Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

0

Муроднинг аста-секин жазаваси тута бошлади. Негадир ҳе йўқ-бе йўқ жаҳл қилаверди.

— Семириб кетибсанлар! Кечаси билан бирортанг ухламайсан! Тепаликка ҳар биттанг ўн саккиз мартадан югуриб бориб келасан. Уч дақиқа вақт бераман. Эплолмасанг, пачағингни чиқараман! — деди у.

Албатта, йигитларнинг ҳар бири арслон келбат, бемалол Мурод билан уриша олади. Керак бўлса, Муроднинг суробини тўғирлаб қўйишади. Аммо улар нега Муроднинг жазаваси тутаётганини тушунмаётганди.

— Мурод, — дедим охири, — бирдан бўлмайди. Салгина «ишқалаб» қўй. Йўқса, бирортамиз ҳам эртага қидиришга ярамаймиз.

У менга ўқрайди. Кейин:

— Бўпти, сизларнинг ҳам ҳақларингни бераман, — деб инига кириб кетди ва бироздан кейин қўлида икки литрли идиш ва ўзига керакли нарсани олиб чиқди.

Жалолиддин бизга қўшилишни истамади. «Муродга шерик бўламан, уни ёлғизлатишларингга йўл қўймайман», деди.

Буни қарангки, Мурод шайтонламай қўйди. Бунинг ўрнига эмин-эркин гаплашди. Эртанги куннинг режасини тузди.

Капам ҳар қалай иссиқ экан. Ёпиқ. Юпқа бўлса-да, кўрпача бор у ерда. Бу ерда эса очиқ осмон остида ётишга мажбур бўлдим. Ҳаммамиз шундай ётдик. Аввалига билинмаганди. Тонг отар чоғи шунақа совуқ бўлдики, тишларим бир-бирига урилиб такиллаш у ёқда турсин, синиб кетай деди. Охири бўлмади, ўрнимдан турдим-да, у ёқдан-бу ёққа бориб келдим. Шу йўл билан ўзимни иситмоқчи эдим. Иситдим ҳам. Аммо сал тўхтасам яна совуқ қота бошладим. Албатта, бошқалар ҳам мендан кам эмасди. Ана ҳаммаси икки букилиб қолган. Ҳойнаҳой, туришга эринаётган бўлишса керак.

— Ҳайвон, — деди бир маҳал Бахтиёр ётган жойида, — ўзи иссиққина инига кириб олди. Бизни киритмас экан, ҳеч қурса, кўрпачасини бермайдими?

— Сен билан неча пуллик иши бор? Ана Жасур юрибди. Ўлиб қолгани йўқ, — дея унинг оғзига урди Жалолиддин.

— Лекин юриб ҳам барака топмас экансан, — деим мен ва ерга ўтирдим. Бироздан кейин чўзилиб ётдим.

Бир вақти келиб, мана шу юрганим ҳам ўзимга қарши ишлаши эҳтимоли бор. Тонг отгач, қидиришга чиқамиз. Агар тополмасак, яна «марказ»нинг одамлари келади. Яна сўроққа тутишади. Шуларнинг орасида «Кечаси нима қилдинглар? Ким қаерда ухлади? Ким бирдан донг қотди? Ким ухлаёлмади ва яна ким юриб чиқди?» деган саволлар бўлиши ҳам мумкин. Демак, эл қатори чўзилиб, икки букилиб қуёш чиқишини интизорлик билан кутишга мажбурман.

Ниҳоят, узоқ кутилган офтоб юзини кўрсатди. Аввал салгина, кейин кўпроқ баданимизни қиздирди. Худди шу маҳал Мурод ҳам айиқдай инидан чиқиб келди.

Ҳар биримизга биттадан консерваланган гўшт бергач: «Нонуштани ўша ёқда қиламиз. Кетдик», деди.

