Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

0

Етиб бордим кўз очиб-юмгунча. Аммо Назокатхон шошилмасдан… Менимча, аввал катта кўзгу қаршисидаги юмшоқ стулга ўтирган, бир неча дақиқа ўзига-ўзи маҳлиё бўлган. Ана ундан кейин бўянган, кийинган ва ҳозир, адашмасам, энди йўлакка чиққан бўлса керак.

Ўриндиққа ўтириб, пешонамда пайдо бўлган терни артдим ва кутилмаганда… Буни қарангки, яна адашибман. Назокатхон ўйлаганимдек бемалолхўжалик қилмабди. Ана, келяпти. Пушти ранг сумкача, пушти ранг пойабзал…

Дарров кутиб олиш учун ўрнимдан турдим… Юзида табассум, кўзида табассум… Жоду. Сеҳрлайди-қўяди. Телефонда тилим бурро эди. Энди айланмай қолди. Кўришдим, сўнг такси тўхтатдим. У орқа ўриндиққа, мен ҳайдовчининг ёнига ўтирдим. Бир нималар деб Назокатнинг кўнглини олмоқчи бўлдим. Қани энди каллам ишласа денг. Топган гапим «Қариндошингиз соат нечага келади?» бўлди.

— Мен автобусда борсак керак, деб бир соатлар олдин чиқдим, — деди у.

— Унда аввал боққа ҳайдайсиз, — дея ҳайдовчига юзландим.

У «хўп», дегандек бошини қимирлатди.

Боғда музқаймоқ қаҳвахонасига кириб, стулга ўтирганимиздан сўнггина тилимнинг «қулфи» очилгандай бўлди.

— Мен дўхтирга келаётган холангизни яхши кўриб қолдим, — дедим.

— Нега? — ҳайрон бўлди Назокат.

— Чунки сизни кўришимга шароит яратиб берди.

Назокат кўрсаткич ва бош бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб:

— Озгина, — деди.

— Шунинг ўзи ҳам катта гап. Бошқа куни келганида нима қилардим?

— Худди шундай.

— Балки?! Лекин эртароққа нима етсин?.. Мен-чи, эртага оппоқ халат кийиб, касалхонанинг ёнига бориб олмоқчиман. Дўхтирман дейман, фақат бошқа касалларга қарайман, дейман. Лекин бугун навбатчи бўлганим учун сизни хонама-хона олиб юраман, дейман.

— Зўр. Опамга анча енгил бўларди.

— Сиз-чи? Сиз бирга юрмайсизми?

— Йўқ. Мен бошқа ишлар билан шуғулланаман.

— Кўча…

Шу пайт телефоним жиринглаб қолдию, гапиришдан тўхтадим. Ёқтирмасдан телефонни қўлимга олиб, экранга қарасам, хўжайиннинг рақами ёниб-ўчяпти. Рангим ўзгарди.

— Нима бўлди? — сўради Назокат.

— Ишхонадан. Бир ҳафтага дам беришганди, тугашига ҳали икки кун бор, — дея телефонни ёқиб, қулоғимга тутдим.

— Бир соатда етиб кел, — деди Шариф салом-алик ҳам қилмасдан ва телефонини ўчирди.

— Оббо! — дея тиззамга шапатиладим.

— Чақиришяптими? — дея хавотир билан юзимга қаради Назокат.

— Ҳмм, — дедим бошимни қимирлатиб.

— Унда тезроқ боринг!

— Йўқ. Таксига ўтирсам, йигирма дақиқада олиб боради. Демак, қирқ дақиқа вақтим бор.

Қирқ дақиқа қирқ сониядек ўтиб кетди. Худди биров ёқамдан ушлаб судраётгандай зўрға ўрнимдан турдим. Судраб оёғимни босдим. Назокат билан хайрлашиш эса ҳаммасидан ҳам оғир бўлди. Аммо начора…

«Оргинал Банк» ҳовлисида тўртта ҳарбийча кийинган йигитни кўрдим. Иккитаси чекарди, биттаси латифа айтар ва кейин ҳаммаси бараварига ҳоҳолашиб кулишарди.

Ўзимни кўрмаганга олиб, уларнинг ёнидан ўтдим-да, ичкарига кирдим. Шариф биров билан инглиз тилида телефонда гаплашаётган экан. Бўшашини кутдим. Сабрсизландим. Хаёлимда Назокатнинг жамолини тикладим. Унинг хавотир билан қараши, қайсидир маънода мени ўзиники каби қабул қилиши юрагимни орзиқтириб юборди. Кетворгим келди…

— Хўш, — деди, ниҳоят, телефондан бўшаган Шариф, — бугуноқ сафарга чиқасан. Ўша айтган жойимга. Битта нарсани қулоғингга қуйиб ол. Ҳеч қачон ўзбошимчалик қилма. Нима айтишса, шуни бажарасан, тамом-вассалом. Уқдингми?

— Ҳа.

