Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (46-қисм)

0

Орадан тахминан бир соатлар ўтиб, Навбаҳор тўла ўзига келди. Ҳатто устидаги кўрпани олиб ташлади. Исиб кетган эмиш, иссиқликка сира чидолмасмиш.

Биз бирга овқатландик. Навбаҳор нима еган бўлса, чимдиб еди. Уялиб, бошини хиёл эгиб еди. Шу ергача мардларча келган қиз бир пасда уятчанга айланди. Мен бир нима-бир нималарни ҳис этдим. Лекин ҳаддимдан ошмадим. Шунчаки Навбаҳорни тинимсиз сўроққа тутавердим. Қаерда туғилган, ёшлиги қаерда ўтган, ота-онаси ва ҳоказо… Ўзим эса умуман бошқа нарсалар тўғрисида бош қотирардим. Тавба, охирги пайтларда шунақа бўлиб қолдим. Бир нарса ҳақида ўйлайман-у бошқа нарсани гапираман. Қобил дўстим ҳам бунга эътибор берганди. «Сен бола ўзгаргансан. Умуман ўзгаргансан. Ишингни зудлик билан ўзгартиришинг керак, йўқса, бирорта дардни орттириб олишинг ҳеч гап эмас», деганди. Мана,  исботи.

Ҳавода булут пайдо бўлди. Ўқтин-ўқтин қор парчалари ҳам кўрина бошлади. Ҳаво совиди.

— Энди кетишинг керак, Навбаҳор, — дедим.

Қиз кўзларини мендан олиб ташқарига қарагач:

— Сиз-чи? — деди.

— Мен ҳам сен билан бораман. Фақат анча берироқда қоламан. Сен уйга кириб кетганингдан сўнг қоронғи тушишини кутаман. Кейин бораман… Ростини айтай,  бобонгнинг уйдалигини билсам, орқамга қайтаман. Бошқа пайти бораман.

Қиз индамади. Ич-ичидан норози экани шундоққина кўриниб турарди. Албатта, мен таниган, айтмоқчи бўлганим, қишлоғимизнинг қизлари бундай қилишолмасди. Ичида ҳар қанча ҳис-туйғулари бўлсин, яширишарди. Навбаҳор бутунлай бошқа олам. Бошқача муҳитда, менталитетда катта бўлган. Аммо бошқа томондан олиб қараганда, бобоси ниҳоятда диндор. Одатда, бундай одамлар қизлари тугул набираларига ҳам жуда қаттиққўл бўлишади. Инон-ихтиёрини ўзларига топшириб қўйишмайди… Балки, Облоқул отанинг мен билмайдиган бошқа бир муаммоси ҳам борки, Навбаҳорга анча-мунча эркинлик бериб қўйган.

Йўл юришимиз оғир бўлди. Навбаҳор иккаламиз навбатма-навбат бир неча марта йиқилиб тушдик. Бир сафар ҳатто Навбаҳор йиқилгани кўйи шунақанги сирпаниб кетдики, шу туришида тоғдан тушиб кетадими, деб қўрқдим. Яхшики, ўн қадамча пастликка борганидан сўнг тўхтаб қолди. Шундан кейин унинг қўлидан ушлаб юришга мажбур бўлдим.

Энди-энди қоронғи тушаётган маҳали, уй кўринди. Негадир унинг деразасидан ҳеч қанақанги ёғду ташқарига чиқмаётганди. Кўзимга дурбинимни қўйиб, томига қарадим. Печ ёқилмабди. Тутун йўқ. Бундан чиқди, чол шу кетгани бўйича қайтиб келмаган.

— Бобонг кимлар билан кетганди ўзи? — дея сўрадим Навбаҳордан.

— Мен уларни танимадим. Уй ташқарисида бобом билан анча вақт гаплашиб туришди. Кейин бобом уйга кирди-да, «Мени чақиришаётган экан, бормасам бўлмаскан», деди. Шунга қараганда келганларни таниса керак. Аммо менга айтмади, — деди Навбаҳор киприкларини пирпиратиб.

— Унда шошмай тур, қоронғилик тушсин. Ана ундан кейин борасан. Ҳозирча эгилиб турган арчанинг ортида турамиз, — дедим.

