Путин ва Эрдўғон «Аккую» АЭСнинг янги блоки қурилишини бошлаб берди

0

Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон видеоконференцалоқа режимида Туркиядаги «Аккую» атом электр станциясининг (АЭС) учинчи энергия блоки қурилишига старт берди, деб ёзади «РБК».

«Россия ва Туркия мутахассислари — атомшунос олимлар, муҳандислар, ишчиларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари атом электр станцияси қурилишини келишилган жадвал бўйича таъминлашга имкон бераётганидан мамнунлигимни билдирмоқчиман», — деди Путин.

Россия президенти, шунингдек, коронавирус пандемияси ҳам лойиҳани амалга оширишга халақит бера олмаганини таъкидлади.

Туркия президенти, ўз навбатида, станциянинг сўнгги блокини қуриш 2022 йилга режалаштирилганини маълум қилди.