Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (43-қисм)

0

Секин кўзимни очдим. Қоп-қора шифт. «Қаердаман?» деган ўй яшин тезлигида хаёлимга келди ва секин бошимни кўтармоқчи бўлганимда қандайдир қўл пешонамдан босди. Юмшоқ, силлиқ қўл. Чунки мен бирдан шуни ҳис қилдим.

— Қаердаман? — дедим.

— Уйда, — деган жавоб бўлди.

Нозик овоз. Қиз боланики.

— Қайси уйда?

— Бизнинг…

— Сиз кимсиз?

— Ўрмон қоровулининг набираси.

— Қандай келдим?

— Олиб келдик.

— Сув ичсам майлими?

Менинг бош томонимда турган қиз оёқ тарафимга ўтди. Ўтаётиб, менга бир қараб қўйди. Кўзлари бироз қисиқ, сочи қоп-қора, битта қилиб ўриб, орқасига ташлаб олган. Юзи оппоқ. Киприги узун.

У косада сув олиб келди. Мен секин бошимни кўтардим ва довдираб, косани олиш учун оғриган қўлимни чўзмоқчи бўлибман.

— Имм! — деб юбордим беихтиёр.

Қиз қиқирлаб кулди ва ўзи сувни оғзимга тутди. Бир-икки қултум ичдим ҳамда нафас ростладим.

— Сиз бу ерда яшайсизми? — сўрадим қиздан.

— Йўқ, — деди қиз жилмайган кўйи.

Бу гўзал қизга жилмайиш жудаям ярашар экан.

— Бобом билан тураман. Яқинда келдим. Шаҳардан. Сиз энди айтинг, кимсиз? — сўради у.

— Кимман? — дея дока билан ўралган елка ва қўлимга қараб қўйдим. — Билмадим!

Қиз яна қиқирлаб кулди-да:

— Агар, — деди мен томонга ўгирилганча ўзбекчалаб, юзидаги мафтункор табассумини йўқотмаган кўйи ёнимга яқинлашаркан, — сиз ўзингизнинг кимлигингизни билмасангиз, мен қаердан билай?..

Мен кимгадирга дуч келдим. У мени урдими ёки бошқа бирор нима қилдими, ҳар қалай ўшанда йиқилаётган эдим. Лекин ўша одам аниқ бу қиз эмас эди. Эркак киши — чол эди. Аниқ шундай. Унинг оппоқ соқоли бор эди.

Мен қизнинг юзига термилганча қотдим.

— Ҳечқиси йўқ. Ҳали ўзингизга келасиз. Кимлигингизни биласиз. Қувватга тўлишингиз керак. Бобом шундай деди. «Кўп қон йўқотибсиз. Лекин бақувват йигит экан. Бошқа бўлганида аллақачон ҳаёт билан видолашган бўларди», деди.

— Агар сизларга дуч келмаганимда ҳам ўлардим.

Эшик ғийқиллаб очилди. Шу заҳоти қизнинг юзидаги табассум «қочди».

Ўша мен элас-элас эслаётган оппоқ соқолли, бошида салла, устида чопони бор, юзию  пешонаси тўла ажин, қадди ҳийла букчайган чол кириб келди. Қўлидаги таёғини эшик ёнига, деворга суяб қўйди ва қизга — набирасига юзланди.

— Кўзини очди. Гаплашяпти. Анча тетик, — дея бобосининг қарашига жавобан ахборот берди қиз.

Чолнинг қараши ўта жиддий эди. Шунинг билан бирга у набирасининг гапига бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.

Чол стулни олиб мен ётган сим каравотнинг ёнига қўйди ва билагимдан ушлаб, томир уришимни текширди. Сўнг қўлимни қўйиб юбориб, оппоқ соқолини силади-да:

— Кўринишинг унақага ўхшамайди, — деди соф ўзбек тилида (қизиғи, чолнинг кўзлари катта-катта эди. Худди бизнинг одамларга ўхшарди. Аммо нега набираси бунақа тушунмадим) ва гапларини набираси эшитишини истамаганидан у томонга юзланиб, — битта аччиқ чой дамлаб кел, — дея томоғини қириб қўйди.

Қиз чиқиб кетди.

— Мен сенинг жонингни сақлаб қолдим. Энди менга ростини айт, нечта одам ўлдирдинг? — дея чол еб қўйгудек менга тикилди.

— Куни кеча ортимдан пойлаб юрган снайперлардан бирини ўлдирдим. Ниятим йўқ эди. Яраланганди. Ярасини боғлагандим. Кутилмаганда ташланиб қолди. Сизнинг ерингизга ўтганимдан бери шу.

— Ундан олдин-чи?

— Ундан олдин…

Шундай дейишим билан кўз олдимга оқ ажал савдогарлари келди ва истаб-истамай улар ҳақида гапириб бердим. Шунинг билан бирга қандай қочганлигимни ҳам сўзладим.

— Лекин, — деди чол ҳикоямни охиригача тинглаб бўлганидан сўнг, — сен ҳақингда умуман бошқа гаплар юрибди. Сени ҳозир ҳаммаёқда қидиришяпти. Катта мукофот ҳам ваъда қилишган.

— Аммо…

— Аммо сен кўрпангга қараб оёқ узатишинг керак эди! Нима қилардинг  бўйинг етмайдиган жойга сакраб. Гапларингнинг ҳаммаси рост бўлса, ёмон одам эмассан. Агар алдаган бўлсанг, Худонинг жазоси муқаррар…

Эшик очилиб чолнинг гапи бўлинди. У норозиланиб ортига қаради. Сўнг гапирди:

— Қизим, йигитча қувватга тўлиши керак. Сен жигар қовур. Кўпроқ.

