қўяверинг, — дедим унинг гапини бўлиб, — мен ишлайдиган фирма жа саховатпеша. Ҳозир ҳам мен ўз номимдан яхшилик қилмаяпман. Ўша фирманинг номидан қиляпман.

Фирма? Ўзимнинг гапимга ўзим ҳайронман. Қанақа фирма бўлдики, дуч келган жойда ҳотамтойлик қилиб кетаверса. Бўлди, топдим. Бу шефнинг, шефнинг қудаси, Авдей, Шариф, Содиқ, Одил, қолаверса, менинг фирмам. Бундан кейин фирма фақат шунақа ишлар билан шуғулланади.

Пўлат ака ва Акмалнинг боши озгина қизиганидан сўнг иштаҳасри очилди. Тўртта сомса, бир кило жиз, бир сихдан кабоб ана-мана дегунча тугади.

— Эссиз, — деди ҳайдовчи қорнини силаб, — бундай байрам бўлишини билмаган эканман. Билганимда машинани ташлаб, бошқа таксида сизлар билан бирга келардим.

— Кунинг кўп бўлсин, ука, бизни роса уялтирдинг, — дея менга қараб қўйди Пўлат ака.

— Мен ҳеч нима қилмадим? Шунчаки фирмадан топшириқ бор. Чет элда ишлаб, омадсизликка учраб қайтиб келаётганларни кўриб қолсанглар, ёрдам қилинглар, деб буюришган.

— Омин, — деди ҳайдовчи кафтини очиб.

— Шошманг, шошманг, ҳали ўтирамиз, ака, — дедим мен.

— Йўқ, мен туриш учун омин, демаяпман. Сизларникига ўхшаган фирмалар кўпайсин, деб омин демоқчиман.

Пўлат ака билан Акмал ҳам унинг гапига қўшилди. Кейин ҳамроҳлар турмоқчи бўлишди. Мен кўнмадим. «Ҳали шошманглар, сюрприз бор», дедим. Пўлат ака безовталанди.

— Ука, мени кечирасану, лекин мушук бекордан-бекорга офтобга чиқмайди. Бу қилаётганларингнинг орқасида, ишқилиб, қандайдир…

— Хавотир олманг. Ҳаммаси чин кўнгилдан. Ҳеч қанақанги қинғирлик йўқ. Ростини айтаман, чой ичиб турайлик, битта ўртоғим келяпти. Совғаси бор. Шуни оламиз, кейин кетаверамиз.

Ҳайдовчи безовталанди. У ёқ-бу ёққа қараб қўйди.

— Ҳалиям менга ишонмаяпсизлар-а. Ўрниларингда бўлганимда мен ҳам шундай қилган бўлардим. Лекин тепамда Худо қараб турибди. Арзимаган нарсани деб гуноҳга ботишни истамайман.

Барибир, улар гапларимга ишониб-ишонмай, Қобил етиб келгунича игнанинг устида ўтиргандай ўтиришди. «Бундан чиқди, бу ерда мен уларнинг қўлларига пул беролмайман. Манзилга етганимизда бераман», дея кўнглимга тугиб қўйдим.

Ниҳоят, Қобил етиб келди. Лекин чорпояга чиқмади. «Зорманда бор жойда ўтиролмайман», деди. Берадиганини берганидан сўнг тўртта сомса олди-да, ортига қайтиб кетди.

Биз йўлимизда давом этдик. Ишлаб келаётганлар дарров пинакка кетишди. Ҳайдовчи иккимиз у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб кетавердик.

Яна орадан тахминан уч соатча вақт ўтганидан сўнг шериклар манзилларига етишди. Туман марказидан тўрт-беш қишлоқ берироқда экан уларнинг уйи. Машинадан улар билан бирга тушдим. Сўнг чўнтагимдагини иккига ажратиб уларга бердим. «Йўқ, олмаймиз», дейишди. Лекин мен уларни кўндирдим.

— Очиғини айтай, — деди ҳайдовчи бироз юрганимиздан сўнг, — мен сенинг гапларингда қандайдир фитна бўлса керак, деб ўйлагандим.