Юқорида айтганимдай бу ерда нафақат арчалар, балки бошқа дов-дарахтлар ҳам кўп эди. Фақатгина уй атрофи яланғоч. Менимча, у ёқда ҳам бир пайтлар дарахтлар мўл бўлган-у, шу уй сабаб кесилган бўлса керак.

Қор ёғиши кучайди. Яна шамол ҳам. Қаердадир, нимадир ҳуштак чала бошлади.  Мен Навбаҳор совуқ қотиб қолмаслиги учун шамолнинг йўлини тўсдим.

— Ярангизни эҳтиёт қилинг, яхшиси, сиз менинг ортимга туринг, — деди Навбаҳор бошини қулоғимга яқинлаштириб.

— Хавотир олма, мен темирдан бўлганман. Унча-мунча нарса таъсир қилмайди, — дедим унга жавобан. Аммо қиз менинг гапимни эшитмади. Чунки худди шу пайт шамол баттар кучайиб, қаердадир дарахт шохи қарсиллаб синиб кетди. Натижада шохнинг қорлари ҳам учиб, устимизга ёпирила бошлади. Навбаҳор пинжимга тиқилиб олди. Мен унинг юрак уришини аниқ ҳис этардим.

Кутилган муддат келди.

— Бор, уйга бор! — бақирдим Навбаҳорга.

— Йў-ў-ўқ! — деди у менга жавобан.

— Ўжарлик қилма! Ҳозир боришинг керак! Мен ҳам дарров ортингдан етиб оламан! Илтимос!

— Фақат тезроқ! Ортимдан етиб олмасангиз, қайтиб келаман!

Навбаҳор кетяпти-ю, шамол уни учириб кетаман, дейди. Аксига олиб, қор парчалари унинг рўпарасидан ураяпти. «Сал шошмай тур, уйигача етиб олсин. Инсоф қил», дея ёлвораман шамолга. У эса аксини қилади. Баттар кучаяди. Чийиллаб юборади. Қулоқни қоматга келтираман, дейди.

Навбаҳор мендан йигирма қадамча узоқлашишга улгурмасидан йиқилиб тушди. Ўрнидан турар, деган умидда тикилдим. Аммо қиз қимирламади.

Шуниси етмай турганди, дея изғиринни қўлим билан тўсиб югурдим. Оёқ ҳам шунақа пайтда панд бериб қолса денг. Бир жойда туравериб, қотиб қолибди. Кескин ҳаракатга сира ярамайди. Лекин мен унинг инжиқлигига қараб турармидим. Жон-жаҳдим билан олдинга интилдим. Изғирин шамоли ҳам худди шуни кутиб тургандай, худди мен билан беллашишни истаётгандай, шунақанги устимга ёпирилдики, энгашишимга тўғри келди. Икки қадам олдинга қадам ташлайман, уч қадам ортга кетаман. Оёқларимни ерга тирайман, аммо кошки фойдаси тегса. Охири бўлмади. Тик оёқда олдинга юролмаслигим аниқ бўлди ва ўзимни ерга ташлаб, эмакладим. Шундаям юқорилаш қийин эди. Лекин ҳар қалай олдинга силжидим. Аммо бошимни кўтаролмайман, Навбаҳоргача қанча масофа қолганлигини аниқлолмайман. Майли, шундай бўлса ҳам кетяпман-ку. Ҳали-замон, барибир, унинг ёнига етиб оламан.

Кетяпман, кетяпман. Негадир Навбаҳорга сира дуч келмаяпман. Нима бало у ҳам худди менга ўхшаб, уй томонга кетиб қолдимикин, деган ўйда секин бошимни кўтардим. У йўқ. Ҳа, йўқ. Қаергадир ғойиб бўлибди. Тушунмадим. Ғалати-ку. Навбаҳор шу атрофда бўлиши керак эди… Икки-уч қадам нарини кўряпман. Ундан у ёғини қор парчалари эгаллаб олган.

— Навбаҳор! Навбаҳор! — дея бақирдим.

Қиз жавоб бермади. Юрак уришим тезлашди ва ўрнимдан турдим. Кучли шамол худди шуни кутиб турган, шекилли, сал бўлмаса мени орқага ағдариб юбораёзди. Мен эса бўронга орқам билан туриб қолдим. Ана шунда мендан икки қадамча орқадаги дўнгалакка кўзим тушди-ю, юрагим орқага тортиб кетди.

— Навбаҳор! Навбаҳор! — дея яна бақирдим. Дўнгалак салгина қимирлаб қўйгандай бўлди.

