Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (38-қисм)

0

Адашмабман. Ҳақиқатан хум тўла олтин тангалар экан. Сап-сариқ ялтираб турибди. Қандайдир белгилар ҳам туширилган унга.

— Қийинчилик орқасидан омад келади, деганлари рост экан! — дея бақирдим ва овозим ғорнинг деворларига урилиб, акс садо берди. Аммо шу заҳоти ҳушёр тортдим. Олтин топилди, лекин мен ҳали-ҳамон ғордаман, ташқарига чиқолганим йўқ. Демак, хазина ҳали тўла-тўкис меникига айлангани йўқ. «Шунинг учун Жасурбек, жа қувониб кетма. Қолаверса, сен бу олтинларни деб сарсон-саргардон юрмаяпсан!»

Кейин яна ўзимни бойликка ўчликда айбладим. Койидим ва йўлимда давом этдим. Анча вақт эмакладим. Рюкзакка олтин кирган, оғирлиги ортган ва уни судраб юриш аввалгидан ҳам қийинлашган эди. Бунинг устига ғорнинг ҳавоси қандайдир нам ва бўғиқ эдики, жиққа терга ботгандим.

Ниҳоят, ёруғлик кўринди. Ғира-шира. Лекин анча нарида. Унгача ҳали кўп эмаклашим керак. Эмаклайман. Ғорнинг боши ундан нарироқда бўлса ҳам эмаклайман. Энг муҳими, ёруғлик кўринди-ку.

Ғор оғзига бордим. Берк. Уйда ўстириладиган гул бор-ку, оти ғалати «қайнона тили». Худди ўшанга ўхшаган шунақанги сертикан ўсимлик тўсиб олибди. Ундан у ёғида наъматак. Яна мен номини билмайдиган бир нарса-бир нарса буталар. Жудаям қалин. Оббо, энди шуниси етмай турувди. Чиқиб олишнинг ҳам ўзи бўлмас экан.

«Қайнона тили» тез кесилди. Тиканларига эҳтиёт бўлиб, четга олиб ташладим. Лекин наъматакнинг қуриб қолган шохлари ҳам кўп эканки, ханжарим буткул кескирлик лаёқатидан айрилди. Шунга қарамасдан узоқ уринишлардан сўнг бу тўсиқдан ҳам ўтиб олдим.

Ҳали ғорнинг оғзига етганимда сувнинг шилдирагани эшитилганди. Кичкина жилғача экан. «Эшик»нинг тубидан оқаркан. Бирдан унинг ичига тушдим. Ётволдим. Бошимни бир неча марта муздай сувга тиқдим. Танам яйради. Енгил тортдим. Ана ундан кейингина қаддимни ростладим. Мен жарликнинг бошланиш жойига етиб келган эканман. Худди шу жойдан булоқ кўз очган экан. Икки ён, рўпарам баланд тоғ. Худога шукроналар айтиб, булоқнинг кўзига бордим-да ҳовучимни тўлдириб-тўлдириб сув ичдим. Сўнг осмонга қарадим. Қуёш кўриниш бериб турибди. Лекин ҳали замон тоғнинг ортига ўтиб кетади. Фойдаланиб қолишим керак. Ахир баданимдан ғалатидан-ғалати ислар келяпти. Кийимларимни ечдим-да, уларни булоқ сувида ювдим. Кейин бутанинг шохига илиб қўйиб, ўзим ҳам чўмилдим. Совуқ қотдим. Қизиш учун бироз машқ қилдим. Кейин чўзилиб ётволдим. «Катта тўсиқдан ўтиб олдим. Энди фақатгина тунаб қолиш учун жой қидираман. Узоққа кетмайман. Чарчоқни ёзволмасам, каллам ҳам ишламай қолади», деган хаёлга бордим-у ухлаб қолдим. Аввалига роса қизигандим. Кейин совуқ ўтди. Уйғониб қарасам, қуёш яшириниб олибди. Ўрнимдан туриб, кийимларимни ушлаб кўрдим. Тўла қуримабди. Бир жой-бир жойлари нам. Лекин ҳозир кийиб олмасам, кейин қуриши қийин бўлади.