— Битта сиз эмас, ҳамма шундай деб ўйлади. Лекин… Эй-й, майли қўяверинг, барибир, менинг пулим эмас. Қайсидир маънода уларнинг ўзлариники.

— Унда, ука, битта илтимос сенга. Яқинда тўй қилмоқчиман. Аммо шу озроқ етмай турибди. Ўзинг айтгандай қайсидир маънодаги пулларим йўқмиди сенда?

Мен кулдим.

— Балки, бордир. Телефон рақамингизни берсангиз, ўзим қўнғироқ қиламан, — дедим.

Ҳайдовчи шу заҳоти рақамини айтди.

Туман марказига етдик. Мен тушаман, дедим. У уйинггача обориб қўяман, дея оёқ тиради. «Агар қайсидир маънода умидингиз бўлса, оборманг», деганимдан сўнг ноилож машинасини тўхтатди.

Мен унга қишлоғимни айтолмасдим. Чунки фалончи беш бегоналарга пул берибди, едириб-ичирибди, деган гап-сўзлар кўпайиб кетиши мумкин. Сўнг отам сиқувга олади. «Қаердан бундай бойвачча бўп қолдинг?» дейди ва ҳоказо-ҳоказо…

Сумкамни елкамга илдим. Бир муддатдан сўнг машина жойидан қимирлади. Ёнимдан ўтаётиб, ҳайдовчи яна бир марта мен билан хайрлашди.

Чамаси йигирма дақиқача юрганимда сўнг ортимдан Эшқобил ака «Дамас»да келиб қолди…

Уйдагилар аллақачон ухлашган экан. Уйғотмадим. Ўзим ётадиган кўндаланг уйга кирдим-да, кўрпача ёзиб, чўзилиб ётдим. Бошқача, жудаям бошқача… «Ишқилиб, охирги кунларим бошланмадимикин?» деган ўй келди негадир хаёлимга.

Яйраб, яшнаб, эмин-эркин, ҳеч нимадан ҳадиксирамасдан кўзимни юмдим. Анави бемаза, бетутуруқ, мазмунсиз ўй қандай тез келган бўлса, худди шундай йўқолди. Уйимизнинг ажойиб, бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган, роҳатлантирувчи ҳиди бор. Уй ҳиди. Ўшандан ўпкамни тўлдириб нафас олдим. Маст бўлиб, уйқуга кетдим.

Ҳамма ҳайратдан донг қотмади. Чунки мен илгари ҳам бир-икки марта вақт алламаҳалдан ўтганда уйга келганман. Хонамга кириб ухлаганман. Шундай экан, қуёш бир терак бўйи кўтарилганида уйдан чиқиб келганимда чорпояда чой ичиб ўтирганлар ажабланишмади. Аям, дадам, синглим. Бошқалар иши билан кетишган, шекилли, кўринишмайди.

Ювиниб, уйдагиларга салом бердим. Аям бағрига босиб, қайта-қайта юзимдан ўпиб кўришди. Дадам шунчаки қўлини бериб қўя қолди.

— Нега бунча узоқ қолиб кетдинг бу сафар? — дея сўради аям ёнига ўтирганимдан сўнг сочимни силаркан.

— Ишлар салгина кўпайиб қолди-да, ая, — деб жавоб бердим.

— Ўқиш-чи? Ўқишинг кўпайиб қолмадими? — деди дадам ҳам кесатиқ, ҳам ажабланиш аралаш.

— Айтгандим-ку, ҳам ўқияпман, ҳам ишлаяпман деб. Ўқиш сийраклашиб қолган. Лекин иш кўпайгандан-кўпайяпти.

— Нима бўлсаям, болам, тез-тез хабар олиб тур.

— Хўп.

Шундан кейин дадам бозорлар, нарх-наво тўғрисида суриштирди. Билганимча айтдим. Падарим бошини сарак-сарак қилди.

