Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)

0

Зўр одат чиқардим. Ўзимга-ўзим фармон бериш. Яна жудаям итоаткорман. Режа миямда шаклланиб, тилимга кўчишга улгурмасидан бажаришга тушиб кетаман. Бошқа бир нимани ўйлаб ўтирмайман. Дик этиб тураман-у, ҳаракатга тушаман. Тўғриси, бошқа бировни бундай итоаткор қилиб бўлмайди.

Қоядан тушиб, пастликка эна бошладим. Ў-ҳу, нариги тоққа ўтиш учун қанча юриш керак. Бунинг устига, бу ёқ соя томон ҳисоблангани учунми, дарахтлари жудаям мўл. Тиғиз. Яна нимагадир наъматаклар кўп экан. Иккитасининг орасидан ўтиш азобнинг ўзгинаси. Яна шундай жойлар борки, умуман ўтиб бўлмайди. Анча жойга бориб, айланиб келишинг керак.

Энг муҳими, хавф бироз ортда қолди. Югурмайман. Яна шошадиган жойимнинг ўзи йўқ. Шундай экан, хотиржам кетяпман. Буталар, дарахтларга умуман тегинмаяпман. Тегинсам, шохлар қимирлайди. Анави кўкка кўтариладиган вертолётдагиларнинг беўхшов кўзлари дарров тушади. Кейин бир нимадан қуруқ қолгандай киприк қоқишга улгурмасимдан тепамда пайдо бўлишади.

Мен айни дақиқаларда яшашни истамай қолдим. Тўғрироғи, яшашдан мантиқ топмай қўйдим. Аслида ҳам, дўппини олиб қўйиб, ўйлаб кўрсангиз, ҳаётда лаззатли бир нарса йўқдай. Нима лаззат? Бўккунча ароқ ичиб, кейин ҳаммага шарманда бўлишми? Ёки анави падарингга лаънатидан обдан «тортиб» ҳеч нимани билмай тўнкадай ётишми? Агар ана шуларни биров лаззат дейдиган бўлса, унга фақат ачинаман… Энди қизлар билан шириндан-ширин суҳбат қилиш ҳам, эҳтимол, одамни руҳлантирар, лекин менда шундай воқеалар жуда оз бўлганлиги боис иштиёқим жудаям паст. Агар Худодан қўрқмаганимда, қиёматда жавоб беришим борлигини билмаганимда эди, жонимдан воз кечиб қўя қолардим. Ана шунда мана бунақанги сарсон-саргардон, юракни ҳовучлаб югуришлар бўлмасди. Ўлганингдан кейин… Ана «яшил»ларнинг аҳволлари нима бўлди? Эсласам, ҳозир ҳам кўнглим айниб кетяпти. Яна устимдан ўлимтик ҳид келаётгандай туюляпти…

Вертолёт «вариллади». Яшириндим. Қимир этмай, овоз келаётган томонга термилдим. Тепадан ҳамма нарса яққол кўзга ташланади, дейишади. Шунга кўра, синчиклаб тикилишиб мени топиб олишмасин, деган ўйда бутанинг остига роса тиқилиб олдим. Илон! Икки қаричгина нарида. Билагимдан йўғон. Олачипор. Калласи бир кафтимдан каттароқ. Жағи шишган. Оғзи очилган. Айри тили кириб чиқяпти. Тик турибди. Орқага қочай десам, вертолёт тепада. Қочмай десам, манави махлуқ заҳарга лиммо-лим тишларини баданимга ботиришни мўлжаллаган. Бундай пайтда энг яхши ҳимоя — ҳужум… Илон ҳам шундай қарорга келган экан. Бараварига бир-биримизга ҳужум қилдик. Фақат унинг нишони мўлжалга етмади. Бошининг нарироғидан, айтайлик, бўйнидан (илонда бўйин бўладими ўзи?! Ҳар қалай, хунук бошидан кейин бўйин келса керак), тутиб қолдим ҳамда шу заҳоти вишиллаган оғзини ерга босдим. Унинг танаси бирдан ёрдамга етиб келди-да, қўлимга ўралди.