Биз бошқа ёқларни, мен билмайдиган томонларни қидирдик. Ҳайвонларни, қушларни ва ҳаттоки ит етаклаб юрган посбонларни кўрдик. Аммо бирорта ҳам «яшил», «қизил», умуман олганда, рангли одамни учратмадик. Кезавериб-кезавериб роса тинка-мадоримиз қуриди. Қуёш уфққа ёнбошлаган маҳал манзил маконимизга қайтиб келдик. Оёғимиздан оёқ қолмаган эди.

Мурод қўнғироқ қилди «марказ»га.

— Ҳеч қаерда йўқ. Афтидан биз томонга ўтишмаган. Ўтишганида, албатта, кўрардик ёки изини топар эдик. Ўзларида бирор гап бўлса керак, — деди.

Эвазига сўкиш эшитди. «Улар сенга ўхшаган одамлар эмас. Имтиҳондан ўтишганига анча вақт бўлди. Яхшилаб қидирмагансанлар ёки сенларда бирор гап бор», дейишди улар.

Мурод ғазаб билан уйидан чиқиб:

— Анави падарингга лаънатидан қуйларинг. Биз ишончсиз бўлиб қолибмиз. Қаёқдаги соқолтойлар, ишончли-ю, садоқат билан итдай хизмат қилаётган бизлар ўғри, муттаҳам, олчоқ. Қуйинглар, анавилардан! Енглар, ичинглар, яна бу ерда қанча қоламиз, ёлғиз Худо билади. Эртага келишади. Ана келишсин, текширишсин, ҳамма ёқни, — деди.

Маишат қилишга рухсат берилди. Аммо ким юрак ютиб, унинг айтганини қила олади. Ахир текшириш деган калима ҳаммамизнинг нақ жон жойимизга бориб қадалди. Манави учовининг, қолаверса, Муроднинг ҳеч вақодан хабари йўқ. Улар ҳақиқатан ҳам, «яшил»ларни бизнинг худудга ўтишмаган деб билади. Шунга қарамасдан уларнинг ранги оқарди. Кўзлари олайди. Чунки, барибир, келганлар уларнинг бўйнига нималарнидир илиб кетишади. Ана ундан кейин жавоб бериш ниҳоятда оғир. Қилмаган ишингни қилдим, дейсан!.. Мен эса қилган ишим учун жавоб бераман. Қилган ишим учун. Лекин ҳозир ва ёки эрта-индин эмас, анча вақт ўтгач.

Жуда кеч ётдик. Гаплашмаган гапимиз қолмади. Албатта, артистлар тўғрисида яна спортчилар ва кинолар… Лекин нозик масала тўғрисида биров лом-мим демади.

Эртасига бизни пастликка чақиришди. «Йигирма дақиқада етиб келинглар», дейишди.

«Бошланди», дея кўнглимдан ўтказдим ва дурбинни олиб кўзимга тутдим-да, «яшил»лар мамлакати» томонга қарадим ва бирдан кўзим ўлаксахўр қушларга тушди. Улар айни мен анавиларни дафн этган жойнинг тепасида гир айланарди.

Уларни шунақанги ёмон кўриб кетдимки, автоматимнинг затворини тортиб қўйиб, ҳаммасини бирма-бир отиб ташлагим келди. Шайтоннинг ўзгинаси улар. «Мана, мана, ўлдириб, мана шу ерга кўмиб ташлаган. Ким ўлдирганини биламиз!.. Ана у, ораларингда, ҳеч нима бўлмагандай юрибди, кайфини қилиб», деяётгандай эди падарқусур ўлаксахўрлар. Ўзи Худо бекордан-бекорга уларнинг насибасини ўлимтик қилиб қўймаган экан. Одамнинг сотқини бўлади. Буни тушуниш мумкин. Чунки ақли бор. Аммо қуш-чи, унда ақл нима қилсин? Унда нафс бор. Тўппа-тўғри, ана ўша балои нафси уни сотқинга айлантириб қўйди. Бундан чиқди, бечора қанотлилар ҳам иблиснинг нағмасига истабми-истамайми ўйнаб қўйишар экан.