— Тамом! Ташқарида тўртта йигит турибди. Кўрган бўлсанг керак. Ўшалар билан кетасан. Сенга ҳудуд ажратиб беришади. Ўша ерни бир ўзинг қўриқлайсан. Топшириқларнинг барини ўша ерда оласан. Энди бор, омадингни берсин, — деб Шариф менга эшикни кўрсатган бўлди-да, яна телефонида рақам тера бошлади.

Ичимдан зил кетди. Қани энди замон қўлингда бўлсаю, башарасига иккитагина мушт туширсанг. Сира армонинг қолмасди.

Ташқарига чиқдим. Йигитларнинг ёнига бордим. Улар билан бирга кетишимни айтдим. Бахтиёр, Ўсар, Жамолиддин, Мурод, дея улар ўзларини танитди. Табиийки, мен ҳам исмимни айтдим.

Мурод хўжайинга қўнғироқ қилди. Нима қилишни сўради. Кейин «Хўп, хўп», дея телефонни ўчирди-да, бизга:

— Ҳозир машина келади, — деди сўнг менга юзланиб. — Жасур, сенинг кийимларинг, бошқа ашқол-дашқолларинг шу машинада, — дея бошини қашлаб қўйди.

Узоғи билан беш дақиқада Мурод айтган машина келди. Иномарка. Кўриниши ваҳима. Ўн ўриндиқли. Супер салон. Ўриндиқлар чармдан. Антиқа, кўнгилни кўтарувчи ҳид бор.

Мен ҳаммадан орқага ўтирдим. Шу ерда юк қопи бор экан. Очдим. Кийим, консерваланган егуликлар, нон, ичимлик сув ва ҳоказолар билан тўлдирилган.

— Кийиниб ол, — деди Мурод.

Биз тоғ томонга кетдик. Дам олиш масканлари ортда қолди. Йўл охирлади. Чегарачиларга дуч келдик. Мурод қўйнидан ҳужжат чиқариб, уларга кўрсатди-да, беш-олтита рақам айтди.

— Тушунарли, — деди сержант, — тўғрига яна бироз юрганларингдан кейин ўнгга қайриласизлар. Пастликка йўл бор, — деб ўзини бироз четга олди.

Ўх, бу томонларнинг ҳавоси жудаям бошқача экан. Дарахт ҳам кўп. Ора-чора табиий арчалар ҳам учраб турибди. Сойда шарқираб сув оқяпти. Тўрт-бешта ўртоғинг билан маза қилиб дам олиб кетсанг бўларкан… Лекин бу ерларга ўтказишмайди-да. Ана шуниси чатоқ…

Пастликка ўн одам бўйи юрилганидан сўнг ўнгга қайрилдик. Қиялик. Машина бир томонга энгашди. Ҳамманинг дами ичига тушган. Биров миқ этмайди. Гўё гапирса иномарка думалаб кетадигандай. Ҳайдовчи ҳам қотиб қолган. Назаримда, у нафас ҳам олмаётгандай эди.

Ҳартугул, шу аҳволда узоқ юрмадик. Булдозер билан машина учун йўл қилинган экан. Шу ерга етиб олдик. Улов тўхтади. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган Мурод ортига ўгирилди-да:

— Ҳамманг эшитиб ол. Рация орқали гаплашамиз. Эшакда, отда ёки пиёда келишади. Яшил десам, ўзларингни кўрсатмайсизлар, ўтказиб юборасизлар. Қизилини дарров қўлга олинглар. Одатда, улар бир ёки икки киши бўлишади. Яна рангсизлари ҳам учрайди. Улар сўзсиз тинчитилади. Иложи борича шовқинсиз. Битта нарсани эсларингдан чиқазманглар, ораларида яхшигина тайёргарлик кўрганлари ҳам бўлиши мумкин. Жонингни эҳтиёт қил… Энг олдинда мен бўламан. Сизлар кейин. Сойнинг ўнг тарафига Жасур билан Бахтиёр жойлашади. Исми биринчи айтилган биринчи. Чап тарафни Жамолиддин ва Ўсар эгаллайди… Ҳар биттангга алоҳида капа тикилган. Иккитаси арча остида, биттаси бутанинг тагида, яна биттаси икки дарахт оралиғида. Энди машинадан тушингларда, юкхонадан исмларинг ёзилган қопларни олиб, жойларингга жўнанглар, — деб эшикни очди-да, машинадан сакраб тушди.

Иномарка шу ердан ортига қайрилиб олди-да, жўнаб кетди. Мен Бахтиёр билан ёнма-ён борардим. У кенг елкали, узун бўйли, билаклари бақувват, жингалак соч, кўзлари катта-катта эди. Овози ҳам гавдасига мос йўғон. Қаерлардадир эшитганман, одатда, бундай йигитлар ўта юмшоқ кўнгил бўлишаркан.

— Жасур, — деди бирор ўн қадамча юрганимиздан сўнг Бахтиёр.

Мен унга юзландим.

— Уйланганмисан?

