АҚШ Афғонистонга толиблар билан бирга ҳукумат тузиш режасини таклиф қилди

0

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен «Толибон» вакиллари билан бирга Афғонистон ҳукуматини шакллантириш учун БМТ раҳбарлиги остида конференция ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда The New York Times газетаси Афғонистон президенти Ашраф Ғанига йўналтирилган мактубга таяниб хабар берган.

Конференция, Блинкеннинг таклифига кўра, Туркияда АҚШ, Россия, Хитой, Покистон, Эрон ва Ҳиндистон вакиллари иштирокида бўлиб ўтиши керак. Шунингдек, Блинкен толибларнинг янги ҳукуматдаги вакиллиги, Саудия Арабистони Конституциясини ўзгартириш бўйича режаларни ҳамда кейинчалик ўт очишни тўхтатишга уланиб кетувчи уч ойлик зўравонликни тўхтатиш шартларини тушунтириб берди. Режалар вақтинчалик ҳукуматни шакллантиргандан кейин сайловлар ўтказишни ҳам кўзда тутади.

Блинкеннинг хати 28 февраль куни ёзилган. NYT манбалари мактуб АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод томонидан Ғанига етказилганини тасдиқлади. Ўтган ҳафта Халилзод АҚШда маъмурият ўзгарганидан буён биринчи марта толиблар билан учрашув ўтказганди.

Аввалроқ The Wall Street Journal АҚШ вакили 2001 йилда Боннда ўтказилган конференция шаклида Афғонистон бўйича конференция чақиришни, шунингдек, ўтиш даври ҳукуматини шакллантиришни таклиф қилган эди. Парламент қаршисида нутқ сўзлар экан, Ғани ўтиш даври ҳукумати тўғрисидаги хабарларни рад этди ва ҳокимиятнинг конституциявий равишда топширилиши «муросасиз тамойил» бўлиб қолишини айтди.

loading...