— Хўп, — деди қиз итоаткорлик билан ва чиқиб кетди.

— Не кунларга қолдик, — дея бошини сарак-сарак қилди чол, — илгари бу ерларга қуш учиб келса билардим. Ҳамма ҳайвонларни танирдим. Эгаси бор эди бу маконнинг.

Мен бошимни эгдим. Ичимдан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Соғ қўлимга суяниб қаддимни ростлашга уриндим. Елкамда оғриқ турди. Аммо чидадим. Овоз чиқармадим.

— Мени кечиринг. Лекин ҳамма гапларим рост. Берган ёрдамингиз учун раҳмат. Унинг ҳақини ҳам тўлайман. Фақат…

— Ёт, — деди чол гапимни охиригача эшитмай, — сенга ҳали туриш мумкин эмас. Ўзингни ҳали-ҳамон кучлиман, десанг адашасан. Сен ҳақингда гапирмаяпман. Юзинг тузук. Жуда бошқача айтишганди. Ҳақиқатан ҳам, шунақа одам бўлганингда эди, мен сени кўрганим заҳоти ўлдириб юборардим.

Чол сўзлаб бўлганидан сўнг аччиқ кулди-да, қўшиб қўйди:

— Шу кунгача одам тугул бирорта ҳайвон ёки қушни ўлдирмаганман. Ҳаттоки қушларнинг тухумига тегинмаганман. Чунки Худодан қўрқаман. Жудаям қўрқаман. Аммо сени ўлдирган бўлардим. Ёш болалар… Одамларга нима бўлган ўзи, ёлғон сўзлаётганида бир туки қилт этмайди. Исминг нима?

— Жасур.

— Мени Облоқул бобо, деб чақирасан. Набирамнинг исми Навбаҳор.

— Бобо, — дедим лабим қуруқлашганидан тилим билан ялаб, — тетиклашиб қолдим.

— Ҳа, тўғри, кўриниб турибди. Унда, ана, эшикнинг ёнидаги челакда сув бор. Ич, майли, кейин кетаверасан.

Мен ўрнимдан турдим. Бошим қандайдир айлангандай бўлди. Оёғим ҳам қалтирай бошлади. Азбаройи йиқилиб тушмаслик учун секин қайтиб, яна жойимга ўтирдим. Чол кулди ҳамда набираси келтирган чойдан косага тўлдириб қуйди. Ичига яримта муштдай келадиган новвот ташлади. Коса билан тарақ-тарақ қилиб новвотни эритди.

— Ма, ич, қувват бўлади, — деб менга берди ва ўзи чиқиб кетди.

Дарҳақиқат, чой кўзимни анча равшанлаштирди. Шундан сўнг қопимни эсладим. Агар чол уни кўрган бўлса, олтинларга кўзи тушган. Худодан қўрққанлиги сабабли олиб қўймаган эса-да, мендан яна бир нималарни билиб олиш истаги бор. Шунинг учун ҳам, эҳтимол, кетишимга рухсат бермаётгандир. Яна ким билади, дейсиз?

Бобо билан набира стол олиб киришди уйга. Қўлбола стол. Дарахт шохидан ясалган. Лекин кўзга бошқача кўринар экан. Сўнг столнинг устига турли мевалар қўйишди. Шунинг билан бирга икки лаган буғи чиқиб турган қовурилган жигар ҳам.

— Неча кундан бери ётганингни биласанми, Жасур? — дея сўради Облоқул бобо.

— Менимча, ярим кун бўлса керак. Ё тўрт-беш соат, — деб жавоб бердим.

Навбаҳор қиқирлаб кулди ҳамда учта узун-узун бармоғини кўрсатди-да:

— Уч кун, — деди қўнғироқдай овозда.

— Уч кун? Йўғ-э?! — дея ҳайратландим.

— Шундай. Қани энди бир қорнингни тўйдириб ол-чи. Қолгани бир гап бўлар.

Мен бир-бир қадам босганча уларнинг ёнига бордим. Табуреткага ўтирдим. Қаршимга эса Навбаҳор ўтирди ва кўзининг таги билан қараб қўйди. Мен гўёки унинг нигоҳини сезмагандай қошиқни қўлимга олдим.

Дарҳақиқат, овқат жуда хушхўр бўлибди. Дарров иштаҳамни очиб юборди ва мен қаерда ўтирганимни ҳам унутиб, умримда овқат кўрмаган одамдай ейишга тушдим. Аслида, бунақанги таом сувининг мазаси бошқача бўлади. Ҳар нон ботириб еганингда ўзгача бир таъм сезасан.

— Тўхтанглар, — деди чол орадан бир муддат ўтиб ва нимагадир диққат билан қулоқ солди ҳамда менга қараб олди-да, ўрнидан турди. Сўнг шоша-пиша эшик ёнига борди. Бир муддат турди. Чуқур нафас олиб чиқарди-да, менга юзлангач: — Сени қидириб келишди. Дарров ертўлага туш!

Менинг ичимдан зил кетди. Қаерда ертўла? Қандай тушаман, билмасдим. Айни пайтда қидириб келишди, деган гап ҳам ғазабимни қўзитган эди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (42-қисм)

 

 

 

loading...