Чарли Чаплиннинг тобути нега ўғирлаб кетилган эди?

0
CITY LIGHTS, Charlie Chaplin, 1931

Буюк комик ва кино устаси Чарли Чаплин одамларни кулдириш билан машҳур бўлган, аммо ўлимидан кейин у билан содир бўлган воқеалар ҳеч кимга кулгили туюлмайди. «Дарё» комедия қиролининг вафотидан кейин содир юз берган ғайриоддий ҳодиса ҳақида ҳикоя қилади.

1977 йил Рождество куни Чаплин вафот этади. Ўлимидан сўнг Швейцариянинг Женева кўли тепасидаги тепаликларда жойлашган Корсиэр-сур-Вевей қишлоғидаги қабристонга дафн этилган. Чаплиннинг Швейцарияга бориб қолиши ҳам ўзгача тарих. 1952 йилда Чаплиннинг «Диққат марказида» фильмининг премьераси АҚШда бўлиши керак эди. Аммо Чаплиннинг душманлари унинг ўзи ва фильмларини коммунистик хайрихоҳликда айблашган ва шу туфайли  АҚШга қайта кириш визаси берилишини рад этишганидан сўнг, оила Швейцарияда қолиб яшашга мажбур бўлишган эди.

Дафн маросимидан бир неча ой ўтгач, 1978 йил 2 мартда икки безори жуда ғаройиб  тарзда пул ишлашга қарор қилди: улар буюк Чаплиннинг жасадини қабрдан ўғирлаб, унинг бевасидан катта миқдордаги пул – 600 минг АҚШ доллари талаб қилишди. Уна Чарли Чаплиннинг тўртинчи рафиқаси (Милдред Харрис, Лита Грэй ва Паулетта Годдарддан кейин) ва драматург Евген ЎНилнинг қизи эди.

Чаплиннинг беваси Унадан ўғрилар нақд 600 000 АҚШ доллар миқдорида тўловни талаб қилганидан сўнг, полиция унинг телефонини назоратда ушлаб кузата бошлади. Уна эрининг мурдаси учун ўғриларнинг бу талабини «кулгили» деб тўловни тўлашдан бош тортган эди. Полициячилар Уна хонимга гўёки рози бўлгандек ўзини тутишини илтимос қилишган. Уна хоним кейинчалик бу бемаъни ҳолатни  «Агар Чаплин тирилиб келса, буни кўриб кулгидан яна қайта ўлиши мумкин эди» деб изоҳлаган. Полиция суриштирувига мамлакатнинг энг кчли детективлари жалб қилинди ва бундан ташқари минтақадаги 200 та телефон будкаларини туну кун кузатиш бошланди. Кейинроқ қўнғироқ қилувчилар унинг энг кенжа фарзандига таҳдид қилишди.

 

Беш ҳафталик терговдан сўнг, полиция икки автомашина механиги – полшалик Роман Вардас ва болгариялик Ганцчо Ганевни ҳибсга олди. Аниқланишича, улар Чаплин мурдасини 17 май куни Чаплинлар оиласидан бир чақирим узоқликда жойлашган маккажўхори майдонига кўмиб юборишган.

Судда эркаклар ҳеч қачон танани таҳқирлаш ёки уни олиб кетишни ният қилмаганликларини даъво қилишди. Дастлаб Чаплиннинг тобутини олиб ташлаш, қабрни чуқурроқ қазиш ва кейин уни ер ости қатлами остида яшириш режалаштирилган эди. Мурдани ўғирлаш ўрнига, улар фақат унинг йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги таассурот қолдиришни хоҳлашганини айтишди. Аммо ишлар режадан чиқиб улар мурдани ўғирлашга мажбур бўлдилар. Йил охирига келиб, Швейцария суди иккала шахсни ҳам ўликларнинг тинчлигини бузишда ва товламачиликда айбдор деб топди.

Интернетда бу одамлар ва уларнинг кейинги тақдири ҳақида озгина маълумот мавжуд. Хабарларга кўра, икки жиноятчи 1977 йилда Италияда содир бўлган шунга ўхшаш воқеадан илҳомланиб, тезда бойиб кетишга умид қилишган. Судланганидан кейин икки эркак Уна Чаплин хонимга ўзларининг чин дилдан афсусланишларини билдирган мактублар юборишди. Охир оқибат Уна уларни кечирди.

Ҳодиса уюштирувчиси деб топилган Вардас тўрт ярим йиллик оғир меҳнатга ҳукм қилинди. Ганев 18 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди, чунки унинг жиноят учун жавобгарлиги чекланган эди.

 

Чаплинга келсак, унинг оиласи келажакдаги ўғирлик уринишларини олдини олиш учун унинг жасадини бетон қабрга қайта кўмган. 6 футлик бетон қуйилган қабр қарорига унинг беваси Уна Чаплин келади. У бу қарорини яна бир шундай ҳодисани кўтара олмаслиги билан изоҳлаган.

loading...