Экваториал Гвинеядаги ҳарбий базалардан биридаги портлашда юзлаб одамлар жароҳат олди(видео)

0

7 март куни Экваториал Гвинеянинг энг йирик шаҳри Батада жойлашган ҳарбий базада юз берган бир қатор портлашлар оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 400дан кўпроқ киши жароҳат олди. Мамлакат президенти фожиага ҳарбийлар лоқайдлиги сабаб бўлганини ва халқаро ёрдам сўраганини айтган. 

 

Базада биринчи портлаш маҳаллий вақт билан соат 13:45да юз берган. Сўнгра 1,5 соат ичида яна камида 3та портлаш содир бўлган. 17:44да яна бир кучли портлаш юз берган.

3-портлашдан кейин воқеа жойига фавқулодда хизматлар кела бошлаган. Улар фожиа ҳудудидан яраланганларни олиб чиққан ва вайроналар остидан одамларни чиқариб олган. Маълумотларга кўра, яраланганлар сони 420 нафарни, ҳалок бўлганлар 20 нафарни ташкил қилган.

Экваториал Гвинея ташқи ишлар вазири Симеон Ангуэ Батадаги вазиятни фалокатли деб атаган ва халқаро каналлар бўйича халқаро ёрдам сўраган.

Мамлакат президенти Обианг Нгема ўз баёнотида портлашга ҳарбийлар лоқайдлиги сабаб бўлганини айтган. Унинг таъкидлашича, қўшни фермаларга ўт қўйилган ва у ердан базага олов ўтган. Бунинг натижасида эса базада сақланган ўқ-дори портлаган.

“Бата лоқайдлик ва эътиборсизлик сабабли юз берган фожиа қурбони бўлди. Унга ўқ-дорилар, динамит ва бошқа портловчи моддалар сақланиши учун жавобгар бўлган бўлинма ҳарбийлари айбдор”, деб маълум қилган президент.

Президент воқеанинг батафсил терговини ўтказишни ва етказилган зарарни баҳолашни буюрган. Нгема шаҳар аҳолисини осойишталикни сақлашга чақирган ва халқаро ҳамжамиятга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

loading...