Худога ёлвордим. «Ўзинг паноҳингда асра», дедим.

Йигитларнинг барининг ва ҳаттоки Муроднинг ҳам боши эгик эди. Оёғини зўрға кўтариб босарди. Катта эҳтимол билан у ҳам берилажак саволларга хаёлан тайёргарлик кўриб кетаётганди.

Етиб бордик манзилга. Очиқ майдонда тўртта «Жип» турибди. Уларда нақ ўн етти киши келибди. Шулардан ўнтаси худди биз каби ҳарбий кийим кийган, бошида кепка, қора кўзойнак тақиб олган. Елкаларида «Калашников» автоматлари осилган. Масала ҳақиқатан ҳам, жиддийлигини шунинг ўзи кўрсатиб турарди.

Улар бизни совуққина қарши олишди. Бир-иккитаси Мурод билан олдиндан таниш, шекилли, ҳазиллашган бўлди. Кейин Мурод билан «Жип»лардан бирида икки соатча гаплашишди. Шу вақт оралиғида юрагим қинидан чиққудек урди. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Йўқ, мен қийноқлардан қўрқмаётгандим. Анави «яшил»ларни ўлдирганим ошкор бўлишидан қўрқаётгандим. Нега шундай, билмайман? Елкангга қанчалик оғир юк ортишмасин, сира чўчимайсан, бемалол ўша оғирликни кўтаришга тайёр турасан. Аммо қилмишинг атрофдагиларга маълум бўлиб қолса, бутунлай бошқа бир нарса эзаркан. Аслини олганда, «яшил»ларни таг томири билан қуритиш менимча, фақатгина яхши иш. Ўзгача эмас. Лекин шуни уят деб ҳисоблай бошласанг, ўзингни қўярга жой тополмай қоларкансан.

Ниҳоят, майор Муродни қўйиб юборди. У машинадан тинка-мадори қуриган ҳолда, ранги бўздай оқариб тушди. Олайган кўзлари нуқул аланглайди. «Ҳамма нарсани билиб олди, йигитлар, энди шўримиз қуриди», деяётгандай эди гўё.

Навбат Бахтиёрга келди. Майор уни кўп ушламади. Узоғи билан беш-олти дақиқада қўйиб юборди. Кейин Жалолиддинни чақиришди. Охирида эса мен «Жип»га миндим. Майорнинг кўзи кўм-кўк эди. Киприклари узун. Қошлари, мўйлови сариқ. Аниқ бизнинг миллатдан эмас. Шунга қарамасдан соф ўзбек тилида гапиради. У менга савол беришдан олдин обдан нигоҳи билан «отди».

— Уларнинг келишини билармидинг? — деди кўзини мендан узмай.

— Ҳа, — дея жавоб бердим.

Ичимда кимлар ҳақида гап кетаётганлигини сездим. Шунинг учун шундай жавоб бердим.

— Қачон билдинг?

— Икки кун олдин.

— Ким айтди?

— Мурод.

— Кейин нима қилдинг?

— Кутдим.

— Икки кун мобайнида нима билан шуғулландинг?

— Кутдим ва яна Муроднинг ёнига бордим. Асосан, кечки пайтлари. Кечки овқатни бирга қилдик.

— Кейин-чи?

— Қайтдим кулбамга.

— Нима қилдинг?

— Ухладим.

— Фақатми?

— Йўқ. Ухлолмай ётган пайтларим ҳам бўлди.

— Нега?

— Чарчамагандим.

— Шовқинни эшитдингми?

— Қушларникини.

— Қурол ишлатилганини-чи?

— Йўқ.

— Ноодатий бирор нима сездингми?

— Йўқ.

— Мурод билан нима тўғрисида гаплашдинглар?

— Ҳамма нарса тўғрисида.

— Нолидими?

— Нимадан?

— Ҳаётдан.

— Ўзидан норозилигини сездим.

— Ичдингми?