Ниҳоят, рюкзакни очиб ичидан хумни чиқардим. Олтинлар. Ерга тўкдим. Бир уюм бўлди. Мен энди бойман. Ҳақиқатан ҳам, бойман. Чунки бу бойликни топиб олдим. Бировнинг ҳаромдан йиққан пулини ўмармадим. Топиб олдим. Менга насиб этган экан. Албатта, бу кўзни олгувчи сариқ метални олиб бориб топширишим ҳам мумкин. «Кимга? Калланг жойидами, Жасур?! Манави ёқдан қочиб келаётган бўлсанг. Бораётган томонингда бировни танимасанг, топширишга бало борми? Ана бор, бирорта одамни топдинг ҳам, топширдинг ҳам. Кейин нима бўлади? Буни қаердан ўмардинг деб, темир панжара ортига тиқиб қўйишади. Ўзлари эса топилмани ғазнага топширишади. Топшириб бўлибди. Икки-уч киши бўлиб, бўлиб олишади. Ана ундан сўнг айшу ишратларини қилиб юришади. Сен эса олтин топдим, олтин топганман, деб тўртта бетон деворнинг орасида ўтирасан, бир бурда нонга зор бўлиб»…

Хаёлга бериларканман, тилла тангаларнинг бир ҳовучини юқоридан ерга ташладим. «Жиринг-жиринг» қилиб тўкилди. «Оҳ, овозингдан» деб қўйдим ичимда. Кейин бу жонни олувчи «жанона»ни рюкзакка жойлаштирдим. Хумни эса бутанинг тагига ташладим.

Шошилмасдан рўпарамдаги тоққа кўтарила бошладим. Ҳа, айтиш эсимдан чиқибди. Бу томоннинг ўрмони биз тарафдагидан икки марта қалинроқ экан. Менимча, соя томон бўлгани учун шундай. Дарахтлари асосан арчалар. Шунинг учун бўлса керак, ҳавоси ниҳоятда тоза. Мана, ҳозир юқорига кўтариляпман-у, лекин сира чарчоқ нималигини билмаяпман. Қайтанга танамга куч киргандай.

Қарийб тоғнинг ярмига чиққандим. Қаердандир гумбурлаган ўқ овози эшитилди ва шу заҳоти дарахтнинг ортига ўтиб беркиндим-да, қулоғимни динг қилдим. Ўқ яна кетма-кет уч марта отилди. Автомат эмас. Милтиқ. Менимча, ўрмончилар ва ёки бўлмаса, овчилар. Ҳар қалай «қўшнининг томорқаси»да ов қилиш мумкин бўлган жойлари бордир. Йўқса, ким бўлса ҳам кетма-кет «тарс-турс» қилмас эди. Яна ҳақиқий овчи битта отади ва ўлжани ағдаради. Буларнинг ҳовлиқишларига қараганда, эрмакка чиқишганга ўхшайди. Энди эҳтиёт бўлиш керак. Яна мени ҳам ўлжа деб ўйлаб «қўйиб» ташлашмасин.

Бир муддат ўтирдим. Мен овчилар деб тахмин қилаётганлар қуролларини бошқа ишлатмади. Назаримда, каттароқ бир нарсани отишганга ўхшашади. Кийикми ёки шунга ўхшаш бирор нимани овлашган улар. Гўшти кўп. Бемалол ўн одамнинг қорнини тўйғазади. Шундай экан, овораи сарсон бўлиб ўрмонда юришдан муддао не?!

Йўлимда давом этдим. Узоқ юрдим. Қарийб икки минг метр баландликка кўтарилдим ва очиқ майдонга чиқдим. Мана шу тоғнинг энг баланд жойи. Одатда, бундай тепаликлар харсанглардан иборат бўларди. Бу ер эса теп-текис экан. Яна тўла майсазор. Баланд эмас. Озгина-озгина ўсган, холос. Юқори нуқтани кўздан кечирганимдан сўнг тоғнинг нариги томонига ўтдим. Ана манзара-ю, мана манзара. Узоқ-узоқлар, паст-баланд тоғлар ҳаммаси кўриниб турар экан. Дарахтлар бир жойда қалин бўлса, иккинчи жой яланглик. Дарров бўйнимга осиғлиқ дурбинни кўзимга тутдим. Аввал узоқни, сўнг мен турган тоғнинг этагини томоша қилдим. Кўзим иккита «Жип»га тушди. Ҳойнаҳой, овчиларники бўлса керак, дея хаёлимдан ўтказишимни биламан, биров:

— Қимирласанг отаман! — деб қолди.