Мен шу заҳоти жон алфозда ўзимни ўша томонга отдим. Бу сафар бўрон менга ёрдам бериб юборди ва унинг ёнгинасига бориб тушдим ҳамда шоша-пиша қорларни суриб ташладим. Ҳар тугул, қизнинг боши кўринди.

— Тирикмисан?! — дея беихтиёр чинқирдим.

Навбаҳор зўрға қўлини кўтариб, менинг кийимимдан ушлади.

— Бирга борамиз! Мени маҳкам ушлаб ол.

Боя бир ўзим бўлганимда амаллаб олдинга силжиётгандим. Ҳозир эса юриш имконсиз эди. Шунга қарамасдан бўронни енгишнинг иложини топаётгандим. Албатта, Навбаҳор ҳам ёрдамлашаётганди. Қиз ҳам олдинга интилаётган эди. Ҳозир унга осонроқ. Чунки озми-кўпми мен бўронни тўсаётган эдим-да.

Аста-секин баданим қизиб, терлай бошладим. Энди буниси ҳаммасидан ёмон. Сал тўхтасам, бир муддат дам олсам, бирдан музлайман. Шундай экан, бундан бу ёғига фақат ҳаракатда бўлишим шарт. Шунингдек, Навбаҳор ҳам.

«Интилганга толе ёр», деб бежиз айтишмаган экан, уйга яқинлашганимизда бўроннинг кучи қирқилди ва мен ўрнимдан туришим билан Набаҳорнинг ҳам қўлидан тортдим.

Бундан бу ёғига тез юриб, дарров уй ёнига етиб олдик. Навбаҳор мени қучоқлаб олди. У тинимсиз қалтирарди.

— Ҳозир уйга кирамиз. Ҳаммаси яхши бўлади. Олов ёқамиз, бир пасда исинасан, — дедим қизнинг руҳини кўтариш мақсадида.

Эшикни-ку, очишга очдим. Аммо ёпиш шундай машаққат туғдирди-ки, умуман ёполмасам керак, дея ўйладим ҳатто. Яна бўрон мен билан ўчакишди. Яна шамол нариги томонга тортди. Мен бу ёққа, шамол у ёққа. Охири ортимдан Навбаҳор ёрдамга келди. Мени белимдан қучоқлаб олди-да, тортқилади. Ҳартугул, икковлашиб уддаладик.

Бу яқин орада бунчалик чарчамаган эдим. Роса тинка-мадорим қуриб қолди ва полга ўзимни ташлаб, ҳансирай бошладим.

— Ура, уддаладик! — дея ҳайқирди Навбаҳор.

— Агар бутун қиш шундай бўлса, умуман ташқарига чиқолмасканмиз, — дедим ётган жойимда.

— Ундай эмас. Бобом икки марта худди шунақанги бўронга дуч келган экан. Айтиб берганида ишонмагандим. Атай мени қўрқитиш учун гапиряпти, дегандим. Алдамаган экан.

Мен қўлларимга суяниб ўрнимдан турдим. Навбаҳор мой чироқни ёқди ва устидаги қалин пальтосини ечмоқчи бўлганида мен қўймадим. Қизигансан, дарров қотиб қоласан, дедим.

Уйда ҳеч нима ўзгармаган эди. Хонанинг ўртасида ўша-ўша стол. Икки томонида иккитадан тўртта стул. Тўрда иккита каравот. Кираверишдаги бурчакда шкаф. У идиш-товоққа тўла.

Облоқул ота саранжом-саришта одам экан. Печнинг ёнига тўрт қучоқ ўтин тахлаб қўйибди.

— Бобом икки кун олдин қор ёғиши мумкинлигини айтганди. Ўшанда кун иссиқ эди. Лекин шунга қарамасдан ўтин қилиб қўйганди. Эрталаб мен ўтинларни киргазиб қўйдим, — деди Навбаҳор.

Олов ёқилганидан кейин Навбаҳор иккимиз печнинг ёнига стул қўйиб, ўтириб олдик. Уйнинг исиши кўп вақт талаб қилмади. Дарров устимдаги кийимлар оғирлик қила бошлади. Ечишга мажбур бўлдим. Навбаҳор ҳам пальтосидан, бошига ўраган рўмолидан халос бўлди.

