Вазирдан кўчат экиш бўйича «мастер-класс»

0

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида кўчат экиш бўйича мастер-класс ўтиб берди.

Фото: «Дарё»
Маълум бўлишича, вазир Раҳмат Маматов ва ДХА директори Улуғбек Муҳаммадиев 2021 йил 4 март куни президент топшириғига кўра, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида бўлиб, ҳудудда «Обод маҳалла» давлат дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар билан танишган.

«Вазир Раҳмат Маматов ҳамда Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиевлар туманимизнинг ‘Гумбулоқ’ маҳалласида бўлиб, ‘Обод маҳалла’ давлат дастури бўйича амалга оширилаётган ишларни кўрди. Кузатди ва маслаҳат берди», — дейди Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов.

Фото: «Дарё»
Туман ҳокимининг маълумот беришича, ҳар иккала раҳбар вилоятнинг Чироқчи ҳамда Деҳқонобод туманига бириктирилган бўлиб, улар ҳудудда олиб борилаётган ишларга бош-қош бўлади.

«Қувонарлиси, вазиримиз Раҳмат Маматов кўчатни тўғри экиш бўйича бизга мастер-класс ҳам ўтиб берди», — дейди туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Нодир Исмоилов.

Фото: «Дарё»
Таъкидланишича, вазир ва ДХА директори ташаббуси билан ҳудудга олиб келинган 600 дона кўчат шу куннинг ўзида экиб чиқилган. Қолаверса, туман тиббиёт бирлашмаси саъй-ҳаракати билан шу куни маҳалладаги аёллар ва ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилган.

«Шу куни ҳудуддаги эндигина турмуш қурган, аммо ҳали никоҳи расмий қайд этилмаган оилаларнинг никоҳ гувоҳномалари топширилди. Шунингдек, таъмирталаб йўллар таъмирланди. Аҳолига узунлиги 52 метр ва 10 метр баландликдаги осма кўприк қурилиши бошлаб берилди», — дейди туман ҳоким ўринбосари Нодир Исмоилов.

Фото: «Дарё»
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев «Ҳафта ўртасида бирорта вазирни Тошкентда кўрсам, ишдан оламан», деганди. Шундан сўнг, барча вазирлар ҳудудларга йўл олиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишга киришганди.

loading...