«Россельхознадзор» помидор импортига қўйилган баъзи чекловларни бекор қилди

0

«Россельхознадзор» (Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати) 2021 йил 3 мартдан бошлаб Россияга Ўзбекистоннинг олтита корхонасидан помидор олиб киришга рухсат берди.

Қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг кафолати билан, шунингдек, белгиланган миқдорда помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси (ToBRFV) йўқлиги бўйича лаборатория текширувлари натижалари асосида қабул қилинган.

Қуйидаги компанияларга помидор олиб киришга рухсат берилади:

  • «Тараққиёт сари сервис» МЧЖ (Қашқадарё вилояти);
  • «Қашқадарё парник тараққиёт инвест» МЧЖ (Қашқадарё вилояти);
  • «Саидазимхон» МЧЖ (Қашқадарё вилояти);
  • «Зарафшон гранд болгари» МЧЖ (Навоий вилояти);
  • «КАРМАНА АГРОТРАДИНГ» (Навоий вилояти);
  • «Мафтункор Баҳор» (Навоий вилояти).

Маълумот учун, 2020 йилнинг 26 ноябрида «Помидор жигарранг бужмайиш вируси» сабабли республиканинг айрим ҳудудларига Россия томонидан вақтинчалик тақиқ жорий этилган эди.

Дастлаб, Фарғона вилоятидан экспорт қилинган булғор қалампири ва помидор таркибида зараркунанда топилгани важи билан ушбу ҳудуддан айни маҳсулотларни импорт қилишга тақиқ қўйилганди.

Кейинроқ, «Россельхознадзор» Ўзбекистоннинг «Sunny land export» компанияси томонидан экспорт қилинган маҳсулот таркибида «Tomato brown rugose fruit virus» аниқлангани важи билан Навоий ва Қашқадарёдан помидор импортига тақиқ жорий этганди.

«Россельхознадзор» 2020 йил 18 декабрдан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини Россия ҳудудига олиб киришга рухсат берган.

Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати 2021 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги «Ўздавкарантин» инспекцияси кафолати остидаги 34та компанияга помидорларни Россияга экспорт қилишга розилик берган.

Шунингдек, Россия ҳукумати қуритилган маҳсулотларни экспорт қилувчилар мажбурий равишда корхона номи ва манзили, маҳсулот маркировкасини кўрсатиши шартлигини маълум қилганди.