— Энди тамомсан, аблаҳ! Мен сени мажақлаб ташлайман! Шундай мажақлайманки, жонинг чиқиб кетганини сезмай қоласан!

Алам, ғазаб бир бўлиб «вариллаган» вертолётни ҳам унутиб, илоннинг бошини мажақладим.

Аввалига роса ерга ишқаладим. Кейин иккинчи қўлимга теннис коптогидан каттароқ тошни олдим-да, бошига бир неча марта урдим. Ўлиши қийин бўлди. Боши қарийб қолмаганди. Бироқ танаси қўлимни «бўғишда» давом этарди. Охири бўшашди…

Уни «тинчитганимдан» сўнг дарров «бургут»га эътибор қилдим. Учиб ўтиб кетибди. Анча нарида вариллаётгани эшитилди.

Мен бу ерда ортиқ туролмадим ва пастликка эна бошладим. Энди аввалгидан-да эътиборли эдим. Ҳар битта бута ва ёки дарахт (арчалар кўп экан бу ерда) остига диққат билан қарайман. Хавфсизлигимга амин бўлганимдан кейингина унинг остига бориб ўтирардим.

Вертолётнинг овози буткул ўчди. Шундан сўнг қаддимни ростладим-да, югурдим. Унақа тез эмас. Тез югуришнинг имкони йўқ. Чунки ҳаддан зиёд тезлашиб кетсангиз, кейин ўзингизни умуман тўхтатолмайсиз.

Сой. Сўнг нариги тарафдаги тоғ тепасига чиқиш ва ундан ҳам ошиб ўтиш… Чарчадим.

Менимча, бу томонга қараб кетганим анавиларнинг хаёлига келмайди. Лекин вертолёт учди-ку. Устакор улар. Қўлларида харита бор. Ҳар бир квадратни синчиклаб ўрганиб чиқишади. «Йўқ, Жасур, қўналға қилолмайсан бу ерни. Яна юришда, қочишда давом эт. Одамнинг жисмоний имкониятидан узоқроққа боришинг керак. Эртага етсин. Лекин бугун етолмасин».

Юқорида айтганимдай ўзимнинг буйруғим ўзимга икки марта қонун, шу боисдан гарчи чарчаган бўлсам-да, йўлга тушдим.

Тоғдан тушдим. Энди нариги тоққа боргунча қарийб икки соатча юриш керак. Вақтни фақат югуриш билан иқтисод қилишим мумкин. Бироқ сира югургим келмаяпти. Бу ёғи қуёш ҳам уфқ билан кўришиш палласига келиб қолган. Шунинг учун тунашим мумкин бўлган жой қидирдим. Топдим. Танасининг айланаси тўрт-беш одамнинг қулочича келадиган улкан чинор. У шундоққина бир ариқ бўлиб оқаётган сувнинг ёқасида ўсган эди. Ён-атрофи ўзлаштирилмаган. Чакалак бўлиб ётибди. Умуман бу яқин атрофда бу ерлардан одам тугул ҳайвон ҳам ўтмаганлиги шундоққина кўриниб турибди. Мен келдим, энди бошқа биров келмасин. Мен беозорман. Шох-шаббаларга умуман зиён етказмайман. Шундоққина бир чеккада ухлайман-у, тонг отар-отмас туриб кетаман. Бошқалар эса… Эҳ-ҳе, нималар қилиб ташлашмайди. Керак бўлса, умуман танимайдиган аҳволга келтиришади. Кейин дам оламан, деган одамларнинг оқими бошланади. Эй, ўзимга-ўзим нималар деб валдираяпман. Лекин шу валдираганим яхши бўлди. Бир қадар енгил тортдим.

