Ўзганинг ҳақи

0

Ҳаётда ҳар бир инсон меҳнат қилиб, шу меҳнатдан келган ризқ билан ҳалол луқма топишга интилади. Чунки ҳалолнинг боши кичкина бўлгани билан илдизи бақувватдир. Ҳаромнинг эса аксинча, боши катта кўрингани билан илдизи ингичка бўлади.

Бойсун туман халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси ўринбосари Д.С. эса буни билса-да, нафси очлик қилди. У ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказидаги 42 нафар ходимга иш ҳақи ва хизмат сафарлари учун нақд пул маблағларини тарқатиш ҳақидаги тўлов қайдномаларига ушбу ходимларнинг ўрнидан сохта имзоларини қўйиб, жами 63.637.207 сўм иш ҳақи пулларини ходимларга бермасдан бюджет маблағини талон-торож қилади.

Бундан ташқари, туман Баркамол авлод болалар маркази томонидан 8 та ҳолатда икки нафар ходимга 11.648.240 сўм асоссиз хизмат сафари расмийлаштирганлиги, 15 та ҳолатда 3.384.447 сўм иш ҳақларини ортиқча тўлаб берилганлиги, 35 ҳолатда 11.278.656 сўм асоссиз рағбатлантириш орқали ортиқча ҳисоблаб тўлаб берилиб, бюджет маблағини талон-торож қилганлиги ҳам аниқланади. Ўтказилган текширишда туман Баркамол авлод болалар маркази томонидан жами 89.948.550 сўм бюджет маблағи талон-торож қилганлиги маълум бўлди.

Айни пайтда Д.С.га нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Ўзганинг ҳақига кўз олайтирган киши ҳаётда барибир қоқилади ва қилмишига ярашасини олади.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати