Намангандаги мактабга 75 км масофадан қатнаб дарс берадиган ўқитувчига поездда бепул қатнаш имконияти берилди

0

Намангандаги мактабда дарс бериш учун Поп туманидан 75 километр йўл босиб келаётган ёш ўқитувчи Муниса Мелибоева поездда бепул қатнаш имкониятига эга бўлди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, ўқитувчи Муниса Мелибоева темир йўлдан ҳар куни фойдаланиши инобатга олиниб, Транспорт вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан унга имтиёзли сертификат берилган.

Муниса Мелибоева ушбу сертификат билан 6381/6382-сонли Қўқон—Наманган йўналишидаги шаҳарлараро қатновчи электропоездларда Поп—Наманган ва Наманган—Поп йўналишида 2021 йилнинг 31 декабрига қадар бепул юриши мумкин.

«8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида менга жуда катта совға бўлди. Бунинг учун аввало муҳтарам президентимизга, Транспорт вазирлигига ҳамда ‘Ўзбекистон темир йўллари’ раҳбариятига чексиз миннатдорлигимни билдираман. Бундай қулайликдан фойдаланиб, бор билимимни, тажрибамни ишга солиб, ёшларимизнинг етук инсон бўлиб етишишларига ўзимнинг янада кўпроқ ҳиссамни қўшишга ваъда бераман», — дея Мелибоеванинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда темир йўл компанияси матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, ўқитувчи бошқа туманга ишлаш учун борганига 50 фоиз, бошқа вилоятга борганига эса 100 фоиз устама ҳақ тўланиши белгиланган. Қўшимча тўланиши фақат олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларга тааллуқли.

loading...