Бир муддат нафас ростлаганимдан сўнг қопимни очдим-да, ичидаги егуликларни чиқардим. Жа тўкин эмас-у, ҳар қалай, суви қочган нон, консерва бор. Яна анавиндан ҳам. Сув эса мен ўтирган жойда муаммо эмас. Ана, оқиб ётибди.

Қоронғилик тушгани сайин хотиржам торта бошладим. Кейин, ҳа, худди шундай сал кейин сасиб, бижғиб ўлаксахўрларга ем бўлган «яшиллар» ёдимга тушганидан сўнг вужудимни ваҳима эгаллаб олди. Мен кўрган манзара даҳшатли эди. Шунчаки даҳшатли эмас, даҳшатнинг даҳшати… Йўқ, эсламайман. Бари ўтиб бўлди. Эслаганимдан, ўзимни қийнаганимдан фойда йўқ. Мен энди келажагим ҳақида қайғуришим керак. Бироқ, қаранг, шуни ҳам эплаёлмаяпман. Чунки тасаввур қилолмаяпман-да. Чунки эртанги куним бор-йўқлигини билмайман-да.

Алюмин кружкани яримлатдим ва бир кўтаришда ичиб юбордим. Томоғимдан тортиб, қорнимгача қизишди. Сўнг консервага қўлимни узатдим-у, қотиб қолдим. Қоронғида консерва идиши кўринмайди. Бироқ мен «яшил»ларнинг ҳар ёқда сочилиб ётган гўштларини тасаввур қилиб юборган эдим-да. «Падар қусур!» дея беихтиёр бақириб юбордим ва шу заҳоти кафтим билан оғзимни беркитдим. Ён-атрофимга қарадим. «Мумкин эмас, Жасур. Мумкин эмас! Кечаси овоз узоқ-узоқларга эшитилади. Сен бўлсанг… Нима, тутиб олишларини истайсанми? Ушлашса, биласанми нима аҳволга солишади? Анави сенинг кўрганларинг ҳолва. Шундай қилишадики… Қўй, яхшиси, айтмай», деди ичимда бир овоз ва мен кружкани яна яримлатдим-да, уни ҳам бир кўтаришда тугатдим. Бошим бироз қизиди ва бу сафар консервадан бир бўлак гўштни олиб, оғзимга солишнинг эпини қилдим. Ортидан нон чайнадим.

Қорним тўйганидан сўнг уйқу элтди ва қопга бошимни қўйдим-у, ухлаб қолдим.

Тонг отмаган эди. Осмонда юлдузлар осилиб турарди. Ой роса тўлишган. Ҳамма ёқни оппоқ сутга тўлдирганди.

Билагимдаги соатга қарадим. Тунги иккидан ўтибди. Йўлга тушишим керак. Ҳарна тонг ёришгунча нариги тоққа етиб оламан, деб ўйладим. Дам олишим яхши фойда берибди. Оёқларим бақувват. Ўзимни тетик ҳис этаман. Бу туришда агар биров индамаса, пешингачаям бемалол юроламан, югуроламан.

Эҳ, Эҳ, Эҳ! «Ҳамсоя»нинг ерига келиб қўйибман-ку. Тўсилган. Икки қават тиканли сим. Ўтиб бўлмайди. Лекин ҳозир шундай вақтки, ҳар қанча тетик бўлишга уринсанг-да, уйқу элтади. Шунга кўра соқчилар бироз карахт аҳволда туришган бўлишса керак. Вақтдан унумли фойдаланиб қолишим керак. Аммо бу ердан эмас. Ўтиш учун қулайроқ жой топишим лозим.