— Кундан-кунга ҳамма нарса қимматлашиб кетяпти. Ён-атрофга қарасанг, биров тиним билай демайди. Лекин ҳаммаси қиммат. Фақат деҳқон бечоранинг шўри қуриган. Қачон нима экмасин, ер билан битта бўлиб кетади. Ана, Салим ака, ўтган йили бўғдойнинг ўрнига сабзи экканди. Нақ бир гектарга. Ўзиям сабзимисан сабзи бўлди. Кўрсанг, ҳавасинг келади… Икки қопини бозорга олиб борган экан… Йўл пули ҳам чиқмабди, — деди отам.

Мен Салим акани хаёлимда тикладим. Бир кўзи кўр. Ёшлигида ошнаси билан камон ясаб, осмонга отари ўйнаган. Ўқлардан биттаси ортига қайтиб, тўғри шўрликнинг кўзига кириб кетган…

Ёмон бўлибди. Сабзи етиштириш осон иш эмас. Яна бир гектарни эплаш нақ одамнинг белини чиқариб юборади.

Отам ишларим тўғрисида айтарли ҳеч нима суриштирмади.

— Эҳтиёт бўлиб, кўзингга қараб, ҳалол ишла, болам. Одамзод ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, фақат шармандаликка эмас, — деди фақат.

Мен пешинга яқин қишлоқни бир айланиб, ўзим тенгилар билан гурунглашмоқчи бўлдим. Бироқ бирортасини ҳам тополмадим. Тўрт-бештаси ишга кетибди. Бирови шаҳарга, бирови пойтахтга, яна биттаси Қозоғистонга, қолган иккитаси эса Россияга. Яна битта ўртоғим бор. У савдогарлик қилаётган экан. Бозорда дейишди. Ҳафсалам пир бўлди. Тўғри, бир-икки ёш катта, кичиклар билан озроқ гаплашдим. Лекин кўнглим тўлмади. Бунинг устига ҳаммасининг иши бор экан, ҳаммаси шошаётган экан. Уйга қайтдим.

Эртаси куни таъзия бўлди. Холмурод бобо ўлибди. Ўзиям тўқсонга кириб қолган эди. Бордим. Одамлар айтишдики, кайвони одам эди. Гаплашсанг, зериктирмасди. Ғирромликни билмасди.

«Эсиз, ғирромсизларнинг бари қариб қолган. Бирин-кетин дорилбақога кетишяпти…»

Навбатдаги кун шаҳарга қайтдим. Чунки зериккан эдим. Ярим йўлга етганимда афсусландим. Бир ҳафта вақтим бор эди-ку, юрмайманми ота-онамнинг ёнида. Тоққа кетаман. Нима иш билан шуғулланишим ёлғиз Худога аён. Эҳтимол, у ёқдан қайтмасман. Шундай экан, яқинларимнинг дийдорига тўйиш ўрнига, бир нарсани пишириб қўйгандай шаҳарга кетяпман. Бориб фақат ётсам керак…

Лекин ётмадим. Қобилнинг ёнига бордим. Дўкондан иш топибди. Уйининг яқинида экан. Харидори кўп эмас. «Менга бўлаверади. Хўжайинга тушган пулни топшириб турибман. Китоб ўқияпман. Бир-икки сўм чўнтагимга ҳам тушиб турибди. Ҳалолидан. Ҳар куни хўжайин ташлаб кетади», дейди.

— Мен сенга ёрдам бераман, — дедим.

— Нимага ёрдам берасан? Бу ерда қиладиган ишнинг ўзи йўқ, — деди Қобил жилмайиб.

— Шундай, ёнингда ўтираман гап бериб, шунинг ўзиям ёрдам.

— Ишинг йўқми?

— Уч кунлардан сўнг бошланади. Тоққа кетяпман, ошна. Маза қилиб тоза ҳаводан симириб, ўйнаб-кулиб келаман.

— Дам олгани боряпсанми?

— Қаёқда, ишга жўнатишяпти. Лекин нима ишлигини айтишмади. Қўриқчилик қилсам керак.

