Ўрмончидан фуқаро нега норози? У етказаётган зарар тизимдаги камчиликларни кўрсатмоқдами?

0

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раҳбарияти диққатига!

 

Ўтган 2020 йили май ойида мендан тоғдаги “контур”дан пичан олиб келиб бериш ваъдасида пул олиб кетган Бахмал тумани Ўрмон хўжалиги ходими Ж.Мирзаевни топиб бўлмаяпти. Август ойида рақамини зўрға топиб гаплашганимда, “Кейинги ҳафта тоғдаги беда ўрилсин, етказаман”, дея қуюқ ваъда берганди. Ваъдага мувофиқ беш-олти йигитни ҳашарга чақириб, тоққа юборган эдим, аммо у ўрганган ҳунарини қилди — номерини ўчирди.

Орадан ўн кунлар ўтгач, уни излаб топдим, нега ваъдасида турмаётганини сўрагандим, у “Мен давлатнинг одамиман, безовта қилма. Истаган жойингга боравер”, деб ғашланиб бошлади, худди у ўз қарзини сўраётгандек. Бироз гап талашдик. Мен ваъда қилинган пичанни олиб бориши, бўлмаса, раҳбарига чиқишимни айтдим… У эса раҳбари билан қалинлигини тушунтирди, мен олиб бориш шартини қўйдим.

Мана, орадан йил ўтди.

Кейинроқ билдим: у илгаридан бундай қинғир ишлар билан шуғулланишнинг ҳадисини олган экан. Ўтган бор-йўғи икки йил ичида фуқаролар томонидан унинг фаолияти ва хурмача қилиқларига нисбатан эътироз ва мурожаатлар бўлган. Аммо негадир мум тишланган.

Аслида, бу каби мурожаатлар кўпайиши кимнинг хатоси? Кадрнингми, ҳудуддаги раҳбарнингми ёки фуқароларнингми? Эҳтимол, фуқароларда ҳам айб бордир.

Бошдан дўппини олиб, бу кадрлар сиёсати тўғри йўлга қўйилмаганининг натижасимасми, деб ўйлаб қоласиз. Агар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида мунтазам ишлар олиб борилганида, тўғри кўрсатма берилганида, унинг масъулияти ва шахсий жавобгарлиги тушунтирилганда, бу каби хунук оқибатлар, эътирозлар ва мурожаатлар бўлмас эди. Аслида, фуқаро адашиши, янгилишиши мумкин. Аммо фуқаролар янглишмайди, бир неча бор мурожаат этилганда, фуқарога эмас, фуқароларга зарар етказилган бўлади. Олдинги мурожаатлар ҳам “оёғи ердан узилган” ходимга нисбатан шикоят кўринишида бўлганини маълумотлар тасдиқлайди.

Негаки, у давлат одами экан, давлат қонунларини билмаслиги, уни четлаб ўтиши мумкин эмас! Ўзининг давлат одами эканини англаган одам фуқароларни алдайдими? Ваъдасини бажармайдими?

Шахсий ваколатидан фойдаланиб, фуқаролардан пул ундириб, ўз эҳтиёжларига сарф этиши, қўмита формасини кийиб, унга хиёнат қилиши, бунинг ортидан қайсидир оиланинг тинчини бузиши, аллакимга дўқ-пўписа қилиб қўрқитиши, ўрмончи бўла туриб табиатга зиён етказиши халқпарварлик асосида олиб борилаётган сиёсатга зиддир.

Ж. Мирзаев ҳақиқатан ҳам Бахмал туман ўрмон хўжалиги бўлими Узунбулоқ ўрмон бўлимида ўрмончи лавозимида ишлайди. У табиат билан тиллашиши, мажозан улар билан дўст тутиниши керак. Савол туғилади, у ўрмончи сифатида арчаю бодомларга, дов-дарахтларга, умуман, табиатга қандай муносабатда бўлмоқда экан? Бугун фуқароларга зарар етказаётган ходим эртага экология ва табиатга зарар етказмайди деб ким кафолат беради? Умуман олганда, бундай ходимлар қўмита учун керакми? Фуқаролар олдидаги масъулиятни бажармаган ўрмончи табиат олдидаги масъулиятини бажараяптимикан?!

Фуқароларнинг доимий равишда ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган кадрлар масаласи қўмитанинг ҳудудий бўлимларида ҳам тўғри ва адолатли йўлга қўйилиши зарур. Бўлмаса, қўмитанинг шундай ходимлари ортидан фуқаролар жабр чекаверади. Зеро, ўз шахсий “мен”ини англаган, масъулиятли, фуқаролар олдида бурчли ходим, таъбир жоиз бўлса, оёғи ердан узилмайди.

PS: Бу масалага яна қайтаман.

Олимжон Жумабоев

loading...