Юрагим шув этди. «Наҳотки қўшнилар томонга ўтган бўлсам!, деган ўй яшин тезлигида хаёлимдан ўтди ва қўлларимни юқорига кўтарган кўйи секин овоз келган томонга қарадим. Беш киши турибди. Шулардан иккитаси милтиғини менга ўқталган. Улар овчилар кийимида эди. Ҳаммасининг қовоғи осилган.

— Қуролингни ташла!

Иккала буйруқ ҳам рус тилида бўлди. Мен бир қўлим билан елкамдаги камарни ушладим.

— Театр кўрсатаман, деб ўйлама, отиб ташлайман. Ўқларим сочма. Соғ жойинг қолмайди!

— Ўзингни бос! — дедим унга жавобан ва камарни бўйнимдан ўтказдим-да, автоматим оёғимнинг тагига тушди.

— Икки қадам чапга ўт!

Мен яна унинг амрини бажардим.

— Ерга ёт!

Энди буниси ошиб тушди, дея кўнглимдан ўтказдим-да:

— Мен сизларга ҳеч нима қилмайман! — дедим.

— Буйруқни бажар, тирик қолишни истасанг!

Тишимни-тишимга қўйиб, унинг айтганини қилдим.

Шундан кейингина улар ёнимга яқинлашди. Биттаси ерда ётган автоматни олди. Иккинчиси ҳе йўқ-бе йўқ биқинимга тепиб юборса бўладими? Жоним чиқиб кетаёзди.

— Имм! — дея нариги томонга бир думадим. Мен сенларга нима қилдим?!

— Ҳарбий. Қуролланган чет эллик биз томонларда нима қилиб юрибди? Ё айғоқчи, ёки қочоқ!

— Ундаймас, адашиб…

Шундай дейишимни биламан, яна битта тепки биқинимга тегди. Буниси аввалгисидан кучлироқ эди. Ҳаттоки бир муддат нафас олишга қийналдим ва шу заҳоти ўзимни-ўзим койидим. «Бало бормиди сенга бу ялангликда. Ўрмоннинг ичкарисида ўтириб, бир-икки соат ҳамма ёқни кузатмайсанми? Ўқ овозини эшитгандинг-ку, номард! Шу ниятда бу томонга ўтганмидинг?!»

— Шошманглар! — дедим икки-уч думалаб, тепаётгандан бироз узоқлашиб оларканман. — Менинг сенларга умуман зиёним тегмайди! Аввал гаплашиб олайлик.

Мен шундай дейиш асносида ўрнимдан турдим ва букчайиб олдим. Агар шундай қилмасам, анави падарингга лаънати яна «Ёт, бўлмаса, отаман!» дерди-да.

— Ўртоқ прокурор! — деди мени тепаётган овчи орқасига ўгирилиб. — Амалингиз ошадиган бўлди!

— Мен сенга, — деди семиз киши ҳансираб, — омадлиман деб неча марта айтганман. Сира гапимга ишонмасдинг. Кўрдингми?!

— Сизга гап бўлиши мумкин эмас!

— Битта тўнғизни отиб ағдаролмадик! Лекин бизни овимиз бошқа ёқда кутиб турган экан! — дея ҳайқирди учинчи овчи.

Бу ҳам семиз. Соқол қўйиб олган. Соқоли ўзи каби сап-сариқ эди.

— Тўғри айтасан, Виталик. Лекин уни сўйиб, еб бўлмайди-да! — дея хохолаб кулди яна биттаси.

— Сенлар эркакмассанлар! — дедим бирдан.

Улар бирдан қотди ва бир-бирига қарашди.

— Нима дединг?! — деди прокурор.

— Нима, эллик марта қайтарайми? Эркакмассан, тамом-вассалом!

— Абдилдин — прокурор! Буни менга қўйиб бер, эркак қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Ҳар битта суягини алоҳида-алоҳида синдираман! — дея Виталик семиз ва милтиғини ерга ташлади-да, устидаги қалин кийимни ечди ҳамда енгини шимарди. Қолганлар қарийб бараварига милтиқларининг затворларини тортиб қўйишди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (37-қисм)

 

 

 

loading...