— Ҳа.

— У-чи?

— Ўзи жавоб берсин…

— Сендан сўраяпман?

— Нима деб ўйлайсиз?

— Ҳеч нима деб! Сендан сўраяпман!..

— Оз-моз.

— Тушунарли. Бор, кет!

Мен машинадан тушдим. Жиққа терга ботган эдим. Ишонсангиз, бирор марта бўлсин қилмишимни хаёлимга келтирмадим. Бир лаҳзага ҳам. Ўзидан-ўзи шундай бўлди. Эҳтимол, Худонинг қўллагани шудир.

Майор ўзиникиларни йиғди. Кичкинагина махфий мажлис ўтказди. Биз анча нарида айлана қуриб ўтирдик. Йигитларнинг юзидан норозилик ифодаси уфуриб турарди. Айниқса, ҳеч вақодан хабари йўқлар. Мурод эса… Мурод ўзининг ҳаддан зиёд маишатга берилиб кетганидан қайғуга ботарди. Менинг аҳволимни эса ўқувчи яхши билади.

Йиғилиш тугади. Биз кейинги келганлар сафига қўшилдик. Қайси гўрдандир тўртта ит ҳам пайдо бўлди. Ҳид олувчи, искович овчаркалар. Роса яхши ўргатилган. Улардан иккитаси менга олайиб қаради. Худди «Яшираман деб хомтама бўлма, икки дақиқада ҳаммасини топамиз», деяётгандай.

— Тоғнинг бирорта каваги ҳам, тоши ҳам қолмайди. Керак бўлса, бир ўтган жойларингдан ўн марта ўтасизлар. Алоқа бир лаҳзага бўлсин узилмасин. Хуллас, «меҳмон»ларни ернинг остидан бўлса ҳам топасизлар! — дея фармон берди майор.

Барчамизни қўйиб юборишидан олдин эса дурбинни кўзига тутди. Айланиб-айланиб, унинг нигоҳи ўша ўлаксахўрлар учиб юрган томонга қаратилди ва бир лаҳза қотиб қолди.

— Аввал шу ёққа! — дея шубҳаси пайдо бўлган тарафни қўли билан кўрсатди. — Капитан Ветков, эскилардан мана буни ва буни, — деб мен билан Жалолиддинни кўрсатди у, — яна ўзингникиларни ҳам оласан. Қолганлар мен билан бирга шимол томонни кўздан кечиради.

Капитан Ветков бармоқларини чаккасига тираб, шу заҳоти буйруқни қабул қилганини айтди ва биз бир лаҳзага қолмай югуриб кетдик.

Жамоамизда иккита ит ҳам бор эди. Айнан улар йўл бошлаб кетаётганди. Айнан жасадлар кўмилган томонни мўлжалга олишганди. Яна шунақанги куч билан, жон-жаҳди билан югуряптики, ортидан зўрға улгуряпмиз. Хаёлларим алғов-далғов, чилпарчин. Миямга нималар келмаяпти дейсиз. Мен гўёки ажалим томонга шиддат билан югуриб кетаётганга ўхшайман. «Зарилмиди оқимга қарши сузиб?! Ундан кўра оқимда кетаверсам бўлмасмиди? Менинг кичик ҳаракатим билан шу иш тўхтаб қолармиди? Қанақанги бемаза одамман ўзи? Мен-ку, майли, уйимдагиларнинг аҳволи нима кечади? Индашмаган тақдирида ҳам ота-онам қишлоқда бош кўтариб юра оладими? «Одамлар, қаранглар, анави эр-хотин хиёнатчи, душман Жасурнинг ота-онаси бўлади», деб қўлларини бигиз қилиб кўрсатишмайдими?!

Ўзимча виждонли бўлибман, ўзимча ўзимни қаҳрамон деб билибман. Гўё ҳамма аҳмоғу битта мен ақллиман! Жасур, бу кунингдан ўлганинг яхши…»

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

 

 

 

 

loading...