— Қаёқда. Ҳали кичкинаман.

— Юрадиган қизинг бордир?

Менинг кўз ўнгимда бирдан Назокат пайдо бўлди. Юрагим орзиқиб кетди.

— Йўқ.

— Бекор қилган экансан-да.

— Ўзинг-чи? — дея ундан сўрадим.

— Менинг икки нафар болам бор. Эгиз. Фотима ва Тоҳир. Яқинда бирга киришди. Шунақанги ширин бўлишганки, эркалаб тўймайсан. Хайрлашганимга ҳали беш-олти соат ҳам бўлмади. Лекин соғиндим. Аксига олиб, бу ерда қанча туришимиз ҳам номаълум.

— Урушга бораётганинг йўқ-ку?!

— Урушдан баттар. Душман кимлигини билмайсан. Қачон қайси томондан келишини ҳам билмайсан. Мурод олдинга кетди. Лекин унинг ҳам кўзи саккизта эмас-ку. Ундан кейин у ҳам чарчайди. Ухлаб қолади.

— Менга қара, кимларнинг йўлини тўсамиз ўзи?

— Айтди-ку, эшакли, отли, пиёдаларнинг.

— Ҳамманинг, тўғрими?

— Ҳамманинг. Фақат бу йўлдан ўтаётганларнинг бирортасининг ҳам кўнгли тўғри эмас. У ёғини ўзинг кўраверасан, гапириш мумкинмас…

— Тушунарли, — дея елкамдан пастга сирпанаётган қопни яна кўтариб жойига қўйдим.

Бахтиёр қолганидан кейин ҳам анча юрдим. Тахминан бир ярим соатча. Бахтиёрнинг капаси икки дарахт оралиғида экан. Демак, меники арча ёки бута тагида бўлиши керак. Шу боис кўзим «олма, кесак» териб кетди. Бу капа деганлари сира кўринай демайди. Яна неча марталаб тўхтадим. Мабодо кўрмай ёнидан ўтиб кетдиммикин, деган хаёлда ортимга, кўзим тушадиган дарахтлар остига қарадим. Йўқ. Йўқ бўлгандан кейин йўқ-да. Демак, юришда давом этишим керак.

Бахтиёр тўхтаган жойнинг дарахтлари хийла сийрак эди. Бу ёқники қалин экан. Оёқ остидаги ўтлар ҳам ям-яшил, тўпиғимдан ошади. Яна сирпанчиқ.

Ва ниҳоят, капа номли «иморатим»ни топдим. Ҳақиқатан ҳам, арчанинг тагида экан. Зўр эътибор бермасанг, кўрмай ўтиб кетишинг ҳеч гап эмас. Яна усти шох-шаббага ўхшаб кетади. Игна барглисига. «Ин»имга дарров кириб олмадим. Аввал атрофни яхшилаб кузатдим. Қайси томонларни кузатишим кераклигини аниқладим. Яъни одам юриши мумкин бўлган жойларни. Ана ундан кейин капанинг «эшиги»ни очиб, ичкарига мўраладим.

Ётоқ. Яна иккита қоп бор экан. Кирдим. Ўтирдим. Ўзим билан олиб келган қопни очдим. Қурол-яроқ. Битта автомат, битта тўппонча, ҳарбий пичоқ. Рация. Яна ўқ -дори бор экан. Уларни қопдан чиқазиб, обдан назоратдан ўтказдим. Сўнг емак қопимдан нон ва консервани олдим.

Қорним тўйганидан сўнг чарчоқни ҳис этгандай бўлдим ҳамда бошимни ёстиққа қўйдим. Негадир «чопқиллаб» келаётган уйқу дарров ортига қайтиб кетди ва мен нима мақсадда бу ёққа келганим ҳақида бош қотира бошладим.

«Қизиқ, яшиллар ким? Нега уларга ўтиш мумкин? Қуп-қуруқ, ёлғиз ўзлари ўтишадими ёки бирор нимани ортмоқлаб олган бўлишадими? Ортмоқлаб олишган бўлишса, ортмоғида нима бор? Улар яшил экан, тўғри чегарадан ўтиб кетаверишмайдими? Демак, хўжайинга тааллуқли «қизиқиш» бор. Хўп, яшиллар қайсидир маънода тушунарлига ўхшаяпти. Қизиллар нега қизил? Ана сенга ҳақиқий бошқотирма… Бошқа томондан олиб қарасанг, мен ҳеч қанақанги чегарачи эмасман. «Кучлилар»га фақат хўжалик томондан даҳлим бор. Шундай экан, мени бу ёқларга жўнатишлари ҳам ғалати. Умуман, ғалати бўлмаган нарсанинг ўзи йўққа ўхшайди бу томонларда».

Қулоғимга қандайдир оёқ товуши эшитилгандай бўлди. Бирдан сергак тортдим. Ҳамда секин латта «эшик»нинг бир томонини озгина юқорига кўтариб, ташқарига қулоғимни динг қилдим.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

 

 

 

loading...