— Ишқилиб, осон бўлсин. Аммо менга ёқмаяпти.

— Менга ёқяпти деб ўйлайсанми? Шунчаки кетсам қанийди. Энг катта жиноятчига айлантириб юборишади. Темир панжара ортида қариб-чириб кетаман.

— Тушунарли. Ишқилиб, эҳтиёт бўлгин-да, ошна. Ундан кейин анави пулларингни ҳам бир ёқли қилиш керак.

— Кетаётганимда такси ҳайдовчиси ҳам пулга зориқиб қолганини айтганди.

— Бекор гап. Мен унинг юзини кўрдим. Ғирт туллак. Ўзи шу ишни ҳам бекор қилдингми, деб ўйладим кейинроқ. Чунки бир номинг чиқиб қолса, қутулмас балога қолишинг мумкин.

— Аста-секин ўша пуллар мени эзаётганга ўхшайди. Агар ўзимда турганида билмадим, нима қилардим? Энди, ошна, мен борай. Бу ерда ўтирадиган бўлсам, сенинг ҳам вақтингни оламан.

— Қаерга борасан?..

— Битта жойда иш бор.

Иш? Ҳеч қанақанги иш йўқ. Шунчаки айланиб юраман. Кейин Назокатга қўнғироқ қиламан. Агар вақти бўлса… Йўқ, аввал унга қўнғироқ қиламан. Вақти бўлса, у билан айланаман. Аммо «Вақтим бор», дейдими? Демайди. «Ундоқ эди, бундоқ эди, меҳмон келиши керак эди, опам билан бир жойга боришим керак эди» ва ҳоказо. Лекин таваккал қилиш зиён қилмайди.

Қобилнинг дўконидан чиққанимдан сўнг Назокатнинг телефон рақамини тердим. Бир чақирди, икки чақирди, учинчисида кўтарди.

— Алло, — деди нозик овозда, кейин бирдан салом берди.

— Овозимни танимайсиз, деб қўрққан эдим, — дедим ўзимча гап берган киши бўлиб.

— Сизними? Биринчи марта эшитганимдаёқ хотирамда қолган, — дея жавоб берди Назокат кулиб.

— Биламан, ҳозир идишларни ювиб бўлдингиз. Уларнинг ҳаммаси тўнтарилган ҳолда турибди. Қуригач, меҳмонхонага олиб кирасиз. Бугун меҳмон келади. Сал кечроқ, шунинг учун ҳам шошилмаяпсиз…

— А-да-шдингиз. Мен ҳозир хонамдаман. Китоб ўқиб ўтирибман. Бундан аввал телефонимда интернетга киргандим. Роса титкиладим.

— Демак, бўшсиз. Бир сиқим зерикиш аломатлари ҳам бордай.

— Мақсадингизни тушунгандай бўлдим, яхши йигит, аммо…

— Тўғри, опангиз билан…

— Йўқ! Йўқ! Опам билан эмас, ўзим. Қариндошимиз келаётган экан. Дўхтирга… Салима холам. Метрога бориб, кутиб олишим керак.

— Мен ғирт бекорчи, тайёрман!..

— Яхши бўларди. Унгача мен уйни…

— Тўхтанг, тўхтанг, тўхтанг. Менинг бир ўзим боролмайман, биринчидан, танимайман. Иккинчидан, ўзингиз ўйлаб кўринг… Лекин-чи, сизни қўриқлаб бора оламан.

— Бир ўзингиз боришга қўрқяпсизу, мени қандай қўриқлаб юрасиз?

— Икки киши бўламиз-да. Мен чалғитиб тураман. Сиз юзига уриб, ағдариб ташлайсиз!

Назокат қиқирлаб кулди. Биз анча руҳландик.

— Майли, қаерда кўришамиз? — деди у кулиб бўлганидан сўнг.

— Сиз бекатга шошилмасдан… Тўхтанг, тўхтанг, шошилиб чиқинг бекатга. Мен кўз очиб-юмгунча етиб бораман.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

 

 

 

loading...