— Ҳозир чой қўяман, бир пиёладан чой ичсак, танамиз яйрайди. Шошманг, аввал менга ярангизни кўрсатинг. Хаёлимдан сира кетмаяпти, — дея жилмайди Навбаҳор.

— Менинг эсимдан ҳам чиқиб кетибди. Шунга қараганда тузалган бўлса керак.

— Йўқ, кўрсатинг. Дарров тузалиб қоладиган яралардан эмасди, — деди Навбаҳор ўжарлик билан.

Ноилож кўрсатдим.

— Қип-қизил бўлиб турибди. Ҳозир олдини оламиз.

Қиз хона тўридаги шкафдан очилмаган ароқни олди-да, уни печга бироз иситиб, сўнг латтага қуйди ва латтани ярамнинг устига босди. Аччиғини сездим. Лекин Навбаҳорга билдирмадим. Яна боғлаб қўймасин, дедим-да.

Ҳақиқатан ҳам, бир пиёладан чой ичганимиздан сўнг танамиз анча қувватга киргандай бўлди.

— Бобонг қайтмади-ку, — дедим қизга.

Навбаҳор менга қаради. Гўёки у бобоси ҳақида унутганга ўхшарди.

Юзида ғалати қизиллик пайдо бўлди.

— Ўзим билан овора бўлиб қолибман, — деди Навбаҳор сўнгра ва пальтосини қўлига олди.

— Нима қилмоқчисан? — дедим.

— Балки, бўронда қолиб кетгандир.

— Бўрон яқинда бўлди. Ундан аввал биз уйда чироқ йўқлигини кўргандик. Умуман, қаерга кетган бўлса, ўша ёқда қолганга ўхшайди. Шаҳарда ё яқин атрофдаги қишлоқда қариндошларинг борми?

— Бор. Лекин бобом у ёқда қололмасди. Мендан хавотир олиб қайтарди.

— Аммо уни қўйиб юборишмаган бўлса-чи? Нима ҳақда гаплашганини умуман эшитмаганмидинг?

— Йўқ. Лекин бобом қандайдир ғалати тутди ўзини. Кўзини олиб қочди.

— Биринчидан, ҳозир ташқарига чиқишинг ўлимингни тилаб олишинг билан баробар. Иккинчидан, аниқ қаерга кетган бўлса, ўша ерда қолган. Бир ҳисобдан шуниси ҳам яхши, чунки бўронда қари одамнинг юриши оғир. Кейин менинг келишимдан ҳам умид қилган бўлса керак. Кечаси кел, деганди-ку.

Навбаҳор бўшашибгина стулга ўтирди.

— Хавотир олма, катта эҳтимол билан бобонг қариндошларингникида. Чой ичиб ўтирибди. Сен эса жасур қизсан. Сенга ишонади. Ана қўрқмасдан  менинг ёнимга боролдинг-ку. Ундан кўра бирор нима пиширайлик. Менинг қорним очди.

Навбаҳор менга қараб қўйди.

— Бобом, барибир, келарди. Қариндошларникида қолмайди. Менинг бир ўзим қолганимдан хавотир олади. Агар уйга яқин қолганида бўрон бошланган бўлса-чи? Бизда худди шундай бўлди-ку, — деб Навбаҳор ўрнидан турди-да, пальтосини кия бошлади.

Мен ҳам шу заҳоти қалин кийимимни кийдим ва ундан олдин эшик ёнига бориб тутқични ушлашим билан мендан олдин ташқари томондан кимдир эшикни тортди. Эшик очилди. Уйга аввал қор учқунлари бостириб кирди. Ортидан икки киши. Олдингиси мени уриб, ўтиб кетди. Яхшиямки, ўзимни четга олдим. Акс ҳолда нақ ярамга туртарди у.

Аввал, «Булар бўронда қолиб кетган. Амаллаб шу ергача келишган. Роса совуқ қотишган. Шунинг учун кўзларига ҳеч нима кўринмай уйга киришди», дея хаёлимдан ўтказдим. Кейин ҳар икковининг ҳам орқасига илволган автоматларига кўзим тушди. Аксига олиб, меники қўлимда эмас эди. Уй тўридаги каравотга суяб қўйгандим.

Олдин кирган одам бирдан қуролини менга тўғирлади.  Сўнгра:

— Полга ёт! — дея бақирди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (45-қисм)

 

 

 

 

loading...