Мен «томорқамиз»нинг охирги чизиғидан бирор юз метрча берироқдан юриб борардим. Анча юрдим ва ниҳоят, текислик тугаб, ўнқир-чўнқирлик бошланди. Тоғ этагининг, тошсиз, юзаси тупроқ билан ёпилган қисми тугади. Бундан бу ёғига майда, харсанг тошлар макон этган қисми бошланди. Яна бир жойи баланд, иккинчи жойи чуқур. Кўнглимда қандайдир ёришиш пайдо бўлди. Нимаданлигини билмайман. Лекин шундай. Ўзидан-ўзи қувониб кетяпман ва кутилмаганда даранинг бошланишига кўзим тушди. Тор. Эни бирор йигирма қулочча келади. Паст жарлик. Атроф анча-мунча ёришиб қолган. Лекин жарликнинг туби қоронғи, ҳеч нима кўринмайди. Мени хурсанд қилган нарса эса бошқа. Яъни худди шу жарликнинг устидан тиканли сим тортилмаган эди. Танасида жони бор, елкасидаги калласида ақли бор одам бундай имкониятдан, албатта, фойдаланади.

Чуқур-чуқур нафас олдим-да, жарликка туша бошладим. Жарликнинг деворида бўртиб чиққан тошлар жуда кўп эди. Шуларга оёқ қўйиб, осилиб жарлик қўйнига қараб кета бошладим. Бошида осон бўлди. Аммо кейинчалик шунақанги қийинчиликларга дуч келдимки, жоним ҳалқумимга келди.

Девордан бўртган тошлар сийрак, силлиқ экан. Икки марта оёғим шунақанги сирпандики, кўзим косасидан чиқиб кетай деди. Яхшиямки, қўлларим чайир. Мускулларим мустаҳкам. Ўз оғирлигимдан икки баробар ортиғиниям бемалол кўтара олади. Акс ҳолда, кетардим «Во-о-о-ой!!!» дея ҳайқирганча.

Уч марта осилиб қолганимдан сўнг юрак олдириб қўйдим. Уч марта тошни ушлаб зўрға ўзимни тутиб қолдим. Оёқларим билан ҳар сафар навбатдаги тошни ахтардим. Иккисида топдим. Бироқ учинчиси мени кўп сарсон қилди. Ўлай агар ўша пайти ҳаммаси тамом бўлди, деб ўйладим. Алҳазар, тамом бўлганимда нима қилардим?! Ҳеч нарса, тошдан-тошга урилиб, жарликнинг энг қаърига тушардим. Эртага шу пайтгача… Мен сасиб, бижғишга улгурмайман. Дарров топиб олишади. Ўша ўлаксахўрлар қоним қотмасдан бурун гўштларимни лахта-лахта узиб олиб, ямаламай ютаверади… Чап оёғим топди тошни. Бармоқларимнинг учини тираб олдим-да, гавдамни кўтариб, қийналаётган қўлларимга ёрдам бердим. Во-о-о, жоним роҳат топгандай бўлди. Ўзи ҳар бир аъзо ўзининг вазифасини бажарсин, экан-да. Оёқнинг ишини қиламан, деган қўлларим роса кўрадиганини кўряпти.

Бир муддат шу тахлит турганимдан сўнг кўксимдан сал пастроқда иккита тошча чиқиб турганини бироз энгашиб кўрдим. Уларга тушиб олиш қийинчилик туғдирмади ва кейин оёқларимни ковакка тиқдим. Худди шундай пастимда кавак бор экан. Этигим билан унинг энини текширдим. Хийлагина каттага ўхшайди. Охиригача етмади оёқларим. Энди унга қандай тушиб олишни ўйлаб бир муддат турдим ва беихтиёр осмонга қараб, қуёш нурини кўрдим. Буни қарангки, аллақачон тонг отибди. Сезмабман. Энди бундан бу ёғига имиллаш мумкин эмас. Тезроқ жарлик қаърига тушиб, дарахтлар остига яширинишим керак. Акс ҳолда, ҳар икки томондан жарлик яқинигача келадиган қўриқчилар мени кўриб қолиши мумкин.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)

 

 

 

loading...